Қайднома

Қидирув

Машҳур мураббийларнинг футболчиларига қўйган антиқа таъқиқлари

Машҳур мураббийларнинг футболчиларига қўйган антиқа таъқиқлари

  02.04.2018 06:54
  0
  1835
Машҳур мураббийларнинг футболчиларига қўйган антиқа таъқиқлари

Янги жамоага келган ҳар бир мутахассис олдига қўйилган вазифани адо этиш учун маълум ўзгаришларни амалга оширади.

Натижада кун тартиби - овқатланиш, машғулотлар жараёни, футболчиларнинг юриш-туришлари ва ўзаро муносабатлари ўзгача кўриниш олади.

Мураббийлар шунингдек, ўз шогирдларига нисбатан қандайдир тақиқларни ҳам жорий этадилар. Эътиборингизга таниқли мутахассислар томонидан қўлланилган антиқа чекловлар ўнлигини ҳавола этамиз.

Алек Фергюсон: «Рангли бутса кийиш йўқ»

2010 йили афсонавий мураббий ўринбосарлар таркибидаги футболчилар фақат қора рангдаги бутсаларда майдонга тушишлари керак, деган қарорга келди. Унинг фикрича, ёшлар асосий таркибдан жой олганларидан кейингина оёқ кийимларининг рангига вақт ажратишса, ўринли бўларди.

Бунгача улар бор диққат-эътиборларини маҳоратларини оширишга қаратишлари лозим. Тан олайлик, мана шу арзимасдек кўринган чеклов орқали сэр Алекс ўз шогирдларини мукаммалликка даъват этган.

Дарвоқе, Хосеп Гвардиола ҳам машҳур касбдошидан ибрат олиб, «шаҳарликлар» ўринбосарларига турли рангдаги бутсалардан фойдаланишни ман этди.

Раймон Доменек: «Чаён»ларга ўрин йўқ!»

Франция терма жамоасининг собиқ бош мураббийи жамоа таркибини шакллантириш жараёнида мунажжимлар башоратига қатъий амал қиларди.

Масалан, Робер Пиресдек иқтидор соҳибини халқаро мусобақаларда жамоага омадсизлик келтиради, деб ҳисоблаб, ЖЧ-2010 иштирокчилари сафидан унга жой бермади.

Маълум бўлишича, Робер «Чаён» буржида дунёга келган экан. Хуллас, ЖАРга Пирессиз йўл олган французлар ҳатто гуруҳдан ҳам чиқишолмади.

Нил Леннон: Қалпоққа чеклов

Бир пайтлари «Болтон»ни бошқарган мураббий қишки машғулотлар пайтида шогирдларига қалпоқ кийган ҳолда майдонга тушишни тақиқлаб қўйганди. Чиндан ҳам антиқа чеклов, бу чора футболчиларга қандай манфаат бериши номаълум.

«Уларнинг қалпоқ билан майдонга тушишларига ҳеч ким ҳеч қачон рухсат бермайди. Шу сабабли ҳам машғулотларни бош кийимисиз ўтказишга қарор қилдим», - деганди Леннон.

Арсен Венгер: Сардор - футболкалар енгига саркор

Инглиз футболининг дастлабки инқилобчи мураббийи бўлган «профессор» талабига кўра, футболчилар зарарли таомлар ва спиртли ичимликлардан олисда юрадиган бўлишганди. Кейинчалик бошқа жамоалар ҳам «Арсенал»дан ибрат олишди.

Лекин битта чеклов фақат «тўпчилар»га тегишли бўлиб қолди: футболчиларнинг майдонга узун ёки калта енгли либосларда тушишини фақат жамоа сардори ҳал қиларди. Ҳамма бир хил кийиниши шарт!

Жованни Трапаттони: «Қўзиқорин еманг!»

Италиялик мутахассис Ирландия терма жамоасини бошқарган даврида футболчиларни ўйин арафасида қўзиқорин емасликка даъват этганди. Дарҳақиқат, бу табиат неъмати баъзан қорин оғриғига сабаб бўлади.

Дэвид Мойес: Клуб анъанасига тақиқ

Сэр Алекс ватандоши ҳамда вориси - Дэвид Мойес Манчестердаги омадсизликларни жамоанинг азалий анъанага амал қилаётганига йўйди ва шогирдларини ундан воз кечишга мажбур этди.

Шу тариқа «МЮ» вакиллари учрашувлар арафасида чипс истеъмол қилмайдиган бўлишди. Мураббийнинг мазкур қарори футболчиларга унчалик ёқмади.

Жумладан, Рио Фердинанд тақиқни «профессионалларга хос бўлмаган ирим» сифатида баҳолади. Якунда Мойеснинг чеклови ҳеч қандай наф бермади.

Алан Пардью: «Француз тилини унутинг!»

Ўз вақтида «Ньюкасл»га устозлик қилган мутахассис трансфер мавсумида франциялик футболчиларни харид қилганди. Лекин тез орада унинг жиддий камчиликка йўл қўйганлиги ойдинлашди - 13 нафар француз инглиз тилидан мутлақо бехабар эди.

Ана шу мураккаб вазиятда мураббий ўз наздида энг тўғри қарорни қабул қилди. Яъни қўшни давлат вакилларига она тилида сўзлашишни ман этди.

Бундан ташқари, Алан футболчиларнинг тилмочларини ишдан бўшатди, легионерлар учун ҳафтада 3 марта ўтказиладиган бир ойлик инглиз тили курсларини ташкиллади. Бироқ бу тадбир «қарғалар»нинг кўрсаткичлари яхшиланишини таъминлай олмади.

Паоло Ди Канио: Чекловлар гулдастаси

Италиялик мутахассиснинг «Сандерленд»даги фаолияти 5 ойга ҳам етиб бормаганлиги бежиз эмас. Ди Канионинг чекловлар рўйхати қуйидагича: кетчуп, кофе, майонез, газли ичимликлар, муз, мобил телефонлар, латифа айтиш, ғийбатлар... Улар орасида энг бемаъниси ювиниш хонасида хиргойи қилишнинг тақиқланишидир.

Хосеп Гвардиола: «Интернет ишлатманг!»

Каталониялик мураббий замонавий кишиларга нисбатан ўта шафқатсиз чекловни қўллади - «шаҳарликлар» ечиниш хонаси Интернет тармоғидан узиб қўйилди.

Пеп шу йўл билан шогирдларини кўпроқ мулоқот қилишга, асосий эътиборни ўйинга қаратишга мажбур этмоқчи бўлганди. «Сити» ўйинчилари орасида чекловдан норози бўлганлар ҳам йўқ эмас.

Лекин Гвардиола жамоани яққол пешқадамга айлантирганини инкор этиб бўлмайди.

Жозе Моуриньо: Компьютер ўйинларига тақиқ

Мартиаль, Погба ва Шоу каби футболчилар «МЮ»нинг машғулотлар базасида компьютер ўйинларига берилиб кетишганди. Буни кўрган мураббий «ов»ни тақиқлаб қўйди.

Очиғи, Моуриньо ҳақ - машғулотлар пайтида фикрни чалғитувчи нарсалар бўлмаслиги керак, «овчилик санъати»ни бўш пайтларда намойиш этиш мақсадга мувофиқ, деб билганди Моу.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz