Қайднома

Қидирув

Карло Анчелотти: «Гаттузо «Милан»ни ўз ортидан эргаштира олмоқда»

Карло Анчелотти: «Гаттузо «Милан»ни ўз ортидан эргаштира олмоқда»

  03.04.2018 06:22
  0
  532
Карло Анчелотти: «Гаттузо «Милан»ни ўз ортидан эргаштира олмоқда»

«Милан»нинг шонли тарихига бевосита майдон ва мураббийлар ўриндиғида бирдек катта ҳисса қўшган Карло Анчелотти «россонерлар»нинг ҳозирги ўйинларидан хурсанд.

Италиялик мутахассис La Gazzetta dello Sport нашри журналистлари билан суҳбатни кўтаринки кайфиятда бошлади: «Рино Гаттузо тузган «Милан»да айнан ўзим бошқарган жамоага хос белгиларни яққол кўряпман ва бу қувонарли ҳол».

- Дон Карло, очиғини айтинг: Гаттузонинг «Милан» ўйинини шунчалик тез яхши томонга буришига ишонганмидингиз?

- Бунга чин юракдан умид боғлагандим, аммо ишончим комил эмасди. Зеро, жамоани мавсум давомида қабул қилганингда, катта муаммолар ва шубҳаларга дуч келасан.

Ринога тасанно - қийинчиликларни мардонавор бир ёқли қилди. Натижаларга қарасак, у футболчиларни ўз ортидан эргаштириш вазифасини яхши уддаламоқда.

- Тушунарлики, футболчиларнинг мураббийни қандай қабул қилишлари жуда муҳим.

- Албатта. Агар йигитлар сенинг ғояларингга ишонишса, натижа ўз-ўзидан келади.

- Демакки, «Милан»да Гаттузога тўлиқ ишонишмоқда...

- Ҳа, агар аксинча бўлганида, жамоанинг ишлари ўнгланмасди. Умуман, Рино - ҳақиқий қўмондон. Кўриниб турибдики, йигитлар мураббий учун ўзларини ўтга ташлашга ҳам тайёрлар - бу футболда ҳал қилувчи омиллардан бири, худди ҳаётдаги каби. Энг асосийси, Гаттузо - «Милан» қалби.

- Дарҳақиқат, Гаттузони жуда яхши биласиз. Хўш, у мураббий ролига ўтгач, нечоғли ўзгарди?

- Табиийки, «Милан»нинг барча ўйинларини кузатиб боряпман. Жамоа ғалаба қозонса, ўзим ўйнаган ва ишлаган даврдаги каби қувонаман.

Рино ўта қисқа вақтда барчасини тўғрилаб, ички муҳитни талаб даражасига келтирдими, демак, унда масъулият ҳисси янада ортган. Бир эсланг, «Милан» мавсум бошида қандай аҳволда эди... Тўғри, Гаттузо ўзига хос устунликка эга эди.

- Қандай устунликка?

- Асосийси, у «Милан»да ўйнаган ва клуб тарихидан яхши хабардор. Яъни Рино учун жамоа ичида ҳеч қандай сир йўқ. Мен бошқарган «Милан»ни олайлик, айнан Гаттузо жамоа устуни ҳисобланар ва ғолиблик фалсафасию, ўйин услубининг бош тарғиботчиси ролини бажарарди.

Энди эса ўша ғояларни донолик ва хотиржамлик билан янги жамоага сингдирмоқда. Агар клуб вакиллари, Милан жамоатчилиги ягона кучга айланиб, битта йўналишда ҳаракатланса, Гаттузо катта ғалабаларни таъминлай олади. Бордию, клубда қандайдир ички муаммо юзага келса, натижа бўлмайди асло.

- Қатъият, оғир меҳнат ва кучли эҳтирос - кўпчилик Гаттузо жамоасидан шуларни кутганди. Бироқ мураббий аввало, чиройли ўйинни йўлга қўйишга уринмоқда.

- Кимдир ярим ҳимояда ўйнаган ва майдондаги қатъияти билан ном қозонган бўлса, бу унинг жамоаси ҳам албатта, шундай таассурот қолдириши кераклигини англатмайди. Ахир вақтида дарвозани қўриқлаган мураббийлар  11 нафар ўйинчига ҳам қўлқоп тутқазиб қўйишмайди-ку.

Ҳа, Гаттузо майдонда жангчи эди ва ўйлайманки, ҳозир ҳам шундай. Фақат мураббийлик учун кўп ўқигани, қолаверса, ишлагани, соҳанинг маълум қийинчиликларига дуч келиб, тажриба орттирганини унутмаслик керак. Хуллас, Рино ўз дидига мос футболга таянмоқда.

- Биглия, Чалханоглу ва Сусо сизга Пирло - Зеедорф - Кака учлигини эслатишмаяптими?

- Келинг, ошириб юбормайлик. Ҳа, бу ўйинчилар савиясига гап йўқ. Лекин уларнинг яқин ўтмишдаги ажойиб трио даражасига чиқишларига ҳали анча бор.

Муҳими, Гаттузо футболчиларнинг юқори индивидуал хусусиятларидан унумли фойдаланишга уринмоқда. Қайтараман, бу жамоада ўзим бошқарган «Милан»га хос белгиларни кўряпман. Тўғри, Рино концепциясида фарқли томонлари ҳам йўқ эмас.

- Унга қандайдир маслаҳат бера оласизми?

- Бемалол. Фақат айтганларимга қулоқ тутиш-тутмаслик унинг ўзига ҳавола. Мураббийнинг кучи айнан четдан янграйдиган фикрларни таҳлил қилиш асносида тўғри хулоса чиқаришида.

- Хўш, тактик маслаҳатингиз...

- Битта эски мақол бор: «Агар совуқни сезсанг, дарҳол ўраниб ол». Буни футбол тилига оддий ўгириш мумкин: «Агар тўп сенинг жамоангда бўлса, рақиб ўз режаларини амалга оширолмайди». Эҳтимол, маслаҳатим содда туюлар, аммо футболнинг тамал қоидаси шу.

- «Милан» асосан 4-3-3 тактик чизмаси бўйича ўйнамоқда. Бунда қанот ўйинчилари тез-тез ҳужуморти ҳудудига талпинишади. Айнан шу манзара сиз амалга татбиқ этган «арча»ни эслатмоқда.

- Тўғри, лекин фарқ ҳам йўқ эмас. Ҳар ҳолда, Чалханоглу ва Сусо ҳаракат нуқтаи назаридан Зеедорф ва Какага ўхшамайдилар. Хуллас, шунчаки, моҳият бир хил - майдон марказини назорат қилиш, ягона ўткир ҳужумчига имконият яратиш.

- Ўз ўрнида айтиш керак, Гаттузо майдон четида туриб, футболчиларга сира тинчлик бермаяпти. Сизнингча, у бу борада бироз ошириб юбормаяптими?

- Унинг табиати шундай - бақирмасдан туролмайди. Агар ўзини бошқача тутса, Гаттузолиги қоладими? Тан олайлик, мураббийнинг майдон четида жазавага тушиши ҳам футбол чиройини очади.

- Ҳозир Гаттузодан катта натижалар кутишаётгани аниқ. Мураббийда юқори ишончни йўқотиб қўйиш хавфи йўқми?

- Умид қиламанки, бундай хавф эҳтимоли анча паст. Зеро, Ринони яхши биламан - у ҳеч қачон муайян ютуқлар билан чекланиб қолмайди. Дейлик, футболчилик даврида алоҳида техник қобилияти билан ажралиб турсада, машғулотларда ўз устида ишлашдан чарчамасди.

Битта ўйин давомида Зеедорф, Кака ёки Инзагига неча марта бақиришини ҳисоблашга сабрим чидамасди. Қисқаси, мудом жамоани ўз ортидан эргаштирарди, йигитларнинг бўшашишларига асло йўл қўймасди. Ишонинг, Рино ҳеч қачон мағлубликни тан олмайди ва ҳар куни терга ботиб ишлашга тайёр туради.

Шубҳам йўқ, айни пайт «Милан»да ҳар бир ғалабадан сўнг дарҳол кейинги ўйинни ўйлашга одатланишган. Тушунарлики, Гаттузо ҳам футболда ҳаммаси бирданига ўзгариб кетиши мумкинлигини яхши билади. Ғалаба қозонсанг - балли, ютқазсанг - ... Ўйлайманки, Рино барчасини ҳисобга олиб ишламоқда.

- Қизиқ, «Милан» жорий мавсум якунида ЧЛ йўлланмасини қўлга кирита олармикан?

- Жамоа бунинг учун ҳозирги маромни йўқотмаслиги керак. Лекин келинг, Гаттузога босим ўтказмай турайлик. Зеро, «Милан»нинг нечоғли юқорилаши бошқа даъвогарлар натижасига ҳам боғлиқ.

Демакки, «россонерлар» «Рома», «Лацио» ёки «Интер»нинг ҳар бир очко йўқотишидан унумли фойдаланишлари шарт. Унутмайлик, жамоа мавсум бошида мисли кўрилмаган қийинчиликларга юз тутганди. Энди эса унинг ЧЛга чиқиш-чиқмаслиги ҳақида гапиряпмиз. Шунинг ўзи «Милан»нинг катта ютуғи, менимча.

- Сизнингча, «россонерлар» биринчи навбатда, «Интер»ни таъқиб қилишлари керакми ёки Рим клубларини?

- Эҳ, жамоа мавсумнинг қолган қисмида «Интер»дан ўзиб кетишни уддаласа, қойилмақом иш бўларди. Бироқ бу жуда мушкул. Биламизки, «нерадзурралар»да улкан муаммолар бор ва клуб уларни Чемпионлар Лигасига қайтиш орқали бартараф этишни кўзламоқда. Шу маънода айтсам, «Милан» учун «Рома» ва «Лацио»га эътибор қаратиш маъқулроқ.

- Якунда сизга қўшимча имконият: Ринога алоҳида мурожаат йўллашингиз мумкин.

- Ҳозиргача алоқаларимиз узилмаган, иккимиз тез-тез учрашиб турамиз. У менга худди туғишган укамдек бўлиб қолган. Ахир футболда кўп довонларни бирга босиб ўтиб, унутилмас воқеаларни бошдан кечирганмиз. Лекин имконият берилган экан бундан фойдаланаман, албатта:

«Рино, сенинг муваффақиятинг - бу менинг муваффақиятим. Асосий маслаҳатим шуки, мақтовларни табиий равишда қабул қил, аммо уларни тезда унут. Яъни ширин сўзларга чалғиб қолма асло. Ёдингда тут - бугун сени кўкларга кўтараётганлар эртага озгина сабаб туғилиши билан аёвсиз танқид қилишлари ҳеч гап эмас».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz