Қайднома

Қидирув

Евромавсумнинг 33 ёшдан ошган голеадорлари (фотогалерея)

Евромавсумнинг 33 ёшдан ошган голеадорлари (фотогалерея)

  03.04.2018 00:17
  0
  2090
Евромавсумнинг 33 ёшдан ошган голеадорлари (фотогалерея)

Бу рўйхатда ҳаммага таниш «қария» Криштиану Роналду биринчи эмас, балки иккинчи.

Ҳа, Европа футбол мавсумининг 33 ёшдан катта тўпурарлари рейтингини португалиялик юлдуз эмас, Португалияда сокингина ўйнаётган бразилиялик Жонас бошқариб турибди.

Хўш, яна қайси футболчилар «қўҳна қитъа» миллий чемпионатларида гол уриш бобида ёш факторига парво қилишмаяпти?

10-11. Эммануэль АДЕБАЙОР - 12та гол. Ҳа, «Арсенал», «Манчестер Сити» ва «Тоттенхэм»нинг собиқ футболчиси ҳамон нималаргадир қодир.

34 ёшли тоголик жорий мавсум Туркия элит лигасида «Истанбул Башакшеҳир» клуби учун 12та гол урди (23та ўйинда). Қолаверса, фахрий ҳужумчи нисбатан камтар жамоа билан чемпионлик унвонини кўзламоқда.

«Фаолиятим ривожидан унча хурсанд эмасман. Эҳтимол, ҳали ҳам «Олтин тўп»ни орзу қилишим ва бу реал воқеага айланиши мумкиндир...», - дейди Адебайор ҳазил оҳангида.

10-11. Данко ЛАЗОВИЧ - 12та гол. «Зенит» ва ПСВнинг собиқ ҳужумчиси кўпчилик назаридан четга чиққан бўлсада, Венгрияда ҳали ҳам ҳурмати баланд.

34 ёшли серб айни пайт «Видеотон»ни олтин марра томон бошламоқда. Энг асосийси, у маҳаллий биринчиликнинг тўпурарлар пойгасида пешқадам бўлиб турибди. Аниқроқ айтсак, Данко 12та голини Венгрия миллий лигаси доирасидаги 18та ўйинда нишонлади.

Яна бир диққатга сазовор статистика шуки, Лазович ассистентлик ролини ҳам қойиллатяпти - 6та самарали узатма. Тўғри, у шунинг баробарида жорий мавсум 8 марта сариқ ва 1 марта қизил карточка олди - буниси ҳамон курашга чанқоқлигидан далолат.

8-9. Умут БУЛУТ - 13та гол. Исм-шарифида нақ 4та «у» ҳарфи мужассам ҳужумчи Адебайордан кўпроқ гол урган ҳолда, турк лигасида ким «хўжайин» эканлигини исботлашга уринмоқда, гўё.

«Қайсариспор»нинг 35 ёшли вакили бунинг учун 25та ўйинда иштирок этди. Булутнинг фаолияти тоголик амплуадошиники сингари ёрқин чиқмаган бўлсада, у Туркия миллий терма жамоасида ўйнаган ва ҳаттоки, хорижда ҳам маълум даражада обрў орттирган. Аниқроқ айтсак, Умут мавсум-2011|2012да «Тулуза» шарафини муносиб ҳимоя қилганди.

8-9. Мерсудин АХМЕТОВИЧ - 13та гол. «Ростов» мухлисларига салом! Жамоанинг собиқ ҳужумчиси камтарингина чепионат - Босния олий дивизионида гол уришни ҳали унутмаганини тез-тез намойиш қилмоқда.

Рус диёрида «Волга» (Нижегород) ва «Салют» (Белгород) клубларида ҳам кўриниш берган Ахметович ҳозир 33 ёшда. Эътиборли факт - фахрий футболчи «Сараево»нинг охирги 3та ўйинида жароҳат туфайли майдонга тушолмади, шунга қарамай, Босния лигаси бош тўпурари мақомини йўқотгани йўқ.

Яна бир томони, жамоадошлари бу ўйинларда бирорта гол уролмадилар.

6-7. Фабрисио СИМОЕС - 15та гол. Кипр чемпионати қизиқиш уйғотувчи ижрочиларга тўла.

Мисол учун, лигадаги топ-снайперлар орасида Англия ёшлар термаси, «Блэкберн» ва «Бирмингем» клубларида ўйнаган Мэтт Дербишир, шунингдек, «Крилья Советов»нинг финляндиялик собиқ ҳужумчиси Берат Садикни кўриш мумкин. 33 ёшли Фабрисио Симоес шундай футболчиларга рақобат тақдим этмоқда.

Айтиш жоиз, нотаниш бразилиялик фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказмоқда. Айтганча, у 15та голдан иборат «хирмон»ни камтарин «Алки» сафидаги 22та ўйинда тўплади.

6-7. Крис БОЙД - 15та гол. Шотландиялик футболчи бундан 10 йил олдин «Глазго Рейнжерс» сафида ўйнар ва УЕФА кубоги финалида «Зенит»га қарши тўп сурганди.

Энди анча «қариган» фахрий жонажон клуби - «Килмарнок»ни ўз ортидан эргаштирмоқда. Умумий статистикасига қарасак, у бу вазифани ёмон уддаламаяпти. Ишлари ҳаттоки, жуда зўр: 34 ёшли Бойд - Шотландия Премьер-лигаси бош тўпурари.

26та ўйинда 15та гол - бутсаларини михга илишни ўйлаётган ҳужумчи учун зўр натижа. Дарвоқе, «Килмарнок» сардори яқинда лига етакчиси «Селтик»нинг мағлуб этилишига катта ҳисса қўшди ва ўша ўйини Шотландияда қаҳрамонликка тенглаштирилди.

5. Марко ПАЙШАО - 16та гол. Португалиялик бу футболчининг фамилияси эҳтирос, ҳис-туйғу, ҳаракат маъноларини беради.

Хуллас, 33 ёшни уриб қўйган Пайшао шунга мос равишда, футболга нисбатан кучли муҳаббатию, эҳтиросини бир маромда ушлаб турибди. Мана, Польшага кўчиб ўтганидан кейин унинг ҳаётида алоҳида омадли давр бошланди.

Кўплаб тенгдошлари аллақачон бутсаларини михга илган бўлсалар, Марко жорий чемпионатда «Лехия» (Гданьск) жонига оро беришдан чарчамаяпти. 28та учрашувда рақиблари дарвозасини 16 марта ишғол қилган «қария»нинг бор эътибори «Лехия»ни кучлилар қаторида қолишига ҳисса қўшишга қаратилган.

4. Фабио КВАЛЬЯРЕЛЛА - 17та гол. Тушунарлики, Италия «А» сериясида гол уриш Польша, Шотландия, Туркия ёки Кипр чемпионатида зафар қучишдан 10 чандон қийин.

35 ёшли «қаримас» Квальярелланинг кўрсаткичи шуниси билан ҳам қадрли. Италия миллий жамоаси собиқ вакили «ўқдони»да «ўқ» захираси ҳали етарли, шекилли. Қаранг, Фабио «А» серияси доирасидаги 27та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 17 марта «ўқ»қа тутди - қойил!

«Сампдория» ҳужумчиси шу қадар фаолки, ҳаттоки, Лучано Спаллетти кузги ўйиндан сўнг уни муносиб таърифлади: «Интер» айнан Фабио олдида ожиз қолди».

3. Игор  АНГУЛО - 19та гол. Йўқ, бу йигит «Валенсия» сафида УЕФА кубогини ютган ва Чемпионлар Лигаси финалида 2 бора ўйнаган Ангуло эмас.

Лекин Игор ҳам айнан испан футболи вакили - «Атлетик» (Бильбао) тарбияланувчиси. Тўғри, Ангуло Баскония бош жамоаси таркибида атиги 4 марта кўриниш берган, холос. У айни пайт Польша олий дивизиони тўпурарлари орасида 2-ўринни эгаллаб турибди.

27та ўйинда 19та гол урганини инобатга олсак, Забженинг «Гурник» жамоасида етакчилик ҳам қилмоқда. Кўринишидан, Польша чемпионати фахрийлар учун фаолиятларини эффектли тугатиш имконини берувчи энг яхши жой, шекилли.

2. Криштиану РОНАЛДУ - 22та гол. 24-25-саҳифаларга яна бир бора назар солиб, «Реал» етакчисининг голеадорлик жасоратларини диққат билан таҳлил қилишингиз мумкин.

Ҳа, Криштиану Роналду 33 ёшга тўлиб, қайта туғилгандек. Ахир февралгача Испания чемпионатида атиги 8та гол урган мегаюлдуз энди «Пичичи» соврини йўлида асосий рақиби - Лионель Мессига жиддий хавф тақдим этмоқда. Хуллас, у мавсумнинг ҳал қилувчи баҳслари яқинлашган сари оптимал спорт формасига кирмоқда - худди ўтган йилдаги каби.

Қолаверса, олдинда ЖЧ-2018 турибди. Демак, португаллар қувонишсин, рақиблар ҳушёр тортишсин. Дарвоқе, Примерода ҳали ҳеч кимга 33 ёшида бунчалик кўп гол уриш насиб этган эмасди. Қизиқ, Лионель Месси бу ёшга етганида нима қиларкин?

1. ЖОНАС - 31та гол. «Қариялар» мусобақасининг мутлақ пешқадами. Жонас - «Бенфика»нинг «гол машинаси».

Бразилиялик фахрий ҳужумчи Португалия миллий биринчилиги бош тўпурари бўлиш қандайлигини яхши билади. Зеро, мавсум-2015|2016да 32та гол уриб, совринни ўзиники қилганди. Энди эса бош голеадор мақомини яна бир марта олиш имкониятига эга.

Қолаверса, шахсий кўрсаткичини ҳам яхшилаши мумкин. Диққат қилинг, 33 ёшли футболчида голлари миқдори ўйин сони (27 марта майдонга тушган)дан кўпроқ. Тўғри, бразилиялик Жонас жорий Чемпионлар Лигасида бирор марта гол қувончини туйгани йўқ. Айнан еврокубокларга доир статистика Жонас ва Роналду ўртасидаги фарқни белгилаб турибди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz