Қайднома

Қидирув

Мавсумнинг кутилмаган кашфиёти – Висам Бен-Йеддер

Мавсумнинг кутилмаган кашфиёти – Висам Бен-Йеддер

  03.04.2018 06:47
  0
  298
Мавсумнинг кутилмаган кашфиёти – Висам Бен-Йеддер

Бундан икки йил муқаддам франциялик Висам Бен-Йеддер «Тулуза» юлдузи сифатида 1-дивизион вакилларини голлар билан «сийлаб» келарди.

Кейинчалик ҳужумчи бу анъанани «Севилья»да давом эттирди - ўз уйида «МЮ» билан нурсиз дурангга имзо чекан жамоа айнан унинг «дубл»и эвазига «Олд Траффорд»ни «қон йиғлатиб», ЕЧЛ чорак финали сари йўл олди.

Жорий мавсум 35 марта майдонга тушган Бен-Йеддер эса 19та гол уриб, трансфер баҳосини 9 млн.дан 25 млн. еврога кўтариб олди.

Энди ўз маҳоратини терма жамоада синаб кўриш ниятида. Синаганда ҳам шунчаки анойи ўйинларда эмас, ЖЧдек йирик мусобақада синаб кўришни мўлжалламоқда!

Болалиги футзалда ўтган

Ёшлигидан футболга меҳр қўйган Висам 10 ёшлигидан «Гарж Ле Гоннес» клуби таркибидан жой олиб, футбол бўйича мусобақаларда қатнаша бошлади. Болакай Париж спортзалларида тўплаган тажрибаси эвазига катта футболга ўтишни режалаштирганди.

Шу тариқа «Альфорвиль» ҳаваскорлар жамоаси аъзосига айланди. Франциялик эскпертларнинг фикрича, Бен-Йеддернинг узоқ вақт давомида Дидье Дешам эътиборидан четда қолганлиги унинг жисмоний камолотга тенгдошларидан кечроқ эришганлиги ва Бензема, Жиру, Ляказетт каби футболчиларга муносиб рақобат кўрсата олмаганлиги билан изоҳланади.

Дарҳақиқат, 20 ёшли Карим миллий терма жамоа­да жавлон ура бошлаганида 22 ёшли Виссам эндигина ёшлар таркибидан ўрин олганди. Матбуот вакиллари Бен-Йеддердаги кечикишни футзал билан боғлашганди. Бир томондан, Висам - ажойиб дриблинг соҳиби. Иккинчи томондан, майдондаги вазият ва жамоадошларининг жойлашувларига тўғри баҳо бера олмайди.

«Барселона»да тўп суриши кутилганди

«Тулуза» таркибидаги учинчи сермаҳсул мавсум туфайли кўпгина маҳаллий совринларни қўлга киритган Висам Испаниянинг «Вильярреал» ҳамда «Барселона» жамоалари эътиборини тортди.

2014 йилнинг ёзида ҳужумчи Каталонияга йўл олишга яқин турганди. Лекин жамоа сўнгги паллада трансферни номаълум муддатга кечиктириб, Бен-Йеддерни яна 1-2 мавсум кузатиб юришни лозим топди.

Ижтимоий тармоқлар қироли

Франциялик футболчи интернетнинг фаол обуначиларидан. У мунтазам равишда ўз мухлис ва мухлисалари билан мулоқотда бўлади. Баъзан ажойиб ўхшатишларга ҳам писанда қилади.

Масалан, «Энфилд»даги кузги триллердан кейин (0:3 ҳисобида мағлубиятга учраётган «Севилья» «Ливерпуль» дарвозасига 3та гол йўллаб, якунда жанговар дурангга имзо чекканди) ҳужумчи ўз «Твиттер»и орқали ЕЧЛнинг 2005 йилги финалини ёдга олди. Ўшанда «Милан» нақд ғалабани бой берганди.

Тунис шарафини ҳимоя қилиши мумкин эди

Жорий мавсумнинг ярмидаёқ Висам «Севилья»нинг ЕЧЛдаги энг яхши тўпурарига (8та гол) айланганди. Ана шу ёрқин иштирок Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дишамнинг эътиборини тортди.

Боз устига, франциялик мутахассис Колумбия (2:3) ҳамда Россия терма жамоаларига қарши назорат учрашувлари арафасида ҳужум чизиғида муаммоларга дуч келганди: Набиль Фақир жароҳат боис сафдан чиққан, Александр Ляказетт эса яқинда жароҳатдан фориғ бўлиб, машғулотларга киришганди.

Бундай шароитда яна бир ҳужумчининг бўлиши шарт эди. Хуллас, Бен-Йеддер айни керакли пайтда ўзини намойиш этди. Таъкидлаш жоизки, орзиқиб кутилган таклифга ҳужумчи олти йилдан кейин эришди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, футболчининг келиб чиқиши тунисликларга бориб тақалади.

Табиийки, бу давлат футболининг мутасаддилари анчадан бери Бен-Йеддерни терма жамоага чорлаб келишади. Бироқ Висам шу йилнинг бошида фақат Франция миллий жамоаси либосида майдонга тушиши мумкинлигини яна бир марта таъкидлаб, масалага узил-кесил нуқта қўйди. Шундан кейин тунисликлар тақдирга тан беришди:

«Бизунингқарориниҳурматқилишгамажбурмиз. Виссам қарорини ўзгартирмаслиги аниқ. Айниқса, ЖЧнинг очилишига 3 ойдан камроқ вақт қолган паллада». Хуллас, африкаликлар орзуси орзулигича қолиб кетди.

Энди «Севилья»дан кетиш тараддудида

ЕЧЛда чорак финалга қадар етиб келган «Севилья» Ла лигада муваффақиятли тўп суролмаяпти. Жамоа ҳозирда турнир жадвалининг олтинчи поғонасида бормоқда, ЕЧЛ ҳудудидан 14 очкога ортда қолмоқда.

Боз устига, ўйин суръати жуда паст. Оқибатда Бен-Йеддер билан Монтелла ўртасида можаро келиб чиқди. Италиялик мутахассис Виссамга жамоанинг асосий ҳужумчиси ролига лойиқ эмаслигини айтди.

Шогирд ҳам жавобни чўзиб ўтирмади - «Севилья»ни тарк этиш ниятини билдирди. Бироқ унинг шартномаси 2021 йилга қадар амал қилади. Агар Висам мавсумнинг якуний босқичини ёрқин тарзда ўтказа олса, ёзги трансфер дарчаси унинг учун қизғин ўтиши мумкин.

Аммо ҳужумчининг бутун эътибори бошқа масала билан банд: кузда УЕФА матбуот хизмати вакили ундан футболчилик фаолиятидаги ушалмаган орзуси хусусида сўраганида, Бен-Йеддер қўйидагича жавоб берди: «ЖЧда Франция шарафини ҳимоя қилиш».

Афтидан, бу орзу яқин келажакда рўёбга чиқадиган кўринади. Колумбияга қарши ўртоқлик учрашувида дебютини нишонлаган ҳужумчи Россияга етиб келди. Ҳозирча ўртоқлик, кейинчалик расмий учрашувларда майдонга тушса, ажабланмасдик.

Ў.Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz