Қайднома

Қидирув

Бош мавзу – мураббийлар савияси

Бош мавзу – мураббийлар савияси

  04.04.2018 06:41
  0
  259
Бош мавзу – мураббийлар савияси

Пойтахтимизнинг Навоий кўчасида, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги биносининг шундоқ ёнида Саидхўжа исмли шинаванда йигит қўли-қўлига тегмай егуликлар сотади. Мана, у одатдагидек, шериклари билан баҳслашмоқда. Стол устида «ИнтерФутбол»нинг русча нашри.

- Тортишманглар, пул қочиб кетади, - дедик уларга луқма ташлаб ва Саидхўжадан сўрадик:

- Футболга қаттиқ қизиқасизми?

Тамом. Сўроғимиз якунланмай туриб, мухлисимиз тилининг тушови ечилди:

- «Пахтакор»га нима бўляпти? Мухлисларига-чи? Яқинда Шимкентга бориб, Рома амаки меҳмони бўлдим. Битта катта хонанинг деворларига бўш жой қолдирмай, «Пахтакор»нинг машҳур футболчилари суратларини ёпиштириб чиқибди. Мезбон бошқа мавзуга чалғимай, нуқул севимли жамоаси аҳволини суриштирди. Мен эса ўзгаришлар сезилаётганлигини айтдим, лекин мақтанолмадим.

Унга тасалли бериб, мураббий асосий таркибни танлаш ва шунга яраша услуб шакллантиришда қийналаётганини, насиб этса, ҳаммаси изга тушишини таъкидладик.

Шу куни яна икки қўнғироқ алоҳида эътиборимизни тортди. Аввалига бир талаба - мухлис ҳаммани «Бунёдкор» - «Бухоро» учрашувига оммавий тарзда жўнашаётганини айтиб, ўйин натижаси билан боғлиқ фикримизни билишга қизиқди. Унга «Бунёдкор»да нисбий устунлик мавжудлиги тушунтирдик ва оммавийликдан бироз ажабланганимизни айтдик.

- Майли, футбол - талаба ёшларнинг жону-дили, - деди у ўзига хос «дипломатия» билан. Кейин эса телефон гўшагида доимий мухлисимиз Ғуломжон ака Ҳамидовнинг шоду-хуррам овози янгради:

- Муҳаммаджон! Шеърларимга эътибор қаратмаяпсизларми? Биров ўқимаяптими? Биз томонга ҳам бир қиё боқинглар. Лекин ҳозир кайфия-тим чоғ. ЖЧ-2018га 2та чипта сотиб олдим. Очилиш маросими ва биринчи ўйинга, яна Аргентина - Исландия учрашувига.

Биринчиси 440, иккинчиси 330 долларга тушди. Бундай имкониятдан фойдаланмасак бўлмайди. Месси ижросидаги ўйинни стадионда туриб кузатмоқчиман. У «Севилья» билан баҳсда майдонга тушмаса, «Барса» роса қийналарди. Месси - ярим жамоа!

Фахрий мухлиснинг тўхтамай сўзлашидан завқимиз тошди. Салкам 80 ёшда шунча ғайрат-шижоатни сақлаб қолиш - футболга муҳаббат ва соғлом турмуш тарзининг натижаси.

Муҳтарам мухлис! Сезиб турибсизки, ушбу мулоқотларда бугунги футбол муҳитимиз манзаралари ўз аксини топган. Гўё Саидхўжанинг сўзларини эшитгандек, Шота Арвеладзе «Нефтчи»га қарши кечган баҳсда асосий таркибга ўзгача ёндашди. Бу сафар Владимир Козак, Азим Аҳмедов ва Жасур Яхшибоевга имконият яратди.

Муҳими, йигитлар мураббийни уялтиришмади. Ўйиндан, голлардан «шерлар»нинг мухлислари роса яйрашди. Яна Шота Арвеладзега савол: «Ниҳоят, асосий таркиб борасида бир тўхтамга келдингизми ёки изланишлар мавсум охиригача давом этади?» «Нефтчи» эса «Сток Сити» каби баҳснинг биринчи бўлимида яхши кўринди, аниқроғи, нисбатан ишончли ҳимояланди.

Дейлик, Достон Турсунов жамоадошларини етарлича руҳлантирди. Бироқ биринчи бўлим охиридаги автогол «Нефтчи»даги маромни бузиб юборди. Энг ачинарлиси, фарғоналиклар 4та ўйинда ҳам гол уролмадилар. Бу - жиддий ўйлашни тақозо этувчи муаммо.

Ана, таркибдаги ўзгаришлар сабаб, «Пахтакор» ўйинида жонланиш сезилди. Назаримизда, «Нефтчи» ҳам таркиб ва тактик жиҳатдан шундай янгиланишга муҳтож. Акс ҳолда, жамоанинг ўтган мавсум бежиз олий лига аутсайдерига айланмагани яна бир бор ўз исботини топади.

«Қизилқум» мутасаддиларининг дастлабки 3та турдан тегишли хулоса чиқаришгани эса қувонарли ҳол. «Нефтчи» раҳбарияти ҳам Суперлигада иштирок этиш учун берилган имкон-имтиёз ҳурматидан вазиятни назорат остига олиши даркор. Фурсат кутиб турмайди.

Фақат тезкор қарорлар жамоани қутқаради. Умуман олганда, «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» таркибида истеъдодли футболчилар мавжуд. Лекин ҳар икки жамоа бошқаларга нисбатан бўш ўйин кўрсатаётгани беихтиёр мураббийлар мавзусини ёдга солади. Фикримизча, ушбу клублар мураббийлар штаби янги ва малакали мутахассисларга эҳтиёж сезмоқда.

Кези келганда айтиб ўтамиз, малакали мураббийлар мавзуси ҳаттоки, Суперлига миқёсида муҳокама қилишга арзигулик масала. Тўғри, элит дивизион учрашувлари қизғин кечмоқда, баҳсларда шиддат яққол кўзга ташланмоқда. Афсуски, бу ҳол савия юқорилигидан дарак бермайди. Суперлига жамоаларини, асосан, камтарона савияга эга мураббийлар бошқаришмоқда.

Уларнинг даражаларини ошириш - футболимиз ва Суперлига савиясини кўтариш демак. Футболимиз мутасаддилари чемпионат формати ва регламентини ўзгартириб, зарур ташкилий ислоҳотларни амалга оширишди. Суперлиганинг 4та тури доирасидаги баҳслар кўрсатдики, эндиги ислоҳот мураббийлар савияси билан боғлиқ.

Балки ЎФА ташаббуси билан еврофутболнинг таниқли мутахассислари иштирокида ҳар бир жамоада сайёр дарслар ташкиллаш керакдир. Эҳтимол, бутунлай бошқача йўл танланар. Ҳар ҳолда, бу муаммо ечимини ортга суриш ярамайди. Мураббийларнинг янги авлодини тарбиялагунча футбол яна ва яна олға босади.

Ортда қолмасликнинг ягона йўли - ҳозирги мураббийлар таркибини қўллаб-қувватлаш ва уларни изланишга чорлаш. Айни ҳолатда улар ўз ёғларига қовурилишмоқда. Бизнингча, истеъфолар футболимизни инновациялардан чегаралаш билан тенг. Чунки қайсидир мураббий истеъфога чиқарилса, унинг ўрнига савияси юксак бошқа мутахассис келмаслиги аниқ.

Ахир футболимиз муҳитида шундай мақомга муносиб мураббийлар йўқ ҳисоби. Агар юқори савияли мутахассис топилганида, «Локомотив» мураббийлар штаби аллақачон ўзгартириларди. Кучли таркибга эга клубнинг муваффақиятсизлигини нуқул омадсизлик билан изоҳлаш ярашмайди.

Жамоа кетма-кет мағлубиятга учрамоқдами, демак, уни омадсизлик эмас, балки қандайдир муаммо таъқиб қилмоқда. Бу айнан мураббий билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Қаранг, Хосеп Гвардиола даврида асосий таркибдан нари сурилган айрим футболчилар Юпп Хайнкес бошқарувида қандай ўйнашмоқда?!

Ишонч ортидан аввалги олтин таркиб «Бавария»ни яна кучайтирмоқда. Ҳа, биламиз, бу жараён узоққа чўзилмайди. Арьен Роббен ва Франк Рибери каби футболчиларнинг ёрқин фаолияти энди ортга қайтмайди. Бу ўринда бизни қизиқтирган масала мураббий ва футболчи ўртасидаги муносабатдир.

Аён бўлмоқдаки, кекса мураббий даври ўтаётган футболчилар билан яна шонли лаҳзаларни қўмсамоқда. Мюнхен «машинаси» бу йўлда «Боруссия» Д. билан ажо-йиб репетиция ўтказди. Рақиб жамоа - «Севилья» ҳам бўлажак жангга жиддий ҳозирланаётганини билдириб қўйди. Эҳ, Месси бўлмаганида, «Барселона»нинг аҳволи не кечарди - бу энди кўпчиликка аён ҳақиқат.

Хуллас, бугун-эрта футбол дунёси сизу-бизни асло зериктирмайди. Бир томонда - ЕЧЛ олишувлари, бошқа тарафда - «Локо»нинг ОЧЛдаги тақдири...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.