Қайднома

Қидирув

Виллиан ва Коутиньонинг Россиялик журналистларга берган интерьюси

Виллиан ва Коутиньонинг Россиялик журналистларга берган интерьюси

  04.04.2018 06:02
  0
  846
Виллиан ва Коутиньонинг Россиялик журналистларга берган интерьюси

23 март оқшоми бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувлари орасида Россия - Бразилия қарама-қаршилиги кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани ўз-ўзидан тайин. Боиси, бир томонда - бўлажак ЖЧ мезбони, иккинчи тарафда - унинг асосий фаворити.

Хабарингиз бор, футбол оламининг асосий мусобақасида «олтин» ютиш бобида пешқадамлик қилаётган «пентакампеонлар» ўз уйларидаги омадсиз-тушунарсиз мундиалдан кейин мавжуд камчиликларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратишди.

Мана, қатъий ҳаракатлар самараси ўлароқ, Бразилия терма жамоаси ФИФА рейтингида яна етакчи бўлиб олди. ЖЧ-2018 мезбони эса ўз мухлислари қаршисида мазмунли ўйин кўрсатиши шарт. Ана шу масъулият Россия терма жамоасидан ўта пухта тайёргарлик талаб этади.

Хуллас, Бразилия термаси делегацияси Москвага етиб келиши билан россиялик касбдошларимиз футболчиларни бирин-кетин суҳбатга чорлаб, уларнинг остонада турган ЖЧ ҳақидаги фикрларига қизиқишди.

- Россия термасига қарши кечадиган ўртоқлик учрашуви хусусида нима дея оласиз?

- Рақиб жамоа таркибидаги ўйинчилар хусусида маълум тасаввурга эгаман. Ахир «Анжи» таркибида маҳаллий чемпионатда ярим йил тўп сургандим. Рисоладагидек савияга эга, тезкор ва профессионал футболчиларга қарши майдонга тушамиз.

Умуман, ҳар бир беллашувга пухта ҳозирлик кўришимиз лозим, ўзимизни кўрсатишимиз шарт. Лекин асосий мақсад - ЖЧ. Буни мухлислар ҳам тўғри тушунадилар, деб ўйлайман.

- Асосий таркибдан мустаҳкам жой олишга улгурдингиз ва ЖЧда иштирок этишингизга шубҳа йўқ. Ўзингиз қандай фикрдасиз?

- Ҳа, мундиалда қатнашиш бахти насиб этишидан бағоят бахтиёрман. Бу мен учун ҳаётий орзу эди.

- Яқинда Бразилия терма жамоаси таркибига 3 нафар янги футболчи қўшилди. Уларни қандай кутиб олдинглар?

- Жамоа янги аъзоларни доимо талаб даражасида қўллаб-қувватлайди. Дейлик, вақтида мени ҳам жуда илиқ кутиб олишганди. Шундай экан, барча жамоадошларим қатори мен ҳам ҳар бир дебютантга қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман.

- Таржимонга тез-тез қараяпсиз, демак, рус тилини оз-моз билсангиз керак...

- Шундай. Ахир Украина ва Россияда тўп сурганман. Тўғри, атиги бир неча ибора маъносини тушунаман, холос.

- Айни пайт Неймар сафда эмас. Унинг йўқлигида қийналмаяпсизларми?

- Дарҳақиқат, Неймарнинг йўқлиги яққол сезилиб турибди. Лекин ажойиб таркибга эгамиз. Ўйлайманки, ғалаба йўлида бор маҳоратимизни ишга солиб, буни уддалаймиз ҳам. Қисқаси, таркибда Неймар ўрнини босадиган йигит топилишига ишонаман.

- Москва об-ҳавосига қандай баҳо берасиз? Совуқ бўлажак учрашувга таъсир этиши мумкинми?

- Албатта, ҳаво ҳарорати биз кўникиб қолган муҳитникидан анча паст. Қолаверса, ҳамма ёқда қор... Бироқ бу муаммо фақат биз эмас, рақибларга ҳам тегишли. Унинг таъсирини ўйиндан кейин билиб оламиз.

- Кўпчилик Исмоилининг Бразилия термасига жалб этилишини кутилмаган ҳол сифатида қабул қилди. Бунга муносабатингиз...

- Очиғи, уни ҳозирча унча яхши билмайман. Зеро, «Шахтёр» сафига қўшилган пайти Донецкдаги фаолиятимни якунлагандим. Яна нима дердим, мамлакат терма жамоасидан таклиф олган экан, демак, у шунга муносиб. Биз эса ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз.

- Бош мураббий Тите яқинда футболчиларга китоб совға қилибди. Уни ўқиб чиқдингизми?

- Бу жуда қадрли совға - китобда қимматли маслаҳатлар ёзилгани аниқ. Тўғри, ўқишга ҳали вақт ажратолмадим, аммо яқин орада тўлиқ танишаман, албатта.

- Роман Зобниннинг айтишича, Луис Адриано нафақат Бразилия, балки Россия терма жамоасидан ҳам таклиф олишга муносиб ўйинчи экан. Сизнингча, россиялик қайси футболчи Бразилия миллий жамоаси таркибидан жой олишга лойиқ?

- Мураккаб савол. Ҳа, россиялик кўплаб йигитларнинг ўйинларини кўрганман. Аммо улар билан яқиндан таниш эмасман. Аниққи, Россияда савияли футболчилар кўп.

Лекин Бразилияда иқтидорлар шундоқ ҳам етарли. Тўғриси, саволингизга дабдурустдан жавоб беролмайман, аввал ўйлаб кўришим керак. Қисқаси, бу борада кейинроқ гапиришим мумкин.

- Одатда терма жамоада тўп суриш футболчи ҳаётини кескин ўзгартириб юборади. Айтингчи, 4 йил аввалги Виллиан ва ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор?

- Бу давр оралиғида сезиларли даражада ўзгардим, деб ўйлайман. Аввалги ЖЧдан кейин маҳоратимни маромига етказиш йўлида тинмай тер тўкдим.

Шунингдек, одатларим, юриш-туришимга бошқача қарай бошладим. Ҳаттоки, овқатланиш тартибига ҳам. Барча ҳаракатларим аввало, Бразилия терма жамоаси ривожланишига муносиб ҳисса қўшишга қаратилган.

- Виллиан, доимо кулиб турадиган, очиқ кўнгил йигитсиз, журналистлар билан самимий гаплашасиз. Бунинг учун алоҳида раҳмат. Айтингчи, келажакда терма жамоанинг бош етакчиси бўлишни истармидингиз?

- Одоб-ахлоқ мезонларига унча мос келмайдиган савол. Жамоамизда юксак савияли футболчилар кўп. Мақсадимиз эса битта - ЖЧда ғолиб чиқиш. Демак, ҳозир кимнинг етакчилик қилиши хусусида бош қотирадиган вақт эмас.

- Жамоангиз аввалги ЖЧга ёпиқ тартиб асосида тайёргарлик кўрганди. Ҳозир эса машғулотлар ҳамма учун очиқ, мураббий мусобақага ҳаттоки,  оила аъзоларингизни олиб келишингизга ижозат беришибди. Хўш, ҳозирги тайёргарлик жараёни яна қандай жиҳатлари билан ажралиб турибди?

- Очиғи, аввалги мундиални эслашни ҳам истамайман. Бўлажак турнирга эса ўта юқори талабчанлик билан шайланяпмиз. 4 йил олдин оила аъзоларимиз бизга ҳамроҳлик қилишларини ҳаттоки, хаёлга ҳам келтиролмасдик. Тўғри, ҳозир ҳам улар анча йироқдалар. Лекин ЖЧ вақти ёнимизга келиб, бевосита қўллаб туришларидан умидвормиз.

- Тите доимо сизни ҳурмат билан тилга олади ва ўз дўстидек кўради. Мураббий билан бундай яқинлик ўйинингизга салбий таъсир этмасмикан?

- Муҳими - жамоага садоқат билан ёндашиш. Ўйлайманки, бу масалада ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ. Зеро, асосий таркибдан жой олиш бўйича ғирромликларга йўл қўйилмаслиги та-йин. Ҳарқалай, Тите доимо адолат тарафида бўлишни хоҳлайди.

- Мана, ёнингизда Коутиньо ўтирибди. Кечагина Англияда азалий рақиблар сафида тўп сурардинглар. Бугун эса битта жамоа шарафини ҳимоя қиляпсиз. Ҳаётдаги ўзаро муносабатларингиз қандай?

- Тўғри, Англияда бир-биримизга қарши ўйнаганмиз, лекин ҳозир жамоадошмиз - муҳими шу. Муносабатларимизга келсак, майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам барчаси аъло даражада.

- Мураббий Коутиньони серқирра ва кўп фазилатли футболчи сифатида мақтади. Унинг айнан қайси хислатига эга бўлишни хоҳлардингиз?

- Коутиньонинг ўйинларини кузатиш доимо мароқли. У - ақлли ва кучли футболчи. Шундай экан, ўрганишга арзийдиган хусусиятлари кўп.

Филиппе Коутиньо: «Лужникига қайтиш ва финалда тўп суришни истайман!»

Виллиан билан мулоқот чоғи 25 дақиқа сукут сақлаган ҳужумчи ниҳоят, қўққисдан суҳбатга қўшилди:

- Гапни Виллианга баҳо бериш билан бошлайман. Аввало, айтишим керак, у жуда хушмуомала йигит. Ўйинчи сифатида эса улкан тажриба, юксак техника соҳиби. Қисқаси, Виллиан - ҳурматга лойиқ профессионал.

- Худди Виллиан каби тез-тез қанотлар орқали олдинга интилсангизда, аслида исталган нуқтада бемалол тўп сурасиз. Ўзингизга қайси позиция маъқулроқ?

- Умуман олганда, майдоннинг қайси ҳудудида ўйнашимнинг катта аҳамияти йўқ. Доимо вазиятдан келиб чиққан ҳолда, жамоага кўпроқ наф келтирадиган ечим топишга уринаман. Қолаверса, бу масалани футболчи эмас, мураббий ҳал қилади.

- ЖЧ финалига мўлжалланган стадионда тўп суриш сиз учун қандай аҳамият касб этади?

- Аслида ҳар қандай тайёргарлик ўзига яраша муҳим. Шундай муҳташам стадион билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлаётганимдан мамнунман. Унинг кўриниши, нималар ва қандай шароитларга эгалигини билиб қўйиш зарар қилмайди.

Албатта, мундиал пайти «Лужники»га қайтиш ва финалда иштирок этишни истайман. Ҳа, бу осон эмас, ахир жиддий, кучли рақиблар қаршилигини енгиб ўтиш талаб этилади.

- «Барселона» сафига қўшилганингиздан буён нималарни, қандай янгиликларни ўргандингиз?

- Ҳозирча янги жамоа услубига мослашиш жараёнидаман. «Барса»нинг тактик чизмаси аввалги бошқа клубларникидан анча фарқли. Умид қиламанки, Каталонияда ўрганганларим терма жамоада самарали тўп суришимга ёрдам беради.

- Сизнингча, Неймарнинг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир қиладими?

- Бу саволга Виллиандан жавоб олдингиз-ку. Фақат жамоадошим фикрини тасдиқлашим мумкин. Неймарнинг муҳим ижрочилардан бири эканлиги барчага маълум. Шундай экан, унинг йўқлиги сезилиб туради, барибир. Лекин сўнгги бир йил давомида нафақат ўйин, балки бошқа йўналишларда ҳам шиддатли тараққиётга эришдик.

Дейлик, яна аҳил жамоага айландик. Қудратимизнинг асосий негизи шу. Тактикага келсак, бу борада жиддий ўзгариш бўлмаса керак. Шунчаки, Неймар ўрнини бош-қа ҳужумчи тўлдиради.

- Айримлар Россияда ирқчиликка оид можаролар тез-тез учраб туриши ҳақида бонг уришдан чарчашмаяпти. Бундан хавотирда эмасмисиз?

- Анчайин ёқимсиз савол... Афсуски, футболда бундай муаммонинг  мавжудлиги рост. Лекин футболчилар баданлари ранги эмас, ўйин ҳақида ўйлашлари керак. Ишонаманки, ЖЧдек катта форумда бундай иллатга дуч келмаймиз.

- Аввалги мундиал Бразилия футболи учун оғриқли зарба билан тугаганди. Ўша муваффақиятсизлик таъсири янги турнирда билинмайдими?

- Ўтмишни унутиб, ҳозирги вазият ҳақида бош қотирсак, билинмайди, албатта. Шахсан мен навбатдаги ЖЧ зафар келтиришига ишонаман.

Бунга асосларим ҳам бор - ўтган йили юқори савияни намойиш қилдик. асосийси, турнирга пухта тайёрланиш учун вақтимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz