Қайднома

Қидирув

Бахтиёр Ашурматов: «Футболчи учун китоб ўқиш муҳим саналади»

Бахтиёр Ашурматов: «Футболчи учун китоб ўқиш муҳим саналади»

  05.04.2018 06:41
  0
  632
Бахтиёр Ашурматов: «Футболчи учун китоб ўқиш муҳим саналади»

Замонавий тиббиёт хулосаларига кўра, спорт, хусусан, футбол билан шуғулланган бола соғлом ва бақувват бўлиб вояга етади. Ақл-идроки ривожланади, ҳамжиҳатликни, жамоа бўлиб ҳаракатланишни ўрганади.

Бундай фазилатлар эса, шубҳасиз, мурғак қалбларда эзгулик тушунчаларининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади. Шу боис ҳам миллионлар ўйинининг оммалашиши алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча гўшаларида футбол тобора оммалашиб, спортнинг бу тури билан шуғулланаётган ёшлар сони ортиб боряпти. Ўтказилаётган турли даражадаги мусобақалар эса иқтидорларнинг кашф этилишига хизмат қилмоқда.

Истеъдодлар асосида шакллантирилаётган терма жамоаларимиз эса нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишяпти. Узоққа бормайлик, 23 ёшгача бўлган терма жамоамизнинг Осиё чемпионлигига эришиши ислоҳотлар ўз самарасини бераётганидан даракдир.

Болалар ўртасида ўтказилаётган турли даражадаги бу каби мусобақалар селекционер-мураббийлар учун ҳам айни муддао. Биз ана шундай турнирларни майдон четида синчковлик билан кузатадиган Бахтиёр Ашурматовни суҳбатга чорладик.

- Ёшлар, фарзандларимизнинг турнирдаги ўйинларини кўриб, очиғи, жуда хурсанд бўляпман, - дея сўз бошлади «Бухоро» клуби катта мураббийи. - Бундай мусобақалар биз футбол ўйнаб юрган кезлари жуда кам ўтказиларди. Бу томондан, ҳозирги ёшларга ҳавас қиляпман.

Чунки биз бундай ранг-баранг формалар, чиройли бутсаларни фақат орзу қилганмиз. Шу жиҳатдан ҳам турнир ташкилотчиларига мураббийлар ва ота-оналар номидан миннатдорчилик билдираман.

Шу каби турнирлар футболчиларнинг ўсиши учун хизмат қилади. Қанчалик кўп мусобақа ўтказилса, болаларнинг маҳорати шунчалик ошиб бораверади.

- Бутсалар ҳақида гапирдингиз. Рости, сизнинг ёшингиздаги ўрта авлод футболчилари билан гаплашганимизда, улар айнан шароитлардан нолишади...

- Бунинг ҳам икки томони бор. Мазкур ҳолатга тўғри баҳо бериб, вазиятга қараб иш тутиш даркор. Албатта, ота-оналарнинг фарзандларини футболга олиб келишаётгани ижобий ҳолат. Мана, ҳукуматимиз томонидан болалар футболига алоҳида эътибор қаратилиб, Қарор ва Фармонлар чиқарил­япти.

Лекин ҳамма гап ана шу эътибор ва шароитларга муносиб тарзда жавоб қайтаришда. Бу борада ёшларимиз ва уларнинг ота-оналарига саволим бор. Улар фарзандларини нозикроқ қилиб тарбиялаб қўйишмаяптими? Келажак авлод вакиллари мустақил ва шахсий фикрга эга бўлишлари учун уларнинг ўзига қўйиб бериш керак, деб ўйлайман.

Биз спортни танлаш масаласида болаларнинг ишига камроқ аралашишимиз лозим. Шунда улар соғлом фикрлайдиган бўлиб воя­га етишади. Биз футбол ўйнашни бошлаган пайтда қийинчиликларга дуч келганмиз. Ҳамма нарсага фақат меҳнат орқали эришиш кераклигини билардик.

- Бугунги кунда болалар билан ишлаётган мураббийлар тўғри йўлдан кетишяптими?

- Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мураббийларнинг малака ва тажрибасини ошириш мақсадида турли халқаро семинарлар ташкил этиляпти, ҳамюртларимиз чет давлатларига боришмоқда. Бу жуда муҳим жиҳат. Мураббий ўсиши учун халқаро тажрибага, билимга эга бўлиши шарт.

Ҳозир биз ўзига хос ўтиш йўлида турибмиз. Ўз устида ишламайдиганлардан яхши шогирд чиқмаслиги турган гап. Бу нафақат олий лига клубларида фаолият юритадиганлар, балки болалар билан ишлайдиган барча мураббийларга тааллуқли. Болалар футболи - бизнинг келажагимиз.

- Болалар билан ёши катта мутахассисларнинг ишлагани маъ­қулми ёки ёш, иқтидорли мураббийлар ҳам истеъдодларни кашф эта олишадими?

- Ҳар қандай мураббий ўз ишига профессионал тарзда ёндошмаса, ёш футболчиларга тўғри тарбия бера олмайди. Бола истеъдодли бўлиши мумкин, лекин мураббийнинг салоҳияти уни янада ривожлантириш учун камлик қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Барибир, ҳар қайси ёш мураббий ўз устида ишлаши шарт. Ишламай қўйган куни ушбу соҳадаги фаолиятига нуқта қўйса бўлаверади. Лекин тажрибали мутахассисларга ҳам эҳтиёж сезилади. Мана, Рауф Инилеевнинг болалар билан ишлаш жараёнини кузатдим. У соҳа ривожига катта ёрдам беряпти.

Ушбу мутахассисни жуда ҳурмат қиламан. Рауф Талгатович сингари мураббийлардан ҳеч бўлмаганда маслаҳатчи сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Улар бир неча йиллик тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда жуда кўп нарсани билишади.

- Футболчиларимиз ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида муносиб тарзда иштирок этишяпти. Лекин катта футболга ўтиш даврида «юлдузча»ларимизни йўқотиб қўйяпмиз. Бунинг сабабларини таҳлил қилиб кўрдингизми?

- 1994 йили туғилган футболчилардан ташкил топган термамиз жаҳон чемпионатида яхшигина порлаганди. Ажойиб иштирок учун ўсмирларга машиналар топширилганди. Темур Ҳакимов, Аббос Махсталиев сингари ёшларимиз катта саҳнага шиддат билан кириб келишганди.

Лекин қисқа фурсатда қандай кўтарилган бўлишса, шундайлигича паст­га шўнғишди. Ўша таркибдагилардан қайси бири ҳозир юқори савияда ўйнаяпти? Афсуски, ҳеч ким. Бу йигитлар «Бўлди, футболчиликнинг энг юқори чўққиси шу экан», деб ўз устларида ишламай қўйишганди.

Шу тариқа фаолиятларидаги энг катта хатога йўл қўйишди. Яқинда Осиё чемпионлигини нишонлаган жияним Рустам Ашурматовга жуда кўп маслаҳат бераман. Ҳеч қачон унинг ишига аралашмаганман. У ўз кучи ва меҳнати эвазига ҳозирги ютуқларига эришди.

«Бунёдкор»нинг асосий таркибида ўйнаяпти, миллий жамоадан чақирув олди, олимпия термасининг асосий футболчиларидан бири. Бир кун ўз устида ишламаган футболчи фаолиятини якунлаб қўяверсин. Миллионлар ўйинини танладими, ҳеч қачон «Мен ҳамма нарсага эришганман», демаслиги керак.

Футболчи учун 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган давр асосий палла ҳисобланади. Мана шу йиллар мобайнида у ўз келажаги учун курашади. Шунинг­дек, майдонда тўп сураётган ўйинчида интеллект ҳам кучли бўлиши лозим. Бунинг учун китоб мутолаа қилиш муҳим. Спортнинг бу турида ҳамма ҳам ўз ўрнини топавермайди.

Битта гуруҳда 20 футболчи бўлса, улардан 2-3 нафаригина катталар даражасигача чиқа олади. Шу боис ҳам, болалардан илмли бўлиш, китоб ўқиш талаб этилади. Мабодо келажакда футбол ўхшамаса, бошқа соҳада ҳам ишлайверади.

- Бухорода болалар футболига эътибор қандай?

- Шу пайтгача эътибор суст эди. Фикримни бугунги кунда Улуғбек Бақоев, Шавкат Саломов сингари маҳаллий футболчиларнинг етишиб чиқмаётгани ҳам тасдиқлайди.

Ҳозирги раҳбарият мураббийлар билан биргаликда болалар футболига эътиборни кучайтиришди. Ўйлайманки, яқин йилларда бу ўз мевасини беради.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz