Қайднома

Қидирув

Неаполь ёқимтойи – Дрис Мертенс

Неаполь ёқимтойи – Дрис Мертенс

  05.04.2018 06:14
  0
  242
Неаполь ёқимтойи – Дрис Мертенс

1992 йил ўтиб борарди. Беш яшар Дрис Мертенс кундузги сайрини ниҳоясига етказарди. Уйга қайтиш олдидан унинг ота-онаси футбол майдонига киришди. Орадан 26 йил ўтди, аммо Дриснинг ёдидан бу воқеа кўтарилмаган:

«Машғулотлар ва болаларнинг ҳаракатлари менга шу қадар ёқдики, ўзимни дарров акамнинг олдида кўрдим. Ота-онамдан қочиб, мураббий олдига бир неча марта бордим ва ундан менга тўп беришини илтимос қилдим.

Эртаси куни яна ўша майдонга бордим ва акам билан машғулотларда қатнаша бошладим».

Мертенс бутун болалиги давомида ўзидан катта ёшдаги болаларга қарши тўп сурди. Ҳовлида Дрисни энг яхши ўйинчи деб билишарди, аммо бельгиялик «Андерлехт» академиясига ўқишга киргач, барчаси ўзгарди.

«Мен жамоадаги унчалик ҳам иқтидорли бўлмаган болалар сафида эдим. Аксарият тенгдошларим ажойиб фаолиятни амалга ошириш имконига эга эдилар, аммо эрта юлдузга айланганлари боис, дарҳол бош жамоа таркибидан ўрин олишни истадилар».

16 ёшга тўлганида Мертенс «Андерлехт» академиясини тарк этди: мураббийлар уни «келажаги йўқ футболчилар» сафига қўшишди. Кўпчилик Дриснинг фаолияти ниҳоясига етди, деб ҳисобларди, лекин унинг ўзи эмас.

«Ўзимни «Андерлехт»нинг кўпчилик ёшлари каби ўта иқтидорли санамаганим сабабли учинчи дивизионда тўп суришни шармандалик деб билмадим».

«Андерлехт» мураббийлар штаби кўпчиликни профессионал футболчи деб санар, бироқ улар орасида Мертенс йўқ эди. 2010 йили улар иқтидорсиз деб топган шогирд­лари

Голландиянинг «Утрехт» клуби билан шартнома тузганида, қанчалик таажжубга тушишганини тасаввур қилиш қийин эмасди. Ўша жамоада Дрис илк марта Неаполь билан танишди: «Клубимиз Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди ва қуръа натижасига кўра, биз «Наполи»га қарши ўйнашимиз керак эди.

Неаполнинг гўзаллигидан, одамларининг очиқкўнгиллигидан ҳайратда қолдим, аммо у ерда бир неча кунгина бўлганимиз боис шаҳардан тўла қониқиш ололмадим».

2013 йили Мертенс шаҳар билан яқиндан танишиш мақсадида таваккалга қўл урди. Ўшанда РФПЛнинг бир нечта клуби унга таклиф билан чиқди. Шу боис қанчадир вақт Дрис чуқур хаёллар оғушида юрди.

«Турмуш ўртоғим билан Неаполь бўйлаб саёҳатга чиқиш ва бунинг ёрдамида шаҳар аҳолиси қанчалик яхши яшашини билмоқчи бўлдик.

Дўстларим у ер безориларга тўлалиги, кўчалар ахлат уюмига тўлиб ётишини айтиб, бу сафардан бизни бездирмоқчи ҳам бўлишди». Лекин Мертенсга Неаполь шу даражада ёқиб қолгандики, барча пул келтирадиган вариантларни четга суриб қўйди.

«Наполи»да Дрис дарҳол Инсинье билан дўстлашиб олди, лекин биргина муаммо бор эди - улар асосий таркибдан жой олиш учун рақобатчига ҳам айланишганди.

Натижада бу нарса уларнинг ўзаро муносабатларида айрим кўнгилсизликларни ҳам келтириб чиқарарди. Мана шундай майда кўнгилсизликлардан бири 2016 йилнинг охирларида юз берди. «Наполи»нинг марказий форварди Аркадиуш Милик жиддий жароҳат олиб, мавсум охиригача сафдан чиқди.

Гонсало Игуаиннинг жамоани тарк этгани ҳамда Маноло Габбьядинининг ностабил ҳаракатларидан келиб чиқиб, неаполликлар бош мураббийи унчалик ҳам ишончли бўлмаган ишга қўл урди, яъни Мертенс қанотдан ҳужум марказига ўтказилди.

Кўпчиликни Дриснинг баланд бўлмаган бўйи хавотирга соларди, бельгияликнинг ўзи ҳам бу қарорга унчалик ишон­қирамай қарарди: «Ҳатто болалар жамоаларида ҳам ҳеч қачон марказий ҳужум чизиғида ўйнамагандим.

Кўпинча марказий таянч ҳимоя­сида тўп сурардим. Кейинроқ мендан вингер сифатида фойдаланишди, Неаполда эса илк бор марказий форвардга айландим».

Натижада, бу тажриба Саррининг йўқотилган вақт бўйича афсусланишига сабаб бўлди. «Биз Мертенс тимсолида марказий форвардни 28га тўлганидагина кашф қилдик. Агар бу ишни эртароқ амалга оширганимда, жаҳон футболи янги суперюлдузни кўриши тайин эди.

Дрисни марказга ўтказиш бў­йича қарор қабул қилганимда эса, ҳатто ўзим ҳам у Месси ва Роналдудай рақиб дарвозасини бирин-кетин забт этишини ўйламагандим», - дейди «Наполи» устози.

Мертенснинг ўзи эса фанатлар орасида қанчалик машҳур бўла бошлаганини дарров ҳис қилди. Унинг айтишича, ҳозир 85 ёшли қўшни аёл ҳам унинг навбатдаги голи ёки муваффақиятли тактик ўрин алмашгани билан табриклаш учун уйига ташриф буюрмоқда.

«У билан футбол тўғрисида гаплашганимда қулоқларимга ишонгим келмасди. Неаполда ҳамма ухлаб, таомланиб, фақат футболга борар экан. Бу ерда ҳамма жойга нисбатан спортнинг бу турига меҳр анчагина баланд ва бу менга жуда ҳам ёқади».

Бир пайт­лари Лео Месси маълум бир баҳсни ниҳоясига етказиб қўйишга имкон бермаётгани сабабли Пеп Гвардиоладан хафа бўларди - ҳеч бўлмаса мухлислар ҳурмати учун. Энди эса Мертенс бу борада аргентиналик билан бир даражада турибди.

Ўтган йилнинг октябрида Маурицио Сарри Бельгия термаси бош мураббийидан Мертенсни ЖЧ саралаш ўйинларига чақирмай туришни сўраганди. Ўша пайтда бу юрт бош жамоаси муддатидан аввал мундиал йўлланмасини қўлга киритганди.

Бундан хабар топган Дрис дарров қаршилик билдирди. Унинг учун жароҳат олишдан қўрқиш ҳисси ва иккинчи даражали ўйинлар йўқ. Муҳими - майдонда футбол ўйнаса, бас.

Мертенс итларни ҳам худди футболни севгандай яхши кўради. Бўш пайтларида доимо Неаполдаги итхонага бориб туради ва лозим бўлганда, моддий ёрдамни ҳам аямайди. Дрис кўчада эгасиз юрган ит ёнидан ҳам шунчаки ўтиб кетолмайди, Уларни ўзи билан олиб итхонага топширишни вазифаси деб билади.

«Итларга сен машҳур футболчимисан ёки оддий ишчи, асло фарқи йўқ. Улар жаҳондаги энг садоқатли ҳайвонлардир ва шу боис итларни севаман». Яқинда «Рома»га қарши ўйинда Мертенс навбатдаги голини жониворларга хос тарз­да нишонлаб, уни кучугига бағишлади.

Дрис худбин эмас. У камбағал кварталларга боришдан, ночор инсонлар даврасида овқатланишдан уялмайди. «Оддийликни, атрофдагиларга қу­вонч улашишни ёқтираман. Пиццахонага кириб, деворга илинган суратимни кўрганимда менда фахр туйғуси уйғонади. Бундай вазиятларда шаҳар учун қандайдир фойдали юмуш билан шуғулланаётгандай сезаман ўзимни».

Ёзда «Арсенал» ва «Реал» Мертенсга муносиб шартнома таклиф этишга тайёр эдилар, бироқ Дрис бу таклифларни биргина мақсад сабабли кейинга суришни лозим деб топди - Неаполга Скудеттони совға қилиш учун. Сўнгги 30 йилдаги илк сов­ринни.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz