Қайднома

Қидирув

Лигалар жамғармасидаги тафовут қандай?

Лигалар жамғармасидаги тафовут қандай?

  06.04.2018 00:18
  0
  1218
Лигалар жамғармасидаги тафовут қандай?

Ҳар қандай мусобақанинг нуфузини мукофот жамғармасига қараб осонгина аниқлаб олиш мумкин. Soccer.ru турнирларнинг молиявий жиҳатларини таҳлил қилиб, уларни ўзаро таққослаб кўрди.

Россия чемпионати ва кубоги

РФПЛда жамоаларни юқори ўринлар учун аёвсиз кураш олиб боришга мажбур эта оладиган мукофот жамғармалари жорий этилган эмас. Ҳар бир жамоа ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда баҳс юритади. Ўтган йили мамлакат чемпионлигига сазовор бўлган «Спартак» 5 млн. АҚШ долларига эга чиқди.

Бу маблағ жамоанинг йиллик бюджетидан бир неча марта кам. Шунингдек, чемпионатдаги энг кўп маош билан тенг. РФПЛнинг мукофот жамғармаси бундан ҳам озроқ - 16 жамоа учун бор-йўғи 40 млн. доллар. Мисол учун, ўтган мавсумни 13-ўринда якунлаган «Оренбург» атиги 1,48 млн. даромадга эга бўлди.

Ваҳоланки, у йил давомида 15,8 млн. доллар сарфлаганди. Лига бюджетининг учдан бир қисмига тенг маблағ жамоага ажратилди. Сезиларли қўллаб-қувватлаш, тўғрими? «Оренбург»дан олти баробар кўпроқ сарфлаган «Локомотив» эса атиги 2,2 млн. долларга эга бўлди. Бу кўрсаткич лига бюджетининг икки фоизига тенг! Бу ёғига нима дейсиз?

Россия кубоги турниридаги вазият бунданда ажабланарли - мусобақага мукофот пуллари ажратилмаган. Тўғри, финал беллашувида мутасаддилар саховатпешалик кўрсатиб, икки жамоа учун 10 млн. рубль ажратишди. Валюта ҳисобида бу маблағ 141000 еврога тенг.

Павлюченконинг «Локомотив»даги маоши 2,2 млн. эканидан келиб чиқадиган бўлсак, «Урал» устидан эришилган ғалабанинг мукофот пулига Сёмин Романнинг икки ҳафталик шартномасини қоплаши мумкин.

Агар ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушган жамоа бундан кейин ҳам 10 млн. рублдан улушини олиш билан чекланадиган бўлса, Россия кубоги мусобақаси ҳеч кимга керак бўлмай қолади. Чунки РФПЛдаги энг қашшоқ жамоанинг бюджети бундан 40 бараварга кўп. Фақат еврокубоклар йўлланмалари Россия клубларига сезиларли мадад бера олади.

Сўнгги 15 йил ичидаги энг муваффақиятли мавсум учун қўлга киритилган 5 млн. доллар эса «Спартак» устидан очиқдан-очиқ кулишдан ўзга нарса эмас. Ахир жамоанинг йиллик бюджети 140 млн. доллар атрофида. Бадавлат клублар учун қашшоқ лига қонун-қоидаларини белгилаб берадиган жойдан мантиқ излаб овора бўлишнинг ҳожати йўқ.

Етакчи бешликдаги мукофотлар

Молиявий жиҳатдан АПЛ вакилларига ҳавас қилса арзийди. Ўтган мавсумда «Челси» чемпионлик учун қурт­дек санаб олган 150 млн. фунт ундан аввалги «Лестер»нинг мукофот пулидан (87,3 млн.) анча кўп. Лекин Англия­да жорий этилган тизимга кўра, ҳатто мусобақада ишлари юришмай қолган жамоада ҳам ўзини ўнглаб олиш имконияти мавжуд.

Масалан, «Сандерленд» мавсумни охирги ўринда якунлади, чемпионшипга тушиб кетди. Қуйи дивизионга ғазнасини 93,47 млн. фунтга бойитган ҳолда йўл олди. Ўтган мавсум АПЛ вакиллари ҳаммаси бўлиб 2,39 млрд. фунт даромад олишди.

Эътиборлиси, мусобақа бошида ҳар бир иштирокчи 35 млн.га эга бўлди. Жамоаларнинг ўринларига кўра юзага келадиган фарқ эса унчалик катта эмас.

Мавсумни бешинчи ўринда якунлаган «Арсенал» 139,6 млн. фунтга эга бўлди. ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритган «Ливерпуль» эса 146,1 млн.га, яъни иккинчи ва учинчи, 12- ва 13-ўринлар ўртасидаги тафовут деярли йўқ ҳисобида. Албатта, 6-7 млн. фунт кимлар учундир улкан сармоя. Англия учун эса ундай эмас.

«А» серияси мутасаддилари ҳам мавсум омадсизлигида хонавайронликни четлаб ўтиш имконини берадиган тизимни йўлга қўйишган. Италияликлар «парашют» кўмак пуллари миқдори 45-60 млн. евро атрофида. Маблағ муайян жамоанинг сўнгги мавсумларда неча марта элитага чиққанига қараб белгиланади.

Лига тараққиёт масаласида жиддий муаммоларга дуч келаётган бўлсада, чемпион «Ювентус» ҳар йили фақат ТВ ҳуқуқлари савдосидан 120 млн. евро даромад олади. Энг кам мукофот пули - 30 млн. евро. Яъни Россия чемпионига тўланган маблағдан 6 марта кўп!

Ваҳоланки, «А» серияда футболчиларнинг иш ҳақлари Россиядагидан кўп эмас, баъзан оз бўлган ҳолатлар ҳам учраб туради. Айнан шунинг учун ҳам «Ювентус» Игуаин учун пул топишда муаммоларга дуч келмайди. Турин суперклуби даромадлар бўйича рекорд ўрнатди - 562,7 млн. евро. Соф фойда эса 42,6 млн. еврони ташкил этди.

Франция, Испания ва Германияда ҳам шунга ўхшаш манзара. Гарчи у ердагилар ТВ ҳуқуқларини нисбатан арзонроқ баҳоларда сотаётган бўлишса ҳам. Айнан шу сабабли «ПСЖ» ҳозирда жиддий муаммоларга дуч келмоқда - 502 млн. евролик умумий «пирог»дан атиги 60 млн.и пойтахт жамоасига тегади.

«Реал» ҳамда «Барселона»нинг молиявий натижаларидан келиб чиққан ҳолда 937 млн. еврони Примеранинг барча аъзоларига тақсимлайдиган бўлсак, аутсайдерлар ҳам қийинчиликларга дуч келишмайди.

Аввалги мавсумда «Қироллик клуби» 150, Каталония гранди эса 148 млн. мукофот пули олди. Ҳар бир жамоа учун кафолатланган тўлов эса 50 млн. евро. Бундай шароитда «Гранада» ҳам ўзини хотиржам ҳис этади.

Бундеслига вакиллари 817 млн. еврони ўзаро баҳам кўришмоқда. Эътиборли жиҳати, маблағнинг 663 млн.и ички бозордан олинмоқда. Таққослаш учун: Прядкиннинг маълумотига кўра РФПЛ ТВ ҳуқуқларини сотиш орқали 1,59 млрд. рубль даромад олади.

Ташқи баҳо бироз юқори - 22 млн. евро эмас, балки 29 млн. Ана шу юқори баҳода ҳисоблаганда ҳам Туркияда ТВ ҳуқуқлари савдосидан олинаётган даромад Россиядагидан салкам 10 бараварга кўпроқ - 286 млн. евро. УЕФА ҳисоботига ишонадиган бўлсак, РФПЛдаги тушум АПЛдагидан 80 бараварга оз.

ЕЧЛ ва ЕЛ

Дунёдаги энг зиқна амалдорлар ҳисобланадиган ФИФА мутасаддилари Россияда ўтадиган ЖЧнинг мукофот жамғармасини 12 фоизга ошириб, 400 млн. еврога кўтаришди. Янги мавсумдан бошлаб УЕФА ҳам ЕЧЛда ғалаба ва иштирок учун тўланадиган маблағлар миқдорини оширади.

Турнирнинг янги форматга ўтиши топ-бешлик вакилларига кўпроқ ўринлар берилишини таъминлайди. Шу сабабли Чеферин даромадларнинг ўсишига умид қилмоқда. Ҳозир гуруҳ босқчидаги иштирок учун жамоалар 12,7 млн. евродан олишмоқда, янги мавсумда эса 15 млн.дан олишади.

Ғалаба ва дуранглар баҳолари ҳам ошади, «плей-офф» босқичи иштирокчиларини рағбатлантириш ҳам ортади. Масалан, ярим финал баҳслари аввал 7,5 млн. еврога баҳоланган бўлса, энди 12 млн. берилади. Турнир ғолиби эндиликда 19 млн.га эга чиқади. Умуман олганда, қўшимча рағбатлар 528 млн. еврога тенг.

Соврин соҳиби мусобақа давомида 100 млн. тўплаши мумкин. Қизиғи, молиявий муваффақиятга эришиш учун доимо ғалаба қозониш шарт эмас. Мисол учун, «Лестер» билан «Ювентус» ўтган мавсумда ЕЧЛ туфайли мос равишда 81,7 ва 110,4 млн. еврога эга бўлишди.

Бу турнир ғолиби - «Реал»нинг даромадидан (81 млн.) кўп. 100 «лимон» - «Қироллик клуби»дек монстр учун ҳам катта маблағ. Чунки у 674,6 млн. евро даромадни қайд этган бўлсада, соф фойда атиги 21,4 млн.ни ташкил қилди. Демак, ЕЧЛда 80 эмас, 100 млн. ишлаш орқали «Реал»дек бадавлат жамоанинг фойдасини икки бараварга ошириш мумкин.

ЕЛдаги ғалаба ҳам вақти келганда ўта фойдали бўлиши мумкин. Айнан шу турнирдаги муваффақият эвазига «МЮ» даромадлар бўйича «Реал»ни қувиб ўтиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Эндиликда мусобақанинг шунчаки оддий иштирокчиси ҳали майдонга тушмасдан туриб 2,6 млн. еврога эга бўлади. «Локомотив»нинг ЕЛда олган даромади Россия кубогидаги зафаридан бир неча бараварга қимматроқ.

Ҳар бир ғалаба ёки дуранг, «плей-офф» босқичига чиқиш ва юқори босқичларга кўтарилиш мукофотларга қайта-қайта мушарраф бўлиш имконини беришига «Рос­тов»нинг халқаро аренадаги ўйинлари мисол бўла олади.

Янги мавсумда ЕЛ ғолибининг соф даромади 15,71 млн. еврога етади. ЕЧЛга нисбатан озроқ, лекин маблағ доимий ўсишда давом этади. ЕЛ учун ҳаммаси бўлиб 399 млн., ЕЧЛга эса 1,3 млрд. евро ажратилади.

Яна шуниси ҳам борки, мукофот жамғармаси оширилади. Умуман, ЕЧЛ, ЕЛ, Европа суперкубоги мусобақаларига УЕФА 2,35 млрд. евро ажратади.

Ў.Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz