Қайднома

Қидирув

Про-лига нега иккига бўлинди ёхуд ПФЛнинг навбатдаги «ғалати» қарори ҳақида

Про-лига нега иккига бўлинди ёхуд ПФЛнинг навбатдаги «ғалати» қарори ҳақида

  06.04.2018 06:41
  0
  742
Про-лига нега иккига бўлинди ёхуд ПФЛнинг навбатдаги «ғалати» қарори ҳақида

Насиб қилса, жума куни (бугун) Про-лига старт олади. Очиғи, ушбу мусобақанинг формати жуда ёқди, дея олмайман. Битта лигада жамоаларни икки гуруҳга ажратиш амалиёти менимча, биринчи марта учраётган бўлса керак.

Шу вақтга қадар жамоалар географик ўрнидан келиб чиқиб ҳудудларга бўлинарди, тўғри. Аммо мавсум бошиданоқ битта лигадаги клубларнинг савия ўлароқ икки гуруҳга тақсимланганини энди кўриб турибмиз.

Масалан, ҳали ўзаро битта ҳам ўйин ўтказмаган шартли «Шердор» билан «Андижон» ўртасидаги фарқ қандай эканини назарий жиҳатдан ким аниқлай олади?

Шу боис ҳам Про-лига борасида чиқарилган қарорни тушуниш қийин бўлмоқда, албатта. Бу ўринда фақат бир нарса тасалли бериши мумкин: уч ой муқаддам Суперлига формати аниқ бўлганда ҳам қарши фикр билдирганлар кўп топилганди.

Яшириб нима қилдим, мен ҳам ўша «қаршилар» томонида бўлганман. Аммо чемпионатнинг тўртта тури ортда қолган бир вақтда ишонч билан шуни айтиш мумкинки, ПФЛ ўз олдига қўйган мақсадига қадамба-қадам эришиб бормоқда. Ишонмаганлар бўлса, стадионларга келаётган мухлисларга бир қарасин.

Айнан шу сабабга кўра ҳам Про-лиганинг формати ҳақида ҳозирдан бир нарса дейишга истиҳола қилиб турибман. Майли, бу ерда ҳам тўртта тур ўтсин-чи, нималар бўлишини кейин кўраверамиз. Зеро қуйи лигада ҳам баҳс анча қизиқарли ўтишига битта сабабни ҳозирдан келтириш мумкин.

Қизиқ томони, бу ҳам ПФЛ томонидан ўтган йили қабул қилинган ва кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган қарорга боғлиқ бўлади. Энг кўп мунозарага сабаб бўлган, десам ҳам адашмайман.

Ўтган мавсум охирларида янгиликлар қилишга кўп иштиёқманд бўлган ПФЛнинг янги раҳбарияти Олий лига жамоалари сонини тўрт­тага қисқартириш ҳақида қарор қабул қилганда кўпчилик шок ҳолатига тушиб қолганди. Юмшоқ қилиб айтганда, бу хабар томдан тараша тушгандек эффект берганди.

Энг ёмони эса, ПФЛ ўз регламентига қарши бораётганди. Айнан шу сабабга кўра, ташкилот манзили томон танқидлар пайдар-пай ёғила бошлади. Эринмаган одам борки, ўз фикрини билдиришга ошиқди. Аммо инсоф юзасидан айтиш лозим, ўшанда ҳам ПФЛни қўллаганлар топилди. Бироқ улар кўп эмасди.

Буни қарангки, ўша «озчилик» ҳозир ҳақ бўлиб чиқмоқда. Албатта, ҳали бошланмаган Про-лига мисолида бирор фикр билдира олмаймиз. Аммо тобора мухлисларни стадионга йиғиб бораётган Суперлиганинг ўзи ҳаммасини ёпиб кета олишга қодир. Боз устига, Про-лига масаласида ҳам бир омил борки, ҳозирдан келтириб ўтишимиз мумкин.

Яхши биламиз, биринчи лига мавжуд бўлган аввалги йилларда бир тенденция деярли ҳар доим кузатилди - элитага чиқишга даъвогар жамоалар кўп топилмаган. Баъзан умуман бўлмаган. Бир вақтлари «Дўстлик-2008» ва «Қўқон» клублари олий лига йўлланмасини қўлга киритиб ҳам элитада иштирок этишмаганини яхши биламиз.

«Обод»нинг эса шунга жазм этиб, батамом йўқлик сари юз тутиши ҳам катта мисол бўла олади. Биринчи лигадан элитага чиқишга эса асосан бир йил олдин қуйига тушиб кетган «омадсизлар» даъвогарлик қиларди - «Сўғдиёна», «Динамо» ва «Андижон».

Қизиғи, бир йилдан сўнг бу жамоаларнинг олий лигага қайтишини ҳатто рақиблар ҳам жуда яхши билиб турардилар. Энди-чи? Про-лига бизга нима бериши мумкин?

ПФЛ ўтган мавсум қабул қилган ўша «абсурд» қарори билан бир жиҳат бўйича аниқ ютганди. Буёғига қуйи лигадан олий дивизионга чиқиш учун рақобат ортади.

Ҳозир Про-лиганинг «А» гуруҳида 9 жамоа бўлса, шундан бир йўла 7таси олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйилган - «Андижон», «Машъал», «Динамо», «Шўртан», «Сурхон», «Орол» ва «Хоразм». Бунақаси қачон бўлган яна?

Қолаверса, шунча клуб элитага чиқишга орзуманд экан, уларга қарши кураш олиб борадиган «Истиқлол» ва «Норин»нинг ҳам иштаҳаси очилиб кетмаслигига ким кафолат бера олади?

«В» гуруҳида эса «Зомин» ва «Шердор» каби биринчи лигада катта тажриба орттирган клублар бор. Улар ҳам мавсум охирида бўладиган ўтиш ўйинларида «А» гуруҳи етакчиларига етарлича қаршилик кўрсата олишига шахсан ўзим жуда ишонаман.

Энди формат масаласига қайтсак. Унга кўра «А» гуруҳида ғолиб чиққан жамоа Суперлигага тўғридан-тўғри бериладиган ягона йўлланмага эгалик қилади. Шунингдек, «А» гуруҳида иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган клублар «В» гуруҳининг биринчи ва иккинчи поғонаси вакиллари билан ўтиш ўйинида иштирок этади.

Бу ўйинлар ғолиби эса Суперлиганинг 11 ва 10-ўринларида қолиб кетган клублар билан элитада ўйнаш ҳуқуқи учун кураш олиб боради. Бир қарашда формат бироз ғалатироқ кўриниши мумкин. Аммо ПФЛнинг шунча «ғалати» қарорлари иш бериб турганда, нима учун буниси ҳам муваффақиятли чиқмаслиги керак?

Тан оламан, мақолада жавобдан кўра саволлар кўпроқ. Бу саволларнинг жавобини эса мавсумнинг якуний қисмида оламиз. Шунчаки, Про-лигани кузатиб борайлик, дўстлар. Ишонинг, бу мусобақа ҳам Суперлигадан кам ўтмайдиган кўринади. Ҳар ҳолда, мавсум бошидан шунга ишонч катта...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz