Қайднома

Қидирув

ФИФА кунлари статистикаси: ким, қанча, нима, қаерга?

ФИФА кунлари статистикаси: ким, қанча, нима, қаерга?

  07.04.2018 00:12
  0
  765
ФИФА кунлари статистикаси: ким, қанча, нима, қаерга?

2019 йилнинг январь ойида БААда ташкиллаштириладиган Осиё кубоги саралаш босқичи якунига етди. Ён қўшнимиз - Тожикистоннинг миллий жамоаси сўнгги тур ўйинида филиппинликларга имкониятни бой бериб, ОК-2019га боришдан мосуво бўлди.

Осиё кубоги йўлланмасини олдинроқ қўлга киритган етакчи термалар эса жаҳон даражасидаги жиддий рақибларга қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушди.

ҚуйидаФИФАкунлариташкиллаштирилганўйинларюзагачиқарганфактларгаэътиборқаратамиз.

*** 27 март куни Осиё кубоги-2019га йўл олган охирги 3та жамоа аниқланди: КХДР, Филиппин, Яман. Айтиш жоиз, улардан охирги иккиси, шунингдек, йўлланма масаласини 22 март куни ҳал қилган Қирғизистон термаси бўлажак мусобақада дебютант сифатида қатнашади.

*** Осиё кубоги-2019 финал раундига қуръа ташлаш жараёнида жамоалар ФИФАнинг апрель ойидаги рейтингига кўра, 4та саватчага жойлаштирилади. Тахминий ҳисоб-китоблар бўйича айтсак, Ўзбекистон термаси (Ироқ ва Қатар жамоалари каби) 3-саватчадан жой олади. Эътиборлиси, Қирғизистон термаси 2-саватчага тушади.

БАА миллий жамоаси эса мезбон сифатида 1-саватчада. Қуръа якунида биз учун шаклланиши эҳтимоли бор энг мураккаб гуруҳ қуйидагича: Австралия, Сурия, Ўзбекистон, Иордания. Энг қулай квартет вариантини ҳам тахмин қилиш мумкин: БАА, Фаластин, Ўзбекистон, Яман.

*** Грац (Австрия) шаҳрида бўлиб ўтган Эрон - Жазоир ўйини (2:1)да форс жамоасининг 22 ёшли вакили Сардор Азмун миллий терма сафида урган голлари сонини 23тага етказиб қўйди (31та ўйинда). У шунинг баробарида Эрон миллий жамоаси тарихидаги тўпурарлар рўйхатида 5-ўринни янада мустаҳкамлади.

Айни пайт Азмундан битта юқори поғонада турган Али Каримида 38та гол бор. Россияда тўп сураётган Сардор терма жамоадаги голлари ҳисобини 2014 йилнинг 18 ноябрь куни очганди. Таққослаш учун айтсак, Али Карими 38та голни нақ 14 йил (!) давомида урганди.

*** Форсларни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Эҳсон Ҳожисафи 2008 йилдан буён Эрон миллий жамоаси сафида 91та ўйин ўтказиб, 6та гол урди. Хуллас, унда жорий йил якунига қадар 100та ўйин маррасига етган эронлик 6 нафар футболчи қаторига қўшилиш учун яхшигина имконият бор.

*** Таиланд қироли кубоги ҳисоб бўйича 46-марта ташкиллаштирилди ва унда бу сафар мезбонлардан ташқари, БАА, Габон ҳамда Словакия термалари қатнашди. Турнирнинг финал ўйинида Таиланд ва Словакия жамоалари ўзаро ҳисоб-китоб қилди ва европаликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Жаккапхан Каевпром ҳал қилувчи баҳсда Таиланд термаси либосида 2-голини урди. У дебют голини 2011 йилнинг 23 июлида Фаластин термасига қарши кечган учрашувда нишонлаганди.

*** БАА термаси Таиланддаги турнирда аввалига Словакия (1:2), кейин Габон (0:1) жамоаларига ютқазди. Амирликлар 2017 йилнинг 16 октябридан буён, яъни Альберто Заккерони бошқарувида 2та ғалаба, 4та дуранг ва 3та мағлубият қайд этишди. Жамоа сўнгги марта 2017 йилнинг 23 декабрида Уммон термасини 1:0 ҳисобида енгганди.

*** 22-26 март кунлари Наннинг шаҳрида ташкил этилган Gree China Cup турнири ҳисоб бўйича иккинчиси эди. Унда Хитой, Уэльс, Уругвай ва Чехия термалари иштирок этди.

Мезбонлар турнир доирасида Уэльс (0:6) ва Чехия (1:4) термаларига йирик ҳисобда ютқазишди. Хитойликларнинг ягона голига муаллифлик қилган Фан Ксиаодонг мамлакат миллий жамоасида илк марта ўтган йилнинг 10 январида Исландия термасига қарши кечган баҳсда кўриниш берганди.

*** Бельгиянинг Льеж шаҳрида 2та ўртоқлик ўйини ташкил этган Япония термаси ортга ғалабасиз қайтди. Малиликларга қарши баҳсда Шоя Накажима 90+5-дақиқада японларни мағлубиятдан қутқариб қолган бўлса, украинлар билан ўйинда Томоаки Макино урган гол салбий ҳисобдан қутулиш учун камлик қилди.

*** Япония ва Украина термалари 3-марта «ўртоқлик» доирасида ўзаро куч синашди. 2002 йилнинг 21 март куни Осакада ўтказилган баҳсда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

*** Австралия терма жамоаси 2017 йил бошидан буён 6-марта дуранг натижага кўнди. Шулардан охирги 2тасида ҳисоб очилмади - 0:0.

*** 25 ёшли Жексон Александр Ирвайн Австралия термаси сафида 17-марта майдонга тушиб, 2-голини нишонлади. Бироқ унинг Норвегия термаси дарвозасига урган голи «соккеруз»ни йирик ҳисобли мағлубиятдан сақлаб қололмади.

*** Жанубий Корея термаси ҳар икки «ўртоқлик»да мағлубиятга учради: Шимолий Ирландия - 1:2 ва Польша - 2:3.

*** Жанубий кореялик Квон Чанг Хун Шимолий Ирландия термасига қарши кечган баҳсда миллий жамоа сафида 16-марта майдонга тушиб, 4-голини урди. Корейслар бош жамоасида 2015 йили дебют қилган 23 ёшли футболчи бунгача Лаос ва Ливан термалари дарвозасини ишғол этганди.

*** Фаҳад ал Муваллад (Саудия Арабистони) Украина термасига қарши баҳс (1:1)да ҳисобни тенглаштириб, миллий жамоадаги голлари сонини 10тага етказди (41та ўйинда). Эътиборлиси, унинг 8та голи расмий ўйинларга тўғри келади.

*** Саудия Арабистони терма жамоаси 2017 йилнинг 6 октябридан буён 12та ўйин ўтказган бўлса, шундан 8таси бошқа қитъа вакилларига қарши кечди.

*** 21-27 март кунлари Ироқнинг Басра шаҳрида жойлашган «Халқаро арена» стадиони (сиғими - 6527)да «Дўстлик» номи остида турнир ташкиллаштирилди. Унда Қатар, Сурия ва Ироқ терма жамоалари иштирок этди.

Довудхон АКРАМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz