Қайднома

Қидирув

Алиризо Жаҳонбахш: «Маҳдавакия кумирим ва устозим»

Алиризо Жаҳонбахш: «Маҳдавакия кумирим ва устозим»

  08.04.2018 06:13
  0
  666
Алиризо Жаҳонбахш: «Маҳдавакия кумирим ва устозим»

Миллий жамоамиз ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритолмаган бўлсада, бўлажак мундиални орзиқиб кутяпмиз, барибир.

Ахир жаҳон чемпионати - футбол дунёсининг бош мезони. Бу турнир турли қитъалар футболининг айни ҳолатини «ўлчаб» бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Биз ОФК оиласи вакили эканмиз, хоҳласак-хоҳламасак, қитъадошларимизнинг ўйинларию, натижасига катта қизиқиш билан қарашга мажбурмиз.

Зеро, ОФК жамоаларининг қандай иштирок этиши ке- йинги мундиаллар йўлланмаларининг тақсимотига таъсир ўтказиши мумкин. Юртимизда айниқса, Эрон миллий жамоасига эътибор кучли.

Сабаби - форсларни кетма-кет 2 марта ЖЧга олиб чиққан португалиялик Карлуш Кейрушнинг ёзда Ўзбекистон термасида иш бошлаши кутилмоқда.

Эроннинг ўзида эса Россия мундиалига ҳар галгидан ўзгача умид боғлаётганлари ўз-ўзидан тушунарли. Хусусан, терма жамоа етакчиларидан бири Алиризо Жаҳонбахш ҳам форслар Россияда муносиб натижа қайд этишларидан умидвор.

Алиризо доимо Эрон футболи афсонаси Меҳди Маҳдавикияга катта ҳурмат билан қараб, халқаро даражада унингдек из қолдиришни орзу қилади.

Эътиборлиси, улар 2011 йили бирга ўйнашган ҳам. Айни пайт Меҳди фаолиятини тугатган бўлса, Алиризо Голландия Эредивизионида совринли ўринлар учун курашаётган АЗ (Алкмаар)нинг муҳим голларига муаллифлик қилмоқда.

Унинг рақобатбардош лигада бинойидек тўп сураётгани Россия мундиалига катта умид билан қараётган форслар ишончини янада мустаҳкамламоқда. Футболчининг ўзи ҳам ЖЧ-2018 у ва бутун мамлакат учун унутилмас лаҳзалар тортиқ этишидан умидвор. Эрон халқида шундай мақол бор: «Ўз қаҳрамонларингизни кўкларга кўтарманг».

Бунинг маъноси ўз-ўзидан маълум: ортиқча мақтов ҳар кимга салбий таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Дейлик, футболчиларнинг «юлдузлик касали»га йўлиқиб, ишончни оқлолмасликлари кўп кузатилган, кузатилмоқда. Хуллас, огоҳлик мисоли мақол кўпчилик учун ўринли саналсада, Эрон футболининг бугунги юлдузи Алиризо Жаҳонбахшга мутлақо алоқаси йўқ.

Чунки у бошқа тоифага мансуб ўйинчидир. Ахир 17 ёшидаёқ нимагадир эришиш мақсадида жонажон уйи, яқинларидан узоқлашган йигит озгина муваффақият олдида эсанкираб қолиши мумкинми?

Хуллас, ёш вингер ўша вақтдаёқ Эрон терма жамоасининг афсоналаридан бири Меҳди Маҳдавикия билан учрашган ва унинг ҳар бир ўйини ва қадамини диққат билан кузатиб, барчасини ўзида мужассамлашга ҳаракат қилган. Жаҳонбахшнинг ҳозирги ҳолатига қараб, унинг уринишлари зое кетмаётганини осонгина пайқаш мумкин.

«Футбол билан жиддий шуғуллана бошлаганимда, Меҳди миллий жамоамиз сафидаги энг кўзга кўринган ўйинчилардан бири эди, - дейди АЗ вакили FIFA.com сайти мухбирлари билан суҳбатда. - Муҳими, менга маълум муддат шундай ажойиб футболчи билан бирга ўйнаш насиб этди. Тан оламан, ўйин-чи сифатида ўсишимда Маҳдавикиянинг роли катта. Уни нафақат моҳир ижрочи, балки олижаноб инсон сифатида эътироф этаман».

Тўғри, Жаҳонбахш ва Маҳдавикия 2011 йили Каспий денгизи соҳилида атиги 6 ой бирга ўйнашган, холос. Муҳими, бунгача 1998 ва 2006 йилги жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиб, машҳурликка эришган юлдуз шу қисқа муддатда ёш иқтидорни ўз ҳимоясига олиб, унга кучли таъсир ўтказишга улгуради.

Алиризо ўша ҳамкорликни ўзгача бир соғинч билан эсга олади: «Доимо Меҳди билан гаплашишга ошиқардим, футбол, умуман, ҳаётга нисбатан қарашини тўлиқ билишга уринардим. Гоҳида саволлар беравериб, жонига теккан бўлсам керак (кулади).

Йўқ, у бирор марта ўзини четга олиб қочмасди, аксинча, ҳар қандай саволимга мулойимлик билан жавоб бериб, ҳамиша алоҳида ғамхўрлик кўрсатарди. Оддий айтганда, футболдаги бутун йўлини эринмай гапириб берар, турли қи-йинчиликларни қандай енгиб ўтганини тушунтирарди. Демакки, Маҳдавикия мен учун футбол кумиригина эмас, балки ҳаётий устоздир.

Ҳалигача у билан узвий алоқадаман, дейлик, фаолиятимга доир қандайдир саволлар юзага келса, дарров айнан Меҳдига мурожаат қиламан.

Чунончи, ҳар сафарги мулоқот давомида дунёқарашимни кенгайтираман, олдимда турган турли масалалар бўйича зарур тавсиялар оламан. Ёнимда шундай маслакдошим борлигидан бағоят хурсандман ва Маҳдавикияни устоз сифатида дарҳақиқат, жуда қадрлайман».

Эътиборли томони, Жаҳонбахш ўз кумири ва устози йўлидан дадил қадам босяпти. Яъни Эрон ташқарисида ҳам маълум даражада танилиб улгурди. Муҳими, фаолияти давомида Европада 100тадан ортиқ ўйин ўтказган Маҳдавикиядан илҳомланган Алиризо «кўҳна қитъа» футболи билан танишиш жойини танлашда адашгани йўқ - Голландия чемпионатида чакки ўйнамаяпти.

Хусусан, Чемпионлар Лигаси саралаш босқичи ўйинларида бебаҳо тажриба тўплади. Ҳозиргача ўз ҳисобига 50тача гол гол ёзиб қўйганию, улардан кўпини қанот орқали ўзига хос юриши натижасида нишонлагани кўп нарсадан далолат. Жаҳонбахшнинг камтарликни унутмаган ҳолда эффектли ва самарали тўп сураётгани Алкмаар жамоасига жуда асқотмоқда.

Дейлик, моҳиятан грандлар сафига кирмайдиган АЗ Эредивизионнинг жорий мавсумида «буюк гуруҳ» сафига қўшилди. Айни пайт клубнинг финишга қадар кучли учликдан тушмаслиги деярли аниқ бўлиб улгурди. Ҳаттоки, «Фейеноорд»дек жамоа ҳам алкмаарликлардан анча орқада.

Футболчининг ўзи эса мавсумдаги асосий вазифаси Эрон термасининг Россия мундиалида муносиб иштирок этишига ҳисса қўшиш эканлигини бот-бот таъкидламоқда. Форслар 2014 йили Бразилия майдонларида чакки таассурот қолдиришмаганди.

Жамоа шундан буён анча кучайди, зеро, бош мураббий Карлуш Кейруш таркиб ўзагини сақлаган ҳолда, ёшларни сафга қўшишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

«2014-2018 йиллар оралиғида режа бўйича ишладик. Ҳа, бу жараён сабр ва кўп вақт талаб этди, муҳими, самараси яққол сезилмоқда, - дейди Алиризо ўзи ва 23 ёшли ҳужумчи Сардор Азмунни мисол ўрнида кўрсатиб. - Қисқаси, Эрон термаси ЖЧда савияли ёшларга эгалигини амалда кўрсатишга тайёр. Жамоамиз шунга мувофиқ, улкан мақсадларни кўзламоқда».

Аслида Жаҳонбахш бошқа йўналишдан кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Зеро, ёшлигида ўзини кўплаб спорт турларида синаб кўришга уринган. Хўш, футболга қандай кириб келган?

Унинг бу борадаги ҳикояси оддий: «Дарҳақиқат, бошида  футбол билан шуғулланмаганман. Аксинча, бошқа спорт турлари тўгарагига қатнагандим: гимнастика, гандбол, футзал... 12 ёшимда эса четдаги кузатувчилар футбол ўйнашга алоҳида иқтидорим борлигини айтишган.

Очиғи, тақдиримни миллионлар ўйини билан боғлашга иккилангандим, чунки вақт бироз ўтганди. Лекин ўйин жозибаси мени мудом майдонга тортарди. Мисол учун, ЖЧ-98 саралаш ўйинлари ҳамон кўз ўнгимда. Ўшанда Эрон термаси «плей-офф»да австралияликлар билан учрашувда 2:2 ҳисобини қайд этиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритганди.

Гарчи атиги 5-6 ёшда бўлсамда, футбол ва жаҳон чемпионати мамлакатимиз учун нақадар муҳимлигини теран тушунгандим. Бу ҳам кейинчалик футбол томон оғишимга таъсир қилган, албатта. Мана, 2014 йилга келиб, энг катта орзуларимдан бири амалга ошди. Бразилияда ўйиннинг ҳар бир дақиқасидан роҳатландим ва шунчаки, сабоқ олишга ҳаракат қилдим».

Навбатдаги жаҳон биринчилиги Эрон термаси учун тарихий аҳамият касб этади. Зеро, форслар бунга қадар ҳеч қачон қаторасига 2та мундиалда қатнашишмаган. Қолаверса, Кейруш жамоаси бу сафар Россияда ўйнаш ҳуқуқини ишончли тарзда қўлга киритди. Яъни жамоа Осиё минтақасидаги саралаш довонларида ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.

Эронликлар энди Россия мундиали «B» гуруҳида Испания, Португалия ва Марокаш термаларига қарши майдонга тушишади. Кўриниб турибдики, рақиблар ўта жиддий. Алиризо Жаҳонбахш ҳам энг «оғир» квартетга тушишганини тушуниб турибди, аммо у мутлақо хотиржам: «Эҳтимолки, «В» гуруҳи навбатдаги жаҳон чемпионатининг энг мураккаб тўртлигидир.

Бир томонда - Испания термаси, яна бир тарафда - Европа чемпионию, Африканинг энг кучли жамоаларидан бири. Бу рақибларнинг салоҳияти шубҳадан холи. Лекин ҳозир нолишнинг вақти эмас. Ахир оламшумул шоу яқинлашмоқда. Рақиблардан чўчиш асло ярамайди, зеро, йўқотадиган нарсанинг ўзи йўқ.

Ҳа, гуруҳимиздаги 3та жамоа ҳам юқори савияли футболчиларга эга ва уларга муносиб қаршилик қилиш осон кечмайди. Лекин ўйлайманки, Эрон термаси ҳам оддий рақиб эмас. Кучлиларга қарши қандай ўйнашни биламиз ва мураббийимиз ҳам юқори суръатдаги жанглар босимига тайёр.

Жаҳон чемпионати - бу ҳар бир иштирокчига ўзидан яхши таассурот қолдириш имконини берувчи турнир. Шундай экан, Эронда одамлар ўйинларимиздан чинакам завқ олишлари ва иштирокимиздан ғурурланишлари учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз».

Алиризо якунда яна Меҳди Маҳдавикияни эсга олди. Чунончи, у 20 ёшида Франция майдонларида ташкиллаштирилган ЖЧ-98да иштирок этганди. Мана, орадан 20 йил ўтиб, Жаҳонбахш ҳам мундиал ўйинларига шайланмоқда.

У келажак авлод вакиллари ҳозирги футболчилар йўлини давом эттиришлари ва вақти келиб, ўзини ҳам илиқ хотиралар билан эсга олишларидан умидвор: «Яна 10 ёки 15 йилдан кейин юртимиздаги болалар ортга назар солиб, ЖЧ-2018ни эслашса, бас.

Хуллас, Россиядан муносиб таассуротлар билан қайтишимиз керак. Ахир ўзимиз ҳам келажакда фарзандларимизга арзирли нимадир айтиб беришимиз керак-ку».

МАЪЛУМОТ УЧУН

АЛИРИЗО ЖАҲОНБАХШ ЖИРАНДЕҲ

Туғилган санаси ва манзили: 1993 йил 11 август, Ғилён (Эрон)

Бўйи:180 см.

Позиция бўйича: вингер, чап қанот ҳимоячиси

Клуби: АЗ (Алкмаар, Голландия)

Ўйинчилик рақами: 7

Клублар миқёсидаги фаолия-ти: «Форсиҳ» - 2010—2011 (12та ўйин); «Дамаш Ғилён» - 2011—2013 (42та ўйин, 10та гол); НЕК (Голландия) - 2013—2015 (55та ўйин, 17та гол); АЗ (Голландия) - 2015—... (79та ўйин, 26та гол)

Терма жамоалар миқёсидаги фаолияти: Эрон (U-20) - 2010—2013 (17та ўйин, 11та гол); Эрон (U-23) - 2011—2016 (6та ўйин, 1та гол); Эрон миллий жамоаси - 2013—... (34та ўйин, 4та гол)

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz