Қайднома

Қидирув

7 йилда миллиард евро ёхуд «ПСЖ»нинг фантастик харажатлари ҳақида

7 йилда миллиард евро ёхуд «ПСЖ»нинг фантастик харажатлари ҳақида

  08.04.2018 00:28
  0
  2562
7 йилда миллиард евро ёхуд «ПСЖ»нинг фантастик харажатлари ҳақида

 Ҳаттоки, ҳисобсиз харажат ҳам «ПСЖ»га наф келтираётгани йўқ. Ахир Лига 1нинг шубҳасиз «гегемони» бу сафар ҳам Европа Чемпионлар Лигасида айтарли каромат кўрсатолмади.

Жамоа 7 йилдирки, турнирда лоақал ярим финал довонини забт этолмаяпти...

Мана, Париж клубининг ЧЛдаги омадсизликлари хроникаси билан танишиш асносида харажат салмоғидан келиб чиқиб, барчасига ўзингиз баҳо беришингиз мумкин (манба: bombardir.ru сайти).

МАВСУМ-2011|2012

Харажат миқдори: 107,1 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Хавьер Пасторе (42 млн. евро)

2011 йилнинг 31 май куни Qatar Sports Investments жамғармаси клуб акцияларининг 70 фоизини сотиб олгач, кўп миллионли трансферлар даври бошланди. Тўғри, ўша мавсум бошқа харидлар Хавьер Пасторе трансферичалик шов-шувга сабаб бўлгани йўқ.

Бироқ факт шуки, «ПСЖ» таркиби Тьяго Мотта, Кевин Гамейро, Мусса Сиссоко, Жереми Менез ва Блез Матюиди каби ижрочилар ҳисобига кескин кучайтирилди. Жамоа бош мураббийи лавозимида эса Антуан Комбуаре ўрнини кимсан Карло Анчелотти эгаллади.

Мавсумдаги натижа: «ПСЖ» ички биринчиликда чемпионликни чинакам «сенсация» кўтарган «Монпелье»га бой берди. Қолаверса, Европа Лигасида «Атлетик», «Зальцбург» ва «Слован» билан бир гуруҳда ўйнаб, «плей-офф»га чиқолмади. Шунингдек, Франция кубогида курашни чорак финалдаёқ тўхтатди.

МАВСУМ-2012|2013

Харажат миқдори: 149,95 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Тьяго Сильва (42 млн. евро)

Жамоа шунингдек, Лукас Моура учун 40 миллион евро тўлади. Лекин Эзикиель Лавесси ва Златан Ибрагимовичнинг трансфери кўпроқ муҳокама қилинди, барибир. Боз устига, парижликлар айни ўша вақт Марко Верратти ва Дэвид Бекхэмни ҳам ўз сафларига жалб этишганди.

Мавсумдаги натижа: «ПСЖ»нинг ишлари нисбатан яхшиланиб, жамоа Лига 1 турнир жадвалида энг яқин таъқибчиси - «Марсел»ни 12 очко ортда қолдирди. Аммо миллий кубок учун курашда яна чорак финалдан нарига ўтолмади.

Европа Чемпионлар Лигасида эса ҳарқалай, ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Яъни парижликлар 1|4 финалда «Барселона» билан тенгма-тенг курашишди ва фақат «Сафарда урилган гол - устун» қоидаси туфайли каталонияликларга йўл бўшатишди.

Мавсум-2013|2014

Харажат миқдори: 135,9 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Эдинсон Кавани (64,5 млн. евро)

Жамоа уругвайлик голеадорга эга бўлиш баробарида яна 3та эътиборли трансферни амалга оширди - Маркиньос, Йоан Кабай ва Люка Динь. Бундан ташқари, «ПСЖ» бошқарувини Лоран Блан қўлга олди. Ушбу тайинлов мунозараларга йўл очди, бироқ Карло Анчелоттини тўхтатиш иложсиз эди.

Италиялик мураббийнинг ўзи «Реал»да ишлашни ихтиёр этганини оддий изоҳлаганди: «Париж жамоаси раҳбарияти билан муносабатларда ўзимни қулай ҳис қилганим йўқ, шунинг учун кетишни маъқул кўрдим...».

Анчелотти кейинчалик ҳам бу мавзуга қайтиб, яна раҳбарларни айблади: «Очиғи, улар менинг лойиҳамга ишонқирамай қарашди. Яъни истиқболни четга суриб, дарҳол натижа таъминлашимни талаб қилишди».

Мавсумдаги натижа: Франция чемпионати «ПСЖ» учун анча енгил келиб, жамоа «Монако»ни 9 очко ортда қолдирган ҳолда, олтин медаль соҳибига айланди.

Шунингдек, мамлакат суперкубоги ва Лига кубоги ҳам «бўйсиндирилди». Европа Чемпионлар Лигасидаги иштироки эса яна алам уйғотди: жамоа чорак финалнинг илк ўйинида «Челси»ни 3:1 ҳисобида доғда қолдирди, аммо Лондонда 2та жавобсиз гол қўйиб юборди.

Боз устига, «аристократлар» ҳал қилувчи голни сўнгги дақиқаларда нишонлашди. Хуллас, «ПСЖ»нинг ниҳоят, ярим финални забт этишига атиги 3 дақиқа ортиқчалик қилди.

Мавсум-2014|2015

Харажат миқдори: 49,5 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Давид Луиз (49,5 млн. евро)

«ПСЖ»нинг Қатар сармояси билан қувватланган даврдаги энг сокин трансферлар кампанияси. Биргина харид, аммо анча салмоқли. Қисқаси, бошқа трансферларга эҳтиёж сезилмади, Лоран Бланга эса яна бир мавсум ишлаш имконияти тақдим этилди.

Мавсумдаги натижа: «ПСЖ» - Франция футболининг тўлақонли байроқдори. Ҳар ҳолда, ички сов-ринлар парижликлардан ортгани йўқ - чемпионат олтин медали, миллий кубок, Лига кубоги ва суперкубок.

Европа аренасига келсак, жамоа Чемпионлар Лигаси 1|8 финалида «Челси»дан ўч олдию, кейинги раундда яна кўнгилсизликка дуч келди - «Барселона».

Тўғри, бошқа вариантлар ҳам унча яхши эмасди - «Реал», «Атлетико», «Бавария», «Ювентус» ва «Арсенал»ни четга сурган «Монако». Хуллас, «Барселона»га қарши илк учрашувни ўз майдонида ўтказиб, 1:3 ҳисобида енгилган «ПСЖ» сафарга мажолсиз ҳолда бориб, яна ютқазди - 0:2. Шу тариқа ярим финал орзуси орзулигича қолди.

Мавсум-2015|2016

Харажат миқдори: 116,1 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Анхель ди Мария (63 млн. евро)

Шайхлар бир муддат тин олишгач, яна ғазнани ланг очишди. Улар аввало, Англияда ўлгудай зериккан Анхель ди Мария фаолиятини сақлаб қолишди, қолаверса, Левен Курзава, Серж Орье ва Кевин Траппни Парижга чорлашди.

Шунингдек, «Тоттенхэм»дан Бенжамен Стамбулини чамаси 10 «лимон»га харид қилишди. Бош мураббий эса ўзгармади - бу Лоран Блан учун охирги имконият эди.

Мавсумдаги натижа: Франция ареналарида 4та соврин ҳам яна «ПСЖ» мулкига айланди. Чемпионлар Лигасига боғлиқ орзулар эса... Эътиборлиси, «ПСЖ» турнирнинг нимчорак финалида «Челси»дан яна бир бора устунлик қилди.

Бироқ кейин Англиянинг бошқа вакили - «Манчестер Сити»га бас келолмади. Париждаги ноқулай дуранг (2:2)дан сўнг барчасини Манчестерда Кевин де Брюйне томонидан урилган ягона гол ҳал қилди.

Мавсум-2016|2017

Харажат миқдори: 138,5 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Юлиан Дракслер (40 млн. евро)

Лоран Блан ўрнини эгаллаган Унаи Эмери ўз ортидан  «Севилья» етакчисии Гжегож Криховякни эргаштириб келди. Парижликлар у ва Гонсалу Гуэдеш, Родригес Хесе, Жовани Ло Чельсо ва Томас Меньега деярли 100 миллион евро сарфлашди. Бироқ улардан биргина аргентиналик футболчи тўлақонли ўйнади, холос.

Мавсумдаги натижа: Франция футболидаги мавжуд 3та кубок Париж клуби музейидан жой олди, асосий соврин - чемпионлик медали эса «Монако»га насиб этди.

Муҳими, жамоа Чемпионлар Лигасида анча дадил одимлади. Ҳар ҳолда, нимчорак финал доирасидаги илк учрашувда «Барселона» 4:0 ҳисобида доғда қолдирилгач, Унаи Эмери шогирдларининг кейинги раундга чиқишларига шубҳа қолмаганди.

Аммо клубни олдинда улкан шармадалик кутарди. «Камп Ноу»даги 1:6 ҳақида гапириш ортиқча. Энг қизиғи, қатарлик соҳиблар шундан кейин ҳам Унаи Эмерига ишонч билдиришни маъқул топишди.

Мавсум-2017|2018

Харажат миқдори: 238 млн. евро

Энг қимматбаҳо харид: Неймар (222 млн. евро)

Бразилиялик юлдуздан ташқари, Килиан Мбаппе ижара келишуви асосида олинди, Дани Алвеш ва Лассана Диарра трансфери текинга тушди, «Реал Сосьедад»дан Юри Берчиче харид қилинди. Натижа нима?

«Реал»га қарши кечган ЧЛ нимчорак финали жавоб баҳсида Неймар майдонга тушмади, Килиан Мбаппе супервазиятни кўкка совурди, Дани Алвешнинг хатосидан сўнг мадридликлар гол уришди (бунга Берчиче ҳам дахлдор бўлди), Лассана Диарра эса ҳаммаси ҳал бўлиб улгурган вақт ўйинга захирадан қўшилди.

Мавсумдаги натижа: «ПСЖ» ҳозирча Франция суперкубогини нақд қилди, чемпионатда ғолиб чиқишига шубҳа йўқ, Лига кубоги финалида эса «Монако» билан тўқнаш келса керак. Миллий кубокни қўлга олиш имконияти ҳам чакки эмас. Аммо Европа майдонларидаги натижа...

«ПСЖ» Қатарлик соҳиблар давридаги 7 мавсумда

Футболчилар трансфери учун жами харажат миқдори: 935 млн. евро

Футболчилар сотувидан тушган жами маблағ миқдори: 218 млн. евро

Ички турнирларда қўлга киритлган совринлар сони: 16та (жорий мавсум якунигача 19та бўлиши мумкин)

Европа Чемпионлар Лигасидаги энг яхши натижа: 1|4 финал (4 марта)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz