Қайднома

Қидирув

«Бош вазифам – ўйинчиларни ўйлашга ўргатиш» ёхуд Рафа Бенитеснинг ошкора мулоҳазалари

«Бош вазифам – ўйинчиларни ўйлашга ўргатиш» ёхуд Рафа Бенитеснинг ошкора мулоҳазалари

  09.04.2018 06:41
  0
  591
«Бош вазифам – ўйинчиларни ўйлашга ўргатиш» ёхуд Рафа Бенитеснинг ошкора мулоҳазалари

Замонавий футболдаги энг ўйчан мураббийлардан бири Рафаэль Бенитес The Telegraph нашри мухбирлари билан суҳбатда турли мавзулар юзасидан очиқ-ойдин фикр юритди.

Ҳавас келтирадиган даражадаги самарали фаолияти билан мақтанишга ҳақли мутахассис айни пайт «Ньюкасл»га устозлик қилаётганидан хафа эмас.

Зеро, унинг учун энг муҳими - тўлақонли иш жараёни. Испания мураббийлар мактаби вакили айнан нималар ҳақида гапирганига қизиқсангиз, марҳамат, «ССФ» газетасида берилган интервью мазмуни билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Кун тартиби ҳақида

 - Ҳаттоки, ухлаётганимда ҳам, масъулиятни ҳис қиламан. Ахир нафақат жамоа натижаси, балки ҳар бир чиқарган қароримга масъулман. Хуллас, эрталаб уйғонишим билан дарҳол машғулотлар ҳақида бош қотиришга тушаман.

Тўғри, бу борада ёлғиз эмасман - бутун жараён давомида ёрдамчиларим ёнимда бўлишади. Оддий айтганда, эрталаб чамаси соат 8:00-9:00да жамоа базасига бораман ва кун бўйи тиғиз иш ичида бўламан - одатда уйга анча кеч қайтаман.

 - Менга ажратилган офисга катта экран ўрнатилган. Унда ўйинларни кўриб, обдон таҳлил қиламан. Улкан монитор жуда қулай. Негаки, уйимда фақат компьютер бор, аммо у футбол кўриш, қолаверса, барчасини ўрганиш учун кичик.

 - Ҳозир ўйинларни кузатиш қийинчилик туғдирмайди, бунга имконият катта. Ҳар ҳолда, мураббийлик фаолиятим бошида ҳаммаси мутлақо бошқача эди. Дейлик, ўйинларни видеокассеталар воситасида таҳлил қилиб чиқардим. Бунда ҳаттоки, 2та телевизордан фойдаланардим. Яъни қоидамга биноан, икки учрашувни параллел равишда кўрардим.

«Ньюкасл» ҳақида

  - Ғолиб клублар ихтиёрида майдондаги ҳолатни мустақил буткул ўзгартириб юборишга қодир лоақал бир нафар футболчи топилади. Биз эса шунчаки, жамоамиз.

 - Ҳа, «Ньюкасл»да дейлик, Лионель Месси ёки бошқаси каби кетма-кет 3та ўйинда ғалабани таъминлайдиган бирор ижрочи йўқ. Лекин нолимайман, чунки ихтиёримда аҳил жамоа йиғилган. Муҳими, йигитлар бир-бирларини жуда яхши билишади, қайси вазиятда қандай иш тутишни ҳам. Яна бир томони, шогирдларим майдонда максимал даражада ҳаракат қилишади, албатта, ўз имкониятларига қараб.

 - Жамаал Ласселлс ёки Пол Дамметт каби футболчилар билан ҳар қанча фахрланишим мумкин. Бинобарин, уларнинг ўйинларидаги ўсишни шундоқ кўриб турибман. Бу йигитлар яхши тарбия олишган. Анчадан буён мураббийлик соҳасидаман ва меҳнаткаш ўйинчилар билан ишлаш натижа келтиришини ўз тажрибамдан биламан.

Ўйинчиларга ўйлашни қандай ўргатиш мумкинлиги ҳақида

 - Асосий вазифам - футболчиларга ўйлаш ва ўйинни тушунишни ўргатиш. Агар қайсидир шогирдим ўрганишни истамаса ёки уддасидан чиқмаса, унга дангал шарт қўяман: «Йўқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, бунга мажбурсан, акс ҳолда... Тушун, шеригинг уддалаяптими, демак, сен ҳам уддалашинг шарт».

 - Ўйинни видеоёзувлар орқали муҳокама қилиш жараёнида муайян вазиятни назарда тутиб, футболчиларга юзланаман: «Бу ерда нимани илғадинглар?» Шунда ҳамма билганича жавоб беради.

Қарабсизки, бир қанча фикрлар, хилма-хил ёндашув... Шу аснода йигитларда ақлий салоҳият аста-секин ошиб боради. Ҳа, бу кўп вақт талаб этадиган жараён, аммо фойдаси катта. Ахир ҳаммасини бир ойда ўзлаштиришнинг имкони йўқ-ку.

 - Вақтида жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида ишлаганман. Ўшанда, яъни дарс давомида гоҳида ўқувчиларга қатъий муносабатда бўлишдан ўзга чорам қолмасди: «Тўхта, сен уддалашинг шарт. Бу буйруқ».

 - Умумий ҳолатга сал бошқачароқ ёндашиш ҳам мумкин, албатта. Мисол учун: «Диққат, бизда муаммо бор. Уни қандай ҳал қилсак бўлади? Ўз вариантларингизни бемалол айтинг».

Натижада футболчилар ўз-ўзидан бош қотиришга одатланишади. Бу борада махсус тест кўриниши ҳам ёрдам беради: «Марҳамат, мана, муаммони ҳал этиш учун 3та вариант. Сизнингча, қайси бири маъқулроқ?» Бунда ҳам ҳеч бир футболчи четда қолмайди - ҳамма ўзига яхши кўринган вариантни танлайди.

 - Ақлий салоҳият маромига етказилса, қолгани футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Яъни ўйинчи истеъдоддан бебаҳра қолмаган бўлса, аввало, ақлини ишлатади ва энг мақбул ечимни топади. Ҳа, у адашиши, хато қилиши мумкин.

Аммо айтайлик, икки ҳолатдан бирида тўғри йўл тутса ҳам, натижаси билинади. Хуллас, энг асосийси - футболчиларни ўйлашга ўргатиш, уларда фикрлаш тезлигини ошириш. Агар бунга эришсанг, жамоа ўз-ўзидан кучайиб боради.

 - Ишимнинг асосий моҳияти шу - ақлий салоҳиятни юксалтириш. Чунки 100 фоиз ишончим комил - агар футболчи майдонда ўйлашни бошласа, у ўйинини сезиларли даражада яхшилай олади. Демакки, гап фақат менинг талаб ва кўрсатмаларимни бажаришда эмас, балки тараққиётга юз тутишда.

Фаолиятининг илк босқичи ҳақида

 - Ишонинг, 13 ёшлигимдаёқ жамоадош дўстларим ҳаракатларини таҳлил қила бошлаганман. Хулосаларимни эса алоҳида дафтарга ёзиб қўярдим. Улар ҳалигача йўқолмаган ва баъзида ҳаммасига кўз югуртириб чиқаман.

 - Айнан 13 ёшга тўлганимда, «Реал Мадрид» академиясига қабул қилингандим. Шу-шу ўзимга фойдали кўринган ҳар бир жиҳатни ёзиб келганман. Ҳаттоки, ўйинлар тугагач, жамоамиз аъзоларига баҳо қўйиб чиқардим. Шунингдек, энг яхши тўп-урарлар статистикасини ҳисоблаб борардим. Ўша битикларни ҳам ҳалигача сақлаб келаман.

Шу ҳаракатлар самараси ўлароқми, 16 ёшимда маълум муддат футбол ўйнаш баробарида мураббийлик қилгандим. Университетда эса, яъни 17-18 ёшда менежерга айланганман.

 - Авваллари машғулотлар ҳақидаги барча маълумотларни компьютерда сақлардим. Умуман, Commodore 64нинг ўйинлар дастурини бирор марта очмаганман. Хуллас, компьютердан фақат профессионал мақсадлар йўлида фойдаланардим. Мақтанишга йўймангу, ўша вақт бу кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмасди.

Статистикадан фойдаланиш фойдаси ҳақида

 - Биламан, бугун компьютерга муносабатда анча эҳтиёткор бўлиш керак. Унинг воситасида ҳаддан кўп маълумот олиш мумкин. Аммо аввало, ўша маълумотлар тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Шунингдек, мураббийлик сезгисини йўқотмаслик муҳим.

 - Ҳар қандай профессионал мураббий каби чиққан садога қараб, тўпга тўғри ёки нотўғри зарба берилганини айта оламан.

 - «Ньюкасл» бошқарувини қўлга олгач, клуб ходимларидан Чемпионшипда ўйнайдиган ҳар бир футболчи ҳақида маълумот тақдим этишларини сўрадим. Тез орада тўлиқ статистика столим устида пайдо бўлди. Шунинг баробарида ўзим ҳам футболчиларни диққат билан кузатдим, улар ҳақида имкон қадар маълумот тўпладим. Бу албатта, уларга қарши ўйинларда қўл келди.

 - Албатта, футболчини кузатиш асносида тўпланган маълумотларни унинг шахсий статистикасига қараб, янада бойитиш мумкин. Бироқ рақамлар ҳаммасини очиб беролмайди. Шунинг учун, аввало, ўйинчини амалда кўриш керак. Статистика эса унга баҳо беришда қўшимча воситадир.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz