Қайднома

Қидирув

Люка Динь: «ЖЧда ғолиб чиқиш реал мақсад»

Люка Динь: «ЖЧда ғолиб чиқиш реал мақсад»

  10.04.2018 06:14
  0
  191
Люка Динь: «ЖЧда ғолиб чиқиш реал мақсад»

«Барселона» ҳимоячиси Люка Динь Франция миллий жамоаси сафида ўзи учун учинчи йирик мусобақага жиддий ҳозирланмоқда.

Гарчи у Каталония клубида доимий ўйин амалиётига эга бўлмасада, бўлажак мундиалда ўзини ҳар томонлама кўрсатиб, ортга жаҳон чемпиони мақоми билан қайтиш ниятида.

- Люка, ЖЧ-2014 ва Евро-2016 арафасида ҳам миллий жамоадан чақирув олгансан. Демак, йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришнинг ўзига хос хусусиятларини яхши биласан.

- ЖЧ иборасининг ўзиёқ ҳар қандай футболчини сеҳрлаб қўяди. Табиийки, ҳамма мундиал ғолиблари рўйхатига киришни истайди. Умуман, турнирда иштирок этиш - катта бахт. Ахир ЖЧ футболчига ўзини кўрсатиш учун зўр имконият саналади.

- Дидье Дешамнинг айтишича, охирги ўртоқлик учрашувларига жалб этилган 24 нафар футболчининг аксариятида мундиалга бориш имкони катта. Мураббийнинг ушбу баёнотидан кейин жамоадаги босим пасайдими?

- Бироз пасайгандир. Лекин юксак спорт формасини сақлаб туришимиз шарт, барибир. Мураббий таркибга киришимизни айтибдими, демак, унинг ишончини оқлаяпмиз. Аммо унутмайлик, ҳозирча Россияга йўл олмадик, қолаверса, ҳеч ким жароҳатланишдан тўлиқ ҳимояланмаган. Шундай экан, бўшашиш ярамайди асло.

- 4 йилдан буён миллий жамоа йиғинларида қатнашаётганинг сенга қандайдир устунлик берадими?

- Ҳа. Айни пайт жамоанинг барча аъзоларини яхши биламан, муҳими, ўзимни эркин ҳис этаман. 24 ёшгача мамлакат терма жамоаси шарафини 20 марта ҳимоя қилиш - ажойиб натижа! Шунинг баробарида бу зиммамга янада кўпроқ ва ёрқинроқ тўп суриш масъулиятини юклайди.

- Ҳозирги таркибда Евро-2016да ўйнамаган футболчилар ҳам кўп. Уларнинг терма жамоа муҳитига мослашишлари қийин кечмадими?

- Ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқи - машаққатли меҳнат самараси. Жамоамизга чақирилган ёш иқтидорларни мамнуният билан кутиб олишга одатланганмиз. Ахир кимдир умумий маромдан ортда қолса, аввало, жамоа жабр кўради. Буни асло унутмаймиз ва янгиларга мудом ёрдам қўлини чўзамиз. Қисқаси, жамоамиз аллақачон аҳил оилага айланган.

- Сенингча, Франция термаси айнан ниманинг ҳисобига ЖЧ шоҳсупасига кўтарилиши мумкин?

- Тажриба эвазига! Евро-2016 финали биз учун бебаҳо сабоқ бўлди, шундан кейин жамоа мақоми ҳам ўзгарди. Хусусан, олдимизда нурли манзиллар кўринди. Муҳими, таркибимиз навқирон авлод вакилларидан иборат.

Оддий айтганда, Франция термаси - суперўйинчилар ва супердўстлар жамоаси. Демоқчиманки, аҳилликни яна бир устун жиҳатимиз сифатида кўрсатиш мумкин. Умуман, ЖЧдан ғалаба билан қайтиш - реал мақсад!

- Фотосуратларга қарасак, мулойим ва доимо жилмайиб турадиган йигитга ўхшайсан. Бу ўзига хос «ниқоб» эмасми?

- Йўқ, майдонда ҳам, ҳаётда ҳам шундайман. Ҳеч қачон юзимга «ниқоб» тортмайман. Мана, дунёнинг энг кучли клубида тўп суряпман, Франция терма жамоасидан яна таклиф олдим. Бундай муваффақиятларни табассум билан қабул қилмасликнинг иложи борми? Шахсий ҳаётим ҳам ҳавас қилгудек.

Оиламиз аъзолари футболдаги йўлимдан мамнунлар. Балки кимдир суратга тушишда роль ўйнашимни таъкидлар, лекин бу хато фикр. Тан оламан, роль ҳам ўйнайман, лекин фақат майдонда. Ўз ўрнида айтишим керак, футболчининг шахсига унинг ўйин услубига қараб баҳо бериш нотўғри, менимча.

- Дешам кўпинча ўз шогирдларининг клубларда етарли амалиётга эга бўлишмаётганидан нолийди. У бу борада сен билан ҳам гаплашдими?

- Йўқ. Чунки мунтазам майдонга тушиш имкониятига эгаман. Ҳар ҳолда, амалиёт етишмаслиги муаммосидан йироқман. Ўйин савияси эса фақат ўзимга боғлиқ. Мураббий асосий таркибда ишонч билдиряптими, демак, топшириқни сифатли бажаряпман.

- Ҳа, Болгария ва Германия термаларига қарши кечган ўйинларда чакки ҳаракатланмадинг. Хўш, шу «ўртоқлик»лар сен учун катализатор вазифасини ўтадими?

- Икки маънода жавоб бераман: «Ҳа» ва «Йўқ». Чунки «Барселона»даги ўйинлар ортидан янги савияга кўтарилдим. Терма жамоада қандай тўп сураётганим буни тўлиқ тасдиқлайди. Немисларга қарши баҳсдаги ҳаракатларимни эса ўзим учун эталон ўрнида кўраман.

- Янги мавсумни ҳам «Барса»да ўтказасанми ёки...?

- Айни пайт ҳаммаси кўнгилдагидек. Ўйинларда кучли иштиёқни намойиш этяпмиз, кўплаб совринлар ютиш имконияти бор. Энди энг асосийси - уларни расмийлаштириш.

- Саволни бошқача қўямиз: камроқ майдонга тушсанг ҳам, дунёнинг энг кучли клубида қолишинг муҳимми ёки ўртамиёна жамоада «иссиқ» жойга эга бўлишинг?

- «Барса» - орзу жамоаси! Эсимда, болалигимда отамга шундай дегандим: «Камп Ноу»га мухлис сифатида боришни истамайман. Жамоа сафида тўп суришга чақиришса, майли». Бошқа гапга ҳожат қолмаган бўлса керак.

- Хўш, «Барселона»да қайси хусусиятларинг кўпроқ ривожланди?

- Ҳимояланиш қобилиятим. Жорий мавсум Эрнесто Вальверде биздан рақибларни дарвозадан анча олисда қарши олишимизни талаб қилмоқда. Авваллари бундай эмасди. Италия ва Францияда ҳам бундай услубда ўйнамагандим.

- Доимо Карлес Пуйолни намунали ҳимоячи сифатида кўрсатасан, нима учун?

- Ҳа, айнан Пуйоль ва Паоло Мальдини барча ҳимоячиларга ибратдир. Дейлик, Карлес майдонда ўзини шердек тутар ва ҳеч кимни ёнига яқин йўлатмасди. Муҳими, қоидани бузмаган ҳолда. Чинакам даҳо ҳимоячи!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz