Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2026 мезбонлигига даъвогарлар ҳақида гаплашамиз

ЖЧ-2026 мезбонлигига даъвогарлар ҳақида гаплашамиз

  10.04.2018 06:48
  0
  813
ЖЧ-2026 мезбонлигига даъвогарлар ҳақида гаплашамиз

2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича ҳозирда ФИФА иккита расмий аризага эга.

Биринчисига шу пайтгача бош турнирга мезбонлик қилмаган Марокаш, иккинчиси эса - АҚШ, Канада ва Мексиканинг ҳамкорликдаги лойиҳаси.

Сайловлар шу йилнинг 13 июнида бўлиб ўтади. Марҳамат, мундиал мезбонлигига номзодлар билан танишинг.

Марокаш

ЖЧ-2026нинг Африка қитъасида ўтказилиши хусусидаги гап-сўзлар бундан бир йил аввал пайдо бўлганди. Ўшанда Марокаш Испания билан қўшма ариза беришни мўлжаллаганди. Бироқ мамалкат саноат вазири Мулай Хафид Элалами томонидан берилган таклиф ФИФАнинг қитъаларни навбатма-навбат алмаштириб туриш сиёсатига зид бўларди.

«Қора қитъа» вакилининг янги ташаббусини халқаро футбол уюшмаси собиқ раҳбари Зепп Блаттер ҳам маъқуллади: «Марокаш - минтақавий танлов. Африка учун яна жаҳон чемпионатини қабул қилиш вақти келди».

Марокашнинг сайловдаги ғалабаси ФИФАга футболнинг минтақадаги ривожини таъминлаш билан биргаликда тайёргарлик ишларини ўз вақтида бажарилиши кафолатини ҳам беради. Маълумки, ЖАР-2010 турнирини ташкил этишда ташкилот кўплаб муаммоларга дуч келганди.

Марокаш ҳукуматига эса янги мундиалга тайёргарлик кўриш ишларига 16 млрд. доллар ажратишини маълум қилди. Маблағнинг 12,6 миллиарди мамлакатнинг 12та шаҳридаги янги стадионлар ва машғулот майдончаларини, умуман, инфратузилмани шакллантиришга сарфланади. 3,2 млрд.и эса сайёҳлар ва мухлислар учун меҳмонхона ва бошқа қулайликларни яратишга ажратилади.

Шунингдек, аризада ҳукумат маъмурлари мамлакатдаги барқарорлик, географик жойлашув, вақт пояси, футболга бўлган кучли қизиқиш каби жиҳатларни устунлик берувчи омиллар сифатида санаб ўтишган. Бир қарашда, мезбонлик учун курашда Марокаш фаворитдек туюлади. Лекин мезбонлик ҳуқуқига эга бўлишда унга халал бериши мумкин бўлган омиллар ҳам йўқ эмас.

Биринчидан, бу мамлакат шу пайтгача ФИФАнинг ишончини қозона олмаган - 1994, 1998, 2006 ва 2010 йилларда ўтказилган жаҳон чемпионатлари бошқа давлатларда бўлиб ўтди, Марокаш ғолиб чиқолмади. Яъни, турнирни ўтказишга шай, лекин ғолиблик насиб этмади.

Иккинчидан, жаҳон футболи мутасаддилари бундан 8 йил аввал ЖАРда юз берган асаббузарликлар такрорланишидан хавотирдалар. У ерда стадионлар шошма-шошарлик билан бунёд этилган, бундан ташқари, беллашувлар ярми бўш трибуналар кузатуви остида ўтганди.

Яъни, футболни оммавийлаштириш режаси деярли амалга ошмаганди. Ва ниҳоят учинчидан, Марокашнинг ғолиб чиқа олмаслигига 2016 йилда ФИФАдаги юксак лавозимларни тарк этган африкалик мутасаддилар ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Франция ОАВнинг фикрича, коррупцияга оид ўша можаролар бежиз эмас: ФИФА президентлиги учун бўладиган сайловларда Жанни Инфантинонинг ўз лавозимида қолиши учун мезбонлик ҳуқуқи АҚШ-Канада-Мексика учлигига берилиши керак. Шундай бўлсада, экспертлар Марокашни аутсайдер сифатида эътироф этишга шошмаяптилар.

Мамлакат раҳбари 2022 йили Қатар намойиш этишни мўлжаллаётган юксак савиядаги инфратузилмани ваъда қилмаяпти. Лекин мусобақанинг ишончли тарзда ва осойишта ўтишига кфолат беришмоқда.

Бундан ташқари, ESPN манбаларининг маълумотига кўра, ФИФАнинг Осиё ва Жанубий Африкадаги аъзоларининг кўпчилиги Марокаш тарафдори. Улар халқаро ташкилот тизимидаги африкалик функционерлар ғалаба учун етарли бўлган (камида 104та овоз) устунликни таъминлай олишларини тахмин қилишмоқда.

АҚШ, Канада, Мексика

ЖЧ-2026нинг ўтмишдошларидан фарқ қиладиган асосий жиҳати шундаки, унда футбол тарихида илк бора жаҳон тожи учун 48та даъвогар кураш олиб боради. Мундиалда ҳаммаси бўлиб 80та учрашув ўтказилади. Очиғини айтганда, бундай кўламдаги мусобақани талаб даражасида ташкил этиш битта мамлакат учун қийин бўлишига шубҳа йўқ.

Айнан шу сабабли ФИФА 2002 йилдан бери амалда бўлган жаҳон чемпионлиги учун қўшма аризаларни тақиқлаш хусусидаги қарорини бекор қилди. Ёдингизда бўлса, ўша йили турнир Япония ва Жанубий Кореяда ташкил этилган ва якунда федерация бу тажрибани қониқарсиз, деб баҳолаганди.

Аммо тараққиётдан ортда қолмасликка интилаётган футбол мутасаддиларининг иштаҳалари ҳам тобора очилиб бормоқда. Янги форматдаги мундиалда ФИФА 6,5 млрд.га яқин даромад олишни мўлжалламоқда. Бу - ёзда Россияда бўлиб ўтадиган мусобақадаги тушумдан бир миллиардга кўпроқдир.

Америкаликлар эса спортдан пул топиш борасида «устаси фаранг» ҳисобланадилар. Тўғри, ҳозирда MLS клублари асосан 30000 кишилик стадионларда тўп суришмоқда. Бу ҳам сезиларли ривожланишдан далолат. Боз устига, бу ўлкада юз минг кишини ўз бағрига сиғдирадиган ареналар ҳам етарли.

Уларда ҳозирча америкача футбол ўйналади. Аммо уларни Европа услубига мослаш муаммо эмас. Биргина АҚШнинг ўзида 40000 мухлисга мўлжалланган 137та, 80000га мўлжалланган 25та стадион мавжуд. Улардаги инфратузилма эса ҳайратланарли даражада. Энг муҳими - у ерда қайсидир иншоотни қайта барпо этишга умуман эҳтиёж йўқ.

Мексика эса 1970 йили охирги марта жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганди. Стадионларнинг аксарияти ўртамиёна ҳолатда. Қўш ариза уларнинг такомиллашувини таъминлаши мумкин. «Ацтеклар» юртида бир қатор йирик ва замонавий ареналар ҳам йўқ эмас.

Масалан, Мехикодаги афсонавий «Ацтека» стадиони тўла таъмирлашдан кейин 87000 мухлисни бағрига сиғдирадиган бўлди. Ундан кейинги ареналар - 45000 ва 52000 ўринга мўлжалланган. ФИФА ишончини қозониш учун шунинг ўзи кифоя қилади.

Канада футболдан бутунлай бехабар мамлакат эмас. 2015 йили аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати айнан шу юртда ташкиллаштирилди, учрашувлар 20000дан 40000гача бўлган мухлислар гувоҳлигида ўтди.

Умуман, Канадада аёллар футболи яхши ривожланган - мамлакат терма жамоаси мунтазам равишда совринли ўринларга даъвогарлик қилиб келмоқда, охирги иккита Олимпиадада бронза медалларига сазовор бўлган. Энди эркаклар футболини талаб даражасига кўтариш вақти келди.

Марокашни асосан Осиё ва Жанубий америкаликлар қўллашса, АҚШ-Канада-Мексика триоси кўпроқ Шимолий Америка, Океания, Европа ҳамда Осиёдаги ФИФА аъзоларидан умидвор.

Қўшма аризанинг салбий жиҳати сифатида АҚШ президенти Дональд Трампнинг икки мамлакат ўртасида девор бунёд этиш хусусидаги қарорини кўрсатиш мумкин. Табиийки, бу - ФИФАнинг тинчликпарвар ғояларига зид.

Америкаликлар Канада ва Мексика ҳамкорлигидаги аризага юқори баҳо бериб, унинг тинчлик йўлидаги муҳим омил бўлишига умид қилишмоқда. Хуллас, мезбонлик ҳуқуқи учун бўладиган сайловларда қўшма аризанинг имконияти юқори баҳоланмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz