Афсуски, ЖЧ-2018 учун не-не машаққатлар билан махсус тайёрланган тўплар у билан танишиб чиққан дарвозабонлар кўнглини хушнуд этолмади.
Оқибатда, Soccer.ru сайти анчадан буён қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган ажиб назарияни қайтадан кўриб чиқди: ФИФА амалдорлари дарвозабонларга тўсқинлик қилишяптими?
Эътиборингизни учинчи мингйилликда бўлиб ўтган мундиаллар ва уларда қайд этилган натижаларга қаратамиз.
ЖЧ-2002. Дарвозабонларга қарши «суиқасд»
Fevernova тўпини яратиш учун «Адидас» муҳандислари роса 3 йил тер тўкишди. Қандайдир инқилоб амалга оширилгани йўқ, шунчаки, 32 бўлак 6 қиррали хом ашёни бириктиришди. Ишлаб чиқариш технологияси ва материаллар ўзгартирилди.
Тўп дастлабки кунданоқ дарвозабонларнинг кучли танқидларига учради. У ўта енгил ва ғайритабиий эди. Қалинлиги 3 мм. бўлган қопламаларнинг эвазига Fevernova барқарор парвозга эга бўлиб, ҳужумчилар учун қулай эди.
Иштирокчилар сони 32тага етказилган дастлабки мусобақа - Франция-98да учрашувлардаги ўртача маҳсулдорлик 2,67та голни ташкил этганди. Ж. Корея ва Японияда бу кўрсаткич 2,52га тушиб қолди. Таажжубки, тўпни барча ҳужумчилар учун тайёрлашган, аммо ундан унумли фойдаланиш фақат Роналдога насиб этди.
Бразилиялик афсонавий тўпурар 8 марта рақиблар дарвозасини ишғол этди. Хулоса шуки, мерганларга янги тўпнинг қандайдир хусусияти эмас, ўзларининг маҳоратлари қўл келди. Турнирнинг «плей-офф» босқичида самарадорлик янада пасайиб кетди - 15та учрашувда 26та гол.
Қизиқ, сермаҳсул ҳужум чизиғига эга бўлган Бразилиянинг ўртача кўрсаткичи иккига тенг бўлган, турклар дарвозасига урилган ягона гол эвазига финалга чиққан бир пайтда тўпнинг маккорона табиати хусусида гап бўлиши мумкинми?
Дунёнинг энг сара ҳужумчилари дарвозабонларга халал бериш мақсадида яратилган тўплардан унумли фойдалана олишмади. Аслида аксинча манзарани тахмин қилишганди. Посбонларга «суиқасд» шунчаки хомхаёл эдими ёки тўпларнинг афсунгар табиати?
ЖЧ-2006. Яна дарвозабонлар кўнгли тўлмадими?
Дарвозабонларнинг бу йирик мусобақа арафасидаги эътирозларини тушуниш бирмунча осонроқ кечди. Боиси, эски мактаб вакиллари тамоман янги технологияга асосланган тўпларга дуч келишди.
Иссиққа чидамли чоклар туфайли «снаряд»нинг сув ўтказмаслик хусусияти сезиларли даражада ошди. Дарвозабонларнинг тўп билан муомала қилишлари эса мураккаблашди.
Чунки Teagiest жуда силлиқ эди, айниқса, сув теккан пайтларда сирпанчиқ бўлиб қоларди. Бундан ташқари, тўп илк марта 14 бўлак олти бурчакли материаллардан тайёрланганди. Шу сабабли унинг парвози бейсбол тўпларини эслатарди.
Хўш, техник тараққиётнинг навбатдаги мўъжизаси самарадорликда қандай намоён бўлди? Афсуски, бу сафар ҳам кўрсаткичнинг пасайишига гувоҳ бўлдик - ҳар бир учрашувда ўртача 2,3та гол.
Боз устига, «плей-офф» босқичининг 15 беллашувида дарвозаларга 26та гол урилди, 4та камтарона дуранглардан кейин пенальтилар сериясига мурожаат қилинди, иккита учрашувда таблони ёқимсиз «тешиккулчалар» безаб туришди.
Иккита 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабаларни инобатга олмасак, қолган учрашувлардаги маҳсулдорлик 1,5та голга тушиб кетди. Энг сара термаларга хос бўлмаган натижа!
Аммо олис масофалардан йўлланадиган зарбалар борасида ижобий ўзгаришлар рўй берди. Ламнинг Коста-Рикага, Росицкининг АҚШга урган «замбарак» голлари, Замброттанинг Шовковский дарвозасига қуйидан йўллаган кучли зарбаси мундиалнинг кўрки бўлди. Бироқ булар янги тўпнинг хосияти эмас, балки футболчилар маҳоратининг маҳсули эди.
Ҳатто Лев Яшиндек дарвоза қироли ҳам 1962 йилдаги олис зарбалар қаршисида ожиз қолганди - айланма ҳаракат билан йўналтирилган тўп доимо посбонга катта қийинчилик туғдирган. Хўп, майли, ФИФА асосий урғуни олис зарбаларга берди ҳам дейлик. Унда нима учун Германия мундиали голга бой бўлмади?
ЖЧ-2010. Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг сифатсиз тўп
Чиндан ҳам ўта ноқулай «снаряд». Jabulani муҳандислик соҳасининг энг йирик муваффақиятсизлиги сифатида тарихга кирди. 20 метрли парвоз давомида тўп бир неча марта ўз йўналишини ўзгартирар, ўта енгил вазни билан пляж футболини эслатарди.
Аслида унинг парвоздаги табиати фақат вазн билан боғлиқ эмас, асосий сабаб тўпни йиғиш услубида эди. Боз устига, ЖАР мундиалининг расмий тўпи ўта юмшоқлиги туфайли муваффақиятсизликка учради.
Дарвозабонлар дастлабки машғулотлардаёқ Jabulaniни жиддий танқид остига олишди, уни «раққос» лақаби билан сийлашди. Табиийки, бундай «мақтов»лар тўпнинг савдосига ҳам салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади.
ЖЧдаги самарадорлик эса анъанага биноан пасайишда давом этди - 2,27 гол. Лекин «плей-офф» босқичида жамоалар 39 марта рақиблар дарвозасини ишғол этишди. Демак, илк марта янги тўплар дарвозабонларга жиддий ноқулайлик тўғдирди. Ваҳоланки, Ховард, Эньяма, Бенальо ёки М~Боли каби посбонлар ҳар бир ўйинда 5-6тадан «сэйв»ларни амалга оширишганди.
Хуллас, «плей-офф» босқичида маҳсулдорлик 2,6га кўтарилди. Эътиборли жиҳати шундаки, Jabulani нафақат дарвозабонлар, балки майдон ўйинчиларининг эътирозларига ҳам сабаб бўлган дастлабки «снаряд» бўлди. Маълумки, Испания «плей-офф» босқичининг тўртинчи учрашувида 4та гол уриб, тождорга айланди.
Тўпни тинмай қарғаган Касильяс ҳал қилувчи баҳсда уни қайтаришга муваффақ бўлди. Демак, янги «снаряд»ни танқид қилишдан кўра, унга мослашиш тадоригини кўриш кўпроқ манфаат келтирар экан.
ЖЧ-2014. Тўп - сифатли, сюрпризлар - мўлми?
Бразилия мундиалида «Адидас» ўзи йўл қўйган айбларни ювишга аҳд қилди - физик олимлар ва лабораторияни ижарага олди, янги тўпни синовдан ўтказиш учун 600 нафар футболчи жалб этилди. Барча харажатларни харидорлар зиммасига юклаб қўйди. Натижада Brazuca ўта қимматбаҳо «снаряд»га айланди.
Албатта, қиммат беҳикмат бўлмайди - тўпни тайёрлаш услуби ўзгарди, у 6 бўлак олтибурчакли хом ашёдан тайёрланди, сув ўтказмаслик хусусиятига эга бўлди. Шунингдек, Касильяс ва унинг касбдошлари эътирозлари ҳам эътибордан четда қолмади - тўп юзасидаги силлиқликка барҳам берилди, янги материал туфайли парвознинг барқарорлиги таъминланди.
Таажжубки, ЖЧ-2014да маҳсулдорлик кўтарилиб кетди. Илк марта дарвозабонларга мақбул бўлган тўп уларни кўпроқ ранжитди! Мусобақада ҳаммаси бўлиб 171та гол урилди, ўртача кўрсаткич 2,67га етди.
Лекин «плей-офф»нинг 14 учрашувида (3-ўрин учун бўлган учрашув ва Германия-Бразилия ярим финалидан ташқари) бор-йўғи 24та гол урилди. Хуллас, ҳал қилувчи баҳсларда самарадорлик одатий кўринишга қайтди, финал тақдирини ягона гол ҳал қилди.
ЖЧ-2018. ФИФАдагилар яна голлар орзусидами?
Албатта, Жанни Инфантино «Адидас» мутахассисларидан тўпни дарвозабонлар учун эмас, балки ҳужумчиларга мослаштиришни илтимос қилган. Шунингдек, кўча футболи учун ҳам. Ахир компания ҳам ўз хизматлари эвазига маълум манфаатга эга бўлиши керак. Бунинг учун эса миллионлаб тўпни савдога чиқариш, харидоргирликни таъминлаш талаб этилади.
Янги мафтункор зарбаларни фақат Месси ва Роналду эмас, барча футбол мухлислари ва ҳаваскорлар ҳам уддалай оладиган бўлиши шарт. Қизиғи, Тер Штеген, Рейна ва Де Хеа каби посбонлар Telstar-18ни совуқ қарши олишди. Қандайдир салбий хусусият учун эмас, балки яп-янги, ҳиди анқиб тургани учун!
Тўпни қолипга солишнинг иложи бўлмаган ўжар парвози хусусидаги баҳс эса янгилик эмас - 2002 йилдан бери давом этмоқда. Тўғри, атиги олти бўлак материалдан яратилган снаряднинг шакли, шунингдек, қопламанинг сирпанчиқлиги айрим мунозараларга сабаб бўлиши мумкин.
Мураккаб қийқимлардан тикилган тўпда барча чоклар мукаммал даражада бўлмаса, ўйиннинг натижасига таъсир этиши мумкин. Бироқ бу нохуш воқеа ҳозирча юз бергани йўқ. Самарадорликка унинг алоқаси йўқлиги юқорида зикр этилди. Албатта, дарвозабонлар ўз фикрларини билдиришлари, қандайдир янгилик кашф этишга уринишлари мумкин.
Лекин Плетикоса ҳақ гапни айтди: «Ҳозирча ЖАР мундиалидагидек бемаъни тўп яратилмади, янги «снаряд»га эса мослашиш мумкин. У тамоман янги технологияга асосланган. Шу сабабли дастлабки танишув пайтида айрим дарвозабонларга ёқмаганлиги табиий.
ФИФАдагилар эса траекториясини олдиндан аниқлаб бўлмайдиган, лекин қисқа узатмаларда манзилга аниқ етиб борадиган тўплар тарафдори. Афсунга итоат қиладиган тўпларнинг кераги йўқ».
Орзиқиб кутилаётган Россия мундиалида қандай натижалар қайд этилишини башорат қилмай қўя қолайлик. Лекин шуни ишонч билан айтиш мумкинки, дарвозабонларнинг гол ўтказиб юборишларига тўп доимо сабабчи бўлавермайди.
Борди-ю, тўпнинг алоқадорлиги юқори бўлса, яна яхши - мухлислар кўпроқ гол кўрадилар. Тараққиёт эса ўз йўлидан олға силжишда давом этаверади.
А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20