Қайднома

Қидирув

Уругвай термаси тарихидаги энг яхши мураббий - Оскар Табарес ҳақида ҳикоя

Уругвай термаси тарихидаги энг яхши мураббий - Оскар Табарес ҳақида ҳикоя

  12.04.2018 06:47
  0
  942
Уругвай термаси тарихидаги энг яхши мураббий - Оскар Табарес ҳақида ҳикоя

«СЭ» вакиллари томонидан очилган янги рукн қўл остидаги жамоа билан ажойиб натижаларга эришаётган мутахассисларга бағишланади.

Бу сафар ҳамкасбларимиз Уругвай термаси тарихидаги энг яхши мураббий - Оскар Табарес ҳақида ҳикоя қилишди.

МИЛЛИЙ ЖАМОА РЕКОРДЧИСИ

Уругвай термасининг сўнгги ўн йилликдаги барча ютуқлари - биринчи навбатда, Оскар Табареснинг меҳнатлари маҳсули. У 2006 йилнинг 8 мартидан буён ушбу жамоада ишламоқда. 12 йил. Бунақаси «чарруас» тарихида кузатилмаганди. Эътиборлиси, Табарес 2006 йили термага иккинчи бор ташриф буюрганди.

1988-1990 йиллар мобайнида кузатилган дастлабки «миссия»да мураббий қўл остидагилар билан Америка кубоги-89да кумуш медалларни қўлга киритиб, ЖЧ-90нинг 1/8 финалига қадар етиб борганди.

Бугунга кунгача 1930 йилги жаҳон чемпионлиги (ЖЧ-1950даги «олтин» ҳам) асосий фахрланишга арзийдиган натижа сифатида тилга олинадиган мамлакатда миллий жамоа бош мураббийига жуда катта талаблар қўйилади. Ўз юртида «Муаллим» тахаллусига лойиқ кўрилган Табареснинг ушбу талабларга жавоб бера олишига эса ҳеч кимда шубҳа қолмаган.

МАКТАБ ЙИЛЛАРИ

Мураббийга «Муаллим» тахаллуси берилишининг ўзига яраша тарихи бор. 1978 йили Уругвай ўртамиёнаси саналган «Атлетико Белла Вис­та» клубининг 31 ёшли ҳимоячиси Оскар Табарес бутсаларини михга илишга қарор қилгач, қадрдон Монтевидео чеккасидаги мактабда иш бошлади - бошланғич синф ўқувчиларига тарих фанидан дарс берди.

У пайтлари ўқитувчилар маоши ҳавас қиларли даражада эмасди, шу боис Табарес бир неча йил мобайнида турли мактабларда ишлади. Аммо ҳамма жойда уни жуда яхши кўришарди, дарс ўтаётганда энг шўх болакайлар ҳам жимлик сақлашарди.

Мактаб даври икки йил давом этди. «Муаллим»нинг футболга қайтиш қарори эса ўқувчилар учун ҳақиқий фожиага айланди.

РАДИОДАГИ ЭЪЛОН

Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди: Табарес радио орқали Уругвайнинг «Пеньяроль» клуби болалар жамоаларида ишлайдиган мураббийларни саралаётгани, асосий эътибор собиқ футболчилар эмас, балки кичкинтойлар билан ишлаш тажрибасига эга мутахассисларга қаратилаётганидан хабар топди.

«Муаллим» тун бўйи алоҳида режа тузиб, тонгда «Пеньяроль» вакиллари билан боғланди ва бир неча кундан сўнг уни ишга қабул қилишди. «Ўйинчилик фаолиятимни якунлаётганимда, кўпчилик менинг мураббий бўлишим лозимлиги, футболчилар менинг ёнимда ўзларини эркин ҳис қилишларини айтишганди.

Аввалига бу тавсияларга аҳамият бермадим, аммо ёш ўйинчилар кўпинча мендан маслаҳат сўраб, фикрим билан қизиқишар, муаммоларини баҳам кўришарди. Мактабда ўтган йиллар давомида бу ҳақда кўп ўйладим ва ўзимни ушбу соҳада синаб кўришга қарор қилдим», - деганди Табарес ўша дамларни эсга оларкан.

«Пеньяроль» академиясида узоқ ушланиб қолмади, «Атлетико Белла Виста» клуби ўсмирларини шуғуллантирди. 1983 йилда эса дастлабки жиддий таклиф бўлди - Уругвай ёшлар термаси бош мураббийлигига тайинланиб, жамоани Венесуаладаги Панамерикан ўйинларига олиб борди.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Ёшлар билан муваффақиятларга эришган Табарес 1987 йили Уругвайнинг ўша пайтдаги 38 карра чемпиони - «Пеньяроль» клуби бош мураббийига айланиб, Либертадорес кубогида зафар қучди. Сўнгра Калининг «Депортиво» жамоасида ишлади. «Колумбияда орттирилган тажриба менга кўп асқотди.

Биринчи марта Уругвай ташқарисида ишладим, Карлос Вальдеррама билан танишдим. Айнан у менга мураббийлик маҳорати фақат китоб­ларда ёзилган нарсалар билан чекланмаслигини айтганди.

Шунингдек, Карлос футбол техникаси универсал эмаслиги, ҳар бир ўйинчи индивидуаллик ҳамда ўз услубига эгалиги, мураббийнинг вазифаси ўша сифатларни аниқлаб, уни ривожлантириши лозимлигини таъкидлаганди», - деганди Табарес.

Ўз навбатида, Колумбияда Оскарнинг қўл остида тўп сурган футболчилар ҳам «Муаллим» ҳақида илиқ фикрлар билдиришганди. «У ўзига ишонч туғдириб, ўйинчилар ғояларини ўз ўрнида ишлатарди», - кейинчалик Колумбия термаси мураббийлар штабидан ўрин эгаллаган Карлос Марио Ойоснинг эътирофи бу.

МИЛАНДАГИ ОМАДСИЗЛИК

Таъбир жоиз бўлса, фақат «Милан»­даги фаолияти давомида Табарес ўзига ишонч туғдира олмади. 1996 йилнинг июлида «россонери» билан «А» Серия олтин медалларини қўлга киритиб, сўнгра «Реал»га ўтиб кетган Фабио Капеллонинг ўрнини 1994|1995 йиллар мавсумида «Кальяри» билан мақтовга лойиқ натижаларга эришган «Муаллим» эгаллади.

«Қизил-қора» меҳнат сафари кутилганидек кечмади. Илк расмий ўйиндаёқ Табареснинг «Милан»и мамлакат суперкубогини «Фиорентина»га бой берди, ноябрда эса Италия кубогини тарк этди, чемпионат турнир жадвалининг иккинчи ярмига тушиб кетди, декабрда эса Чемпионлар Лигасидаги курашни тўхтатди.

Ўз жамоаларида оилавий ва ишончли муносабатларни тиклашга ўрганган камтар уругвайликнинг футбол юлдузлари билан мулоқотга кўниколмади - Мальдини, Веа, Баджо, Десайи ва Давидс кабиларга муаллим шарт эмасди, улар аввалдан ўзларини юқори қўйишар, Табарес эса ўша баландликка чиқа олмаслигини аввал-бошдан англаб етганди.

Миланда ҳам етарлича тажриба тўплаган мутахассис бир йил «Овьедо»да ишлади.

ТЕРМАГА ҚАЙТИШ

Уругвай миллий жамоаси 2005 йили жаҳон чемпионати саралашида яна муваффақиятсизликка учрагач, сўнгги беш йил мобайнида олти нафар мураббийни алмаштиришга улгурган маҳаллий футбол федерацияси вазиятни дарҳол ўзгартириш лозимлигини англаб, Табаресни эслаб қолишди.

Мазкур қарор ОАВнинг тан­қидидан холи бўлмади - «Муаллим»нинг клублар даражасида эришган барча ютуқлари аввалги ўн йилликка тааллуқли экани, терманинг ўйинига ёрқинлик етишмаётгани айтилди. Аммо Табарес ўз қарашларига содиқ қолиб, аста-секин вазиятни ижобий томонга ўзгартирди.

Ўша кезлари Уругвай футболига ҳавас қилиб бўлмасди. «Эсимда, бош мураббийликка тайинланган кунимнинг эртасига миллий жамоа базасига ташриф буюргандим. Аввал у ерга ҳеч қачон бормагандим. Деярли ҳамма шароитлар ҳозирланган, яхши жой экан. «Деярли» деганимга сабаб - мисол учун, кроватларда ёстиқ йўқ эди.

Биз футболчиларга минимал бўлсада қулайлик яратиш учун кўп ҳаракат қилдик. Турли лойиҳалар ва ФИФА ёрдамида ҳозир у ерда ажойиб инфратузилма яратилган», - деганди Табарес интервьюларининг бирида.

Уругвайликлар аста-секин кучайиб боришди. ЖАР-2010 мундиалида «Муаллим»нинг жамоаси сўнгги 40 йилдаги энг яхши натижага эришиб, тўртинчи ўринни эгаллади. Орадан бир йил ўтиб эса «чарруас» 1995 йилдан буён биринчи марта Америка кубоги бош совринига эга чиқди.

Эътиборлиси, жамоа бу ютуқни Аргентинада қўлга киритди. Аниқлик киритаётганимизнинг ўзига яраша сабаблари бор: гап Лионель Месси юртида ўтган Жанубий Американинг энг йирик турнири ҳақида бормоқда. Мазкур мусобақа Аргентинада 9 марта ташкилланган бўлса, унинг олтитасида мезбонлар зафар қучишган, қолган учтасида Уругвайнинг қўли баланд келганди.

Эътибор беринг, ушбу мамлакатда ўтказилган АКда бошқа термалар ғалаба қозонишмаган. 2011 йилги муваффақият Табарес қўл остидаги термани Америка кубоги тарихидаги энг совриндор жамоага айлантирди (15та мукофот). Қўшнилар ва асосий рақиб - Аргентинада битта кам.

Ўша ютуқ қўлга киритилган оқшом «Муаллим»нинг диққатга молик сифати камтарлик бўлганди. «Монументал» стадионида уругвайликлар сардори Диего Лугано фахрий совринни боши узра кўтарганига 20 дақиқа ҳам бўлмаган бир паллада Табарес матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашаётганди:

«Биз шунчаки яна битта совринга эга бўлдик. Биринчи навбатда, мазкур ғалабани авваллари миллий жамоамизда ишлаган мураббийларга бағишламоқчиман. Зеро, улар ушбу турнирда 14 марта зафар қучишмаганда, 15-муваффақият ҳам бўлмасди».

Ўша кезлари Табареснинг мураббийлик ишига ўзгача ёндашуви кўпчиликнинг тилига тушганди. Бироз содда ва романтик, аммо ҳаммага бирдек ёқадиган мулойим шахс. «Муаллим» ҳар бир футболчига отадек муомалада бўлади - қайғуда ҳам, шодликда ҳам.

Мартин Касерес 2015 йили Италияда йўл-транспорт ҳодисаси содир этганида Табаресдан қандай гап эшитганини ёдга олганди: «Биз телефон орқали ярим соатча гаплашдик ва гўшакни илганимда, уятдан юзим қизарди. Гўёки Оскар қулоғимдан чўзгандек эди. Мен фақат бошимни тасдиқ маъносида қимирлатиб: «Ҳа, сиз ҳақсиз», дегандим».

«Халл Сити» футболчиси Абель Эрнандес эса уругвайлик мураббийдан «панд еган». Аммо мазкур ҳолат тасодиф туфайли рўй берган. Табарес, соғлиғи жойида бўлганда, маш­ғулотларда футболчилар билан тўп сурарди. Кутилмаган воқеа футболчилар ёмғирдан сўнг ҳўл бўлган майдонда шуғулланишаётган пайтда рўй берганди.

Эрнандес шерикларидан бирини алдаб ўтдию, сирғаниб, мувозанатни йўқотди. Ўша паллада тўппа-тўғри Табарес томон кетаётганини тушуниб, ўзини четга олмоқчи бўлди. Аммо ноқулай ҳаракат туфайли ўнг тиззасини жароҳатлади.

РУҲИЙ ҚУВВАТ

Табарес 71 ёшда, аммо ҳамон матбуот анжуманларида анча тетик ҳолда кўриниш беради. Ҳар гал фикр билдираётганда, маслаҳатлари ва ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашади.

У эскилик тарафдори ва буни ўзи ҳам яширмайди: «Радиони яхши кўраман. Энг яқин дўстим - қисқа тўлқинли радиоприёмник. Уни ҳар тонг тинглайман, телба сингари батарейка алмаштираман.

Илк радиони 90-йилларда олганман, кейинги йигирма йил мобайнида яроқсиз ҳолга келгунича унинг хизматидан фойдаландим. Яхшиямки, Панамада худди шунақа радиоприёмникдан топдим ва сотиб олдим».

Табаресдаги ҳаётга бўлган муҳаббат - Уругвай термасининг футбол ташқарисида қўлга киритган асосий «Оскар»идир. Энди эса яшил майдондаги «Оскар» учун курашиш лозим.

Ҳозирча бундай соврин иккита - 1930 ва 1950 йилларда ўтказилган мундиаллар кубоги. Россияга эса уругвайликлар мамлакат тарихидаги энг яхши мураббий бошчилигида ташриф буюришади. Жорий йилнинг ёз фасли мукофотлар токчасини тўлдириш учун жуда қулай вақт.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz