Португалия терма жамоаси ҳимоячиси Фабиу Коэнтрау ўтган ёзда «Спортинг» аъзосига айланганди. Айни пайтда Лиссабон клуби Европа Лигаси ғолиблиги учун кураш олиб бормоқда.
Айтиш жоиз, Коэнтраунинг трансфер ҳуқуқи ҳамон «Реал»га тегишлидир.
- Лиссабондаги фаолиятингиз қандай кечяпти? Мамнунмисиз?
- Ҳа, бу ердалигимдан хурсандман. Ўзимга бўлган ишонч ортган. «Реал»да қийнаган жароҳатлар йўқ.
- Мадридда юлдузли даврингиз ўтди. ЕЧЛ финалида асосий таркибда майдонга тушгансиз. Ҳаммаси қаерга кетди?
- Танқид қилаётган инсонлар ҳаммасига бир бошдан эътибор беришмайди. «Реал»да менинг чизиғимда Марсело ўйнайди. Биз ўртамиёна футболчи эмас, балки Марсело ҳақида гапиряпмиз. Шунга қарамай, ўзимга яраша нимадир қилишга улгурдим.
Биринчи йил чемпионатда ғолиб бўлдик. 30тача ўйинда майдонга тушдим. Кейинги йил омадсиз якунланди. Учинчи мавсумда Анчелотти қўл остида Чемпионлар Лигасида зафар қучдик. Кейин мени жароҳатлар таъқиб эта бошлади. Умуман олганда, ёмон ўйнамадим, деб ҳисоблайман.
- Бир сафар «Реал»да ўзингизни «иркит ўрдакча»дек ҳис қилишингизни айтгандингиз...
- Бу ҳақиқат. Ҳозир ҳам шундай ўйлайман.
- «Реал»даги собиқ жамоадошларингизнинг қай бири билан алоқадасиз?
- Барча билан муносабатим яхши эди. Бу борада муаммолар бўлмаган. Ҳозир мулоқот қиладиган ягона инсоним - Криштиану. У нафақат жаҳоннинг энг яхши футболчиси, балки менинг яқин дўстимдир.
- «Спортинг» устози Жорже Жезуш билан муносабатларингиз қандай?
- Жезуш - ҳаётимдаги муҳим инсонлардир биридир. 19 ёшлигимда у менинг мураббийим бўлган. Айнан у мени чап қанотда ўйнатган. Айни пайтда ҳам у менга ишонади.
Бу ҳам жуда муҳим жиҳат. «Реал»даги охирги мавсумимда менга ишонишмади. Бу билан Зизу менга ишонмади, демоқчи эмасман. У ажойиб мураббий ва у ҳақида фақат яхши фикрларни айтишим мумкин.
Зидан ҳақида ёмон гапирганлар ноҳақ деб ҳисоблайман. Бир ярим йил ичида у икки марта ЕЧЛ ва бир марта Испания чемпионатида зафар қучди.
- Фабиу Коэнтрау клублардан кўра Португалия терма жамоасида яхшироқ ўйнаганига гувоҳ бўлганмиз.
- Чунки терма жамоада менга ишонишади. Ҳар қандай футболчидан сўранг, ишонч муваффақиятнинг 50 фоизидир. Терма жамоада ўзимга бўлган ишончим юқори.
- Ўзингизни Россиядаги жаҳон чемпионатида ҳис қиляпсизми?
- Айни пайтдаги мақсадим - «Спортинг» билан чемпионликни қўлга киритиш. Клубимиз учта турнирда иштирок этмоқда. Уларнинг барчасида зафар қучишида ёрдам бермоқчиман. Жаҳон чемпионати ҳақида гапирадиган бўлсам, уни Португалия терма жамоаси ютишини истайман. Агар имконим бўлса, унда ёрдам бераман. Агар бормасам, қўрқинчли жойи йўқ.
- Мадридда уйқу, чекиш борасида муаммога дуч келганингиз, компьютер ўйинларини кўп ўйнашингиз ҳақида ёзишганди... Буларнинг қай бири ҳақиқат?
- Компьютер ўйинларини кўп ўйнарканман? (кулади). Билсангиз, жорий мавсумда майдонда кўпроқ гапиряпман. Танқидчиларга энг яхши жавоб ўйинингиз эканлигини Криштианудан ўргандим.
Одамлар Лиссабонга татилга келганим, ўйнаб кетолмаслигим ҳақида гапиришганди. Бу «ақллилар» энди нима дейишаркин? Мана, 31та учрашувни жароҳатсиз ўтказдим. Ишларим жойида.
- Мадридни соғиняпсизми?
- Албатта. Бу борада турмуш ўртоғим билан ҳам кўп гаплашамиз. У ҳам, фарзандларим ҳам ўша ерда яшашни исташларини айтишади. Лекин футболчининг ҳаёти шунақа. Бир кун бу ерда, эртасига у ерда яшашингизга тўғри келади. Яхшиямки, Мадридни Лиссабонга алмаштирдим.
- Сизнингча, Испания матбуоти сизга бироз адолатсиз бўлганми?
- Албатта, яхши ўйинларим билан ёмон ўйинларим ҳам бўлган. Лекин Испания матбуотида Фабиу яхши ўйнади, деб бирор марта ёзишганини кўрмадим.
Икки ҳафта олдин «Порту»га қарши ўйнадик. Майдонда 90 дақиқа ҳаракат қилдим. Рақиблардан бири финт ишлатиб, мени майдонга йиқитиб юборди. Кейин шу вазиятнинг видеосига мени ёмонлаб изоҳ қолдиришди. Тушунмайман. Нима учун мен ҳақимда фақат ёмон гапиришади? Шунчаки, адолатли бўлишларини истайман.
Тўғри, кўп марта ёмон ўйнаганман. Бунинг салбий жойи йўқ-ку. Ахир яхши ўйинларим ҳам талайгина. Бунинг устига, матбуот вакилларига бирор марта ҳам ёмон гапирмаганман.
- Ҳозир 29 ёшдасиз. Ўз формангиздан қониқяпсизми?
- Шубҳасиз. «Реал»да эса мен истагандек бўлмаганди.
- Ўтган мавсум нима бўлди? Фақат жароҳатлар халақит бердими ёки бошқа нарса ҳам рўй бердими?
- Агар битта ўйинда тушиб, кейин еттитасини ўтказиб юборсангиз, иштиёқ йўқолади. Ваҳоланки, ҳар сафар чин дилдан машқ қиласиз. «Реал»да мен билан худди шундай бўлди. Агар ортга қайтишнинг имкони бўлганида, кўп нарсани ўзгартирардим.
ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20