Қайднома

Қидирув

АГМК тарихига назар: муҳим ғалаба, юбилей голлар, 100та ғалаба йўли...

АГМК тарихига назар: муҳим ғалаба, юбилей голлар, 100та ғалаба йўли...

  13.04.2018 00:14
  0
  216
АГМК тарихига назар: муҳим ғалаба, юбилей голлар, 100та ғалаба йўли...

Ўзбекистон чемпионати олий лигасида 2008 йили ўз иштирокини бошлаган Олмалиқнинг АГМК (ОТМК, «Олмалиқ») клуби Суперлига-2018нинг  4-турига келиб юбилей - 100-ғалабасини нишонлади.

Қарангки, Тошкент вилояти жамоаси ўзига хос алоҳида маррани амалдаги чемпионга қарши баҳсда забт этди. Яъни Виктор Кумиков шогирдлари 31 март куни «Локомотив»ни қабул қилиб, ўйиннинг 5-дақиқасида урилган ягона гол эвазига 3 очко эгасига айланишди.

Ўша куни Олмалиқдаги стадионга йиғилган деярли 8500 мухлис жамоа бош мураббийи прагматик футболни яхши йўлга қўйганини амалда кўрди. Ҳар ҳолда, Владимир Бубанья «Локо» кипери Игнатий Нестеровнинг хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очгач, мезбонлар қолган дақиқаларда асосан ҳимоядаги тартибли ҳаракатлари билан ажралиб туришди ва ижобий натижани сақлаб қолишди.

Олмалиқ расмий сайтида берилган учрашув шарҳида клубнинг 100та ғалабагача босиб ўтган йўли ҳақида алоҳида маълумот берилди.

Ўйлаймизки, қизиқарли фактларни ўз ичига олган ихчам статистик мақола кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак.

2008 йил. 1-ғалаба. Олмалиқликлар олий лигадаги илк учрашувларидаёқ ғалабалари ҳисобини очишди. Ўшанда Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси доғда қолдирилганди.

3:0 кўринишида тугаган баҳсда Александр Диндиков, Константин Канин ва Бахтиёр Тоғаев ўз номларини таблога ёздириб қўйишганди.

2009 йил. 10-ғалаба. Тошкент вилояти жамоаси элитадаги 10-ғалабасини кейинги мавсумда нишонлади. Олмалиқлиқлар кичик юбилей маррасига етиш йўлида нақ 34та ўйинга эҳтиёж сезишди.

Хуллас, 4 апрель куни 4-тур доирасида Самарқанднинг «Динамо»си ягона гол эвазига мағлуб этилди. Гол муаллифи - Мўйдин Мамазулунов. Ўхшашликни қаранг, АГМКнинг 100-ғалабасига ҳам биттагина гол кифоя қилди, яна 4-турда.

2010 йил. 25-ғалаба. Жамоа элитадаги ҳисоб бўйича учинчи мавсумида анча қийналди. Хусусан, бутун биринчи давра давомида атиги икки марта ғалаба қувончини туйди, холос.

Муҳими, улардан иккинчиси жамоанинг навбатдаги юбилей ғалабаси бўлди. 25та ютуқ кўрсаткичи 73-ўйинда қайд этилганини қўшимча қилиш жоиз.

Айнан ўша учрашув хусусида тўхталсак, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби 2:1 ҳисобида доғда қолдирилганди. 13-турдан ўрин олган ўйинда олмалиқликлардан Исроил Эргашев ва яна Мўйдин Мамазулунов гол муаллифига айланишган.

2013 йил. 50-ғалаба. Навбатдаги юбилей ғалабани анча узоқ кутишга тўғри келди. Ўша вақт «Олмалиқ» номи остида ўйнаган жамоа 143-учрашувга келиб, 50та ютуқ довонига етди.

Аҳамиятлиси, «кончилар» ўз майдонларида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоасини шов-шувли тарзда енгишганди - 3:1. Клуб тарихига муҳрланган ўйинда ҳимоячи Евгений Гоголь «дубл»га эришган бўлса, яна бир гол Зафар Полвонов номига ёзилганди.

2018 йил. 100-ғалаба. Мана, яна АГМК номини олган клуб элит дивизиондаги 284-ўйинида ютуқлар сонини уч хонали рақам кўринишига келтирди.

Айтиш жоиз, олмалиқликлар 50-ғалабада бўлгани каби яна кучли рақибни доғда қолдиришди. Демакки, 100-ютуқ тилга олинганида, «Локомотив» ҳам эсланади. Шунингдек, ягона гол муаллифи - Владимир Бубанья ҳам.

АГМКнинг юбилей ғалабаларига оид қизиқарли фактлар

*** 1, 50 ва 100-ғалабага хорижлик футболчилар -  Александр Диндиков, Константин Канин, Евгений Гоголь ва Владимир Бубанья гол уриш асносида муносиб ҳисса қўшишган.

*** Зафар Полвонов 50 ва 100-ғалаба қайд этилган ўйинларда иштирок этган ва 1та гол уришдан ташқари фаоллиги билан ажралиб турган.

*** 50 ва 100-ғалабада рақиб дарвозасини Игнатий Нестеров қўриқлаган.

*** 50 ва 100-ғалабада Олег Зотеев худди Нестеров сингари мағлуб жамоа таркибида майдонга тушган.

*** Мўйдин Мамазулунов 2та юбилейда гол урган - 10 ва 25-ғалаба расмийлаштирилган ўйинларда.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 23-августдаги пайшанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz