Қайднома

Қидирув

Терма жамоамиз ярим финалга етиб бора оладими? Осиё кубоги-2019 ҳақида гаплашамиз

Терма жамоамиз ярим финалга етиб бора оладими? Осиё кубоги-2019 ҳақида гаплашамиз

  15.04.2018 00:27
  0
  3253
Терма жамоамиз ярим финалга етиб бора оладими? Осиё кубоги-2019 ҳақида гаплашамиз

Навбатдаги Осиё чемпионати финал босқичига қуръа ташлаш маросими вақти тобора яқинлашмоқда. ОФК режаси бўйича БААда ташкиллаштириладиган ОК-2019га йўлланма олган 24та жамоа 4 май куни гуруҳдош рақиблари билан танишади.

Биласиз, бўлажак чемпионат Ўзбекистон миллий жамоаси олдида турган энг яқин ва муҳим турнирдир. Хўш, 4 май санасига белгиланган қуръа жараёни бизга қандай рақибларни рўбарў қилиши мумкин?

Даставвал

Узоқ 1956 йили йўлга қўйилган Осиё чемпионати XXI асрдан эътиборан қитъада мутлақо янги мақомга кўтарилди. Айни пайтга келиб, Осиё футбол форуми улкан қитъа спортида биринчи рақамли халқаро мусобақа эканлиги тўлақонли исботланган.

ОФК ҳисоб бўйича 17-Осиё кубоги мезбонини 2015 йилнинг 9 март куни аниқлаш баробарида бўлажак турнирда янги форматга амал қилинишини ҳам тасдиқлаганди.

Хуллас, мезбонлик ҳуқуқи БААга ишониб топширилган ва 2019 йилнинг 5 январь - 1 февраль кунларига белгиланган навбатдаги қитъа биринчилигида тарихда илк марта 24та жамоа иштирок этади.

Қуръа жараёнида 4та жамоани ўз ичига олган 6та гуруҳ шакллантирилади. Регламентга биноан квартетларда 1-2-ўринларни эгаллаган жамоалар «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритади. Шунингдек, 3-ўрин соҳибларида ҳам 1|8 финалга чиқиш имконияти бор.

Фақат бунинг учун 2та гуруҳнинг 3-жамоасидан яхшироқ натижа қайд этиш талаб этилади. Содда ифода этганда, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида бўлгани каби 6та 3-ўрин эгасидан 4таси курашни давом эттиради, 2таси эса мусобақа билан хайрлашади.

Хуллас, ўйинлар сони - 51та (олдин 32та эди). Яна бир катта ўзгариш шуки, БАА-2019да бронза медали (3-ўрин) учун ўйин ўтказилмайди.

Қуръадан олдин

Бугун ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019нинг қўшма саралаш босқичи якунлари ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Фақат шуни алоҳида таъкидлаш керакки, янги тизимли квалификация жараёни ва иштирокчилар сонининг оширилгани «кичик» жамоаларга анча қўл келди.

Хусусан, Филиппин, Яман ва Қирғизистон миллий жамоалари илк марта қитъа чемпионати финал раундига йўл очди. Демак, бўлажак турнирда 3та дебют кузатилади. Шунингдек, 4та жамоа узоқ танаффусдан кейин яна Осиё кубоги ҳавосини туядиган бўлди. Булар - Ливан (19 йилдан кейин), Туркманистон (15 йилдан кейин), Вьетнам ва Таиланд (12 йилдан сўнг) термалари.

Охирги янгилик шуки, ОФК 4 апрель куни қуръа учун жамоаларни саватчаларга ажратиш тизимига ўзгартириш киритди. Олдинроқ иштирокчи терма жамоалар 12 апрель куни эълон қилинадиган ФИФА рейтинги асосида 4та саватчага бўлиниши тасдиқланган эди.

Агар шунга амал қилинганида, Ўзбекистон термаси қуръадан олдин 3-саватчага тушарди (жамоамизнинг ФИФАнинг янги рўйхатида биринчи 100таликдан тушиб кетиши эҳтимоли катта). Лекин аввалги чоршанба куни янги қарор қабул қилинди.

Унга кўра, ЖЧ-2018 саралашининг ҳал қилувчи босқичида ўйнаган 12та терма жамоа 1 ва 2-саватчадан жой олади, қолган иштирокчилар 3 ва 4-саватчадан.

Шунга асосан айтсак, ҳозирда дастлабки 2та саватчага тушадиган терма жамоалар тайин: БАА (мезбон), Қатар, Жанубий Корея, Япония, Таиланд, Саудия Арабистони, Австралия, Ўзбекистон, Эрон, Сурия, Ироқ, Хитой.

Бу жамоаларнинг 1 ёки 2-саватчадан тортилиши эса айнан ФИФА рейтингига боғлиқ. 3 ва 4-саватча таркиби ҳам 12 апрель куни чиқадиган рўйхат асосида шакллантирилади.

Демак, бунда Ҳиндистон, Ливан, Иордания, Вьетнам, Фаластин, Уммон, Баҳрайн, Туркманистон, Қирғизистон, КХДР, Филиппин ҳамда Яман термаларининг ФИФА рейтингидаги мавқеига қаралади.

Бемалол айтиш мумкин, Ўзбекистон терма жамоасининг 2-саватчадан ўрин олиши аниқ. Ҳар ҳолда, ФИФА рейтингида янада пастлашишимиз ҳозирдан маълум.

Ўз ўрнида, битта факт: 2015 йилги Осиё кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги бирор ўйинда дуранг қайд этилмаган ва илк раунд ўта стандарт даражада якунланган эди. Мусобақадан олдинги қуръа жараёнида дастлабки 2та саватчадан ўрин олган жамоалардан эса фақат Саудия Арабистони термаси «плей-офф»га чиқолмаган эди.

Қуръа ташлангач...

Демак, 24та жамоа 6та гуруҳга бўлинади. Саватчалар таркиби тахминан маълум экан, гуруҳларнинг эҳтимолий кўринишини фараз қилиш мумкин.

Ҳа, бу борада вариантлар жуда кўп. Лекин келинг, мулоҳаза учун тасаввур қилиб турамиз. 4 май куни Дубай шаҳридаги Dubai Opera мажмуасида бўлиб ўтадиган қуръа маросими қуйидагича натижа беради:

«A» гуруҳи - БАА, Хитой, Уммон, Қирғизистон

«B» гуруҳи - Жанубий Корея, Қатар, Фаластин, Яман

«C» гуруҳи - Эрон, Таиланд, Иордания, КХДР

«D» гуруҳи - Япония, Сурия, Ҳиндистон, Баҳрайн

«E» гуруҳи: - Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Вьетнам, Филиппин

«F» гуруҳи - Австралия, Ироқ, Ливан, Туркманистон

Кўриниб турибдики, қитъа футболи грандларига ҳам бундай форматдаги чемпионатда осон ўйинлар бўлмайди.

Дейлик, Таиланд ва Вьетнам каби ўртамиёна жамоалар Осиё кубоги стартига қадар янада куча-йиб, исталган рақибга қарши ҳаёт-мамот жанги таклиф этиши мумкин. Уммон, Сурия ва Иордания термалари эса бундай гуруҳларда бемалол 1-ўрин учун даъвогарлик қилиши ҳеч гап эмас.

Жамоаларга назар

Қитъанинг ўртамиёна жамоаларида ҳам Осиё кубогининг доимий иштирокчисига айланиш имконияти туғилмоқда (худди Европада бўлгани каби).

Айтиш жоиз, УЕФА қитъа чемпионати иштирокчилари сонини 16тадан 24тага кўпайтиргач, кўпчилик томошабоплик ва шиддат пасайишидан хавфсираганди. Амалда эса «кўҳна қитъа»нинг ўртамиёна жамоалари ҳам Европа чемпионатига ўзгача мазмун олиб кирди.

Ҳар ҳолда, уларнинг қитъа кубоги нуфузига катта ижобий таъсир кўрсата олиши тасдиқланди. Тахмин қилиш мумкинки, энди Вьетнам ва КХДР термалари даражасидаги жамоалар Осиё кубогига доимий равишда чиқиши мумкин.

Сурия ва Ироқда ҳамон  нотинч вазият ҳукм сураётган бўлса ҳамки, ушбу мамлакатлар миллий жамоалари маҳаллий ва хорижлик ҳомийлар ёрдами билан мунтазам йиғинлар ўтказмоқда, халқаро ўйинларда қатнашмоқда. Демак, уларни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак. Чунончи, ироқликлар ҳам, сурияликлар ҳам футбол бобида яхшигина салоҳиятга эгалар.

ОФКнинг жаҳон чемпионатларидаги доимий вакиллари - Япония, Австралия, Жанубий Корея ва Эрон термалари эса жиддий муаммолардан холи. Бу жамоалар айни пайт ўзини океандаги кит мисоли ҳис қилаётган бўлса ҳам, ажабмас.

Хуллас, янги формат грандларга катта муаммо туғдирмаса керак. Футболимизнинг бугунги куни ва грандларнинг айни ҳолатини ўзаро таққослаб, очиқ тан олиш керакки, жамоамиз ҳозирча кучли тўртталикка кирмайди.

Лекин бўлажак Осиё кубогида камида ярим финални мўлжаллаш потенциал имконимиз йўқ эмас.

Саудия Арабистони. Эндиликда Осиё кубоги бош соврини учун кураш янги даражага чиқиши кутилмоқда. Мисол учун, Саудия Арабистонида ғолиблик орзусини рўёбга чиқариш учун иш қизигандан қизимоқда.

Арабларда шундоқ ҳам рақобатбардош чемпионат бор. Дейлик, 6та клуб доимий равишда миллий жамоага футболчи юборади.

БАА. Амирликлар қатарликлардан фарқли равишда, терма жамоани асосан маҳаллий футболчилардан шакллантириш йўлини тутишди.

Улар бу борада анча-мунча ишларни бажаришга ҳам улгуришди. Осиё кубоги-2015даги 3-ўрин шу машаққатли меҳнат ва изланишларнинг илк самарасидир. БАА футболи бу борадаги ишларни янада кучайтирса, миллий жамоанинг янги бош мураббийи Альберто Заккерони шогирдлари билан финални кўзламоқда.

Италиялик мутахассис ҳозирда ҳимоя ва ярим ҳимоя ўртасидаги боғламни кучайтиришга кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Қатар. Мамлакат сиёсий келишмовчиликлар ортидан Форс кўрфазида яккаланиб қолди. Лекин кейинги йилгача умумий вазиятнинг ўзгаришига умид бор.

Футбол масаласига келсак, навбатдаги Осиё кубогига ҳақиқий футбол кураши орқали биринчи бўлиб йўл олган жамоа - бу айнан Қатар термаси. Феликс Санчес Бас шогирдлари зиммаларида оғир вазифа турибди - улар БААда ниҳоят, ярим финал довонини забт этишлари шарт.

Сурия. Ушбу мамлакат миллий жамоаси Осиё чемпионати финал раундида 6 марта қатнашган бўлсада, ҳали «плей-офф» юзини кўрган эмас.

Айни пайт жамоа уйғониш даврида. Бугунги Сурия термаси Ироқ ва Баҳрайн жамоаларининг 2006 йилги ҳолатини эслатмоқда. Хусусан, кучли мотивацияси ва ҳеч нарсадан ҳайиқмаслиги билан. Бош мураббий лавозимига Бернд Штанге тайинланганига 2 ой бўлди, аммо у ҳозирча жамоа услубини кескин ўзгартиргани йўқ.

Айтганча, суриялик 29 ёшли ҳужумчи Умар ал Сомаҳ Осиё кубоги-2019да порлаши кутилаётган юлдузлар рейтингида 1-ўринни банд этиб турибди.

Хитой. Марчелло Липпи бошқарувидаги терма жамоа 2017 йилнинг 5 сентябридан буён ҳеч қайси рақибни енголмаяпти. Шунга қарамай, Хитой матбуоти италиялик қария мутахассисни тўла қўллаб-қувватламоқда.

Бинобарин, хитойликлар маҳаллий чемпионатнинг тобора рақобатбардош бўлиб бораётгани яқин орада терма жамоага наф келтиришига ишонмоқдалар. Ҳа, Хитой Суперлигасида амалга оширилаётган ишлар кўлами жуда кенг.

Хуллас, Чин юртида яқин 8-10 йил ичида миллий термани лоақал Осиёнинг энг кучли 4та жамоаси қаторига қўшишни кўзлашмоқда.

Хулоса Қандай?

Тушунарлики, Осиё кубогида кучли тўртликка кириш имконияти жамоамизни бўшаштириб юбормаслиги керак. Чунончи, Ироқ ва Иордания каби жамоалар ҳам отни қамчилаши турган гап. Айтиш мумкинки, Осиё биринчилиги йўлланмаларининг кўпайтирилгани жойларда футболга муносабатни кескин ўзгартиради.

Миллий жамоамиз гарчи ЖЧга чиқолмаётган бўлса-да, ҳар сафар саралашнинг сўнгги довонига етиб боряпти. Мана, кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишни бошлаб юбордик. Шунга яраша, эндиликда рақиблар бизга алоҳида ёндашишлари ҳам тайин.

Тез орада ўзимиз учун муносиб даражани белгилаб олиб, янада юқорироқни кўзласак, бас. Маълумот ўрнида айтиш керак, ЖЧ-2018 саралаши бошланиши арафасида Ўзбекистон терма жамоаси қитъа рейтингида 4-ўринни эгаллаб турганди.

Таққослаш учун айтсак, бир қатор кучли жамоалар биздан анча орқада эди: Австралия - 10-ўрин, Таиланд - 23-ўрин, Сурия - 25-ўрин. Лекин ҳозир... Демак, Осиё кубогига рейтингдаги ҳолатни тузатиш имконияти сифатида ҳам қараш керак.

Такрор айтамиз, энди Осиё чемпионати гуруҳ босқичида нафақат дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар, балки 3-поғонага жойлашган иштирокчиларда ҳам курашни давом эттириш имкони бўлади. Умид қиламизки, бу ўзгача рақобатни юзага келтиради.

Шундан келиб чиқадики, Таиланд, Сурия ва Уммон каби терма жамоаларга ҳам ҳурмат билан қараш талаб этилади. Умуман, Осиё кубоги-2019ни Қатар мундиали йўлидаги илк қадам ўрнида кўришимиз ва шуни назарга тутган ҳолда режа тузишимиз даркор.

Довудхон АКРАМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz