Қайднома

Қидирув

Бобур Абдухолиқов: «Мавсумни «Пахтакор»да бошлашим мумкин эди»

Бобур Абдухолиқов: «Мавсумни «Пахтакор»да бошлашим мумкин эди»

  15.04.2018 06:47
  0
  1963
Бобур Абдухолиқов: «Мавсумни «Пахтакор»да бошлашим мумкин эди»

Ўзбекистон Суперлигаси турдан-турга қизиб, ўз номига муносиб бўлиб боряпти. Буни учрашувларда қайд этилаётган натижалар ҳам исботлаб турибди.

Турнир жадвалидаги жамоаларнинг жойлашуви ҳам миллий чемпионатимизнинг савияси кўтарилиб бораётганидан далолат беради. Шу кунгача бешта тур ўтказилган бўлса, унда очко йўқотмаган жамоанинг ўзи қолмади.

Амалдаги чемпион «Локомотив»дан эса бундай омадсиз стартни ҳеч ким кутмаганди. Вице-чемпион «Насаф»ни ҳам мавсумни кўнгилдагидек бошлади, дейиш мушкул.

Эҳтимол, «темирйўлчилар» ва «аждарлар»нинг ОЧЛ турнирида иштирок этишаётгани ҳам ички чемпионатдаги натижаларнинг пасайиб кетишига сабаб бўлгандир?

Ҳар ҳолда бир вақтнинг ўзида иккита турнирда қатнашиш осон эмас. Боз устига, улардан бири Осиёнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланади.

Умуман олганда, бизга ана шундай кутилмаган натижаларга бой футбол керак. Бир текис кечадиган ва сценарийси олдиндан маълум бўладиган чемпионатдан зерикканмиз. Мавсум охиригача шундай муросасиз руҳда давом этиши тарафдоримиз.

Бугун эътиборингизга «Насаф» жамоаси ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов билан уюштирилган интервьюни ҳавола этамиз. Суҳбатимиз Европа футболидан бошланди.

- Бобур, Европа клубларидан қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- «Челси»га. менга Англия футболи жуда ёқади. Унинг жозибаси барибир бошқача.

- Сўнгги йилларда «Челси»га нима етишмаяпти?

- Менимча, барқарорлик. Мавсумни бир маромда ўтказа олишмаяпти.

- «Челси» таркиб борасида Англиянинг бошқа етакчи клубларидан кучсизроқми?

- Ўйлашимча, йўқ. Жамоада юлдуз футболчилар етарли. Юқорида айтганимдек, бу жамоа бир текис футбол намойиш этолмаяпти. «Манчестер Сити» клубидек барқарор ўйин кўрсатмаяпти.

Бир томондан «Челси» ва «Сити»ни ҳозирги ҳолатда бир-бири билан таққослаб ҳам бўлмайди. Манчестерликлар ёввойи футбол кўрсатишмоқда. Йўлдан чиққан рақибни «ер тишлатишмоқда».

- «Челси»нинг олтин даври сифатида ўзингиз кўрган ва билган қайси йилларни айтган бўлардингиз?

- 2008 йилги мавсумни айтишим мумкин. Ўша авлод футболчилари жуда кучли бўлишган.

- Нима учун айнан «Челси»га мухлислик қиласиз? Масалан, мен Андрей Шевченконинг ўйинлари сабаб «аристократлар» иштирокидаги учрашувларни томоша қилганман.

- Ёшлигимдан Дидье Дрогба, Фрэнк Лэмпард, Жон Терри сингари футболчиларнинг ўйинига ҳавас билан қарардим. Шу боис ҳам «Челси»га мухлис бўлиб қолганман.

- Бобур, келинг, энди ўзимизнинг футбол ҳақида гаплашсак. Афсуски, «Насаф» учун бу йилги ОЧЛ мавсуми гуруҳ босқичидаёқ якунланадиган бўлди.

Нима деб ўйлайсиз, рақиблар кучлилик қилдими ёки омадсизликнинг бошқа омиллари борми?

- Тан олиш керак, рақиблар биздан кучли эди. Эрон ва Қатар клублари таркибида тажрибали футболчилар етарли бўлиб, улар айнан индивидуал ҳаракат эвазига муваффақиятга эришишди.

Баъзи ҳолатларда эса биздан омад юз ўгирди, айрим вазиятларда тажриба етишмади.

- Мавсумлар оралиғида «Насаф» етакчиларининг жамоани тарк этишгани ҳам бунга таъсир қилдими?

- Ҳа, албатта, қайсидир маънода бунинг ҳам таъсири бўлди. Лекин бу билан жамоамиз кучсизланиб қолди, демаган бўлардим. Футбол - жамоавий ўйин.

- Таркибга қўшилганлар жамоа ўйинини кучайтира олишдими?

- Менимча, ҳа.

- Гуруҳнинг энг кучли жамоаси «Ал-Садд»ми ёки Эрон клуби?

- Иккаласи ҳам.

- Бу йилги мавсумни бошқа жамоа таркибида бошлашингиз ҳам мумкин эди, шундайми?

- Билмадим. Менимча, йўқ.

- Сизни «Пахтакор» ўз сафида кўришни истаганди-ку! Ёки бу нотўғри маълумотмиди?

- «Пахтакор»дан таклиф тушганини инкор этмайман.

- Лекин бу таклифга розилик бермадингиз. Бунга етарлича сабабларингиз бормиди?

- «Насаф» раҳбарияти ушбу трансферга розилик бермади.

- «Насаф» билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

- Келинг, бу сир бўла қолсин. Битимда ушбу маълумотни ошкор қилмаслик бўйича банд бор.

- Жорий мавсум сиз учун «Насаф» жамоаси таркибидаги сўнггиси бўлиши мумкинми?

- Буни олдиндан билмайман.

- Суперлигамизнинг ортда қолган турлари ҳақида нима дея оласиз?

- Чемпионатимиз жуда қизиқарли тарзда ўтказиляпти. Буни ҳамма эътироф этмоқда. Муросасиз ўйинлар мухлисларни стадионларга қайтарди, дейиш мумкин. Ҳар бир турда камида иккита кутилмаган натижа кузатиляпти.

Етакчи клублар учун барча ўйинлар оғир ўтмоқда. Ҳеч қайси жамоа осонликча очко олмаяпти. Мен ҳали осон ғалабалар ҳақида гапирмадим, очко олишнинг ўзи қийинлашиб кетди.

- Қаршида «Металлург» билан дуранг ўйнадинглар. Ўша учрашувда жамоага ғалаба қозониш учун голдан ташқари яна нима етишмади?

- Озгина омад камлик қилди.

- Ўн иккита жамоа иштирокидаги чемпионатимиз сизга маъқул келяптими?

- Шубҳасиз.

- «Насаф» чемпионлик учун кураша оладими?

- Ҳа, албатта, кураша олади. Курашни бошлади ҳам (кулади).

- «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоаларининг бу борадаги имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Бу иккала жамоа сўнгги йилларда чемпионлик учун курашиб келяпти. Мавсумлар оралиғида иккала клуб ҳам ўз таркибини сезиларли даражада кучайтириб олди. Менимча, чемпионатимиз анча қизиқарли давом этади. Чунки бу йилдан чемпионатимиз форматида ўзгариш рўй берди.

Биринчи босқич якунланганидан сўнг кучли олтиликдан жой олган жамоалар ўзаро совринли ўринлар учун кураш олиб боришади. Бу босқич ўйинларини мухлислар қатори биз футболчилар ҳам сабрсизлик билан кутяпмиз.

Ҳар бир баҳс олти очко учун бўлиб ўтади. Қолган клублар эса алоҳида гуруҳда Суперлигада «жон» сақлаб қолиш учун курашишади. Янги тизим футболимизнинг ўсиши учун хизмат қилади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz