Қайднома

Қидирув

Капелло учун Хитой ҳам «тор» ёхуд италиялик мураббий фаолиятига назар

Капелло учун Хитой ҳам «тор» ёхуд италиялик мураббий фаолиятига назар

  15.04.2018 06:13
  0
  316
Капелло учун Хитой ҳам «тор» ёхуд италиялик мураббий фаолиятига назар

Россия миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Фабио Капелло Хитойнинг «Жиангсу Сунин» клубида ҳам узоқ ушланиб қолмади.

Италиялик тан олинган мутахассисга улкан Чин диёри худди бепоён Россия каби «тор»лик қилган кўринади...

Нима юз берди?

- Икки томон ўртасидаги дўстона музокара жараёнидан кейин Фабио Капелло билан тузилган шартнома бекор қилинди. Жаноб Капелло эндиликда «Жиангсу Сунин» бош мураббийи эмас. Шунга қарамай, у клубимиз билан ҳамкорликни давом эттиради.

Хусусан, профессионал маслаҳатлар ва тавсиялар бериш асносида жамоамиз тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин. Чунончи, унингдек тажрибали мутахассиснинг маслаҳатлари сезиларли наф келтиришига ишонамиз. Клуб раҳбарияти Капеллога аввалги мавсумда олиб борган иши учун самимий миннатдорчилик изҳор этади ва унга энг яхши тилакларни раво кўради!

Бу «Жиангсу Сунин» клуби матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий баёнот мазмуни. Айтиш жоиз, дон Фабио Хитой клубида чамаси 10 ой ишлади, холос.

Ваҳоланки, у Хитойга 2018 йилнинг охирига қадар мўлжалланган шартнома асосида борганди. Би-роқ «Жиангсу» хўжа- йинлари расмий ҳамкорликни муддатидан аввал тўхтатишни лозим топишди.

Нега шундай бўлди?

Асосий тахминга кўра, Капеллонинг истеъфосига клубнинг салбий натижалари сабабдир. Зеро, «Жиангсу Сунин» ўтган мавсум маҳаллий Суперлигада атиги 12-ўрин билан чекланди.

Янги чемпионатда эса Капелло бош-қарувида 3 марта майдонга тушиб, улардан 2тасида имкониятни бой берди. Тўғри, италиялик мутахассиснинг клуб менежменти вакиллари билан можарога боргани ҳақида ҳам маълумот йўқ эмас. Таъкидланишича, жамоа раҳбариятининг трансфер сиё-сати дон Фабиога сира маъқул келмаган.

Гап натижадами?

Аслида истеъфо сабаби сифатида кўрсатилаётган ҳар икки вариант ҳам тўғри. Биринчидан, Капелло бир йилча олдин чемпионатда 2-ўринни эгаллашдан ташқари, Хитой кубоги финалида ўйнаган ва мамлакат суперкубогини ютган жамоани қабул қилиб олганди. Ҳа, италиялик мураббий «Жиангсу Сунин»да мавсум-2017 давом этаётган вақт иш бошлади.

Ўшанда жамоа турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётганди. Шундай бўлсада, таркибида Рамирес («Челси»нинг собиқ аъзоси) ва Алекс Тейшейра («Шахтёр»дан сотиб олинган) каби футболчилари бор клуб салоҳияти чакки эмасди ва раҳбарият Капеллодан кўпроғини кутгани аниқ.

Умуман, «Жиангсу» таркиб нуқтаи назаридан чемпионатдаги кўплаб клублардан устун. Дейлик, Рамирес ва Тейшейра қаторига Камерун терма жамоасининг бинойидек ҳужумчиси Бенжамин Муканжони ҳам қўшиш мумкин. Хон Жон Хо эса ЖЧ-2018га чиққан Жанубий Корея термаси ҳимоясида катта роль ўйнайди.

Қолаверса, Капелло ихтиёрида Хитой миллий жамоасининг бир неча аъзоси бор эди. Шундан келиб чиқиб айтсак, тажрибали мутахассис ўз мажбуриятларини талаб даражасида уддалолмаган.

Дон Фабиога юлдуз ассистентлар - Жанлука Замбротта ва Кристиан Брокки ҳам ёрдам беролмадилар. Уларнинг клубдаги келажаклари ҳақида аниқ маълумот берилгани йўқ. Лекин иккиси бош мураббий каби хитойликлар билан хайрлашгани эҳтимоли катта.

Можаро бўлиши мумкинми?

Кўпчилик билса керак, Капелло Хитойга йўл олишидан аввал Англия ва Россия терма жамоаларини бошқарган ва ҳар икки иш жойидан хафагарчилик билан кетган.

Айниқса, англияликлар билан хайрлашувидан сўнг ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилганини яширмаганди: «Ҳа, Англия футбол ассосиацияси мени чиндан ҳам, ҳақоратлади ва бу нуфузимга катта зарба бўлди. Мени англосаксонча адолат тушунчаси ҳайрон қолдирди. Ҳар ким ўзини айбсиз санайди, токи, қилмиши исботланмагунча.

Қисқаси, Жон Терри билан юзага келган ҳолатда мени жиддий камситишди. Натижада Англияда мураббий сифатида обрўм қолмади. Энг ачинарлиси, бундан аввало, миллий жамоа жабр кўрди. Ҳеч қачон бундай муносабатларга тоқат қилолмайман, чунки ўз қадримни яхши биламан. Шундай экан, кетиш ҳақида қарор чиқаришда асло қийналмадим».

Номдор италиялик Россия термасида ҳам муваффақиятга эришолмади ва ўртадаги шартнома муддатидан олдин бекор қилинди. Дарвоқе, дон Фабио узоқ вақт руслардан компенсация тўловини ундиролмай, сарсон бўлганди. Оддий айтганда, мураббий охирги йилларда юқори талаблари ва маошига яраша натижа кўрсатолмади.

Шуни назарда тутсак, Хитой клуби вакилларининг қарорларида ажабланадиган томони йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, Капелло раҳбариятдан янги футболчиларни сотиб олишни сўраган, бироқ клуб объектив сабабларга кўра, бу талабни бажаролмаган. Зеро, Хитойда янги қонун кучга кирганига бир йил бўлди.

Унга кўра, легионерларга нисбатан мисли кўрилмаган даражада катта солиқ белгиланган. Шунингдек, дон Фабионинг Тейшейра ва Муканжони трансферга қўйишни хоҳлагани хусусида ҳам хабарлар тарқалганди. Умуман олганда, клубда мураббийга жавоб бериш учун камида 2та жиддий сабаб бор эди.

Энди нима бўлади?

Фабио Капеллонинг мураббийлик келажаги ноъмалум. Ҳозирча у «Жиангсу Сунин» маслаҳатчиси бўлиб қолди. Клуб раҳбарияти эса Капелло ўрнига руминиялик Космин Олариони таклиф қилишга улгурди. У бунга қадар Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» жамоасини бошқарганди.

«Жиангсу Сунин» Капелло бошқарувида ўртачадан пастроқ статистика қайд этди. Аниқроқ айтсак, 21та ўйинда 27 очко олди, холос.

Ўйин - 21та

Ғалаба - 7та

Дуранг - 6та

Мағлубият - 8та

Тўплар нисбати - 31:31

Очко - 27 (42,8 фоиз)


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.