Қайднома

Қидирув

Машаққатлар мукофоти – Мундиал ёхуд кеча пирожка сотиб юрган йигитча бугун ЖЧга тайёрланмоқда

Машаққатлар мукофоти – Мундиал ёхуд кеча пирожка сотиб юрган йигитча бугун ЖЧга тайёрланмоқда

  17.04.2018 06:48
  0
  297
Машаққатлар мукофоти – Мундиал ёхуд кеча пирожка сотиб юрган йигитча бугун ЖЧга тайёрланмоқда

Бу йигит болалигида оиласи таъминотига ҳисса қўшиш учун кўчада пирожка сотарди, бугун эса жаҳон чемпионатидек йирик турнирда ўйнайдиган даражага етди. Бу йигит Колумбия терма жамоасининг ҳали кенг миқёсда танилмаган энг умидли иқтидори.

Хуан Роман Рикельме бу йигитдан ҳайратда, Карлос Тевес эса ҳурмат юзасидан ўз совринини унга топширган. Хамес Родригес аксинча, уни кўрганида, ўнғайсиз ҳолатга тушади. Гап бўлажак жаҳон чемпионатининг бош кашфиёти бўлишга даъвогар саналган Франк Фабра ҳақида кетмоқда.

Россия мундиали-2018 старти тобора яқинлашаётган экан, жаҳон футбол форумининг эҳтимолий юлдузлари билан олдиндан танишиб чиқиш зарар қилмайди.

Тушунарлики, ҳар бир инсоннинг ўзига хос тарихи бор: кимдир ақлга сиғмас даражадаги оғир йўлни босиб ўтади, бош-қа биров ҳавас қиларли шароитларда яшайди.

Колумбиялик иқтидорни биринчи тоифага қўшиш мумкин. Қуйидаги мақола (манба: championat.соm сайти) унинг мураккаб синовларга мардонавор дош бергани ҳақида.

* * * * * * * *

Франк Фабра 3 мавсумдан буён Аргентинанинг машҳур «Бока Хуниорс» клубида тўп сурмоқда. Колумбиялик ҳимоячининг асосий эҳтироси эса клубнинг кийиниш хонасига қўйган илк қадамларига боғлиқ.

Франк «Бока» сафига қўшилгунича маълум муддат Медельинда, қариндошининг уйида яшаган. Унинг хонадонида телевизор фақат 2та спорт канали тўлқинини ушларди - FOX Sports ва ESPN.

Биринчисида асосан «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги ўйинлар қайта-қайта намо-йиш этилар, иккинчисида эса «Реал Мадрид»га эътибор кучли эди. Ўша вақт Англия клуби сафида Карлос Тевес чинакамига порлаган бўлса, мадридликлар таркибида Фернандо Гаго тўп сурарди.

Ҳа, Гаго биринчи рақамли юлдуз саналмасди, аммо жамоада муҳим ўрин тутгани аниқ. Хуллас, Фабра шу икки футболчи ўйинига маҳлиё бўлиб, экрандан кўз узмасди. Қарангки, колумбиялик ҳимоячи янги клуб ихтиёрига келгач, унга кийиниш хонасида айнан Тевес ёнидан жой беришди.

Гагонинг жавони эса икки қадам нарида. Муҳими, Фабра ошхонада кумири - Карлитосдан Европада футбол тизими қандай йўлга қўйилгани ҳақида сўраб-суриштириш имкониятига эга бўлди.

Диққатга сазовор томони, Фабра ўз трансфери расмийлаштирилганидан кўп ўтмай, «Бока»нинг чап қанот ҳимоясидан муносиб жой олишни уддалади. 2016 йилнинг апрелида «Бока Хуниорс» Колумбиянинг «Депортиво Медельин» жамоасига қарши майдонга тушиб, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўша учрашувда голлардан бирига Франк муаллифлик қилди. Ҳимоячи кийиниш хонасига кирибоқ ювинишга чоғланганида, кимсан Карлос Тевес қаршисига чиқиб, барчанинг кўз ўнгида унга ўйиннинг энг яхши футболчисига аталган совринни топширди.

Муҳими, еврофутболда катта шуҳрат қозонган фахрий ҳужумчи бунга ўзининг самимий мақтовини ҳам қўшиб қўйди: «Бугун бажарган ишингни эътиборга олсак, совринга айнан сен муносиброқсан».

Фабра кейинроқ ўша воқеани кучли ҳаяжонда ўзгача таърифлаганди: «Тевесга доимо алоҳида «фигура» - кучли шахс сифатида қараб келганман.

У ўзига тегишли совринни қўлимга тутқазганида, қандай ҳолатга тушганимни сўз билан тавсифлаб беролмайман. Очиғи, бундай ҳиссиётни энди ҳеч қачон туймасам керак...».

* * * * * * * *

Франк Фабра 6 ёшидаёқ футбол аталмиш ёқимли «хаста»ликка чалинган, аммо унинг олдида нурли йўлдан асар ҳам йўқ эди. Тўғри, онаси ёш Франкнинг қизиқиши жиддийлигини пайқаб, уни мамлакат ғарбидаги овлоқ ҳудуд шарафини ҳимоя қилувчи «Нечи» клубига олиб боради.

Аммо у ерда футболчи бўлишдан кўра, балиқчилик қилиш ёки конда ишлаш анча осон эди. Фабралар оиласи «шаҳар ичидаги шаҳарча»да истиқомат қиларди. Атиги 230та оилани ўз ичига олган шаҳарчадан Нечига автоуловда етиб бориш учун чамаси 1 соат вақт кетади.

Бўлажак ҳимоячининг ота-онаси ўқитувчилик қилишган ва кун бўйи мактабдаги дарслару юмушлардан сира бўшамасдилар. Хуллас, болакай доимо ёлғиз қолгани учунми, барчасини мустақил бажаришга одатланган. Дейлик, мактабга ўзи борар, у ердан тўғри машғулотга йўл оларди.

Франк фақат дам олиш кунлари ота-онаси билан бирга бўлар, аммо баъзан бу имконият йўққа чиқарди. Зеро, отаси ёки онасини якшанба куни ҳам мактабга чақиришарди. Шундай вақтда ёш Франк оила бюджетини ўйлаб, кўчага чиқарди.

«Ҳа, 12-13 ёшимда йўл четида бувим тайёрлаб берган турли пишириқларни сотганман, - дея эслайди ҳимоячи. - Оддий айтганда, ота-онамга бироз ёрдамим тегишини хоҳлардим.

Айтишим жоиз, сотувчиликни қойиллатганман - пирожкаларни тезда тугатиб, уйга чопардим ва тоғорани тўлдириб, яна савдо жойига шошардим. Тўғри, баъзи кунлар оз-моз пишириқ қолиб кетса, уларни ўзим паққос туширардим. Шунингдек, уй дастурхони учун балиқ овлаганим ҳам эсимда».

* * * * * * * *

Ёлғизликка кўниккан 13 ёшли Франк бир куни пирожка сотишдан зерикиб, Медельин йўналишидаги автобусга ўтиради ва «Энвигадо» клуби базасига боради. Пулсиз, ҳеч нарсасиз! Гап шундаки, бундан маълум муддат аввал унинг олдига икки жамоа скаути келганди.

Хуллас, доимо Кафу ўйинига ҳайрат билан боққан Франк «Энвигадо»ни танлайди. У Медельинда қариндошининг уйида яшайди. Телевизорда фақат 2та спорт канали кўриладиган ўша хонадонда. Қизиғи, Фабра «Энвигадо»нинг асосий таркибига киритилганини ҳам айнан телевизор орқали билади.

Ўшанда у профессионал фаолиятдан деярли умид узишга улгурганди. Чунончи, Франк 19 ёшда эди, бунгача ҳаттоки, 16 ёшли Хуан Кинтеро (ҳозирда «Ривер Плейт» аъзоси) ва яна 9 нафар ундан кичик футболчини асосий жамоага жалб қилишганди. Умуман, Фабрага кўнгилсиз ҳолат қўл келганини ҳам айтиш ўринли.

«Кукута»га қарши баҳс олдидан клубнинг ҳар икки чап қанот ҳимоячиси сафдан чиқади - Килиан Вирвиескасга жароҳат, Карлос Галь-егога эса қизил карточка халақит берганди. Бироқ Фабра дебют ўйинида атиги бир бўлим ҳаракатланади, боз устига, «Энвигадо» 0:2 ҳисобида ютқазади.

Шунга қарамай, қаҳрамонимиз яна кетма-кет 3та учрашувда майдонга тушади, аммо ишончни оқлолмайди, барибир. Оқибатда ярим йил захирада қолиб кетади, ҳаттоки, қайдномага ҳам киролмайди.

Қарангки, Рубен Дарио Бедойи айтганидек, вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўйди: Вирвиескас неча йил бўлдики, жамоасиз юрибди, Галь-его... Панама чемпионатида ўйнамоқда, Фабра эса «Депортиво Кали» ва «Индепендьенте» клублари орқали «Бока Хуниорс» даражасига кўтарилди.

* * * * * * * *

Франк Фабранинг айтишича, у ҳозирда босим ва ўйин амалиётини йўқотиб қўйиш эҳтимолидан заррача чўчимайди. Зеро, ҳаёт қийинчиликлари уни чинакамига тоблантирган.

Колумбия миллий жамоаси ҳимоячиси хафагарчилик онлари мусиқа билан овунади. Футболчининг бу борадаги танлови жуда кенг - регги, хип-хоп,  дэнсхолл... Эътиборлиси, Франк худди колумбиялик юлдуз хонандалар каби кийинишни хуш кўради, баъзан ўзи ҳам рақс тушади, қўшиқ куйлайди. Таътил вақтида эса рэп йўналишида ижод  қилади.

Шунингдек, маҳаллий хонандалар билан алоқаси яхши. Аммо юлдузларнинг саҳнада ўзини синаб кўриши ҳақидаги таклифларини мулойимлик билан рад этади: «Қўйинглар, овоз чиқармай яхшироқ куйлайман».

* * * * * * * *

Фабра ўтган йили баҳорда футбол майдонида ўта ўнғайсиз ҳолатга тушди. «Эстудиантес»га қарши ўйин-да ҳакам Сильвио Трукко шунчаки, назоратни қўлдан чиқарганди ва Франк ўзига нисбатан ишлатилган навбатдаги қўполликдан сўнг чидаб туролмай, эътироз билдирди.

Шу онда уни «Эстудиантес» футболчилари қуршаб олиб, қаттиқ ҳақоратлашди. Аргентина матбуоти уларнинг лаб ҳаракатларига қараб, «маймун» ва «қора ахлат» иборалари янграганини тахмин қилди. Чунончи, финал ҳуштаги чалингач, Франк майдондан кўзида ёш билан чиқиб кетди.

Кейинчалик колумбиялик ҳимоячини ёшликдаги ўша кумири - аргентиналик Фернандо Гаго алоҳида ҳимоя қилиб, ҳамюртларининг хатти-ҳаракатларини кескин қоралади. Умуман, «Бока» фахрийлари Фабрани жуда қадрлашади.

Хусусан, машҳур Хуан Роман Рикельме февраль ойида уни жамоанинг энг ҳужумкор футболчиси сифатида таърифлади: «Бока»нинг ҳужум ҳаракатларида энг барқарор ва ўзгача ҳаракатланадиган футболчи Карлос Тевес, Кристиан Павон ёки Дарио Бенедетто эмас, айнан Фабра! Агар унинг кайфияти жойида бўлса, ҳужумчиларга зўр имкониятлар яратиб беради».

* * * * * * * *

Франк Фабра Колумбия терма жамоасида илк марта 2015 йилнинг сент­ябрида кўриниш бердию, дарҳол Америка кубоги турнири тарихидан жой олди.

АҚШда ташкиллаштирилган мусобақа доирасидаги Колумбия - Коста-Рика ўйини: Фабра илк дақиқаларда ажойиб юришига гол билан нуқта қўйди. У ўшанда худди «Реал»даги Марсело каби ҳаракатланди (дарвоқе, Франк бу амплуадоши ижросидаги ўйинлардан ўзгача завқланади ва бразилияликларга қарши учрашув охирида ундан ҳаттоки, футболка сўраган).

Бироқ ҳимоячи яна ярим соатдан кейин Коста-рикаликлар ҳужумини бартараф этиш чоғи қўққисдан тўпни ўз жамоаси дарвозасига тўғрилаб қўйди. Шундай қилиб, Фабра Америка кубогининг 100 йиллик тарихида битта ўйинда ҳам рақиб, ҳам ўз жамоаси дарвозасига гол урган илк футболчига айланди.

Ўшанда Франкни «дубль» учун айниқса, учрашув бошида захирада қолган Хамес Родригес қаттиқ койиганди. Аслида Фабра - Хамеснинг терма жамоадаги энг яқин дўсти ва видеоўйинлар бўйича асосий рақиби. Айтишларича, ўзаро «олишув»ларда кўпинча «Бавария» ярим ҳимоячиси мағлубликни тан олади.

Улар баъзан 2 vs 2 кўринишидаги FIFA иловасига мурожаат қилишади. Яъни Хамес ва Франк бир бўлиб, бошқаларни «дуэл»га чорлашади. «Бир сафар Себастьян Перес ва Альберто Медина жуфтлигига қарши ўйнаганимизда, улар 90-дақиқада гол уришди. Шунда Хамес назоратни йўқотиб, пультни деворга улоқтирди.

Оқибатда унинг барча тугмачалари сочилиб кетди ва ўйин якунланмай қолди. Хамесга ўша аҳволини эслатсам, ҳар сафар афти буришиб, қизариб-бўзариб кетади...» - ҳимоячининг шу гаплари ҳам видеоўйинлар бўйича унинг Хамес Родригесдан устун эканлигига ишора.

* * * * * * * *

Фабра ўзининг ягона катта турнирида Хамес Родригеснинг ғазаби қайнашига сабабчи бўлишдан ташқари, Колумбия терма жамоасининг энг заиф жиҳатини ҳам аниқлаган: «Аслида миллий жамоа ихтиёрига ўзгача қувонч билан йўл оламиз. Ҳаммаси яхши - биз худди аҳил оиладекмиз.

Бироқ Америка кубоги ярим финалида озгина бўшашганимиз оқибатида Чили термасига ютқазиб қўйдик. Демоқчиманки, жамоамизнинг энг асосий камчилиги - маълум вақтда эътиборни йўқотиб қўйиш. Бундай ҳолатни рақиб тезда пайқайди ва усталик билан фойдаланади.

Қисқаси, агарда рақибларга ўзларини эркин ҳис қилиш имконини бермасак, анча узоққа боришимиз аниқ». Ҳа, заиф жиҳатларни тан олиш ва шунга яраша ҳаракат қилиш фойда беради.

Қисқаси, жаҳон чемпионатига шайланаётган Франк Фабра ҳаёти давомида кўп қийинчиликларда тобланган: ёлғизлик, кўз ёши, пирожка сотиш ва катталар футболига қўйилган оғир қадам... Асосийси, у ЖЧ-2018га бош орзуси сифатида қарамоқда.

МАЪЛУМОТ УЧУН

ФРАНК ФАБРА

«Бока Хуниорс»нинг чап қанот ҳимоячиси

Ёши: 27

Терма жамоаси: Колумбия

Аввалги клублари: «Энвигадо», «Депортиво Кали», «Индепендьенте»

Антиқа кўрсаткичи: Америка кубоги турнири тарихида битта ўйинда ҳам ўз жамоаси, ҳам рақиб дарвозасига гол урган биринчи футболчи

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.