Қайднома

Қидирув

Жилберто Силва: «Лужники» «Маракана»ни эслатади»

Жилберто Силва: «Лужники» «Маракана»ни эслатади»

  17.04.2018 06:13
  0
  102
Жилберто Силва: «Лужники» «Маракана»ни эслатади»

2002 йили Бразилия терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган ярим ҳимоячи Жилберто Силва янгиланган «Лужники»ни афсонавий «Маракана»га қиёсламоқда. У RTга берган интервьюсида шунингдек, «пентакампеонлар»нинг ҳозирги ҳолатига тўхталди, миллий жамоа ва «Арсенал» клубидаги ўз фаолиятини эслади ҳамда Арсен Венгер тақдири хусусида фикр билдирди.

- Бразилия терма жамоасининг ЖЧ-2018 арафасидаги умумий ҳолатини қандай баҳолайсиз?

- Ўйлашимча, футболчилар ўта масъулиятли дамлар яқинлашаётганини теран англаб турибдилар. Муҳими, жамоа айни пайт рисоладагидек ўйин кўрсатмоқда. Лекин ЖЧдек нуфузли турнирда бемалол тўп суришнинг имкони йўқ, албатта.

Қолаверса, юртдошларимни жиддий рақиблар кутмоқда. Хусусан, гуруҳ бос-қичи - ўта асабий давр. Демакки, жамоанинг ўз олдида турган вазифаларни бажаришга қай даражада эътибор қаратиши жуда муҳим.

- 2002 йили жаҳон кубогини бошингиз узра баланд кўтаргансиз. Бундай муваффақиятдан кейин яна майдонга қайтиш учун кучли иштиёқ топиш осон бўлмаса керак...

- Инсон доимо келажакка интилиши шарт. Футболчи қандайдир йирик мусобақа, масалан, мундиалда шоҳсупани забт этса ҳам, барчасини тезда унутишга мажбур.

Акс ҳолда, ўсишдан тўхтайди. Ҳа, ғалабаларни дарҳол унутиш осон эмас, албатта. Ахир матбуотчилар ва мухлислар тарихий лаҳзаларни ҳар қадамда ёдингизга солиб туришади.

Лекин профессионал футболчи аввал қандай ишлаган бўлса, шундай давом этиши ва янги марраларни кўзлаши мақсадга мувофиқ.

- Аслида ЖЧ-2002 арафасида Бразилия терма жамоасининг асосий таркиб вакили эмасдингиз, лекин мусобақа доирасидаги барча учрашувларда майдонга тушгансиз.

- Гап шундаки, мундиал стартига атиги 1 кун қолган вақтда асосий ярим ҳимоячи ва сардоримиз Эмерсон жароҳатланган. Ўша оқшом Луиз Фелипе Сколари хонамга кириб, унинг ўрнида мен ўйнашимни айтди.

Аввалига нима дейишни ҳам билмай қолдим. Зеро, Эмерсон жамоада катта ўрин тутар ва унинг сафдан чиққани жуда оғриқли эди. Кейин мураббийлар алоҳида суҳбатларда қандай ўйнашим зарурлигини тушунтиришгач, анча хотиржам тортганман.

- Ўша турнирнинг қайси ўйини энг оғири сифатида ёдингизда қолган?

- 7та учрашувимизнинг ҳар бири ўзига яраша мураккаб кечган. Лекин дастлабки баҳс доимо оғир бўлади. Маълумки, жамоа гуруҳ раундида атиги 3 марта майдонга тушади.

Агар биринчи ўйинда ғалабага эришолмасангиз, иккинчисида ўз-ўзидан кучли босим остида қоласиз. Учинчиси ундан ҳам баттарроқ...

Ёдимда, илк учрашувда Туркия термаси жиддий қаршилик кўрсатганди. Боз устига, ҳисобни очиш туркларга насиб этганди. Гарчи тез орада мувозанатни тиклаган бўлсакда, ғалаба йўлида анча тер тўкишимизга тўғри келганди.

- Лекин мураккабликлар шу билан тугамаган...

- Ҳа, бельгияликлар билан ўйин ҳам, ундан кейин Англия термасига қарши кечгани ҳам таҳликали бўлди. Табиийки, финал алоҳида ўрин тутади - Германия термаси жуда кучли эди ва шунга яраша жанг таклиф этган.

Қизиғи, ярим финалда яна туркларга дуч келганмиз ва улар ўч олиш илинжида ўн чандон кучли қаршилик кўрсатишган. Шунга қарамай, ҳаммаси биз учун хайрли тугаганди.

- Очиғи, Осиёдаги мундиалга қадар кенг доирада танилмаган бўлсангизда, «Атлетико Минейро» мухлислари ёқимтойига айланиб улгурган эдингиз. Клуб ЖЧдаги иштирокингизни қандай баҳолаганди?

- Умуман, айнан ЖЧ-2002 фаолиятимдаги муҳим бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Унгача «Минейро» шарафини ҳимоя қилардим ва клубдаги ишончли ўйинларим туфайли Сколари назарига тушдим.

Мундиалдаги муваффақият эса менга Англия футболи сари йўл очди. Ўша вақтда ҳам инглиз лигаси энг кучлиси саналарди. Тўғри, курашларга бой футбол услубига мослашиш учун анча тер тўккандим.

- Инглиз футболи тезкорлиги билан ҳам машҳур...

- Шундай. Қолаверса, Англия маданияти мутлақо бошқача, яна тил муаммоси... Қисқаси, бир қатор мураккабликларга дуч келгандим. Муҳими, уларни енгиш учун кучим ҳам, ғайратим ҳам етарли эди.

- «Арсенал» сафига қўшилишингизга қадар марказий ҳимоячи ролида ҳам ўйнашга улгургандингиз.

- Аслида асосий жойим - ярим ҳимоя маркази. Бироқ «Атлетико Минейро»да бу позиция бандлиги боис, ҳар қандай нуқтада ўйнашга рози бўлардим.

Шу тариқа ҳимояда ҳам, қанотлар ва ҳужумга яқин позицияларда ҳам тўп сурдим. Кейинчалик «Минейро» мураббийлари мени ўрта чизиққа олишди ва бу жойга муқим ўрнашдим.

- «Арсенал» доимо ҳужумкор футболга таянар ва «қора» юмушлар ёлғиз сизнинг зиммангизга тушарди. Қийналмаганмисиз?

- Лондонда буюк футболчилар қуршовида тўп сурганман. Патрик Виейра чинакам машина эди, олдинги чизиқда Тьерри Анри ҳаракатланарди, ҳимояда эса Сол Кэмпбелл. Бошида Дэвид Симэн ва Деннис Бергкамп билан ёнма-ён ўйнаганман.

Бундай юлдузлар орасида вазифанг нимадан иборатлигини аниқ ҳис этишинг муҳим аҳамиятга эга. Мен эса буни билардим ва шунинг учун эркин тўп сурганман. Терма жамоада эса Роналдо, Роналдиньо, Ривалдо каби юлдузлар билан ҳамкорлик қилганман.

- «Тўпчилар» бош мураббийи Арсен Венгер фаолиятингизга юксак баҳо берганди. У сизга айнан нималарни ўргатган?

- Футбол мағзини чақишни. Арзимас икир-чикирлар ҳам унинг эътиборидан четда қолмасди. Венгер барча шогирдларидан ўзига ёқадиган услубда ўйнашни талаб қиларди - тўпни назорат қилиш ва қисқа узатмалар... 1982 йилги  Бразилия термаси шундай услубга таянган, ҳозир эса бу тактика «Манчестер Сити» қуролига айланди.

Муҳими, биз мураббий кўрсатмаларини ортиқча қийинчиликсиз бажарардик. Чунки таркибда юксак савиядаги ижрочилар йиғилишганди.

- Жанубий Америкада бор диққат-эътиборни футболга қаратишнинг иложи йўқ. Англияга кўчиб ўтганингиздан кейин қандай таассуротлар олгандингиз?

- Ўта ижобий. Дарҳақиқат, Англияда ортиқча юмушлар хусусида бош қотиришнинг ҳожати йўқ эди - майдон четидаги ишларингизни бажарадиган алоҳида масъуллар етарли. Футболчи фақат ўйин ва машғулотлар билан шуғулланса, бас.

- Сўнгги вақтларда мухлислар Венгердан бот-бот истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда. Бу борада нима дея оласиз?

- Жуда нохуш ҳолат. Очиғи, мухлисларнинг муносабатлари шахсан мени қаттиқ ранжитмоқда. Чунки Венгер футболга кўплаб ўзгаришларни олиб кирди, «Арсенал»га устозлик қилиш асносида Англия лигаси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди. Ҳар қандай жамоа юксак парвозлар қатори пасайишларга ҳам юз тутиши мумкинлигини унутмайлик.

Тўғри, «Арсенал» ҳозирда муайян қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, лекин ечимни топиш борасидаги изланишлар тўхтаб қолган эмас. Нима бўлганда ҳам, Венгернинг клуб ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиш керак. Ахир чорак асрдан кўпроқ вақт беминнат хизмат қилган мураббий ҳурматга лойиқ эмасми?

- «Арсенал» 2006 йили ЧЛ финалида «Барселона»дан енгилганди. Ўша учрашув воқеалари эсингиздами?

- Эҳ, ўйин биз учун жуда оғир кечганди. Чунки Йенс Леманн чамаси 20-дақиқадаёқ қизил карточка олиб, майдонни тарк этганди. «Барса» эса ўша вақтда ҳам ниҳоятда кучли эди. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсакда,  бебаҳо сабоқ олганмиз.

Энг ачинарлиси, ҳал қилувчи голни охирги 10 дақиқа ичида қўйиб юборгандик. Лекин аламли мағлубият азобини тотмай туриб, ҳеч нарсани ўрганолмайсиз. Хуллас, айнан ўша учрашувдан кейин ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиш нечоғли муҳим эканлигини теран ҳис этганмиз.

- Яна бир йилдан сўнг Бразилия термаси Америка кубогида зафар қучди. Аммо аргентиналикларга қарши кечган финалда майдонга тушмадингиз...

- Буниси мен учун оғриқли зарба. Ахир ўшанда жамоа сардори эдим. Ярим финалда уругвайликлар билан ўйнаганмиз ва ҳакамдан карточка олганман. Ўша паллада тарихий лаҳзалардан четда қолишимни тасаввур ҳам қилолмагандим.

Умуман, ЖЧ-2006дан кейин барча футболчилар жамоа сафида майдонга тушиш қанчалик муҳимлигини яхши англаб етишганди. Зеро, Германияда бизга айни шу камчилик панд берганди.

- ЖЧ-2018 старти кун сайин яқинлашмоқда. Ҳозирчага Россияга бир неча марта ташриф буюрдингиз. Мезбон мамлакат ҳақидаги умумий таассуротларингиз...

- Россияга илк марта 2017 йилги Конфедерациялар кубоги арафасида келгандим. Энди кўряпманки, қурилиш ва ташкилий ишлар якунланиш арафасида, тайёргарлик чакки эмас.

Ҳаммаси аъло даражада, менимча. Энг муҳими - футболчилар ва мухлислар учун қулайликлар яратиш. Умидворманки, Россия энг яхши ташкилотчилар қаторидан жой олади.

- Мундиал ўйинларини қабул қиладиган ареналар ёқдими?

- Айрим стадионлар ҳолати билан ТВ орқали танишдим. Чинакам фантастика! Шу кунларда «Лужники»да бўлдим - ички кўриниши жуда чиройли, шинам стадион. Қайсидир жиҳатлари билан Бразилиядаги «Маракана»ни эслатиб юборди.

- Бразилия термаси қароргоҳ сифатида Сочини танлади. Денгиз, пальмалар - айнан Жанубий Америкага хос манзара.

- Ўйлашимча, техник гуруҳ жой танлаш масаласида барча жиҳатларни пухта ўйлаб кўрган. Мутахассисларнинг асосий вазифалари - футболчиларга мос келадиган шароитларни яратиш.

- Сизнингча, ЖЧ-2018 ғолиблиги қайси жамоага насиб этади?

- Германия термаси - асосий даъвогарлардан бири. Французлар ҳам рисоладагидек таркибга эгалар. Шунингдек, Аргентина термаси доимгидек жиддий рақиблар гуруҳида. Боз устига, Лионель Месси учун бўлажак мундиалнинг баҳоси чексиз.

Табиийки, Бразилия термасини ҳам ёддан чиқармаслик керак, албатта. Ҳар ҳолда, жамоамиз 4 йил аввалгига нисбатан олганда, сезиларли даражада кучайди ва ҳозир ажойиб спорт формасида!

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.