Қайднома

Қидирув

Ишончни йўқотиш мағлубиятдан хавфлироқ

Ишончни йўқотиш мағлубиятдан хавфлироқ

  18.04.2018 06:41
  0
  598
Ишончни йўқотиш мағлубиятдан хавфлироқ

Футбол дунёсининг охирги ҳафтасида рўй берган фавқулодда воқеалар наинки мухлислар, ҳаттоки, тажрибали мутахассисларни ҳам шошилиб қўйди.

Ҳаммаси АПЛнинг 33-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» - «МЮ» учрашувидан бошланиб, ЕЧЛ чорак финали дорасидаги «Рома» - «Барселона» баҳсида авж нуқтага кўтарилди.

Фавқулодда жараён «Саутгемптон» ва «Челси» ўртасидаги баҳсда якуний босқичга кириб, «Зомин» - «Қўқон-1912» учрашуви билан тугади, назаримизда. Аслида тугашидан тугамаслиги аниқроқ бу жараённинг.

Кимлардир «Тугамасин! Аксинча, зерикарли ўйинлар футбол дунёсини тарк этсин!» дейишаётганига ишончимиз комил.

Майли, кескин ва қизиқарли баҳслар футболни безайверсин. Биз эса бундай ўйинлар хусусида мулоҳаза юритиб чарчамайлик...

Юқорида айтганимиздек, сўнгги ҳафтада футбол оламини фавқулоддалик чулғаб олди.

Шунга яраша мухлислар ва мутахассислар ўртасида ҳамон баҳс-мунозара тинмаяпти. «Реал» - «Ювентус» учрашувидаги пенальти масаласида таниқли ҳакамлар ва ўйинчилар икки тарафга бўлинишгани ҳам футболнинг чинакамига мураккаб ва гўзал тараққиёт даражасига кўтарилганидан далолат.

Кўзга кўринган айрим мутахассислар пенальти бўлмаганини таъкидлашди, ҳакамлик бобида эталон даражасига кўтарилган италиялик Пьерлуижи Коллина эса Майкл Оливер қарорини қўллаб-қувватлади. Футбол оламининг таниқли намояндалари ўша пенальти масаласида келишолмаяптиларми, демак, миллионлар ўйини қонун-қоидалари янада мукаммаллашувга муҳтож.

Бу мавзу вақт ҳукмига ҳавола. Биз эса умумий хулоса билан чекланамиз. Айтмоқчимизки, мухлислар армиясининг катта қисми «МЮ» амалга оширган «камбэк»ни тўғри қабул қилди. Негаки, «қизил иблислар» исташса ва курашишса, қайси рақиб бўлишидан қатъий назар, ҳамиша бу ишга қодирлар.

Гапнинг индаллоси, ушбу масалада «МЮ»га ишонмаслик кулгули. Ўз ўрнида, «Қўқон-1912» ижросидаги «камбэк» ҳам мухлисларда шубҳа уйғотмаслиги керак. «Челси»нинг таркиби ва кучи барчага маълум.

«Саутгемптон» 60-дақиқага қадар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгач, Антонио Конте бирданига Оливье Жиру ва Педрони захирадан жангга ташлади. Марк Хьюз эса унинг бу «шоҳ» юришига аҳамият бермади ва «Арсенал»дан «Челси»га ўтгани бўйича ўзини кўрсатолмай қийналаётган Жиру берилган имкониятдан унумли фойдаланди.

Фикримизча, «Зомин»нинг 2та голи ҳам «Қўқон-1912» кўзини очган. Унгача жамоа ғалаба ишончи ила хотиржам тўп сурган. Хуллас, «Қўқон-1912» вакиллари «Зомин»нинг икки зарбасидан сўнг ўзларига келиб, Суперлига жамоаси қандай бўлиши масаласида рақибга дарс беришди.

Шундай экан, бу учрашувлар борасида ортиқча баҳс-мунозарага ҳожат йўқ. Ҳаттоки, «Рома» ҳам Франческо Тотти ва «бўрилар»га хос ёвқурлик ва ўжарлик билан «Барселона» устидан ғалаба қозонишга муносиб эканлигини ҳаққоний тарзда исботлади. «Зальцбург» эса «Лацио»ни кетма-кет урилган 3та гол эвазига енгди ва мухлисларни ҳайратлантирди.

Ҳайратлар ўз йўлига. Энг асосийси, биз тилга олган «камбэк»лар мухлисларни ишонтирди ва завқлантирди. Мухлиснинг рози бўлиши - футболдаги энг муҳим жиҳатлардан бири. Фақат ўйин мухлисни ишонтириши ва рози қилиши билан ҳам гўзалдир.

Алоҳида таъкидлашни истардик, Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда жамият ҳаёти ва тараққиётида ишончнинг аҳамияти хусусида сўзлаб, оғриқли муаммоларни тилга олди ва суиистеъмолга йўл қўяётган мансабдор шахсларни қайта-қайта огоҳлантирди, сергакликка чорлади.

Футбол биз яшаб турган жамиятнинг бир бўлаги ва Президентни ташвишлантираётган муаммолар бу соҳага ҳам дахлдор. Бугун бир нечта «камбэк»лар ҳақида қарашларимизни билдирдик, аммо «Сўғдиёна» - «Нав-баҳор» учрашувига тўхталмадик.

Негаки, бошқа «камбэк»лардан фарқли равишда, бу ўйиндаги ҳисоб ва кетма-кет урилган 3та гол мухлисларни ҳайрон қолдирди. Бошқача айтганда, «Сўғдиёна» амалга оширган «камбэк» «Навбаҳор» мухлисларини шубҳага етаклади. Йўқ, бу хулоса улардаги кайфият ва ҳолатни ифодаламайди.

Биз ўша баҳснинг эртасига Наманган шаҳри марказидаги «Сардоба» ошхонасига тушлик қилгани бордик. Бунинг сабаби шуки, «Навбаҳор»нинг ашаддий мухлислари ҳар учрашув эртасига фикрлашиш ва Шуҳратжон дамлаган ажо-йиб паловдан тановул қилиш мақсадида шу ерда йиғилишади. Одатдагидек, бири қовоғи солиқ, иккинчиси жиғибийрон мухлиснинг суҳбатига қулоқ тутдик.

- Ишониш қийин. Ҳеч ишонолмаяпман. Бу йилги «Навбаҳор» 13 дақиқада 3та гол қўйиб юбориши, барибир, шубҳали. «Локомотив»нинг ҳужумларига бардош берган ҳимоя қани?

Хўп, биринчи гол бўлди, нега кейинги вазиятларда футболчилар тузукроқ курашишмади, тўп йўлини тўсишмади? Профессионал футболчи қанақасига зарба учун бўш жой қолдириши мумкин? Буни менга тушунтирманглар. Тушунишни ҳам истамайман! - деди жиғибийрон мухлис.

- Ҳа, ўйлаб кўриш керак! Нималар бўляпти ўзи?! Дуранг бўлса ҳам кошки эди. Ғалабани асраш учун жон-жаҳди билан тиришадиган темир-тирноқ «Навбаҳор»ни кўрмадим ўйинда! - дея унга хафаҳол боқди оғир-босиқ, қовоғи солиқ мухлис.

Бўлди! Уларнинг суҳбатини тинглашга тоқатимиз етмади. Узоқроқ жойга кўчдик. Акс ҳолда, беихтиёр жараёнга аралашиб, емаган сомсага пул тўлардик.

Жиддий айтсак, Қўқондаги баҳсдаёқ «Навбаҳор» футболчиларининг функционал ҳолатлари қониқарли эмаслиги яққол сезилганди. Дастлабки 3 турда кечган қизғин ва жанговар курашлардан сўнг жамоа ҳолдан тойди ва ҳали ҳам тикланмаяпти. Ҳозирги вазиятда қайсики рақиб учрашувнинг охирги 20 дақиқасида босим уюштиришни уддаласа, «Навбаҳор»ни бемалол енгади.

«Андижон»га қарши кечган кубок баҳси фикримизга далил. Қўқон ва Жиззахдаги учрашувларнинг сўнгги дақиқаларида ҳам жамоа тўдалашиб, пала-партиш ҳимояланганини кузатгандик. «Сўғдиёна» тортиб олган ғалаба «олтин очко» нуқтаи назаридан аҳамиятсизлиги ҳақида билдирилаётган мулоҳазалар бизнингча, мутлақо асоссиз.

Бинобарин, «Навбаҳор»нинг кучли олтиликдан жой олиши ҳали кафолатланмаган. Кучи етмаса, нима қилсин жамоа?! Муаммонинг ечими айни вазиятда - фақат ротация. Бироқ Илҳом Мўминжонов захира футболчиларига тўлиқ ишонолмаяпти. Натижада жамоа ишончсизлик аро қийналмоқда. Ишончни йўқотиш эса мағлубиятдан хавфлироқдир...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz