Қайднома

Қидирув

Юлдузнинг «юлдузча» юки ёхуд немис футболининг сўнгги йилдаги муваффақиятсизлик сабаблари нимада

Юлдузнинг «юлдузча» юки ёхуд немис футболининг сўнгги йилдаги муваффақиятсизлик сабаблари нимада

  19.04.2018 06:39
  0
  927
Юлдузнинг «юлдузча» юки ёхуд немис футболининг сўнгги йилдаги муваффақиятсизлик сабаблари нимада

Мана 10 йилдирки, германиялик ёш иқтидор соҳиблари ўз ёш тоифаларида нафақат Европа, балки жаҳон футболида эталон мақомини ҳеч кимга бермай келаётган эдилар.

Лекин биргина жорий мавсумдаги қониқарсиз иштирок самарадор тизимнинг фазилатларини ювиб юборди.

U-21 тоифасидаги Германия ёшлар термаси қитъадаги савияли жамоаларда тўп сураётган акалари тугул, Йоахим Лёв раҳбарлигидаги «немис машинаси» билан ҳам тенгма-тенг кураша оладилар.

Лёв анчадан бери ўзи истаган пайтда ана шу «жавоҳирлар сандиғи»га мурожаат қилиб, «машина»нинг носоз мурватларини моҳирона бартараф этмоқда. Кенг миқ­ёсда олганда, ёшлар терма жамоаси таркибидан чинакам иқтидор соҳиблари жой олишган. Аммо уларнинг ҳаммасига ҳам Бундестимдан таклиф олиш насиб этавермайди.

Нодим Амири, Маҳмуд Довуд, Левин Озтунали ва Лукас Клостерманн каби ўйинчилар аллақачон Бундеслиганинг нуфузли иштирокчиларига айланишган. Лекин ҳанузгача Лёвнинг ишончини қозона олишмади. Дарвоқе, Штефан Кунц жамоасида ота-онаси Россиядан Германияга кўчиб ўтган Эдуард Левен ҳам тўп сурмоқда.

Бир пайтлари Москванинг «Спартак» клуби бу футболчига қизиқиш билдирган, лекин музокаралар якунига етмаганди. Балки Лёвга кераги бўлмаётган марказий ҳимоячилар тандеми (Эудард Левен-Вальдемар Антон) Россия терма жамоаси учун бебаҳо совға бўлар?

Мундиал мезбонларининг сўнгги назорат учрашувларидаги натижалари ҳеч кимни қувонтирмаганига гувоҳ бўлдик. Майли, бу - россияликлар муаммоси. Биз немис ёшлари хусусидаги мулоҳазага қайтайлик. Ҳозирда 21 ёшгача бўлган терма жамоа қитъанинг амалдаги чемпиони, навбатдаги мусобақанинг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ рақобатчиларнинг етакчиликка интилишлари унинг мавқеини анча заифлаштириб қўйди. Афтидан, немислар бошқарувни рақобатчига топширишга қарши эмаслар: яқинда жамоа сўнгги йилдаги энг заиф ўйинини намойиш этиб, Косово термаси билан нурсиз (0:0) дурангга имзо чекди.

Олдинда уни Ирландия ва Норвегияга қарши жиддий тўқнашувлар кутаётганини ҳисобга олсак, йўлланмани қўлга киритиш осон бўлмаслиги ойдинлашади. Бу икки жамоа «бундес­тим»га етарли муаммо туғдира олишга қодир.

Ниҳоят, йилнинг энг йирик омадсизлиги - U-19 тоифасидаги терма жамоа Финляндияда бўлиб ўтадиган Европа чемпионатидан четда қоладиган бўлди. Айнан юксак маҳорат соҳибларини тайёрлашда донг таратган мамлакат қитъанинг бош мусобақасида томошабинга айланди.

Қизиғи бу ерда ҳам немислар Норвегия тўсиғига қарши ожиз қолишди. Саралаш бос­қичининг иккинчи раундида «бундестим» Скандинавия вакилларига 2:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Сўнг­ги беллашувда жамоа Голландияни 4:1 ҳисобида маҳв этди. Лекин мавсумдаги энг ёрқин ўйин йўлланмани расмийлаштириш учун камлик қилди.

Тиришқоқ Норвегия Шотландияга қарши баҳсда (5:4) 8 дақиқа ичида 3та гол урди ва 2:4 ҳисобида бой берилаётган учрашувни ғалабага айлантирди. Оқибатда, Германия уйига равона бўлди. Агар жамоанинг таркибига қараб хулоса чиқарадиган бўлсак, кинояли вазиятга дуч келамиз.

19 ёшлиларнинг энг ёрқин иқтидори - «Байер» вакили Кай Хавертцни инглиз грандлари бир йилдан буён «қувиб» юришибди. «Бавария» ҳужумчиси Мануэль Винц­хаймер билан «Шальке» ярим ҳимоячиси Яннис Кюблер ҳам шу тоифадан. Қисқаси, таркиб борасида қитъа­нинг энг сара жамоаси ўз хатолари ва рақибларига етарли баҳо беролмагани туфайли Евродан бенасиб қолди.

17 ёшгача бўлган ўсмирлар эса катта қийинчиликлар билан бўлсада финал босқичи иштирокчилари сафидан жой олишди. Муваффақиятда омаднинг ҳиссаси ҳам йўқ эмас. Жамоа аввал Грециядан йирик ҳисобда (0:3) енгилиб, кейинчалик Норвегия билан очколарни бўлишиб олди - 2:2.

Фақат Шотландия устидан қозонилган ғалаба финал босқичи йўлланмасини нақд қилди. Германия Англияда ташкил этиладиган навбатдаги Европа биринчилигига ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган 7та энг яхши жамоанинг биринчиси сифатида йўл оладиган бўлди.

Аввалги ЖЧда германиялик ўсмирлар чорак финалда Бразилиядан енгилиб, мусобақани барвақт тарк этишганди. Қизиқ, немис жамоа­ларининг муваффақиятсизлигига нима сабаб бўлмоқда? Наҳотки, конвейерга кўз теккан бўлса?

Бу каби саволларга жавоб топиш осон эмас. Шуниси аниққи, қониқарсиз натижалар таркибга боғлиқ эмас. Масалан, U-21 аъзолари билан фақат Испания рақобатлаша олади. Кичик ёшдагилар ҳам маҳорат бобида акаларидан кам эмаслар.

Эҳтимол, омадсизлик жамоаларнинг руҳияти ва ўзини ҳис этиш даражаси билан боғлиқдир? Балки дунёнинг энг самарали тизими унвони энди Германиянинг ўзи учун ҳам оғирлик қилиб қолгандир? Нима бўлганда ҳам, германиялик ёш футболчилар фаолиятидаги пасайиш 2000-йиллардаги инқироз даврини эслатмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz