Қайднома

Қидирув

Футболчилар орасидаги солиқ «жиноятчи»лари (юлдузли фотогалерея)

Футболчилар орасидаги солиқ «жиноятчи»лари (юлдузли фотогалерея)

  21.04.2018 00:16
  0
  1902
Футболчилар орасидаги солиқ «жиноятчи»лари (юлдузли фотогалерея)

Карлос Тевес яқинда акасини кўргани қамоқхонага борди ва у ерда футбол ўйнаб, жароҳат орттирди.

Тўғри, фахрий ҳужумчининг ўзи буни инкор этиб, махсус баёнот берди. Лекин... Йўқ, қуйидаги мақола аргентиналик футболчига дахлдор эмас. Фақат битта ўхшашлик бор - қамоқхона.

Қисқаси, soccer.ru сайти бу сафар солиқ тўловларига боғлиқ жиноятлари туфайли панжара ортига тушиш хавфига дуч келишган таниқли футболчилардан ўзига хос рамзий терма жамоа тузиб чиқди.

Дарвозабон - Икер КАСИЛЬЯС («Порту»)

Футбол масаласида солиқ жиноятлари ватани - Испания. Бу борадаги энг ашаддий жиноятчилар айнан испан заминида ўйнаб, қонун бўйича ҳукумат ғазнасига тушиши лозим маблағни ўзлаштиришга одатланишган.

Хусусан, тарбияли Икер Касильяс ҳам 4 йил олдин Лионель Месси ва Ла-лигадаги яна 6 нафар футболчи қатори шубҳа остига олинди. Эътиборлиси, «Реал»нинг собиқ голкипери айблов расман эълон қилинишидан олдин Испания ғазнасига 2 миллион евро «тўкиб», ортиқча машмашалардан қутулиб қолганди.

Ҳимоячи - МАРСЕЛО («Реал»)

Бразилиялик чап қанот ҳимоячиси 2013 йили қонунбузарликка йўл қўйган бўлсада, суд муҳокамалари ўтган кузгача чўзилди. Аслида «элит айбдорлар» олдида Марсело арзимас хато қилиб қўйган ўйинқароқ боладек.

Унга реал қамоқ жазоси хавф солгани ҳам йўқ, қолаверса, узоқ кутилган суд мажлиси атиги 10 дақиқа давом этди. Чунки Марсело ўз айбига тўла иқрор бўлиб, 500 минг евро миқдорида жарима тўлашга кўнди.

Ҳимоячи - Хавьер МАСКЕРАНО («Хэбэй Форчун»)

Аргентиналик футболчи солиқ мажбуриятларини менсимасликни ҳамюрти Лионель Мессидан ўрганган бўлса керак. Ҳар ҳолда, кўпчилик Маскеранони ўта жиддий ва масъулиятли йигит ўрнида кўради.

Бироқ факт шуки, у шахсий имиджидан фойдаланиш ҳуқуқи сотувидан тушган даромаднинг бир қисмини декларация қилмагани учун судланган. 6 ой давом этган муҳокамалардан кейин футболчи 1 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳолатда Хавьерга Испания қонунчилигидаги битта енгиллик қўл келди.

Унга кўра, олдин судланмаган жиноятчига 24 ойдан кам муддат берилса, жазо шартли ҳисобланади. Хуллас, Маскерано шу банддан фойдаланиб, панжара ортига йўл олишдан қутулди: шунчаки, «яширинган» 1,6 миллион евроликсолиқ тўловини 50 фоиз кўпайтириб берди. Яъни 2,9 миллион евро эвазига озодликда қолди.

Жерар ПИКЕ («Барселона»)

Испания солиқ хизмати 2015 йили «Барсенола» ҳимоячисини «сиқув»га олди. Аниқроғи, у 2,5 миллион евролик тўловни «яширган»ликда айбланди. Бироқ Пике анойи эмаслигини кўрсатиб, судга қарама-қарши шикоят ёзди ва агар қарздор бўлса, сўзсиз, тўлаб қўйишини билдирди.

Тўғри, иш жиддий муҳокамаларгача етиб бормади - кўп ўтмай, томонлар ўзаро учрашиб, келишиб олишди. Тушуниш керакки, Испания солиқчилари сердаромад юлдузларни бежиз таъқиб остига олавермайдилар. Зеро, бу ҳукумат ғазнасини тўлдиришнинг қулай йўли ҳисобланади.

Умуман, Пике ўзини оқлаган бўлсада, унинг оиласида солиқ тўловларидан бўйин товлаш «тажриба»си бор: жорий йил бошида мамлакат прокуратураси бу масалада футболчининг турмуш ўртоғи - Шакирани ҳам безовта қилди. Машҳур хонанда аввалига барча айбловларни қатъий инкор этди, аммо якунда Испания ғазнасига нақ 20 миллион евро «тўкиш»дан ўзга чора тополмади.

Ҳимоячи - Серхио РАМОС («Реал»)

Бу футболчи майдонда зўр, унинг ташқарисида намунали фуқаро. Бироқ Рамосга кимдир солиқ тўловларидан «қочиш» бўйича номаъқул режа тузиб берган бўлса керак. Хуллас, «Реал» сардори имидж ҳуқуқлари сотувидан тушадиган даромадни яшириш мақсадида Виргин оролларида бирданига 3та оффшор компания очди - Ramasa, Sergiasa ва Campeones.

Бироқ унинг молиявий маслаҳатчилари ҳисоб-китоблари хато бўлиб чиқди. Оддий айтсак, ушбу компанияларнинг бошқарув тизимидаги чалкаш механизм оқибатида Серхио маблағ тежаш ўрнига солиқ тўловлари суммасига нисбатан икки ҳисса кўпроқ йўқотди - 7,3 миллион евро.

Ярим ҳимоячи - Хаби АЛОНСО (фаолиятини якунлади)

Собиқ футболчи яқиндагина шубҳа остига олинди ва айни пайт унинг иши ўрганиб чиқилмоқда. Маълумотларга кўра, Алонсога 5 йиллик қамоқ жазоси ва 8 миллион евро миқдорида жарима хавф солмоқда.

Айбловга кўра, ярим ҳимояда зўр ўйнаган баскониялик фаолияти давомида 3та ҳолат бўйича жиддий қонунбузарликка йўл қўйган. Улардан энг асосийси - имидж ҳуқуқларини назорат қилиш учун Мадейрада сохта фирма тузгани. Тўғри, Хаби ҳозирча айбни тан олгани йўқ.

Ярим ҳимоячи - Лука МОДРИЧ («Реал»)

Яна имидж ҳуқуқларини назорат қилувчи сохта компания... Футболчилар орасида кенг тарқалган ушбу жиноий схема кўпчиликни ўз домига тортган. Хусусан, Модрич Люксембургда масъулияти чекланган «Ивано» конторасига асос солган. Мақсад - шахсий даромадининг Испания ғазнасига тегишли қисмини «ўғирлаш».

Айтиш ўринли, хорватиялик футболчи ҳам судлашишга тоқат қилолмади. Яъни жиноий иш бўйича тергов бошлангани ҳамоно талаб этилган суммага қўшимча равишда жарима ҳам тўлади - чамаси 1 миллион евро. Лекин бу борада заррача айби йўқлигини айтишни ҳам унутмади.

Ярим ҳимоячи - Анхель ди МАРИЯ («ПСЖ»)

Аргентиналик футболчи «Реал» сафида тўп сурган вақти қонундан четга чиққанди. Лекин у бошида айрим ақлли ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, судлашишга қарор қилди.

Якунда барчаси унинг учун нохуш тугади - 2 миллион евролик жарима ва 1 йиллик шартли қамоқ жазоси. Анхель шундан кейин қўшимча саргардонликлардан қочишни ўйладими, суд ҳукмини тан олиб қўя қолди.

Ҳужумчи - НЕЙМАР («ПСЖ»)

Бразилиялик юлдуз атрофида хилма-хил шубҳали ишлар жуда кўп ва уларнинг асосий ташаббускори сифатида футболчининг отаси тилга олинади. Неймарнинг «Сантос»дан «Барселона»га ўтиши бўйича ҳужжатларни қалбакилаштиришга боғлиқ машмашаларнинг ўзи бир тарих...

Тўғри, бу масаладаги суриштирувлар якунда ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Лекин футболчи Бразилия солиқ тизими олдидаги айбини қисман тан олишга мажбур бўлди. Ҳарқалай, «ПСЖ» юлдузи солиқчилар томонидан талаб қилинган 2,1 миллион еврони жимгина тўлади. Демакки, у ҳам судда оқланишига ишонмаган, яъни қаердадир қонунга зид иш тутган бўлиши мумкин.

Лионель МЕССИ («Барселона»)

Аргентиналик даҳоча ва шафқатсиз туюладиган Испания солиқ тизими ўртасидаги муносабатлар ўта таранг эканлиги кўпчиликка маълум. Ҳар ҳолда, бу масала маълум муддат олдин мамлакат ОАВнинг бош мавзуси даражасига кўтарилганди. Аслида Мессининг солиқ тизимига ёндашуви қонун доирасидан четга чиққан бошқа ҳамкасблариникидан айтарли фарқ қилмайди.

Бироқ гап «Олтин тўп»нинг кўп карра соҳиби ҳақида кетар экан, ҳар қандай масала ўз-ўзидан гипер кўринишини олади. Фактларга келсак, суд якунда «Барса» етакчисини 2,1 миллион евролик жарима ва 21 ойлик шартли қамоқ жазоси билан «сийлади».

Криштиану РОНАЛДУ («Реал»)

Португалия футболи жавоҳири «Олтин тўп»лар сони бўйича Мессига энди етиб олган бўлса, солиқ машмашалари бобида ундан анча олдинлаб кетишга улгурди. Ҳа, Криштиану нақ 15 миллион евролик солиқ тўловини ўзлаштирганлик ҳақида эълон қилинган айбловни мутлақо инкор этди.

Одатда бой футболчилар бундай ҳолатда маълум миқдорда жарима тўлаб, ғавғодан қутулишни маъқул кўришади, фақат Роналду эмас. Унинг айтишича, солиқчилар ҳеч бир асоссиз мўмай даромаддан умид қилишмоқда.

Хуллас, португалиялик юлдуз охиригача ўз номи учун курашади. Бордию, айбдорлиги исботланса-чи? Унда футболчи 15 миллион евродан таш-қари, катта жарима тўлайди ва ҳаттоки, 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz