Қайднома

Қидирув

Диего Перотти: «Мессининг ёнида ўйнаш – роҳат»

Диего Перотти: «Мессининг ёнида ўйнаш – роҳат»

  22.04.2018 06:19
  0
  556
Диего Перотти: «Мессининг ёнида ўйнаш – роҳат»

«Рома», сенга тасанно! «Бўрилар» енгилмасдек таассурот уйғотувчи «Барселона»га унутилмас сабоқ беришдики, беихтиёр уларни шарафлайсан киши.

Тақдир тақозосига кўра, Рим клуби ўйинида муҳим ўрин тутувчи Диего Перотти ҳайбатли «Камп Ноу»да қайд этилган умидсиз 1:4 ҳисобидан кейинги мўъжизавий «камбэк»ни четдан кузатди. Аргентиналик ярим ҳимоячининг ўша сеҳрли оқшом майдонга тушишига жароҳати халақит берди.

Унинг машғулотлардан холи эканлигини пайқаган Clarin нашри мухбирлари эса, юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб қолишди. Месси билан ўйнаш осонми? Хорхе Сампаоли футболчилардан асосан нималарни талаб қилмоқда? Римда ким асосий шахс?

«Наполи» скудеттони ютишга қодирми? Хуллас, суҳбатлашишга рози бўлган «Рома»нинг аргентиналик легионери шу каби кўплаб саволларга бамайлихотир жавоб берди.

Хавфсизлик муҳим масала

- Диего, оилангиз билан Рим марказига яқин ҳудудда яшайсиз. Шовқин ноқулайлик туғдирмаяптими?

- Йўқ, Казаль Палокко райони анча сокин. Қолаверса, кўчага кам чиқаман. Дейлик, турмуш ўртоғим шаҳар марказига бормоқчи бўлса, бемалол автомобилдан фойдаланиши мумкин - ҳеч қандай хавф йўқ, барчаси қулай ва ажойиб. Қисқаси, бу ерда яшаётганимиздан бахтиёрмиз.

- Казаль Палоккода сизга айнан нима кўпроқ ёқади?

- Доимо хавфликликни алоҳида қадрлаб келганман. Бу ерда хоҳлаган вақтда сайрга чиқишингизга ҳеч нарса халақит бермайди. Тўғри, менда кўча айланишга унча хоҳишим йўқ, лекин турмуш ўртоғим фарзандимизни олиб, хотиржам сайр қилади.

Асосийси шу. Очиғи, Аргентинага борганимизда, айнан ҳаловатни йўқотаман. Чунки у ерда айниқса, кечқурун кўчага чиқиш хавфли, барибир. Шунингдек, автомобиль қатнови ҳам тартибли эмас.

- Демак, Аргентинани унча қўмсамайсиз...

- Нега энди? Европага йўл олишимдан аввал айтганман - вақти келиб, ватанимга қайтаман, албатта. Мисол учун, мабодо бир ҳафталик танаффус юзага келса, дарров жонажон шаҳрим - Моренога йўл оламан.

Мавсумлар оралиғидаги таътилни ҳам доимо Аргентинада ўтказаман. Ахир қадрдонлар ва дўстлар билан кўришишдан завқлироқ ҳордиқ борми? Аёлим ҳам Моренодан. Гарчи анчадан буён Европада яшаётган бўлсакда, ҳамон яқинларимиздан узоқда юришга тўлиқ кўникканимиз йўқ. Шундай экан, қачондир ортга қайтамиз, албатта.

- Хўш, қачон? Бутсаларингизни михга илганингиздан кейинми? Эҳтимол, нуқтани Аргентина футболида қўйишни истарсиз...

- Аслида Аргентина чемпионатида маълум муддат ўйнаш ниятим йўқ эмас, бироқ «Рома» билан тузган шартномам 2021 йилгача мўлжалланган ва камида унинг охирига қадар жамоада қолишим керак. Бордию, вақтлироқ хайрлашишга тўғри келса, унда бошқа гап...

- Айтингчи, Аргентина ва Италия ўртасида қандай умумийлик бор?

- Табиийки, икки мамлакатнинг ўхшаш томонлари етарли, аммо фарқли жиҳатлар нисбатан кўп, барибир. Мисол учун, Италияда худди Аргентинада бўлгани каби дўстлар билан қаҳвахонада дам олиш урфга айланган. Генуяда ҳам, Римда ҳам кўплаб оддий инсонлар билан танишдимки, улар хоҳлаган масалада ёрдам қўлини чўзишга тайёр туришади. Ўзга мамлакатга кўчиб келганингда, ёлғиз қолишни истамайсан. Яхшиямки, итальянлар мулоқотга жуда тез киришадилар. Хуллас, хушчақчақлик бобида аргентиналикларга ўхшайдилар. 

Тоттига етадигани йўқ

- Римда сизга нисбатан умумий муносабат қандай?

- Жамоада илк кундан ўзимни эркин ҳис қилдим, зеро, атрофимдагилар тезроқ мослашишимга имкон қадар ёрдам беришди. Пойтахтликлар такаббур эмаслар. Бу ерга Генуядан келган бўлсамда, ҳеч ким кичик клубдан ўтганимни шаъма қилгани йўқ. Агар мунтазам майдонга тушсанг, янги муҳитга тезроқ кўникасан, ўз кучингга ишонч ҳисси табиий равишда ошади. Футболда бу катта аҳамиятга эга. Бордию, ўзингга ишонмасанг, нафақат майдон, балки кундалик ҳаётда ҳам ўрнингни тополмайсан.

- «Рома»даги аргентиналиклар ўртасида ўзаро дўстлик ришталари мустаҳкамми?

- Ҳа, албатта. Кўпинча бўш вақтни бирга ўтказамиз - мен, Фасио ва Жонатан Силва. Фасио билан «Севилья»да танишганман. Қолаверса, «Рома» сафига деярли бир вақтда қўшилдик. Шундай экан, ака-укалардек бўлиб қолганмиз. Клубимизда яна Бразилия, Голландия ва франциялик легионерлар ҳам борки, уларнинг жамоавий муҳитга ижобий таъсирлари кучли.

- Маълум вақт «Рома» тимсоли - Тотти билан бирга ўйнадингиз...

- Римда унга тенг келадигани йўқ. Шундай афсона олдида тўп суриш насиб этганидан бахтиёрман. Бир нарсадан афсусланишим мумкин: клубга Тоттининг фаолияти якунига яқинлашган вақт келганим боис, ўзаро ҳамкорлигимиз узоқ давом этмади. Лекин қисқа вақтда унинг машғулотларда қандай ишлашини кўрдим, ўйин тақдирини ёлғиз ўзи ҳал қилганига неча марталаб гувоҳ бўлдим. Тотти майдонда ўзини шунчалик эркин тутардики, унинг жисмоний ҳолати иккинчи даражали масалага айланиб қоларди. Мисол учун, биргина заргарона узатма ёки зарба билан ўйин боришини ўзгартириб юборарди. Айниқса, узоқ масофадан дарвозани нишонга олишни қо-йиллатарди. Бир сўз билан айтганда, у «Рома»да энг яхши футболчи ва чин етакчи эди.

- Италия терма жамоаси навбатдаги жаҳон чемпионатига чиқолмади. Мухлисларда тушкунлик кайфияти сезилмаяптими?

- Ҳа, бу даҳшатли омадсизлик, оғир зарба. Зеро, Италия футболи бой тарихга эга, қолаверса, миллий жамоанинг таркиби чакки эмасди. Умуман, мамлакатда терма жамоанинг ЖЧдан четда қолиши мумкинлигини ҳеч ким ўйламаганди ҳатто. Менимча, энди итальянлар турнирни эътибор билан кузатмасалар керак, айниқса, футболчилар. Улар ўша вақт таътилга чиқишади ва мундиал тугамагунича телевизорни ёқишмайди. Ҳар ҳолда, агар Аргентина термаси йўлланма ололмаганида, мен худди шундай қилардим. Лекин футболда омадсизликдан ҳам наф чиқариш мумкин. Эҳтимолки, ушбу зарба итальянларнинг ҳаммасини қайтадан бошлашлари учун туртки вазифасини ўтар...

- Ўзингиз-чи, Россия мундиалида иштирок этасизми, бунга нечоғли ишоняпсиз?

- Аста-секин олдинга қадам ташлаяпман. Ҳозирги ҳолатдан мамнунман. Ҳа, биламан, таркибдан жой олишим осон эмас, ахир терма жамоамизда юқори савияли футболчилар жуда кўп. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, охиригача умидимни сўндирмайман ва «заявка»га кириш йўлида бор кучимни сарфлайман, албатта.

Месси билан ўйнашмароқли

- Аргентина термаси ўтган йилнинг ноябрь ойида Россияга сафар уюштириб, ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди (Жанубий америкаликлар аввалига Москвада Россия термасини 1:0 ҳисобида енгишди, кейин Краснодарда нигерияликларга ютқазишди - 2:4). Бўлажак мундиалга мезбонлик қилувчи мамлакат ёқдими, терма жамоа йиғини-чи?

- У ердан ажойиб таассуротлар билан қайтдик. Тўғри, ўйин ва машғулотлар масаласида анча қийналдим, ахир терма жамоа йиғинига узоқ танаффусдан кейин қўшилгандим.

Шу боисми, руҳий тайёргарлик борасида оғирлик сезилди. Лекин «Рома»даги каби ишлаш ва ўйнашга ҳаракат қилганим бош мураббий Хорхе Сампаоли эътиборидан четда қолмади. Тушунарлики, футболчи ҳар доим ҳам миллий жамоада ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлавермайди. Шундай экан, кичиккина имкондан ҳам унумли фойдаланиш муҳим.

- Хусусан, Россия терма жамоасига қарши кечган баҳсда Лионель Месси билан ёнма-ён тўп сурдингиз. Хўш, мегаюлдуз атрофида ўйнаш қандай экан? Дейлик, Пауло Дибаланинг тан олишича, бу осон эмас...

- Ўйлашимча, Пауло бошқа маънода гапирган, аммо унинг сўзларини нотўғри талқин қилишган. Шахсан менга Месси ёнида тўп суриш ёқади. Майдонда жаҳоннинг энг яхши футболчиси билан 10 дақиқача бирга бўлишнинг ўзи ҳар қандай ўйинчига ўзгача завқ бағишлайди. Бу улкан шараф. Футболда энг мушкули - бу жароҳат. Яна тикланиш жараёни ҳам ёқимли эмас. Буни ўз тажрибамдан биламан.

- Римда Сампаоли билан гаплашдингизми?

- Ҳа, у бизни кузатгани келганида, бафуржа суҳбатлашдик. Мураббий мен ва Фасиога юзланиб, биздан кўп нарса кутаётганини яширмади, шунингдек, ўз талабларини тушунтирди. Муҳими, мулоқотимиз дўстона руҳда ўтди.

- Сампаоли қандай мураббийлар тоифасига киради? У хусусан, ўзаро мулоқотларда нечоғли яхши таассурот уйғотади?

- Биринчи навбатда, ўта самимий эканлигини айтишим керак. Шунингдек, жуда эътиборли. Мураббийимиз айни пайт терма жамоага муайян ўйин фалсафасини олиб киришга уринмоқда.

Энг муҳими, барча ҳаракатлари жамоани жаҳон чемпионати тахтига чиқаришга қаратилган. Таркибимизда сайёранинг энг кучли футболчиси борлигини инобатга олсак, бизда ғалаба қозониш имконияти кўпроқ. Бошқа фаворитлардан устун жиҳатимиз ҳам шу.

- Вақтида буюк Диего Марадона қўл остида ҳам шуғуллангансиз...

- Тўғри, мени миллий жамоага илк марта айнан у чақирганди. Футбол менга нисбатан ўта хайрихоҳ бўлганини такрор-такрор айтишдан чарчамайман. Қаранг, Марадонадек буюк шахс билан бирга ишладим, Месси, Рикельме, Тотти каби юлдузлар ёнида ўйнадим. Футболдан яна нима сўраш мумкин?

«Наполи»ГА ОСОН ЭМАС...

- Итальян тилида равон гапирмоқдасиз.

- Ҳозир шундай. Лекин тилни ўзлаштиришда роса қийналганим рост. Ваҳоланки, итальянчани ўрганиш муаммо эмаслигини айтишганди. Ҳа, бу тил дейлик, инглизча ёки французчага нисбатан анча осон экан, аммо ўзига яраша мураккаб жиҳатлари ҳам бор. Умуман, одамлар билан ҳар кунлик мулоқот тилни тезроқ ўрганишимга ёрдам берди.

- Италия футболига нима бўляпти? Савия тушиб кетгани ҳақидаги фикрларга қўшиласизми?

- Эҳтимол, шундай кўринаётгандир... Аммо «Ювентус»нинг охирги йилларда икки марта ЧЛ финалига чиққани - салмоқли факт. Ҳа, «А» сериясида тактикага асосланган футбол ҳукмрон, лекин бу савиянинг тушганидан далолат эмас. Ахир Италия футболи азалдан тактик ечимлари билан кўзга ташланган. Шахсий фикримча, савия аста-секин ошмоқда.

- Сизнингча, «Наполи» клуби «Ювентус»нинг шубҳасиз, «гегемон»лик даврини тўхтатишга қодирми?

- Яқин-яқингача Неаполь жамоаси имкониятини юқорироқ баҳолаётгандим. Бироқ «Наполи»ни ўзаро ўйинда 4:2 ҳисобида енгганимиздан сўнг фикрим ўзгарди. Шу учрашув асносида амин бўлдимки, неаполликлар ҳали жуда қийланашади.

Демоқчиманки, чемпионлик курашида кўп нарса аввало, «Юве»га боғлиқ. Туринликлар ҳозирги устунликни бой бериб қўймасалар керак. Демакки, жорий мавсум ҳам чемпион ўзгармайди, менимча.

- Сизлар эса бош совринга ҳаттоки, яқинлашолмадинглар...

- Афсуски, энди математик ҳисоб-китобларга кўра ҳам, имкониятимиз йўқ - ўйинлар оз қолди ва «Юве» ҳамда «Наполи»нинг уларда ҳаддан ортиқ кўп очко йўқотишига ишонмайман. Хуллас, энди кейинги мавсум ЧЛда ўйнаш имкониятини берувчи ўриндан жой олишни кўзлашга мажбурмиз...

МАЪЛУМОТ УЧУН

ДИЕГО ПЕРОТТИ

Туғилган санаси ва манзили: 1988 йил 26 июль, Буэнос-Айрес (Аргентина)

Амплуа бўйича: ярим ҳимоячи

Фаолияти: «Депортиво Морон» (Аргентина) - 2006-2007; «Севилья» (Испания) - 2007-2014; «Женоа» (Италия) - 2014-2016; «Рома» (Италия) - 2016-...

Ютуқлари: Испания кубоги соҳиби - 2009|2010; Европа Лигаси ғолиби - 2013|2014

Аргентина миллий жамоаси сафида 5 марта майдонга тушган

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz