Қайднома

Қидирув

Германиядан тактик салом!

Германиядан тактик салом!

  23.04.2018 00:12
  0
  773
Германиядан тактик салом!

«Гамбург» бош мураббийлигига Кристиан Тиц тайинланганидан сўнг 3та тур ўтдию, ушбу мутахассис барчани ажаблантиришни бошлаб юборди.

Биринчи навбатда, «динозаврлар»нинг асосий дарвозабони Кристиан Матения захирага олинди, ваҳоланки, у жамоадаги энг кучсизлар сирасига кирмасди. Унинг ўрнини навқирон Юлиан Поллерсбек эгаллаб, сўнгги учта ўйинда ўз жарима майдончаси ташқарисида тўп билан муомала қилиш бўйича ўртача кўрсаткич қайд этишга улгурди.

Яъни, киперлик вазифаси бир четда қолиб, асосан олдинроқ позицияда ўйнади. Ўз навбатида, Юлиан тўп билан муомала қилиш бўйича Роман Бюркини ортда қолдириб, Бундеслигадаги энг яхши натижани қайд этди.

Қолаверса, узоқ масофага узатма йўллаш бўйича ҳаттоки, марказий ҳимоячилар ҳам Поллерсбекдан ортда қолишди. Ушбу маълумотлардан кейин гап худди икки турли футболчилар ҳақида кетаётгандек тасаввур уйғонади.

Йўқ, Юлиан киперлик вазифасини ҳам аъло даражада бажариб, зарур пайтда ҳимоячи вазифасини ҳам ўтайди.

Элитада «жон» сақлаб қолишга интилаётган «Гамбург» сўнгги учта турда 4 очко тўплади, «Шальке»ни мағлубиятга учратиб, мухлисларига умид бағишлади.

Даставвал кўпчилик Тицни тентакка чиқарди: унинг аутсайдер жамоада дарвозабондан плеймейкер ролида фойдаланиши мухлисларга ёқмади. Аммо ҳозирча мураббий томонидан танланган стратегия қониқарсиз ҳолатни юзага келтирганича йўқ.

Асосий ғоя нимадан иборат?

«Гамбург» Тиц бошчилигида ўтган дастлабки учта ўйинда тўпни эгаллаб туриш борасида рақибидан устунликка эришди, мураббий эса ҳужумларни ташкил этиш жараёнига максимал даражада эътиборли.

Айнан шу жиҳат Поллерсбекнинг олдинроқда ўйнашига замин яратади. Бунинг натижасида қанот ҳимоячилари олдинга интилиб, вингерлар ўрнида тўп суришади. Мазкур ҳолатда узоқдан йўлланадиган узатмалар чоғида рақибнинг тўрт ҳимоячиси тўрт нафар ҳужумчини персонал тарзда қўриқлашга мажбур бўлишади.

Ҳисоб-китобга кўра, дастлаб дарвозабоннинг узоқдан йўллаган узатмасига биринчи етиб бориб, уни 1х1 вазиятда турганларга ташлаб бериш, сўнгра вужудга келадиган имкониятдан фойдаланиш талаб этилади. Агар ҳужумчи ҳимоячини ортда қолдирса, ё бўш ҳудудга чиқади ёки ёрдамга келиб, бўш ҳудудда турган шеригига пас бериш имкониятига эга бўлади.

Назарий жиҳатдан яхши режа, аммо уни амалга ошириш учун узоқ ишлашга тўғри келади. Хавфли зонада турган «Гамбург»нинг эса вақти кўп эмас - натижада бўш қолган футболчилар қайси ҳудудга очилишни тушуниб олишда қийналишади.

Бундай услубда биринчи навбатда нимага эътибор қаратиш керак?

1. Табиийки, дарвозабон оёқ билан яхши ўйнаши лозим - айнан шунинг учун Тиц асосий киперни алмаштирди. Поллерсбек бу борада Матениядан устунроқ кўринмоқда.

2. Дарвозабон-либеро оддий кипердан бардошлироқ бўлиши керак. Тез югуриш бўйича Поллерсбек майдондаги ўйинчилардан қолишмайди. Сўнгги ҳимоячи вазифасини бажарадиган дарвозабонда эса бошланғич тезлик юқори бўлиши шарт.

3. «Гамбург»нинг ҳар бир футболчиси тўпни олдириб қўйганда, кичик фол ишлатишга тайёр туриши даркор. Акс ҳолда, рақиб хавфли қарши ҳужум уюштириши ёки майдон марказидан дарвозани ишғол қилиши мумкин.

Мунтазам равишда шундай ўйнаш мумкинми?

Ушбу саволга жавоб топиш вазифаси, эҳтимол, Бундеслигада «жон» сақлаб қолишга интилаётган «Гамбург»га тавсия қилинадиган энг асосий юмушлардан биридир. Тиц тажрибани давом эттириш кераклигига ишонмоқда, Поллерсбек эса янги ролига кўникди.

«Мураббийнингғоясименитўлиққаноатлантирмоқда, ҳамишаўйинжараёнидабевоситақатнашадигандарвозабонбўлишниистаганман. Ўрганишдадавомэтаман, буўйинуслубинимукаммаллаштириб, шутариқауниидеалҳолатгакелтиришниятидаман», - дейди дарвозабон.

Аммо барибир, мунтазам равишда бундай ўйнаш имконсиз - чунки рақиблар ўз дарвозаларига хавф туғдирмаётган киперга прессинг уюштиришдан олдин вазиятни яхшилаб таҳлил қилишлари лозим. Аммо бу иш албатта бажарилади. Одатда, бундай услуб ютқазаётгани сабабли ҳар қандай таваккалга тайёр турган жамоаларга хос.

Жараённинг яна бир қизиқ жиҳати

Поллерсбек машғулотлар пайти «Гамбург» бош мураббийи ёрдамчиси Маттиас Кройцердан тез-тез кўрсатма олади: мутахассис дарвозабонга қандай ҳаракатланиш лозимлигини уқтиради.

Қизиғи, Кройцер киперлар мураббийи эмас, боз устига, юқори даражада футбол ўйнамаган. У 10 йил мобайнида «динозаврлар»нинг биринчи ва иккинчи жамоаларида таҳлилчи вазифасида ишлаган.

Эндиликда эса назарий ғояларини амалда қўлламоқда. Эътиборлиси, Тиц «Гамбург» учун ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур бўлган паллаларда ҳам Маттиасга тўлиқ ишонмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz