Қайднома

Қидирув

Роналду зўрми ёки Роналдо?

Роналду зўрми ёки Роналдо?

  23.04.2018 06:13
  0
  4825
Роналду зўрми ёки Роналдо?

MUTV томонидан ташкил этилган футбол ҳақидаги давра суҳбатига «МЮ»нинг турли даврлардаги 3 нафар ҳужумчиси таклиф этилди - Маркус Рашфорд (Англия терма жамоаси аъзоси), Дуайт Йорк (тринидадлик футболчи жамоа билан «требл»га эришган) ва Дэнни Уэббер (1998-2003 йилларда тўп сурган).

Меҳмонлар навбатма-навбат қора конвертларни олиб, улар ичидан чиққан саволларга жавоб қайтардилар.

Савол: - Барча даврлардаги ҳужумчилар орасидан кимни ўзингизга идеал шерик сифатида кўрсатасиз?

Уэббер: - Мен учун энг яхшиси - такрорланмас «тўққизлик» саналган Роналдо. У фаолиятини жуда барвақт якунлади, зеро, жароҳатлар кўпроқ ўйнашига имкон бермади. Роналдо маҳоратини сўз билан ифодалаш мумкин эмас. Чинакам буюк ҳужумчи намунаси!

Йорк: - Э-э, тўхта-тўхта, ўзи қайси Роналдони назарда тутяпсан...?

Уэббер: - Ўз давримиздаги бразилиялик ҳужумчини. Ахир сен ҳам унга қарши ўйнагансан-ку?

Йорк: - Тўғри, у бизни бир неча марта тириклайин «кўмган». Шубҳа йўқ, Роналдо - энг зўри. Ҳозиргача ўйинларини қайта-қайта томоша қилишдан сира зерикмайсан. Ҳа, «сўйлоқ» ҳамиша рақибларидан баланд келарди.

Уэббер: - Роналдо «Олд Траффорд»да 3та гол урган ўйинда ҳам майдонга тушган эдинг...

Йорк: - Ҳа, очиғи, ўша учрашувдан кейин бутун жамоа бўлиб, уни алоҳида олқишлагандик.

Уэббер: - Кийиниш хонасига олиб кирувчи йўлакда у шундоқ ёнимдан ўтиб кетганида, беихтиёр «Қойил», деб юборгандим.

Йорк: - Ваҳоланки, бу ўйин Роналдо фаолиятининг охирида бўлганди. Авваллари эса... «Барселона»да, ҳаттоки, «Интер»га ўтганидан кейин ҳам ҳар бир ўйинда фантастик даражада тўп сурарди. Ҳа, сен ажойиб шерик танладинг.

Бироқ мен Энди Коулни маъқул кўраман, барибир. Аслида чинакам юлдуз даражасидаги ҳужумчилар кўп. Лекин Энди билан ўзгача енгил ўйнардик. Дейлик, 3 йил ҳамкорликда тўп суриб, 3 бора чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганмиз.

Рашфорд: - Сизлар тилга олган футболчиларни фақат телевизор орқали кўришим мумкин эди. У пайт ёш болакай эдим. Кўриш бошқа, ёнма-ён тўп суриш бошқа. Мен учун энг зўр ҳужумчи - Уэйн Руни. У билан бирга ўйнаш... Бу ҳиссиётни ифодалаш қи-йин. Айнан Уэйн таъсирида кескин ўзгардим.

Савол: - Маркус Рашфорднинг энг яхши голи қайси?

Рашфорд: - Ҳм-м... Шахсан ўзимга Лондонда «Вест Хэм» дарвозасига урган голим кўпроқ ёқади. Ўта муросасиз баҳс ва чиройли гол.

Уэббер: - Бунга қўшиламан. Голни ён томондан томоша қилгандим. Олис бурчак томон йўлланган бетакрор зарба маҳсули!

Рашфорд: - Очиғи, ўша лаҳзада аниқ бир нуқтани мўлжалламагандим. Шунчаки, ички туйғуга ишондим, гол бўлишига шубҳа қилмадим. «Сити»га қарши дербидаги голни ҳам шундай изоҳлайман. Сезгим панд бермаганини кўргач, ажойиб роҳатни туйдим. Бетакрор лаззат!

Йорк: - Умуман, ички туйғуга таяниш - ҳужумчи учун муҳим фазилат. У аввало, ўзига ишониши шарт. «Мен бунга қодирман, қўлимдан келади» қабилида ишонч билан зарба йўллаш керак. Умуман, Маркуснинг ҳиссиётлари менга таниш. Бироқ бошқа ҳиссиётни кўпроқ қадрлайман - керакли пайт керакли жойда ҳозир бўлиш ва воқеалар ривожини олдиндан ҳис этишни.

Мисол учун, Рашфорднинг Англия терма жамоаси ўйинида урган голини таъкидлашим мумкин. Тўғри, қайси жамоа дарвозасини ишғол этгани ёдимда эмас. Лекин жарима майдони ташқарисидан чиройли зарба йўллагани эсимдан чиқмайди. Тан олайлик, олис масофадан урилган голнинг гашти ўзгача.

Уэббер: - Ваҳоланки, Маркус ҳали ўз фазилатларини тўлалигича намойиш этгани йўқ. Унинг учун ўрганиши лозим жиҳатлар кўп.

Йорк: - Тўғри, муҳими, сабоқ олишда давом этмоқда. Маркус, агар сенинг ўрнингда бўлганимда, нималар қила олишимни унутмаслик учун голлар коллекциясини тўплардим. Сир эмаски, ҳар қандай футболчи пасайиш даврига юз тутиши мумкин.

Масалан, ҳужумчиларда «қуруқ» ўйинлар серияси кузатилади. Шундай вақтда олдин урган голларинг ёзувини кўрсанг, кайфиятинг ўз-ўзидан кўтарилади, миянгда ижобий фикр чарх уради: «Ахир бу голларни ўзим урганман-ку, нега яна шундай қилолмас эканман?»

Савол: - Қайси Роналдо кучли?

Рашфорд: - Эҳтирослар нуқтаи-назаридан олганда, Криштиануга яқинроқман. У Руни билан ёнма-ён ўйнаган пайтдаёқ юксак савияни намойиш этганди. Қолган футболчилар шу жуфтликдан ўрнак олишарди.

Авваллари ҳужумчилар асосан 9-рақам остида ўйнашни орзу қилишарди. Лекин Роналду туфайли «7»нинг обрўси жуда ошиб кетди. Бундай ўйинчи бутун бир авлод учун ягона ҳисобланади.

Уэббер: - Бунга жавобни биринчи савол хусусидаги фикримда баён этдим ва яна нимадир дейишимга ҳожат йўқ.

Йорк: - Рашфордни тушуниш керак - голлар ва совринлар сони бўйича Криштиану билан биргина Месси баҳслаша олади. Аммо биз каби фахрий футболчиларга бразилиялик Роналдо яқинроқ. Уни «Биринчи Роналдо» қабилида тилга олишимиз ҳам бежиз эмас.

Уэббер: - Ҳа, шундай! Роналдо ҳар қандай жамоани тиз чўктира оларди.

Савол: - Катта маблағ эвазига тайёр футболчи харид қилиш яхшими ёки академия тарбияланувчиларига таяниш?

Уэббер: - Шахсий фикримча, ранг-баранглик муҳим. Дейлик, Йорк асосан машҳур академия тарбияланувчиларидан тузилган таркиб ўйинига тезда муаммосиз киришиб кетганди. Бу намунавий мисол.

Йорк: - Футболда мувозанат жуда муҳим. Тушунарлики, академиянинг аҳамияти катта. Шунинг баробарида клуб муваффақиятида нуфузли юлдузлар ҳам беқиёс ўринга эгалар.

Улар аввало, ёшларга мактаб вазифасини ўтайдилар. Масалан, Эрик Кантона бу вазифани аъло даражада уддалаган. Демак, унга сарфланган маблағ зое кетмаган. Қолаверса, «МЮ» - халқаро бренд. Буни унутмаслик керак.

Рашфорд: - Англия клубларига дунёнинг турли бурчакларидан ёш иқтидор соҳиблари сувдек оқиб келишмоқда. Бу тўғри йўл эмас, менимча. Тажрибали юлдузларнинг келишлари эса жуда фойдали. Чунки улар турли услубларни намойиш этиб, ёш футболчиларга кўп нарсаларни ўргатадилар.

 Савол: - Сизга қарши тўп сурган энг қўпол ҳимоячи ким?

Йорк: - Ҳозирги ҳимоячилар аввалгидек қўпол эмаслар, уларга қарши ўйнаш анча осон. Ҳар ҳолда, бизнинг даврда ҳимоячилар чиндан ҳам, ўта қўпол ва шафқатсиз ўйнашарди. Тони Адамс, Сол Кэмпбелл, Мартин Киоун, Колин Хендри...

Ҳаттоки, йўталиш учун ҳам улардан изн сўраш талаб этиларди. Ҳозирчи? Ҳимоячи рақибини туртишга ҳам қўрқади. Мен ҳеч қачон ўз олдимга топ-ҳимоячидан устун келиш вазифасини қўйган эмасман. Бу нотўғри. Шундай мақсад билан майдонга тушган ўйинчи албатта, енгилади.

Шунчаки, савияли ҳимоячиларни алдаб ўтишга интилардим. Тўғри, «Арсенал»га қарши баҳсларда Адамс ва Киоунни четлаб ўтишга ҳаракат қилардим. Чунки улар тўпни тортиб олишда беназир эдилар.

Рашфорд: - Менга турли усуллар билан ҳимояланадиган ўйинчилар кўпроқ муаммо туғдиришади. Масалан, Жон Стоунз. У ўйлашга ҳам имкон бермайди - тўпни олдингми, ўша заҳоти зарба йўллашинг шарт, акс ҳолда...

Уэббер: - Яп Стам ўтиб бўлмас тўсиқдек туюларди. Ўзиб кетишни ўйласанг, тезлиги жуда юқори, қисиб қўйишни ўйласанг, ўта бақувват. Кўп ҳолларда тўпни жамоадошимга ошириб, кейин қулайроқ позицияга чиқиш учун унинг ёнидан бемалол ўтиб кетардим...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz