Қайднома

Қидирув

«Шаҳар»да катта байрам ёхуд «Ман Сити» футболчилари ва мураббийга баҳо бериш вақти

«Шаҳар»да катта байрам ёхуд «Ман Сити» футболчилари ва мураббийга баҳо бериш вақти

  23.04.2018 06:47
  0
  1595
«Шаҳар»да катта байрам ёхуд «Ман Сити» футболчилари ва мураббийга баҳо бериш вақти

«Манчестер Сити» муддатидан аввал Англия чемпионлигини қўлга киритди. Шундай экан, олтин медалларни қўлга киритган футболчилар ва мураббийга баҳо бериш вақти етди.

Дарвозабонлар: Клаудио Браво, Эдерсон

Мавсум Эдерсон учун яхши ўтди, десак бўлади. У 33та ўйинда 25 тўп ўтказиб юборди. Чилилик Клаудио Браво эса мавсум давомида бир марта майдонга тушди, холос.

У ҳам бўлса, 45 дақиқага. Сентябрда «Ливерпул»га (5:0) қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида Гвардиола унга имконият берганди. Ўшанда ҳисоб 1:0 бўлиб турганди ва Бравога айтарли иш топилмаган.

Ҳимоячилар: Фабиан Делф, Николас Отаменди, Кайл Уокер, Александр Зинченко, Венсан Компани, Эмерик Ляпорт, Жон Стоунз, Данило, Бенжамен Менди.

Ёзда «Манчестер Сити» ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш учун деярли 140 миллион евро сарфлади. Бу пулларга Менди (57,5 млн. - «Монако»), Уокер (51 млн. - «Тоттенхэм») ва Данило (30 млн. - «Реал») харид қилинди. Қишки трансферлар бозори пайтида эса 200 миллионлик марра забт этилди.

Чунки «Атлетик»дан Ляпортни 65 миллион евро эвазига сотиб олинди. Умуман олганда, ҳарид қилинганлардан фақатгина Уокер тўлиқ ишончни оқлади, дейишимиз мумкин. У ўнг қанот ҳимоясида тенгсиз бўлди.

Чап қанотда эса мавсум давомида муаммолар кўзга ташланиб турди. Дастлабки учрашувларни ажойиб тарзда ўтказган Менди сентябрь ойи-даёқ тиззасидан жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди. У эндигина жароҳатидан фориғ бўлди ва шу кунларда майдонга тушади.

Унинг йўқлигида Делф ўзини кўрсатди. Лекин у ҳам кўп вазиятларда рақибларни ўтказиб юборди. Бундай ҳолатда унинг ўрнини Зинченко босди. Умуман олганда, украиналик футболчининг ўйинларига Британия матбуоти юқори баҳо берди. Агар келгуси мавсумда Гвардиола ўрта чизиққа олмаса, чап қанот уч футболчига торлик қилиши мумкин.

Матбуотда марказий ҳимоячи Отамендини биринчи пас беришда сусткашликка йўл қўйи-ши учун кўп танқид қилишади. Ваҳоланки, Гвардиола жамоасида «тики-така»га уста ҳимоячилар жуда муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, Компани ҳам мавсумни юқори савияда ўтказди. Ляпорт қишда келгани учун ҳам ҳозирча ўзини кўрсата олмади. Стоунз иқтидорли бўлсада, барқарорликка эришолмаяпти.

Ярим ҳимоячилар: Кевин Де Брюйне, Раҳим Стерлинг, Давид Сильва, Лерой Сане, Фернандиньо, Бернардо Силва, Илкай Гюндоган, Яя Туре, Браим Диас.

«Сити»нинг ўйини марказий чизиқда тўпни назорат қилишга асосланган. Бу борада Гвардиола қўл остида Де Брюйне, Стерлинг, Сане, Давид Сильва каби юқори савиядаги ижрочилар бор.

Илкай Гюндоган ва Бернардо Силвалар ҳафа бўлишмасину, уларнинг чемпионликдаги ҳизматлари юқоридаги футболчиларникидек кўп эмас. Шунингдек, иккиси бир бўлиб 10та ўйинда захирадан майдонга тушган Яя Туре ва Браим Диаслар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

«Шаҳарликлар» таркибидаги энг яхши ўйинчи, шубҳасиз Де Брюйне бўлди. Шу билан бирга у АПЛнинг энг яхши ассистентига айланди. Сане ва Стерлинг биргаликда гол+пас тизими бўйича 46 очко ишлашга муваффақ бўлишди.

32 ёшли Давид Сильва ҳам керагича ўз ҳиссасини қўшди. Унинг тенгқури бўлган Фернандиньо эса майдон марказини «бетонлаб» ташлади.

Ҳужумчилар: Серхио Агуэро, Габриэл Жезус.

Гвардиолада ҳужумчилар борасида имконият пастлиги шундай кўриниб турибди. Яхшиямки, Агуэро ажойиб мавсумни ўтказмоқда ва ҳар 93,8 дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилмоқда. Аммо мавсум давомида ёлғиз 50та ўйин ўтказиш осонмас.

Шериги эса кўп эмас. Пеп Жезусга ишонади, у ҳам ишончни оқламоқда. Лекин аргентиналик билан бир сафда туриш учун бу камлик қилади. Балки «шаҳарликлар» Серхиони ёлғизлатиб қўймаслик учун ёзда бирор-бир супертрансферни амалга оширишар?

Мураббий: Хосеп Гвардиола.

«Манчестер Сити» ўз тарихида бешинчи бор Англия чемпиони бўлди. Албатта, бунда Хосеп Гвардиоланинг хизматлари беқиёс. Унинг қўл остида жамоа чиройли ўйин намойиш қилиш билан бирга қатор рекордларни ҳам қайд этди.

* Барча турнирларда қаторасига 15та ғалаба қозонилди. Бу клуб рекордидир ва Гвардиола шогирдлари мазкур натижани 2017 йилнинг ноябрида қайд этишди.

* Сафар ўйинларидаги қаторасига 11та ғалаба. Бу рекорд ҳам ўтган йилнинг ноябрида ўрнатилди. Бунга қадар Англиянинг бирор-бир жамоаси сафар ўйинларида қаторасига бунчалик кўп ғалабага эришмаганди.

* 17 турдан сўнг 49 очко - АПЛ тарихидаги энг яхши старт. «Манчестер Сити» декабрь ойида бу рекордни забт этди. 57 йил олдин «Тоттенхэм» шундай натижа қайд этганди.

* АПЛда қаторасига 18та ғалаба. «Манчестер Сити» «Арсенал»нинг 2002 йилда ўрнатган рекордини янгилади. Ўшанда Арсен Венгер жамоаси қаторасига 14та ўйинда зафар қучганди.

* Гвардиола қаторасига тўрт ой АПЛнинг энг яхши мураббийи бўлди. Испаниялик мутахассис сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида тенгсиз деб топилди. Бунга қадар Антонио Конте («Челси») қаторасига уч марта энг яхши бўлиб, рекорд қайд этганди. Айтганча, Гвардиола Англия чемпионлигини қўлга киритган дастлабки испаниялик мутахассисдир.

* 63 йилдан буён «Манчестер Сити» чемпионат давомида «Арсенал», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»ни сафарда мағлуб эта олмасди. Гвардиола жамоаси жорий мавсумда 1954-1955 йиллар мавсумидаги муваффақиятни такрорлади.

* 29-турдан ўрин олган «Челси»га қарши учрашувда Илкай Гюндоган 174 марта тўп узатди. Шу тариқа у Англия чемпионати рекордини ўрнатди. Бундан олдинги рекорд унинг жамоадоши Яя Турега тегишли эди. У 2011 йили «Сток Сити»га қарши учрашувда 168 марта тўп узатган.

* Ўтган йилнинг ноябрь ойида 178-голини урган Серхио Агуэро жамоа тарихидаги энг кўп тўп киритган футболчига айланганди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz