Қайднома

Қидирув

Суперлига 7-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Суперлига 7-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

  23.04.2018 15:13
  0
  648
Суперлига 7-тур: фактлар, қаҳрамонлар, иқтибослар ва бошқа турли кўрсатгичлар

Суперлига баҳсларида ҳам «гол ёмғири бошландими? Ҳар ҳолда, 7-турда самарадорлик «нота»си энг юқори авжига чиқди - 17та гол. Хусусан, биринчи кунги 2та ўйинда мухлислар нақ 11та гол кўришди.

Шунингдек, Суперлиганинг энг йирик ҳисобли ғалабасию, яна бир чиройли «камбэк» кузатилди. Кейин Наманганда одатий «аншлаг» бўлди, эртасига «Локомотив» 5та турга чўзилган ғалабасиз сериясига нуқта қўйди.

1-КУН: ГОЛ КЕРАКМИ, ОЛИНГ...

«Металлург» - «Пахтакор» ўйинида мезбон жамоа жорий мавсум ҳисобидан ўз майдонида илк марта енгилди - 0:5. Ким шундай натижа кутганди? Андрей Шипилов ҳақ - «шерлар» шу куни дарҳақиқат, Шота Арвеладзе бошқарувидаги энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатишди.

Тўғри, бунда «Металлург» сафида «Пахтакор»дан ижара асосида олинган футболчиларнинг майдонга тушишмагани улуши катта. Қисқаси, мезбон жамоанинг асосан захирада ўтириб келган футболчилари бир-бирларини тушуниб олгунларича меҳмонлар ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўйишди.

Хусусан, бунгача фақат пенальти орқали гол урган Исмоил Гонсалвеш ўйин ҳолатидан ҳам дарвозани ишғол эта олишини исботлади. Энг қизиғи, португалиялик легионер бу сафар ҳам 11 метрлик жарима зарбаси тепди. Яъни 74-дақиқада «дубл»ни расмийлаштирди. «Пахтакор»нинг қолган 3та голи Дилшод Раҳматуллаев, Жалолиддин Машарипов ҳамда Жасур Яхшибоев номига ёзилди.

Умуман, Шота Арвеладзе дружинаси Суперлиганинг битта ўйинида рақиб дарвозасига 5 марта йўл топган биринчи жамоа бўлди.
Пайшанба куни соат 20:00да бошланган иккинчи ўйинда биринчисига нисбатан 1та кўп гол урилди. Сценарий ҳам мутлақо бошқача, 59-дақиқагача меҳмон жамоа - АГМК 2та тўп фарқи билан олдинда бораётганди.

Айтиш жоиз, бунда «Бухоро» кипери Асилбек Омоновнинг ҳиссаси катта бўлди. У аввалига тўпни қайтаришда хатога йўл қўйди - автогол,  кейин Зафар Полвоновга нисбатан қўполлик ишлатди - пенальти.

Хуллас, 59-дақиқага келиб, Сергей Русецкий ҳисобни қисқартиргач, ҳаммаси буткул ўзгариб кетди. Яъни кўп ўтмай, Баҳодир Насимов мувозанатни тиклади, охирги 10 дақиқаликда эса туркманистонлик Арсланмурат Аманов катта саҳнага кўтарилди.

У Жавоҳир Қаҳрамонов узатмасидан сўнг урган голи ва қойилмақом жарима зарбаси билан Улуғбек Бақоев жамоасига чиройли «камбэк» тақдим этди - 4:2. Шу жойда битта қизиқарли факт: АГМКнинг сербиялик ярим ҳимоячиси Йован Жокич «Пахтакор»даги Исмоил Гонсалвеш билан пенальтидан гол уриш бўйича мусобақалашяпти, гўё.

Ҳозирча ҳисоб тенг - 4:4. Тўғри, Жокич 4та имкониятдан 4та гол урди, Гонсалвеш эса 6та уринишнинг 2тасида омадсизликка учради.

2-КУН - КУТИЛГАН «АНШЛАГ»

Намангандаги «Марказий» стадиони кутилганидек, яна ҳақиқий «аншлаг» саҳнасига айланди. Биринчидан, ўйин арафасида муҳтарам Президентимиз томонидан наманганлик мухлисларга ҳурмат ифодаси ўрнида туҳфа этилган 22 минг дона футболка мухлисларга бепул тарқатилди.

Иккинчидан, «Навбаҳор» шу куни пеш-қадам - «Бунёдкор» билан куч синашди. Учрашув қаторасига иккинчи мавсум ўз майдонида мағлубиятсиз одимлаётган Илҳом Мўминжонов жамоаси учун омадсиз бошланди - 13-дақиқада Мурод Тошматовнинг бурчакдан оширган тўпини Рустам Ашурматов мезбонлар дарвозасига аниқ йўллади.

Гарчи натижа салбий бўлсада, мухлислар майдон эгаларини тинмай олдинга чорлашди ва «лочинлар» 58-дақиқага келиб, уларни мукофотлашди. Бу вазиятда сербиялик ҳужумчи Ненад Иньяц рақиб дарвозасини нишонга олди.

«Навбаҳорчилар» шу билан кифояланишмади, хусусан, захирадан майдонга тушган Сардор Сулаймонов фаоллик даражасини анча оширди. Ўйиннинг энг кульминацион нуқтаси ҳакам томонидан қўшиб берилган 4 дақиқа поёнига етаётган паллага тўғри келди - жарима зарбаси, Азиз Турғунбоев узатмаси, Жаҳонгир Меҳмоновнинг аниқ ҳаракати ва 2:1.

Хуллас, боши билан гол урган ҳимоячи «Навба-ҳор»га 3та ўйин (кубок учрашувини ҳисобга олсак, 4та)дан кейин яна ғалаба тортиқ этди. «Бунёдкор» эса Суперлигада илк бора мағлубиятга йўлиқди.

Навоийда бўлиб ўтган учрашув тақдирини 5-дақиқада грузиялик Георги Квесиешвили томонидан урилган ягона гол ҳал қилди. Айтиш ўринли, «Қизилқум» охирги 4 йил бадалига «Нефтчи»ни биринчи марта мағлубиятга учратди.

Қолаверса, Навоий клуби жорий мавсум ҳисобидан биринчи марта ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бу шунингдек, Ҳамиджон Актамов шогирдлари учун Навоийда қўлга киритилган илк ғалабадир.

«Нефтчи»га келсак, ўйин бобида рақибидан қолишмаган водий клуби қаторасига 5-марта майдонни боши эгик ҳолда тарк этди. Умуман, фарғоналиклар статистикасига ҳавас қилиб бўлмайди: ғалаба - йўқ, очко - 2та, тўплар нисбати - 1:9.

3-КУН: ХУШҚАДАМ ФЁДОРОВ

Шанба куни ОЧЛ ташвишидан қутулган икки жамоа майдонга тушди. 10 очко билан ҳам «плей-офф»га чиқолмаган «Насаф» водийда «Қўқон-1912» меҳмони бўлиб ортга дуранг натижа билан қайтди. Айтиш ўринли, Рўзиқул Бердиев жамоаси Суперлигада мағлубият кўчасига кирмаган ягона иштирокчи бўлиб турибди.

Ўйин воқеаларига тўхталсак, мезбонлар ҳужумкор футболга таянишди, бироқ хотиржам ўйнаб, қарши юришлардан фойдаланишга уринган «Насаф» гол уришга яқинроқ келди.

Мисол учун, 87-дақиқада Нўъмон Ҳасанов шогирдларини дарвоза устуни голдан қутқариб қолди. Хуллас, Қўқонда аренага йиғилган 11 мингдан кўп мухлис 0:0 ҳисобига гувоҳ бўлди.

«Локомотив» эса Андрей Фёдоровнинг вақтинча бош мураббий сифатидаги дебютида «Сўғдиёна»ни икки бўлимда урилган 1тадан гол эвазига маҳв этди - 2:0. Ҳа, бошқарув тизимидаги ўзгариш ижобий таъсир қилдими ёки бошқа сабаб, «темирйўлчилар» 5та ўйинлик ғалабасиз серияга ниҳоят, чек қўйишди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - АРСЛАНМУРАТ АМАНОВ

Туркманистонлик футболчи Улуғбек Бақоев назарига бежиз тушмаганини амалда голлари билан ҳам исботлашга киришди. Унинг «Бухоро» - АГМК ўйинининг 81ва 88-дақиқаларидаги самарали ҳаракатлари 15 мингдан кўп мухлисни ўз бағрига олган стадионни «портлатиб» юборди, гўё.

Ҳа, «Навбаҳор» - «Бунёдкор» учрашувининг сўнгги лаҳзаларида Жаҳонгир Меҳмонов мезбонларга ғалаба тақдим этиб, Наманганда бунда-да кучлироқ «портлаш» эффектини юзага келтирди. Аммо биз «Бухоро» вакилининг «дубл»га эришганини инобатга олиб, уни тур қаҳрамони сифатида тан олдик.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳа, бугун биздан ижара асосида олинган футболчиларнинг майдонга тушишмагани «Металлург»га қийинчилик туғдиргани рост. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Афсуски, бахтимизгами ёки бахтсизлигимизга, «Пахтакор» бугун Шота Юстинович бошқарувидаги энг яхши ўйинини намойиш этди. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради - 30 дақиқа оралиғида 2та гол уриб, ҳисобда олдинга чиқиб оласан, якунда қарасанг, рақиб бунга 4та жавоб берган... Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи).

- Тўғриси, бундай якунни ўзим ҳам кутмагандим. Яъни иккинчи бўлимда нималар рўй берганини тушунолмай қолдим. Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).

- Менимча, ҳаттоки, Бразилия термаси ҳам «Навбаҳор»га қарши сафарда ўйнаса, анча қийналади. Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Шогирдларим ниҳоят, учрашув охиригача ўйнаш кераклигини тушуниб етишди. Яъни Жиззахдаги аламли мағлубиятдан сўнг икки эмас, уч бўлим ўйнаш кераклигини англашди. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи).

- Афсуски, битта хатомиз қимматга тушди. Ўйин бобида ютқазмадик, аммо ҳисоб... Абдумалик Ҳакимов («Нефтчи» мураббийи).

- Ҳеч кимни алмаштиришга кўзим қиймади. Дарко Гожковични олдинга сурганимиз сабаби оддий - гол уришни истадик... Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Мабодо комиссарнинг қариндоши эмасмисан (Нуруллоевга қарата), умуман ўйнай олмадинг-ку. Ўйиннинг энг ёмон футболчиси бўлдинг. Айниқса, биринчи бўлимда. Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).

«МЕТАЛЛУРГ» - «ПАХТАКОР» - 0:5 (0:2)

19 апрель. Бекобод. «Марказий» стадион. 8150 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), С.Еремеев (Тошкент), Б.Шавкатов (Тошкент).

Голлар: И.Гонсалвеш (25, 74-пен.), Д.Раҳматуллаев (31), Ж.Машарипов (80), Ж.Яхшибоев (89).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 8. Ш.Шайманов, 10. И.Исоқжонов (14. А.Тошқўзиев, 84), 16. Ж.Ҳасанов, 20. Д.Эрматов, 37. Ш.Файзиев, 77. М.Исаев (30. А.Шипилов, 84), 88. А.Ҳусинов, 90. З.Тўраев (15. З.Абдуллаев, 66), 91. П.Смоляченко, 99. П.Пуришкин.

«Пахтакор»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. Ш.Аъзамов, 7. А.Аҳмедов, 8. Д.Раҳматуллаев (28. С.Андреев, 86), 9. Ж.Машарипов (22. Ж.Яхшибоев, 86), 11. И.Гонсалвеш, 18. Б.Абдураҳимов (10. Ж.Искандеров, 79), 29. В.Козак, 55. М.Симич, 77. Т.Безерра.

Огоҳлантиришлар: Ш.Файзиев (33), Д.Эрматов (48), И.Исоқжонов (74) - Т.Безерра (26), А.Шораҳмедов (34), Э.Суюнов (65).

Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Ўзи-миз хоҳлаган чиройли ва ҳужумкор футбол намойиш этдик. Хусусан, кўплаб вазиятлар юзага келтириб, улардан унумли фойдаландик. Айнан шу жиҳат йирик ҳисобда ғалаба қозонишимизни таъминлади.

Умуман, ўзимиз мўлжаллаган савияни кўрсатишга уриндик. Йигитлардан миннатдорман. «Металлург» - яхши жамоа. Ўйлайманки, бекободликлар исталган рақибга жиддий муаммо тақдим этишади. Ҳа, бугун биздан ижара асосида олинган футболчиларнинг майдонга тушишмагани рақибга қийинчилик туғдиргани рост. Қисқаси, бу жамоа кучли жиҳатлари кўплигини ҳали исботлайди.

Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Жуда аламли мағлубият. Ўйин бой берилдими, биринчи айбдор - мураббий, шубҳасиз. Бутун масъулиятни зиммамга олиб, асосий хато менда эканлигини тан оламан. Бирор футболчига эътироз билдиролмайман. Улар қўлларидан келганини қилишди, бор маҳоратларини ишга солишди.

Дейлик, кетма-кет голлар қўйиб юборганимизга қарамай, курашни давом эттиришди, бироқ бугун «Пахтакор»ни тўхтатиш иложсиз эди. Аслида ўйинга жиддий ҳозирландик, Биз рақибнинг жорий йилги барча учрашувларини ўрганиб, таҳлил қилдик.

Афсуски, бахтимизгами ёки бахт-сизлигимизга, «Пахтакор» бугун Шота Юстинович бошқарувидаги энг яхши ўйинини намойиш этди. Начора, мухлисларимиздан мағлубият учун узр сўраган ҳолда, кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз.

Тез орада уларни яна қувонтиришимизга ишонаман. Ҳозир энг қийини - футболчиларни ушбу қақшатқич зарба таъсиридан олиб чиқиш. Яъни руҳий тушкунликдан тезроқ қутулишимиз керак. Ўйлайманки, мураббийлар штаби бу вазифани бажаришга қодир.

-------------------------------------------------------------------------

«БУХОРО» - АГМК - 4:2 (0:1)

19 апрель. Бухоро. «Бухоро» стадиони. 15525 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), А.Цапенко (Тошкент вил.), Т.Гайнуллин (Тошкент).

Голлар: С.Русецкий (59), Б.Насимов (76),  А.Аманов (81, 88) - А.Омонов (27-авт.), Й.Жокич (55-пен.).

«Бухоро»: 30. А.Омонов, 7. А.Аманов, 8. С.Қутибоев (19. А.Жўраев, 80), 10. Ш.Саломов, 11. С.Шихов, 14. Б.Насимов, 16. А.Филипосян, 18. Ш.Муллажонов, 22. Ш.Эркинов (86. А.Ибрагимов, 55), 28. Э.Исмоилов (77. Ж.Қаҳрамонов, 68), 89. С.Русецкий.

АГМК: 33. П.Матяш, 2. А.Ҳожиакбаров, 4. Х.Мухторов, 9. З.Полвонов, 13. Л.Тўраев (5. Д.Жўраев, 46), 15. В.Бубанья, 18. Қ.Баҳодиров (10. Ш.Норбеков, 57; 17.  К.Мурзоев, 88), 21. Ғ.Ғуломов, 23. Й.Жокич, 24. Ж.Гусейнов, 77. О.Зокиров.

Огоҳлантиришлар: Ш.Саломов (36), Ш.Муллажонов (36), А.Омонов (55) - Ғ.Ғуломов (36).

Четлатиш: Ғ.Ғуломов (77, А).

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: Б.Орипов.

Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи): - Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради - 30 дақиқа оралиғида 2та гол уриб, ҳисобда олдинга чиқиб оласан, якунда қарасанг, рақиб бунга 4та жавоб берган... Очиғи, ҳозир бирор фикр билдиришим қийин. Факт шуки, ҳаммаси ўз қўлимизда эди ва ғалаба қозонишимиз мумкин эди.

Аммо жамоамизда руҳий муаммо борлиги сезилиб қолди. Рақиб деярли бир хил услуб - тўпни қанотдан жарима майдончасига ҳаволатиб узатиш орқали голлар уриб, 3 очкони илиб кетди. Мезбонлар айниқса, 60-дақиқадан кейин жуда фаоллашишди. Ғалаба қозонишдими, демак, яхши ўйнашди. Футболда энг муҳими натижа-ку.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Аввало, мухлисларга чиройли қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат. Йигитлардан ҳам миннатдорман - улар сира бўш келишмади, руҳан чўкишмади ва ғалабага ишониб, охиригача курашишди. Бу ўйиндан олдин кубок турнирида «Қизилқум»га 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйгандик.

Ўша омадсизлик шогирдларимга салбий таъсир ўтказди, албатта. Муҳими, улар бугун бир ёқадан бош чиқариб, ғалаба учун курашишди. Тўғриси, бундай якунни ўзим ҳам кутмагандим. Яъни иккинчи бўлимда нималар рўй берганини тушунолмай қолдим (кулади)

Арсланмурат Аманов («Бухоро» ярим ҳимоячиси): - Мухлисларга раҳмат, уларнинг шундай далдаларига жавобан ғалаба қозонмасак бўлмасди. Ҳа, дастлабки 2та голдан сўнг ўзимизни бироз йўқотиб қўйдик. Асосийси, зарур паллаларда голлар уриб, қийин вазиятдан чиқиб кетдик.

------------------------------------------------------------------------

«НАВБАҲОР» - «БУНЁДКОР» - 2:1 (0:1)

20 апрель. Наманган. «Марказий» стадиони. 21600 томошабин.  

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент).

Голлар: Н.Иньяц (58), Ж.Меҳмонов (90+4) - Р.Ашурматов (13).

«Навбаҳор»: 1. Б.Эргашев, 6. О.Ўрунов, 8. А.Нўъмонов (17. С.Сулаймонов, 57), 10. А.Турғунбоев, 12. Н.Иньяц (23. Б.Содиллаев, 89),19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 24. Д.Ҳошимов, 32. Ж.Меҳмонов, 33. Т.Пайович (11. З.Пиримов, 46), 44. Д.Станоевич.

«Бунёдкор»: 32. С.Султонов, 2. Р.Ашурматов (3. И.Қобилов, 41), 4. А.Комилов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов (99. Ф.Райевац, 78), 11. М.Тошматов, 18. С.Собирхўжаев, 20. М.Сулаймонов, 30. Х.Ғиёсов, 44. М.Қосимов (28. Д.Умиров, 64).

Огоҳлантиришлар: О.Ўрунов (48), Н.Иньяц (59), М.Ғофуров (63), Ж.Меҳмонов (79) - А.Комилов (33),  М.Сулаймонов (70), Ф.Райевац (90+4), А.Ғофуров (ўйиндан сўнг).

Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент).

Комиссар: М.Саидқосимов.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Жуда чиройли ўйин. Менимча, ҳаттоки, Бразилия термаси ҳам «Навбаҳор»га қарши сафарда ўйнаса, анча қийналади. Аммо бугун шогирдларим мағлубиятга муносиб ўйин кўрсатишмади. Улар жуда фаол ҳаракатланишди.

Ҳаёт давом этади. Жамоамизни айнан шундай ўйинлар янада кучли қилади. «Навбаҳор»нинг 12-футболчиси - мухлислари жуда кучли. Улар рақибга катта босим ўтказишдан сира чарчамайдилар. Футбол шуниси билан қизиқ. Ўйин охирида бироз бўшашдик, ваҳоланки, ҳакам ҳуштак чалмагунича тўхтаб қолиш керак эмас.

Мағлубиятни Рустам Ашурматовнинг жароҳатлангани билан боғлаш ноўрин. Зеро, унинг ўрнига тушган Ислом Қобилов ҳам яхши ўйнади. Фақат, ҳакам қанча дақиқа қўшиб берса, шунча ўйнаш керак. Ҳар бир баҳсдан олдин рақиб ўйинини таҳлил қиламиз.

Хусусан, «Навбаҳор»нинг кучли томонларини ҳам билардик: бу клуб футболчилари «иккинчи қават»да фаол ҳаракатланишади, узун «пас»ларга таянишади.

Турғунбоев, Ўрунов ва Алиев каби ярим ҳимоячилар жуда тезкор. Стандарт вазиятларда эса 3 нафар легионер самарали ҳаракат қилади. Бизда аксинча, бақувват ва бўйдор футболчилар йўқ.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Шогирдларим ниҳоят, учрашув охиригача ўйнаш кераклигини тушуниб етишди. Яъни Жиззахдаги аламли мағлубиятдан сўнг икки эмас, уч бўлим ўйнаш кераклигини англашди. Муҳими, кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди.

Ўйлайманки, бугунги ғалаба ўша мағлубият аламини ювиб юборди. Ненад Иньяцнинг тезлиги паст эмас. У майдонда рақибларга катта босим ўтказади. Бироқ футболни тушунмайдиган айрим мутахассислар уни танқид қилишганди. Мана, Иньяц бугун ўз маҳоратини намо-йиш этди.

У «Локомотив»га қарши кечган баҳсда ҳам чакки кўринмаганди. Таркибни рақибга қараб тузамиз. Масалан, Меҳмонов олдинги ўйинларда майдонга тушмаганди. Бугун эса асосий таркибда тўп сурди ва гол урди.

Дилшод Жабборов эса бугунги баҳс тактикасига тўғри келмади ва шу боис, майдонга тушмади. Умуман, ўзим йиққан таркиб билан фахрланаман. Насиб қилса, иккинчи даврани ҳам шу футболчилар билан ўтказамиз.

Азизбек Турғунбоев («Навбаҳор» ярим ҳимоячиси): - Бизга ғалаба сув ва ҳаво каби зарур эди. Жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга катта раҳмат. Футболга кириб келишимга отам сабабчи бўлганлар. Биринчи мураббийларим - Илҳом Абдуқодиров ва Хуршид Йўлдошев.

Наманган шаҳридаги 15-сонли футбол мактаб-интернатида ўқиганман. Ненадга келсак, у кўплаб топ-клубларда ўйнаган тажрибали ҳужумчи ҳисобланади. Сербиялик ҳужумчи билан бирга тўп суриш менга қийинчилик туғдирмаяпти.

--------------------------------------------------------------------------

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НЕФТЧИ» - 1:0 (1:0)

20 апрель. Навоий. «Ёшлар» СМ стадиони. 11450 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), А.Снетков (Янгийўл), С.Улфатов (Тошкент вил.).

Гол: Г.Квесиешвили (5).

«Қизилқум»: 77. Е.Черемисин, 4. Э.Бойдуллаев, 5. Г.Квесиешвили, 10. А.Саноев (44. М.Қосимов, 59), 11. Д.Усмонов (30. Э.Григалашвили, 79), 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 21. М.Убайдуллаев, 23. Ш.Жўраев, 70. А.Сидоров (18. С.Шодмонов, 46),  84. Н.Йованович.

«Нефтчи»: 1. А.Абдужалилов, 3. Ш.Пўлатов, 4. С.Эрматов, 8. А.Махситалиев, 9. А.Юсупов (10. А.Бердиев, 78), 14. А.Исмоилов, 19. А.Ўлмасалиев, 20. Ҳ.Ғофуров, 22. А.Исроилов, 23. А.Абдулҳақов (7. М.Бобожонов, 61), 55. А.Агалиев.

Огоҳлантиришлар: М.Убайдуллаев (10), А.Сидоров (41) - А.Абдулҳақов (18), Ш.Пўлатов (25), Ҳ.Ғофуров (90+2).

Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Абдумалик Ҳакимов («Нефтчи» мураббийи):  -Аввало, «Қизилқум»ни ғалаба билан табриклайман. Олдиндан айтиб ўтмоқчиман, жамоамиз бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров бетоблиги боис, бугунги ўйинга келолмади. Табиийки, ғалаба кўзлаб, рақибни ҳар томонлама ўрганган эдик. Афсуски, битта хатомиз қимматга тушди. Ўйин бобида ютқазмадик, аммо ҳисоб...

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Бугун 3 очко олишимиз шарт эди. Қийинчилик билан бўлсада, мақсадга эришдик. Икки жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Тўғри, «Нефтчи» меҳмонда тўп сургани учунми, иккинчи рақам остида ўйнаб, ҳимоявий футбол кўрсатди. Шу боис, бироз қийинчиликка дуч келдик. Муҳими, ўз майдонимизда Суперлига ҳисобидан илк ғалабани нишонладик.

Гиорги Квесиешвили («Қизилқум» ҳимоячиси):  - Бунгача «Бухоро»га қарши кечган кубок баҳсида 120 дақиқа ҳаракатланган эдик. Шу боисми, бироз чарчоқ аломатлари сезилди, барибир. Энг муҳими, ғалаба қозониб, 3 очко олдик. Жамоадошларим бор кучларини сарфлашдики, бу ижобий натижа омили бўлди.

------------------------------------------------------------------------

«ҚЎҚОН-1912» - «НАСАФ» - 0:0

21 апрель. Қўқон. «Марказий» стадиони. 11056 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), О.Жумаев (Навоий), Р.Самандаров (Навоий).

«Қўқон-1912»: 1. Ў.Юсупов, 5. Ғ.Комилов, 7. Ж.Ҳасанов (96. М.Ҳасанов, 81), 10. Ж.Сиддиқов, 17. Қ.Рўзиев, 18. Б.Пардаев  (9. Н.Отақўзиев, 71), 19. С.Бердиев, 22. М.Холмуҳаммедов, 23. А.Мерзляков, 55. Д.Гожкович (95. М.Спремо, 87), 65. М.Милич.

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 4. М.Каримов, 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков, 10. Б.Абдухолиқов, 22. И.Голбан, 27. И.Рашидхонов (20. И.Кенжабоев, 77), 31. С.Раҳматов, 55. С.Лукич, 77. Ж.Ҳасанов, 92. У.Эшмуродов.

Огоҳлантиришлар: М.Холмуҳаммедов (48) - С.Лукич (76).

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: Б.Намозов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Ға-лаба қозониш учун яхшигина имкониятларга эга бўлдик. Айниқса, сўнгги дақиқаларда, аммо ҳужумчимизга тажриба етишмади. Тўғри, асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумларга таяндик. Дуранг бизни умуман қониқтирмади.

Чунки ғалабага мос ўйин намойиш этдик. Балки ўйинимизда шиддат сезилмагандир. Тан олиш керак, кетма-кет келган мураккаб ўйинлар футболчиларимизни толиқтириб қўймоқда. Демоқчиманки, ҳар бир ўйинда 90 дақиқа шиддатли ҳаракатланиш оғир. Қайтараман, ўйинимиз сустроқ кўрингандир, аммо рақибга нисбатан кўпроқ вазиятлар яратдик.

Шунингдек, «Қўқон-1912» мураббийлари жамоани яхши шакллантиришганини эътироф этиш жоиз. Умуман, бу йил ҳамма ўйинлар оғир кечмоқда, оддийси деярли қолмади. Бундан қувониш керак.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Шогирдларим майдонда борларини беришди. Дуранг натижага қарамай, уларнинг ҳаракатларидан тўлиқ қониқдим. Рақибимиз эса асосан қарши ҳужумга таянди. Аслида «Насаф» билан ўйиндаги дуранг ҳам биз учун қониқарли эмас.

Зеро, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни истаймиз. Бугун барча йигитлар ўзларини кўрсатишди. Ҳеч кимни алмаштиришга кўзим қиймади. Дарко Гожковични олдинга сурганимиз сабаби оддий - гол уришни истадик. Ҳа, ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишимиз ҳам мумкин эди. Лекин мухлисларимизни хурсанд қилиш мақсадида ҳужумкор футболни афзал билдик.

-------------------------------------------------------------------------

«ЛОКОМОТИВ» - «СЎҒДИЁНА» - 2:0  (1:0)

21 апрель. Тошкент. «Локомотив» стадиони. 3148 томошабин.

Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент), О.Абдувосилов (Тошкент).

Голлар: С.Рашидов (36), С.Шоаҳмедов (54).

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 4. Б.Йўлдошев, 5. К.Махарадзе (7. С.Абдуллаев, 65), 10. М.Бикмаев, 15. С.Мирзаев, 19. Ҳ.Ғофуров (77. Д.Туропов, 77), 22. С.Шоаҳмедов, 27. С.Рашидов (14. А.Омонов, 86), 28. Ш.Муҳаммадиев, 33. О.Зотеев, 88. И.Йелич.

«Сўғдиёна»: 23. Д.Ҳамроев, 4. Э.Орипов, 19. А.Зиёвуддинов, 26. А.Холмуродов, 3. А.Исроилов, 33. Т.Шамсиддинов, 99. Н.Тўхтасинов, 6. Д.Каримов (8. Д.Ҳасанов, 55), 31. Ж.Абдумўминов (77.И.Абдуллаев, 68), 9. С.Азимов, 10. Ш.Норхонов.

Огоҳлантиришлар: М.Бикмаев (20), Ҳ.Ғофуров (75, Л.).

Назоратчи: К.Смирнов (Қарши).

Комиссар: Л.Қўчқоров.

Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Бугун бир томонлама футбол кўрдик. Рақибнинг ўз ўйинини намойиш этишига халақит беришга уриндик. Баъзан битта жамоа фақат ҳужум қилса, иккинчиси ҳимояланади - биринчи бўлимда шундай бўлди.

Танаффусдан кейин эса ҳужумга ўтиш чораларини изладик. «Локомотив» - амалдаги чемпион. Балки шу боисми, футболчиларимиз бироз ҳайиқиб ўйнагандирлар. Муҳими, иккинчи бўлимда бир қатор вазиятлар яратдик. Дейлик, Тўхтасинов икки марта қулай имкониятдан фойдаланолмади (матбуот анжуманига кирган футболчига қараб).

Мабодо комиссарнинг қариндоши эмасмисан, умуман ўйнай олмадинг-ку. Ўйиннинг энг ёмон футболчиси бўлдинг. Айниқса, биринчи бўлимда. Тўғрими? (Тўхтасинов буни тан олди). Албатта, ҳазил. Барча футболчиларга бирдек қарайман. Уларни яхши кўраман.

Нурилло Тўхтасинов («Сўғдиёна» ярим ҳимоячиси): - Биз учун қийин ўйин бўлди. Афсуски, яратилган вазиятлардан фойдаланолмадик ва хатоларимиз туфайли ютқаздик.

Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи в. б.): - Бош мураббий вазифасини вақтинча бажариб туришга тайинландим. Энди бор салоҳиятимни ишга солишим талаб этилади. Зеро, илгари бошқарган жамоам билан солиштирганда, ҳозиргиси олдига улкан мақсадлар қўйилади. Бугунги ўйинга йигитларни асосан руҳий томондан тайёрлашга уриндик.

Йигитлар кўрсатмаларни яхши бажаришди. Таркибимизда катта рақобат бор. Шу сабаб, айрим янги футболчилар ҳали бошланғич таркибдан муқим жой олишмади. Лекин ишонаманки, улар вақти келиб, имкониятдан унумли фойдаланишади.

Садриддин Абдуллаевнинг майдонга тушмаётганига жароҳати сабабдир. Бундан буён натижаларга мен жавоб бераман. Бу эса ўзига хос масъулият. Лекин ҳамиша ёрдамчиларим маслаҳатларига қулоқ тутаман.

ТУР СТАТИСТИКАСИ

Ўйин: 6, Гол: 17  (ўртача: 2,83...)

Мезбонлар ғалабаси: 4, Меҳмонлар ғалабаси: 1, Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Пахтакор» - 5:0), Энг  сермаҳсул ўйин:  «Бухоро» - АГМК (6та гол)

Огоҳлантириш: 27 (ўртача: 4,5), Четлатиш: 1 (0,16...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Бухоро» - АГМК (1та «қизил» + 4та «сариқ»), «Навбаҳор» - «Бунёдкор» (8та «сариқ») 

Томошабин: 70929 (ўртача: 11821...),  Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Бунёдкор» (21600)

Пенальти: 2 (иккиси ҳам самарали), «Дубль»: 2 (И.Гонсалвеш, «Пахтакор»; А.Аманов, «Бухоро»), «Хет-трик»: - , Автогол: 1 (А.Омонов, «Бухоро»)

1 Бунёдкор               7          5          1          1          11-5     16

2 Пахтакор               7          5          0          2          14-4     15

3 Бухоро                   7          5          0          2          12-8     15

4 Насаф                    7          3          4          0          8-4       13

5 Навбаҳор               7          3          2          2          8-6       11

6 Қўқон-1912           7          2          3          2          4-3       9

7 Металлург             7          2          3          2          6-10     9

8 Локомотив             7          2          2          3          8-7       8

9 АГМК                      7          2          2          3          9-10     8

10 Қизилқум             7          2          0          5          6-11     6

11 Сўғдиёна              7          1          1          5          4-14     4

12 Нефтчи                7          0          2          5          1-9       2

ТЎПУРАРЛАР

Исмоил Гонсалвеш («Пахтакор») - 5та (4та - пен.)

Йован Жокич (АГМК) - 4та (4та - пен.)

Элгужа Григалашвили («Қизилқум») - 3та

Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор») - 3та

Азиз Турғунбоев («Навбаҳор») - 3та (1та - пен.)

Бобур Абдухолиқов («Насаф») - 2та

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 2та

Суҳроб Нуруллоев («Металлург») - 2та...

КЕЛГУСИ ЎЙИНЛАР. 8-ТУР

24 апрель (сешанба)

18:00 «Нефтчи» - «Металлург»

20:00 «Бухоро» - Қизилқум

25 апрель (чоршанба)

18:30 «Пахтакор» - «Навбаҳор»

20:30 «Сўғдиёна» - «Қўқон-1912»

26 апрель (пайшанба)

18:30 АГМК - «Насаф»

20:30 «Бунёдкор» - «Локомотив»


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz