Қайднома

Қидирув

Владимир Шмицер: «Истанбул мўъжизаси тақдирнинг «Ливерпуль»га совғаси бўлган»

Владимир Шмицер: «Истанбул мўъжизаси тақдирнинг «Ливерпуль»га совғаси бўлган»

  24.04.2018 06:14
  0
  625
Владимир Шмицер: «Истанбул мўъжизаси тақдирнинг «Ливерпуль»га совғаси бўлган»

Чехиялик ярим ҳимоячи Владимир Шмицерни матбуот «Омадли» деб атайди. Айнан унинг 89-дақиқада Россия термаси дарвозасига урган голи Чехия миллий жамоасини Евро-96 1|4 финалига олиб чиққанди.

Орадан тўққиз йил ўтиб, «Милан» дарвозасини ишғол қилиб, «Ливерпул»нинг Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучишига ўз ҳиссасини қўшганди.

Шмицер SO FOOT.com сайтига берган интервьюсида «Истанбул мўъжизаси»га тайёргарлик кўрмаганини айтиб ўтди...

- Нима учун сизни омадли дейишади?

- Шунчаки, қайси клубда ўйнасам, ҳар доим қандайдир совринни қўлга киритганмиз. «Славия» 49 йил давомида чемпионатда зафар қуча олмаганди.

Мен ўйнаганимда эса мамлакат чемпиони бўлганмиз. Кейин «Ланс» билан Франция чемпионлигини нишонладим, Лига кубогини қўлга киритдим. «Ливерпуль» сафида эса совринлар кўп бўлган.

Шунингдек, терма жамоада ҳам бир қатор муҳим голларни урганман. Шунга бўлса керак, журналистлар мени «Омадли» деб аташган. Ўзимга бу тахаллус ёқади. Ҳар ҳолда, «омадсиз»дан кўра яхшироқ.

- Вернержицеда туғилгансиз. Шаҳарча ҳақида нима дея оласиз?

- Аниқроғи, Прагадан 80 километр узоқликда жойлашган қишлоқ. 800 нафар аҳолиси, мактаб, футбол майдони бор. Футбол билан беш ёшимдан шуғуллана бошлаганман. Чунки бобом мураббий бўлган. Болалар жамоалари аралаш ўйнашарди.

Шу боис, беш-олти ёшлигимда ўн ёшли болалар билан тўп сурганман. Бобом менга 8-рақамни берган. Жуссам кичкина эди. Шунга бўлса керак, катта футболка кийганимда, рақамимнинг битта юмалоғи кўриниб, 0 рақамидек тасаввур уйғотарди.

Тўғри, оёғимга ҳадеб тўп тегавермасди. Чунки мени асосан таркиблар тенг бўлиши учун майдонга туширардилар.

- Айтишларича, намунали ўқувчи бўлган экансиз. Наҳотки, бирор марта ҳам безорилик қилмаган бўлсангиз?

- Бўлган. Барчамизнинг велосипедимиз бор эди. Бир сафар қишлоғимиздан 24 км. узоқликда жойлашган туман марказига борганмиз.

У пайтлари мобил телефонлар бўлмасди ва ота-оналаримиз қаерга кетганимизни билишмаган. Кечки соат 11да қайтиб келганмиз. Ўшанда велосипедларимизни олиб қўйишганди.

- Болалигингизда «Ливерпул»га мухлислик қилгансиз. 1999 йили эса айнан шу жамоа билан шартнома имзолагансиз...

- Ўшанда ўзимни худди еттинчи осмонда юргандек ҳис қилгандим. Бир сафар янги йил арафасида синглим жинси олиб беришларини сўраганди. Ота-онам Германияга бориб, олиб келишган. Аммо жинси кичик келганди. Синглим эса роса йиғлаган.

Ўшанда унга «Ливерпуль» футболчиси бўлганимда сенга жинси олиб бераман», дегандим. Шартнома имзолашим ҳамоно у Ливерпулга борган. Биринчи навбатда, дўкон айланиб, жинси харид қилганмиз. Ваъдамни 20 йилдан кейин бажаргандим.

- 2005 йили ЕЧЛ финали олдидан «Астон Вилла»га қарши учрашувда майдонга тушмагансиз. Бу сизнинг «Ливерпул»даги хайрлашув учрашувингиз бўлиши мумкин эди.

- Тиззамдан олган жароҳатимдан фориғ бўлиб, машғулотларни бошлаганимда, бош мураббийимиз Бенитес «Влади, сен билан шартномани узайтирмаймиз. Ёшроқ футболчи харид қиламиз», деди. «Ливерпуль» сафида олти йил ўйнадим.

Дарҳақиқат, «Астон Вилла»га қарши баҳс охирги ўйиним бўлиши керак эди. Ўша учрашув ҳеч нарсани ҳал қилмасди. Бенитес Жеррард ва Луис Гарсияга дам берди.

Мени туширса керак, деб ўйлагандим. Лекин ўйлаганимдек бўлмади. Роса жаҳлим чиққанди. Мураббийдан сабабини сўраганимда, у «Ҳаммасини жамоа учун қиляпман. Яқинда финал, фақат кучлилар майдонга тушади», деб жавоб берганди.

- Демак, «Милан»га қарши ўйиндан олдин майдонга тушмаслигингизга ишончингиз комил бўлган.

- Ҳа, ҳафта давомида ҳеч нимани ўйламадим. Эрталаб машқ қилардим. Тушликдан сўнг ўртоқларим билан гольф ўйнадим... Жума куни эса ўзимни «заявка»да кўриб қолдим.

- 19-дақиқада Гарри Кьюэлл жароҳат олганида нималар ҳақида ўйлагансиз?

- Кайфиятим яхши эди. Ўйин арафасида 32 ёшимни нишонлагандим. Кьюэлл жароҳат олган пайт Диди Хаманн ва Жибрил Сиссе билан машқ қилаётгандим. Шунда ўйлаб қолдим: у Дидини туширмайди. Чунки 0:1 ҳисобида ортда бораётгандик. Жибрилни туширишга ҳали эрта эди.

Бенитес мени ёнига чақирганида «Бир ҳафта олдин мен учун муҳим бўлган ўйинда майдонга туширмадинг. Энди керак бўлиб қолдимми? ЕЧЛ финалида-я? Яхши, ҳаммасини эсдан чиқарамиз», дедим ичимда.

- Биринчи бўлимда «Милан» 3:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Танаффусда кийиниш хонасида нималар рўй берган?

- Дастлабки беш дақиқа ҳамма жим ўтирган. Кейин Бенитес келиб, мағлуб бўлсак ҳам ўз номимиз учун ўйнашимиз лозимлигини айтди.

«Бу ерда сизларга 40 минг киши мухлислик қиляпти. Ҳеч бўлмаса битта гол уринглар. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади», деди. Худди у айтгандек бўлди. Биз тезда биринчи голимизни урдик.

Мен иккинчи голга муаллифлик қилдим. Кейин рақиб асабийлашди ва учинчи тўпни ҳам киритдик. Якунда ўйин пенальтилар сериясигача етиб борди.

- Ўша пенальтилар сериясида «Ливерпул»нинг охирги зарбасини амалга оширгансиз...

- Бенитес «Тепасанми?», деб сўраганида розилик билдирдим. У «Тўртинчи бўласан», деди. Тўпга Риисе яқинлашганида, менинг пенальтим охирги бўларкан, деб ўйлаб қолдим.

Риисе гол ура олмади. Лекин менинг голимдан кейин Шевченко ҳам адашди. Бу ғалаба тақдир совғаси бўлганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz