Қайднома

Қидирув

Фотогалерея: агар «Севилья» бу таркибини сақлаб қолганида...

Фотогалерея: агар «Севилья» бу таркибини сақлаб қолганида...

  25.04.2018 00:13
  0
  2118
Фотогалерея: агар «Севилья» бу таркибини сақлаб қолганида...

Европа Чемпионлар Лигаси чорак финали жуфтликларига назар солиб, кўпчилик «Бавария»нинг «Севилья» тўсиғидан осонгина ўтишини тахмин қилганди.

Ҳа, Германия гранди кутилганидан, ярим финалга чиқди, аммо Андалусия жамоаси ортда қолган учрашувларда яққол аутсайдер ролини бажармагани ҳам айни ҳақиқат. Ҳар ҳолда, се-вильяликлар ўз майдонларидаги 1:2 ҳисобидан кейин Мюнхенда дуранг қайд этишди - 0:0.

Soccer.ru сайти шу натижаларга назар солиб, қизиқ саволни ўртага ташлади: агар андалусияликлар энг яхши футболчилари билан эрта хайрлашмаганларида, нима бўларди?

Очиғи, бундай тақдирда «Севилья» ҳаттоки, ЧЛ бош совринига ҳам бемалол жиддий даъвогарлик қила оларди.

Хуллас, россиялик ҳамкасбларимиз ўзига хос экспериментга қўл уриб, «қизил-оқ» тусли футболкада тўп сурган ва сураётган ўйинчилардан яхлит таркиб шакллантиришди...

Дарвозабон: Серхио РИКО (Испания, 24 ёш). «Севилья»да: 2014-...

Клуб тарбияланувчиси. «Севилья» тизимига 2006 йили қўшилган Рико тобора ишончли ўйнамоқда. Андалусияликлар мавсум-2013|2014дан буён асосий жамоа дарвозасини қўриқлаётган 24 ёшли киперни сотишга шошилмаяптилар. Чунки унда ҳали янада ўсиш имконияти бор.

Умуман, «Севилья» дарвозабонларни яхши пуллагани билан унча мақтанолмайди. Ҳа, клуб вақтида Диего Лопесни «Реал»га қўйиб юборган, маълум вақт биринчи рақамли кипер ролини бажарган Антониу Бетуни ўз таркибида олиб қололмаган.

Аммо айни ҳолатда жамоани Серхио Рикосиз тасаввур қилиш қийин. Агар бош мураббий Винченцо Монтелла уни «Севилья»нинг қайсидир собиқ дарвозабони билан алмаштириш имкониятига эга бўлса ҳам, бундан фойдаланмаса керак.

Ҳимоячи: Дани АЛВЕШ (Бразилия, 34 ёш). «Севилья»да: 2003-2008

Шундай таассурот борки, Дани Алвеш футбол оламида бошидан юқори савиясини намойиш этган. У «Севилья»дан 10 йилча олдин кетганди.

Кейин «Барселона»да фаолиятининг энг қойилмақом даврини ўтказди, «Ювентус»да ҳали қўлидан кўп нарса келишини исботлади ва энди «ПСЖ»да ҳам «йўқолиб» қолаётгани йўқ.

Ҳа, бразилиялик қанот вакили «қари»ликни ҳали тан олмоқчи эмас. Кўплаб амплуадошлари унга чинакамига ҳавас қилсалар бўлади. Бундай шиддатли «ўнг қанот» Испания жанубидаги жамоа салоҳиятини сезиларли даражада оширарди, албатта.

Ҳимоячи: Клеман ЛЕНГЛЕ (Франция, 22 ёш). «Севилья»да: 2017-...

Ҳозирги «Севилья» охирги 60 йил бадалига илк марта Европанинг кучли 8та клуби қаторига кирди. Шунинг учун Винченцо Моннелланинг амалдаги шогирдларига алоҳида ёндашиш керак, барибир. Франциялик ёш ҳимоячи «Рамон Санчес Писхуан» эгаси сафига ўтган йили ёзда қўшилди.

Андалусияликлар унинг учун «Нанси»га 5,4 млн. евро тўлашганди. Мана, қисқа вақтда футболчининг трансфер нархи бир неча маротаба кўтарилди.

Ҳаммаси табиийки, сифатли ўйин ва ёрқин истиқбол маҳсули. Ахир Клеман атиги 22 ёшда ва энг яхши ўйинлари ҳали олдинда бўлса, ажабмас. «Севилья» раҳбарлари Ленгле тимсолида миллионларни кўраётгандирлар...

Ҳимоячи: Серхио РАМОС (Испания, 32 ёш). «Севилья»да: 2002-2005

Андалусия жамоасининг хаёлий ҳимоясида ёшлик ва тажриба уйғун: ҳозирги авлод вакиллари - Рико ҳамда Ленгле олдида ЧЛнинг 3 карра ғолиблари - Серхио Рамос ва Дани Алвеш. Айтиш жоиз, «Реал»нинг амалдаги сардори ҳам  айнан «Севилья»нинг ўзида тарбия топган.

Яъни клуб тизимида узоқ 1996 йили шуғуллана бошлаганди. Умуман, Серхио ортиқча таърифга муҳтож эмас - у сайёрамиздаги энг кучли марказий ҳимоячилардан бири ва ҳар қандай жамоани кучайтиришга қодир.

Ҳимоячи: Альберто МОРЕНО (Испания, 25 ёш). «Севилья»да: 2011-2014

Клубнинг яна бир тарбияланувчиси. 2002-2014 йиллар оралиғида «Севилья» даргоҳида яшаган Альбертонинг «Ливерпул»даги айни ишлари жойида эмас.

У туманли ўлкага ҳали-ҳамон тўлиқ мослашолмаётгандек, шунинг ортидан муаммолар бош кўтармоқда. Аслида табиий имконияти нуқтаи назаридан айтсак, у анча кучли футболчи саналади.

Боз устига, юқори савияли чап қанот ҳимоячисини топиш ҳамиша мушкул. Шубҳасиз, Морено ҳозирги «Севилья»га жуда-жуда асқотган бўларди.

Ярим ҳимоячи: Стивен Н~ЗОНЗИ (Франция, 29 ёш). «Севилья»да: 2015-...

Тўғри, франциялик футболчи ўрнига «собиқ»лардан бирини танлаш ҳам мумкин. Мисол учун, Гари Медель ёки Гжегож Криховяк таянч ярим ҳимоячиси ролига муносиб. Аммо чилилик «бульдог» ҳам, польшалик «қароқчи» ҳам айни ҳозирги ҳолатда Стивенга бас келолмайдилар.

Ҳар ҳолда, Франция футболи вакили майдон марказида бузилмас қоядек таассурот қолдирмоқда - ундан ўтишнинг иложи йўқдек. Умуман, Н~Зонзи Англияда анча вақт тўп сурганди, лекин айнан «Се- вилья»да чинакам катта ижрочи мақомини олди.

Ярим ҳимоячи: Жоффри КОНДОГБИА (Франция, 25 ёш). «Севилья»да: 2012-2013

Бу футболчи «Севилья»да атиги бир мавсум ўйнади, шундан кейин «Монако» ва «Интер» орқали «Валенсия» сафига қўшилди. Агар Жоффри яхши ҳолатда бўлса, мураббий кўрсатмасини аниқ-тиниқ бажаради.

Бошқача айтганда, қандайдир муаммолар сезмаса, алмаштирилмас футболчи қиёфасига киради, ўз сифатлари билан топ даражага яқин савияни намойиш этади.

Аммо барқарорлик етишмаслиги боис, ҳозирча тўлақонли юлдузлар гуруҳига киролмади. Бунда эҳтимолки, фаолиятини давом эттириш учун муносиб жой танлай олмагани ҳам халақит бергандир қайсидир маънода.

Ярим ҳимоячи: Иван РАКИТИЧ (Хорватия, 30 ёш). «Севилья»да: 2011-2014

Хорватиялик ярим ҳимоячининг ҳозирги трансфер баҳоси тахминан 50 миллион еврога тенг. Алоҳида қайд этиш жоиз, «Барселона» вакилининг номзоди шубҳалардан мутлақо холи.

Ҳар ҳолда, у «Севилья» ярим ҳимоясида шаклланган энг сара юлдузлардан биридир. Дейлик, Иван бир уринишда «Барселона» таркибидан мустаҳкам жой олди ва ҳамон хотиржам ҳолда ўйнамоқда. Эндиликда у бугунги «Севилья» учун худди орзудек...

Ярим ҳимоячи: ВИТОЛО (Испания, 28 ёш). «Севилья»да: 2013-2017

Андалусия жамоасида нақ 4 йил давомида муҳим ўйинчи мақомида тўр сурган ярим ҳимоячи.

Витоло бу вақтда ҳар мавсум барқарор равишда 40тадан кўп ўйинда иштирок этди ва жамоадошлари орасида «Гол+пас» тизими бўйича етакчиликни қўлдан бой бермади. Ҳа, яна Виктор Мачин ҳам бор.

Аммо «Севилья»даги ўсиши натижасида миллий жамоадан таклиф олган бу футболчи ўтган ёзда жонажон клуби - «Лас-Пальмас» орқали «Атлетико»га йўл олиб, андалусияликларни анча ранжитди. Шунинг учун виртуал таркибдан жой олишга Витоло муносиброқ кўринди.

Ҳужумчи: Виссам БЕН-ЙЕДДЕР (Франция, 27 ёш). «Севилья»да: 2016-...

XXI асрда жамоа шарафини ҳимоя қилган яна қайси ҳужумчи «қизил-оқлар»ни Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалига олиб чиқди?

Бен-Йеддернинг даҳшатли «Олд Траффорд»да «дубль» қайд этганини бир эсланг. Франциялик футболчи чиндан ҳам, кичик қаҳрамонлик кўрсатди ва бу иши клуб тарихига муҳрланади, албатта. Шундай экан, уни «Севилья»нинг виртуал рамзий  таркибидан четда қолдириш мумкинми?

Ҳужумчи: Карлос БАККА (Колумбия, 27 ёш). «Севилья»да: 2013-2015

Жанубий Америка футболи вакили «Севилья» сафидаги икки мавсум давомида 20тадан кўп гол урди ва шунга яраша эътиборга тушди.

Натижада колумбиялик голеадор янги тажриба орттириш илинжида «Милан» таклифини қабул қилиб, Италияда ҳам бинойидек самарадорлик қайд этди.

Ҳозир эса «Вильярреал»да яна Примерони ҳайратлантиришга уринмоқда. Аслида виртиал таркибнинг ҳужум бўғинида Бакка ўрнини эгаллашга номзодлар жуда кўп: Альваро Негредо, Фернандо Льоренте, Чиро Иммобиле, Кевин Гамейро...

Захира.  Антониу Бету (Португалия), Федерико Фасио (Аргентина), Адриано (Бразилия), Гари Медель (Чили), Гжегож Криховяк (Польша), Луис Альберто (Испания), Хесус Навас (Испания), Алейш Видаль (Испания), Альваро Негредо (Испания), Кевин Гамейро (Франция), Чиро Иммобиле (Италия).

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz