Қайднома

Қидирув

Отамдан қолган футбол…

Отамдан қолган футбол…

  25.04.2018 18:03
  0
  774
Отамдан қолган футбол…

Катта ёшли мухлисларимиз «илгари бу япон деганини йирик ҳисобда ютиб юрардик» деган гапларни кўп айтишади, ерга қараб эшитган бўлсам-да, ичимда «йўғ-е» деб қўярдим. Шуни бир текшириб қўйиш мақсадида таниқли футбол журналисти Владимир Сафаровнинг «Пахтакор»нинг 40 йиллигига бағишланиб ёзилган «Пахтакор»: Матч длиною в 40 лет» номли китобини варақлаб ўтириб, барчамиз учун севимли жамоа тарихидан жой олган учта воқеа эътиборимни тортди ва анча таъсирлантирди. Шуни сизларга ҳам илиндим.

(Дарвоқе, ҳақиқатдан ҳам Япония терма жамоасини нуқул ютган эканмиз. 1960 йилнинг кузида 6:1, 1963 йилнинг августида 1:0, 1976 йилнинг июлида 3:1 ҳисобларида. Сиз ҳам далил учун бирор жойга қайд қилиб қўйинг, келажак авлод «ичида гапириб» ўтирмайди, оғзингиздан чиқмасданоқ, ёқангизга ёпиштириши, ҳатто жиннига чиқариб қўйиши ҳам мумкин)    

ЗЕЗЕ МОРЕЙРА БОШ ЭГАДИ!

1964 йилда Уругвайнинг 20 карра чемпиони, Монтевидеонинг «Насионал» жамоаси Европа бўйлаб турне уюштиради. Тошкентга келиш олдидан уругвайликлар Швецияда «Гётерборг»ни 2:1 ҳисобида, Австрияда Дорнбирк терма жамоаси, Германияда Аугсбург шаҳри вакиллари ва Бельгияда «Льеж»ни бир хил – 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратади.  Шунингдек «Нюрнберг», «Торино» каби жамоалар билан дуранг натижа қайд этишади. Москвада «Спартак» билан 0:0, Киевда «Динамо» ва Олма-отада «Қайрат» билан ўтган учрашувлар мос равишда 2:0 ва 1:0 ҳисобида меҳмонлар фойдасига якун топади. Хуллас тўққизта учрашувда мағлубият нималигини билмаган Лотин Америкаси чарм тўп усталари Тошкентда сўнгги учрашувларини «Пахтакор»га қарши ўтказишганди.

Ушбу учрашув Ўзбекистонда жуда катта қизиқиш билан қарши олинди. Нафақат пойтахт, бошқа шаҳарлардан, ҳатто қўшни республикалардан ҳам мухлислар оқиб кела бошлади. Қизиқиш шу даражада эдики, чипта етмай стадион ташқарисида қолиб кетган минглаб ашаддий футбол мухлислари ўйин охиригача қайтиб кетишмаган, стадиондан келаётган шовқин-у олқишларга қараб майдонда бўлаётган ходисалардан хабар топишга ҳаракат қилишарди.

Шу ўринда барчамиз учун севимли «Ёр-ёр» фильмида буюк актёрлар Сойиб Хўжаев ва Ғани Аъзамовлар иштирокидаги стадион саҳнаси айнан ўша учрашув асосида тасвирга олинганлигини таъкидлашни истардим.

Меҳмонларнинг устози футбол оламида Зезе номи билан машҳур бўлган бразилиялик Альфредо Морейра эди. Унинг футболчилик фаолияти унчалик ҳам ёрқин кечмаган бўлса-да, буюк мураббий сифатида катта эътибор қозонган. Бразилиянинг «Флуминенсе», «Ботафого», «Сан-Паулу» каби клубларида ишлаган Зезе футбол оламига, ҳусусан Бразилия футболига машҳур 4-2-4 схемасини олиб кирган, айнан шу тизим ўнлаб йиллар мобайнида «бразилча усул» деб номланди ва жаҳон футболидаги тактик тараққиётни ўз ортидан эргаштирди.

Жамоа жуда кучли таркиб ҳосил қилганди, тўрт ҳужумчи – Санфилиппо, Урусменди, Рамос ва Акосталар жаҳон миқёсидаги юлдузлар саналишар ва майдонни голсиз тарк этишмасди. 

Ўша пайтларда «Пахтакор» олий лигага қайтиш учун қаттиқ кураш олиб бораётган, Красницкий, Любушин, Стадник, Малиновский, Мелкумов, Таджиров ва Абдураимовлар жамоанинг ўзагига айлангандилар. Дарвозани эса Пшеничников қўриқларди. 

Мухлислар кутганидек ўйин жуда жонли бошланди, 15-дақиқадаёқ Санфилиппо дарвозага орқа турган ҳолатда кутилмаган зарбани ижро этди ва меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. Кўп ўтмай Владимир Таджиров ҳисобни тенглаштиради. Красницкий билан биргаликда дарвоза томон кириб борган футболчи ҳамма шеригига ошириб беришин кутаётган паллада зарбани амалга оширади — 1:1.

Иккинчи бўлимни «Пахтакор» анча актив бошлайди, меҳмонлар дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар яратила бошланади. Ўйиннинг 60-дақиқасида эса Мелкумов – Таджиров – Малиновский – Любушин комбинацияси самарали якунланади ва «Насионал» турне давомида биринчи бор қийин вазиятда қолади. Уругвай чемпионининг бор кучи билан ҳужумга ташланиши ёрдам бермайди, ҳимояда бехато ҳаракат қилган пахтакорчилар ғалабани сақлаб қолишди.

— Бугунги рақибларим олдида бош эгаман, - деганди Зезе Морейра учрашувдан сўнг, — Европанинг кучли клублари йигитларим қаршисида иложсиз қолишганди. Айнан Тошкентда мағлуб бўлишимизни умуман хаёлимга келтирмагандим. Ўзбек футболчиларининг аҳил ва жамоавий ўйини бутун учрашув давомида ажойиб таассурот қолдирди. Энг яхшиси эса дарвозабон ва 10-рақамли футболчи (Таджиров) эди.

Ўша учрашув мухлисларга олам-олам қувонч улашиш билан биргаликда, «Пахтакор»нинг ҳар қандай рақиб олдида осонликча таслим бўлмаслигини, ўзбек футболининг нуфузини бутун дунёга намойиш қилган ўйин сифатида тарихга қайд этилди. Бу тарихий ғалаба «Пахтакор» футболчиларида ўзига бўлган ишонч туйғусини олиб кирди ва жамоа мавсумни ажойиб тарзда ўтказиб олий лигага қайтди.

СУПЕРКУБОК СОҲИБИНИНГ ҚУЛАШИ

1975 йил «Динамо» (Киев) га бағишланганди. Киевликлар мамлакат чемпионатида ғалаба қозониш билан биргаликда Европа Кубок эгалари кубогини ва Суперкубокни қўлга киритишга муваффақ бўлишганди. Жамоа етакчиси Олег Блохин эса кетма-кет учинчи бор мамлакатнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритган ва Европанинг энг яхши ўйинчисига аталган «Олтин тўп»га ҳам эга чиққанди. Ўша пайтларда аниқланадиган мамлакатнинг энг яхши 33 футболчиси руйхатида эса биратўла 12 (!) нафар динамочининг исми қайд этилганди.

Бир йил олдин анча ишончли ўйин кўрсатган (8-ўрин) «Пахтакор» учун эса ўша мавсум анча муваффақиятсиз кечганди. Айниқса сўнгги натижаларга ҳавас қилиб бўлмасди, жамоа сўнгги 6 учрашувнинг 5тасида мағлубиятга учраган, хуллас, лигани тарк этиш хавфи «Пахтакор»ни таъқиб қилаётганди. Жамоа ўзининг охирги ғалабасига роппа-роса уч ой олдин, Тошкентда «Арарат» устидан эришганди, олдинги турда эса Тошкентда грузиялик динамочиларга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди.

«Дев» ва «Пакана» 17 октябрь куни, навбатдаги турда Тошкентда учрашдилар. «Пахтакор» (Филатов, Корченов, Иванов, Могильний, Белов, Серостанов, Жуков, Ан, Исаков, Фёдоров, Хадзипанагис) ўз номини сақлаб қолиш учун жон жаҳди билан олдинга ташланди. Ҳужумдаги учлик рақиб ҳимоясини босим остига ола бошлашди. Ниҳоят меҳмонлар ўйинчиси Фоменконинг хатоси ҳисобнинг очилишига олиб келди. Бўлдими? Меҳмонларнинг ўйини анча ишончли ва барибир барчаси ўз ўрнига тушадигандек тасаввур уйғотарди. Киевликлардан яна бирортасининг хатога йўл қўйишини кутишдан бошқа илож қолмаганди, гўё.

Аммо иккинчи таймда мезбонлар босимни янада оширишди. Тўлаган Исоқов кетма-кет иккита тўп киритади ва ҳар икки вазиятда ҳам ассисентлик вазифасини Хадзипанагис бажаради. Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганда меҳмонлар дарвозага чамаси 20 метрлар масофада ўйин қоидасини бузишади. Жамоа сардори Михаил Ан тўпга яқинлашади ва шундай айланма зарба беради-ки, дарвозабон Симохин тўпни қайтара олмайди. 88-дақиқада эса Ан бу сафар пенальтидан ҳисобни шармандали кўринишга олиб келади — 5:0!

Агар биринчи даврада Киевда бўлиб ўтган учрашувда «Пахтакор»нинг 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганлигини эътиборга олсак, бўлажак чемпион мавсум давомида умумий 0:6 натижа билан тошкентликларга бой берганининг гувоҳига айланамиз. Қизиғи, киевликлар бутун мавсум давомида атиги 4 маротаба мағлубият аламини тотиб кўришганди.

Ўша ғалаба ҳам «Пахтакор»нинг олий лигада жон сақлаб қолиши учун кифоя қилмаганди. Днепропетровскда дуранг ўйнаб қайтган тошкентликлар сўнгги икки учрашувни Тошкентда, Москва спартакчилари ва динамочиларига қарши ўтказишди. Дастлабки ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, «Динамо» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва «Пахтакор» яна икки йил олий лига ўйинларидан четда қолишга мажбур бўлди.

Йирик мағлубиятдан 10 кунгина олдин «Динамо» ажойиб тарзда Европа чемпионлар кубоги соҳиби «Бавария» устидан ғалаба қозонган ва 100 минг мухлис кўз ўнгида Европа Суперкубогини қабул қилиб олганди. 

«Суперкубок учун курашни «Пахтакор» билан эмас, «Бавария» билан олиб борганликлари киевликлар учун катта бахт» – деб хазиллашганди ўша Тошкентдаги ўйин-топишмоқнинг гувоҳига айланган машҳур мутахассислардан бири.

ТОШКЕНТЧА ХАРАКТЕР

1966 йилнинг 26 апрелида дунёнинг барча телеграф агентликларида мудҳиш хабар тарқалди – «Тошкент шаҳрида, маҳаллий вақт билан соат 5:23 да 7.5 балли зилзила содир бўлди. Яшаш уйлари, давлат ва жамоатчилик бинолари ер қимирлаши натижасида вайрон бўлди. Шаҳардаги газ ва сув таъминотига путур етди, юзлаб инсонлар бошпанасиз қолди».

Худди шу куни, марказий «Пахтакор» стадионида мамлакат чемпионатининг навбатдаги учрашуви мезбонлар ва Минскнинг «Динамо» жамоалари ўртасида бўлиб ўтиши керак эди.

Таниқли мутахассис Михаил Якушин мураббийлиги остида «Пахтакор» қаторасига иккинчи мавсумни кўтаринки руҳда бошлаганди. Жамоа дастлабки турларда «Торпедо», ЦСКА ва «Зенит» каби кучли жамоалар билан дуранг натижа қайд этди. Мухлислар айнан беларуслик динамочиларга қарши навбатдаги учрашувда «Пахтакор» мавсумдаги илк ғалабасини нишонлашига ишонишарди ва ўша ўйинни интиқлик билан кутишаётганди. Хўш, энди нима бўлади? Ўйин ўтказиладими, ахир барчанинг кўз ўнгидан фалокат ариб улгургани йўқ, шаҳарнинг ҳар бир бурчаги вайрона уйлар, синган ойналардан иборат, гўёки бутун дунёда хаёт тўхтаб қолгандек. Зилзила марказига яқинда жойлашган стадион атрофига ҳам қараб бўлмайди.
 
Қизиқ халқ бўлар экан бу мухлис деганлари. Ер деярли ҳар соатда кичик силкинишлар билан ўзининг борлиги ҳақида эслатиб турган, бутун шаҳар бўйлаб турли ташкилий штаблар йўлга қўйилаётган, кўпчиликнинг миясида «бугун қаерда тунайман» деган хавотир чарх ураётган бўлса-да, ўйингоҳга севимли жамоасини қўллаб қувватлаш учун 50 000 ишқибоз (эллик минг, нолга адашмадим) ташриф буюрди.

«Пахтакор» ўйинни қўйидаги таркибда ўтказди: Пшеничников, Зокиров, Шарипов, Науменко, Суюнов, Мухин (Штерн), Таджиров, Казаков, Рахматуллаев, Красницкий, Абдураимов

Ўйин анча қизиқарли ўтди, «Пахтакор» ярим ҳимояси майдон марказини ўз қўлига олди ва ўйинда устунлик қила бошлади. Ўйиннинг 22-дақиқасида Абдураимов бурчакдан тўпни ажойиб тарзда етказиб берди ва биратўла уч пахтакорчи тўп учун кураш олиб борди. Ҳаммадан баланд сакраган Таджиров аниқ ҳаракат қилди ва ҳисобни очди – 1:0.

Ҳавога турли бош кийимлар уча бошлади, бутун стадион голни нишонлай бошлади. Ҳаммаси унутилганди. Ҳаммаси. Ер билан битта бўлган бинолар, эски шаҳардаги қулаган деворлар, Олой бозори яқинида шошилинч равишда ўрнатилган палаткалар... Барчаси унутилган ва мухлислар суюкли футболчиларининг муваффақиятларини олқишлашарди.

Ўйин давом этди... баъзида оёқ ости сезилар-сезилмас қимирлаб қўяр, ҳеч ким тақдир яна нималар тайёрлаб қўйганини билмасди. Мухлислар қувноқ суръатда футболни таҳлил қилишар, ўйин ҳақида баҳслашишарди. Ҳамманинг қалбига ўзгача илиқлик кирганди ва «ҳаммаси яхши бўлади» деган ишончни барчага сингита олганди бу футбол. 

Ўша мавсумни «Пахтакор» яхши ўтказди. Жамоа дастлабки 18 учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи даврани фахрли 3-поғонада якунлаганди. Мавсумнинг сўнгги учрашуви кузнинг охирларида, нейтрал майдонда, Тбилисида Москванинг «Торпедо»сига қарши кечди ва ўша ўйиндаги дуранг «Пахтакор»га 9-ўринни олиб берди.

Қаҳрамон Асланов
Владимир Сафаровнинг «40 йилга чўзилган ўйин» китоби асосида


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz