Қайднома

Қидирув

Ҳимояга муҳтож ҳақиқат

Ҳимояга муҳтож ҳақиқат

  26.04.2018 06:47
  0
  739
Ҳимояга муҳтож ҳақиқат

Футболнинг турли-туман мулоҳаза ва қарашлардан устун адолати ҳамиша мухлислару мутахассисларни сергакликка чорлайди, ноҳақ муносабатлардан қайтаради.

Футбол шу фазилати билан ҳам ҳар доим гўзал ва қадрлидир. Қайсидир ўйиндан ҳафсаласи пир бўлган мухлис бошқа бир баҳс томошаси таъсирида яна футболни олқишлайверади. Шу тариқа миллионлар ўйинида адолат ва адолатсизлик аро мувозанат яшайди.

Агар «Барселона» Испания кубоги финалида «Севилья» дарвозасига жавобсиз 5та гол урмаганида, балки мухлислар онгида «Металлург» - «Пахтакор» учрашувидаги 0:5 ҳисоби ҳақида ноўрин тассаввур ўрнашиб қоларди.

Тўғри, Бекободда кечган баҳсдан сўнг дастлаб нохуш таассурот уйғотадиган мулоҳазалар билдирилди ва кўпчиликни ишонтириб юборадиган фактлар билан далилланди. Бу фактлар шундай ўжарки, уларнинг қаршисида анча-мунча зукко мухлислар ҳам қўл кўтариб, таслим бўлишлари аниқ.

Аммо футбол адолати Эверест каби юксак ва мағрур. У узоқ Испаниядан ўзбек заминига қўл чўзди ва «шерлар»нинг йирик ҳисобли ғалабаларига боғлиқ қора рангли хулосаларни бир қадар нари сурди...

Испания кубоги финалида «Барселона» шундай ўйнадики, «Севилья» ўрнида бошқа ҳар қандай кучли рақиб бўлганида ҳам, бу шаштни тўхтатолмасди. «Рома» ҳақида-ку гапиришнинг ҳожати йўқ. Рим клубининг бахти - ЕЧЛ чорак финалида ғалабаларга қорни тўқ, узоқ давом этган мағлубиятсиз сериядан сархуш «Барселона» билан куч синашгани.

Қолаверса, Даниэле де Росси ва Костас Манолас «Камп Ноу»да алам билан бош эгиб, хижолатдан ерпарчин бўлиб, жавоб учрашувида нималарга қодир эканликларини футбол дунёсига кўрсатиб қўйишни дилларига тугиб қўйишганди. Охир-оқибат, шундай бўлди ҳам - шу икки футболчи «Рома» ғалабасида ҳал қилувчи вазифани бажарди.

Испания кубоги финали эса «Барселона»нинг қорни очган вақтга тўғри келди. Винченцо Монтелланинг Лионель Мессини ерлик футболчига айлантириш ҳақидаги олифтанамо сўзлари, Андрес Иньестанинг қадрдон жамоаси таркибида охирги финалда иштирок этиши бу «очиқиш» туйғусини яна-да кучайтириб юборди.

Тилга олинган мотивация жараёни сабаб, ўтган шанбадан якшанбага ўтар кечаси «Барселона» мухлислари ЕЧЛ алами тафтини бирозгина босишди. Аслида «Севилья» ҳам рақибига муносиб қаршилик кўрсатишга интилди.

Бироқ бу сафар майдонда Римдаги баҳсдан мутлақо фарқланадиган «Барселона» тўп сурарди ва шунинг учун андалусияликлар яхши ўйнай туриб, йирик ҳисобда ютқазишди. Шундай учрашувлар кузатиладики, «Ғолибга тараф йўқ!» дейсан киши беихтиёр.

Бекободдаги учрашувга тўхталсак, «Пахтакор»да ҳам шундай ғолибона кайфият ниш урди. Агар «Металлург» таркибида айнан пойтахтликлардан ижара келишуви асосида олинган 5 нафар футболчи тўп сурганида ҳам, бу баҳсда «шерлар» ҳамласини тўхтатиш иложсиз эди, назаримизда.

Таъбир жоиз бўлса, «Металлург» «очиққан» «Барселона» қурбонига айланган «Севилья» ҳолига тушди. Босаверсанг, ҳаттоки, бақа ҳам вақиллайди. Ҳолбуки, «Пахтакор» бақа эмас, балки таркиб жиҳатидан чинакамига шер салобатидадир. Салобатли шер узоқ вақт яралардан тўлғонди.

Анчайин камтар жамоалар унинг ғашига тегди, жаҳлини чиқарди. Хуллас, шер ғолибона наъра тортадиган, ҳар қандай рақибни ер тишлатадиган вазият етилганди. «Металлург»нинг қисмати - шу дамда унга дуч келгани. Яна такрорлаймиз, бундай ҳолатда Бекобод клуби таркибининг кучли ёки кучсизлиги аҳамиятини йўқотади.

Бошқача айтсак, рақиб сафида қайси футболчилар ўйнашларидан қатъий назар, «Пахтакор» шу кайфиятда унинг устидан ғалаба қозонади, албатта.

Винченцо Монтелланинг хатоси шуки, «Рома» Римда «Барселона»ни енгиб, «Ювентус» Мадридда «сенсацион» ўйин намойиш этгач, у бемаврид ширин хаёлларга берилди. Оддий ифода этганда, шерни қуён ўрнида кўрди ва шунга яраша жазосини олди.

Ҳар қанча тўсилмасин, кучли оқим узоқ муддат димланиб турмайди. «Пахтакор» ҳам кучли оқим. Мавсумнинг илк босқичида турли омиллар боис, бу оқимнинг йўли тўсилди. Лекин вақт ўтиб, кучли оқим тўсиқларни ювиб кетиши аниқ эди. Шу воқеа Бекободда бошланди.

Айни пайтгача «Пахтакор»ни ғалаба сари етаклашга қодир мотиватор кўзга ташланмади ва ҳозир ҳам жамоада бу каби «механизм» йўқ, фикримизча. Шота Арвеладзе клуб мутасаддилари нуқтаи назарига кўра, эҳтимол, малакали мутахассисдир. Афсуски, у ўзининг маҳоратини ҳозирча амалда исботламади.

Бекободдаги ғалаба мотивацияси эса, бизнингча, жамоа таркибидаги кучли футболчилар руҳиятидаги уйғониш садоларига алоқадор. Улар уйғонишди, қандай савиядаги футболчи эканликларини эслашди. «Металлург» каби клубни енгиш учун ҳозирча шунинг ўзи кифоя. Лекин бу стихияли жараён маълум маромга айланиши учун кучли мотиваторнинг аралашуви талаб қилинади.

Ўша мотиватор ким? Бу саволга жавоб беролмаймиз. Бизнинг вазифамиз - реал воқелик хусусида мулоҳаза юритиш. Ёдингиздами, «Хатолардан ҳайиқмас тараққиёт» номли мақоламизда «Пахтакор»  шаънига ярашмайдиган антимуносабат футбол муҳитимизда илдиз отаётгани тўғрисида ташвишланиб ёзгандик.

Сўнгги пайтларда шундай антиқарашнинг овози дадил-дадил янграмоқда. Ваҳоланки, «Пахтакор» қандайдир аралашув ва ёрдамлар туфайли очко йиғадиган жамоа эмас. Унинг шонли тарихи ҳеч қачон унутилмайди ва бугун ҳам шаъни қадрлашга муносиб. Шундай экан, клубга нисбатан муносабатларда ўша шонли тарих ҳурмати ёдимизда турсин.

«Металлург» ижарадор жамоа сифатида «Пахтакор»ни мажбуран 3 очко билан сийлаганига алоқадор гап-сўзлар шу маънода ўзини сира оқламайди. Айни чоғда бу каби мулоҳазалар клуб мутасаддиларини ҳам уйғоқликка чорлаши даркор.

Нима деб ўйлайсиз, «Милан» «Сан Сиро»да «Беневенто»ни «А» сериясида сақлаб қолиш учун атайин ютқаздими? Йўқ, биринчи даврада ҳам, бу сафар ҳам Женнаро Гаттузо шогирдларини аутсайдер жамоага қарши баҳсга руҳан тайёрлай билмади. «Металлург» ўйинида ҳам «Пахтакор»га қарши руҳий томондан талаб даражасида тайёргарлик кўрилмагани сезилди.

Акс ҳолда, жамоа мухлислари қаршисида лоақал дуранг учун курашарди. Хўш, икки рақибнинг ке-йинги учрашувларида Акбар Исматуллаев, Забиҳилло Ўринбоев, Суҳроб Нуруллоев, Аббос Отахонов ва Жавоҳир Соҳибов каби футболчиларнинг иштирок этишларига рухсат берилса ва «Металлург» яна ютқазса, нима бўлади?

У ҳолда, бу йигитларни «Пахтакор»га ён босишда айб-лаймизми? Ана, ижарачи - Артём Дзюба «Зенит»га қарши кечган муросасиз учрашувда ўзига хос йўл тутиб, «Арсенал» (Тула)ни мағлубиятдан қутқарди. Балки бизда ҳам шундай йўл тутиш керакдир...

Кўриниб турибдики, вазият анча чигал ва бу муаммони оқилона бартараф этиш Андрей Шипилов зиммасида. Қаранг, «Навбаҳор»нинг ўрта даражадаги таркиби Наманганда «Локомотив» ва «Бунёдкор»ни енгди.

Истаса, «Металлург» ҳам ижарачи футболчиларсиз шу ишни амалга ошириши мумкин. Ҳамма гап истакнинг қандай бўлишида...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz