Қайднома

Қидирув

Миллий жамоа ташвиши (иккинчи мақола)

Миллий жамоа ташвиши (иккинчи мақола)

  28.04.2018 06:47
  0
  705
Миллий жамоа ташвиши (иккинчи мақола)

Миллий термамиз муаммолари ҳақидаги биринчи мақолада анчагина гаплар қолиб кетди.

Бугун биз ўша ўтган гал ёзилмай қолган камчиликларни тилга олишга ҳаракат қиламиз. Зеро, мамлакатимизнинг бош жамоаси ҳақидаги фикрлар ҳеч қачон ортиқча бўлмаган...

Бир жиҳатга ҳеч эътибор берганмисиз, аксарият ҳолларда миллий жамоамиз Тошкентдаги ўйинларга нисбатан меҳмондаги баҳсларда чиройлироқ футбол намойиш этади. Албатта, доимо шунақа бўлади, дея олмайман ва бу нарсанинг ўшанда қайд этилган ҳисобларга умуман алоқаси йўқ.

Яъни, биз меҳмондаги беллашувларда кўпроқ ютқазгандирмиз, ютишимиз керак бўлган ўйинларда эса дуранг қайд этилгандир. Лекин ўша сафардаги мағлубиятли ва дурангли баҳсларда кўрсатилган ўйинлар сифати аксарият уй учрашувларимиздагига нисбатан баланд бўлган.

...Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрида бериб бориладиган баҳолаш тизимининг бир кўрсаткичига ҳурматим баланд. Эътибор берсангиз, газета Россия премьер-лигаси баҳслари шарҳи асносида майдонда тўп сурган ўйинчиларни 10 баллик тизимда баҳолайди.

Улар ўртача ўйин учун тахминан 5.0-5.5, ундан яхшироғи учун 6.5-7.0 ва юқори савияли футбол учун 7.5дан баланд баҳо олишади. Ана шу баҳолашларга қўшимча сифатида жадвалнинг энг пастки қисмида ўйиннинг томошабоплиги бўйича кўрсаткич бор ва биз буни икки жамоа томонидан кўрсатилган футболнинг сифати, деб қабул қилишимиз мумкин.

Хуллас, футболнинг сифати хусусидаги баҳодан кўп нарсаларни англаш мумкин. Дейлик, премьер-лиганинг навбатдаги баҳсида 4:3 ҳисоби қайд этилган. Буни кўриб, аксарият мухлислар ўйин роса қизиқарли ўтган, деб ўйлашлари табиий. Ваҳоланки, бунақа ҳисобдаги учрашувлар сифат графасида ҳар доим ҳам юқори балл олавермайди.

Ўша 4:3га 5.5 балл қўйилиб, аксинча, атиги 1:0 ҳисобида тугаган ўйин 8.0 баллга баҳоланган ҳолатлар кўп учрайди. Газета ходимлари бу баҳони осмондан олиб қўймайдилар, албатта.

Деярли мутахассисга айланиб улгурган «экспрессчилар» бу борада барча жиҳатлар - футболчиларнинг ўзаро бир-бирларини тушуниб тўп суришлари, паслар аниқлиги, зарбалар сони ва аниқлиги, техника ва тезкорлик, хуллас, шу каби жиҳатлардан хулоса чиқаришади. Гапнинг индаллоси - ўйин томошабоп ўтдими ёки мазмунсиз, шуни билиш мумкин.

Ўйинлар сифатига алоҳида тўхталаётганим бежиз эмас, албатта. Хўш, нега миллий жамоамиз иштирокидаги учрашувлар сифати мавзу даражасига олиб чиқилмоқда?

Бунга сабаб шуки, аввало, футболимиздаги ўйин сифатини кўтармасдан туриб, ҳеч қачон юқори натижаларга эриша олмаймиз, мундиал биз учун армон бўлиб қолаверади. Хўш, ана шу сифатни ошириш учун ишни биринчи навбатда нимадан бошлаш керак?

Мақола бошида тилга олинган мавзуга энди етиб келдик ва катта ўзгаришларга қўл ураётган футболимиз бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиши зарур деб ҳисоблайман: бу - ФУТБОЛ МАЙДОНЛАРИМИЗНИНГ СИФАТИ!

Ҳа, футболчиларимизга мутлақо боғлиқ бўлмаган, уларнинг ўсишига доимо тўсқинлик қилиб келадиган, бор футболимизни ҳам йўққа чиқараётган оғриқли жиҳатлардан бири - аксарият майдонларимизнинг сифати мавжуд талаблардан анчагина пастлигидадир.

Бу ерда гап Суперлига жамоалари уй учрашувларини ўтказадиган асосий майдонлардан тортиб, то уларнинг машғулот ўтказадиган базаларидаги майдончаларигача тааллуқли.

Афсуски, бу борада ҳаттоки, элитамизнинг тўрт етакчи клуби - «Локомотив», «Насаф», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ҳам ортиқча мақтана олмайди. Бошқа жамоалардан анча-мунча юқори турсада, уларнинг ўзига яраша камчиликлари бор. Бу ерда «камчиликлар кўп ҳолатларда мавжуд», десак тўғрироқ бўларди.

Чунки баъзида фаслга боғлиқ ҳолда, баъзан стадион масъулларининг лоқайдлиги туфайли ва яна бошқа кўплаб сабаблар билан майдон ҳолати доимо 100 фоиз шай ҳолда бўлмайди.

Лекин футболчи ва футбол кутиб турадими? Йўқ, албатта! Ўйинчилар майдон сифати яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам машғулот ўтказишга, тўп тепишга, ҳар қандай аҳамиятли-аҳамиятсиз учрашувларда меҳнат қилишга мажбурлар.

Про-лига жамоалари ўйнайдиган майдонлар ҳақида ҳозирча оғиз очмаймиз (очолмаймиз), уларда ҳали бу борада жуда катта ҳажмдаги ишлар қилиниши талаб этилади.

Яхшиси, юқори савияли футболчи тезроқ ривожланиш (ёки пасайишга юз тутмаслик) учун захира футболчисига айланиш хавфи бўлса ҳам, Суперлига жамоасига ўтиб олгани маъқул.

Фикрларимизни энди тарихга айланиб улгурган бир нечта фактлар тасдиқлаши тайин, зеро мозийга боқиб иш кўрмоқ хайрли, дейдилар. Демак, бироз ортга, аниқроғи, 2013 йилнинг баҳорига қайтамиз. Миллий жамоамиз ўз тарихида жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яқин борган дамлар айнан кўклам фаслига тўғри келганди.

У ажиб кунларни эсга олишнинг ўзи кишига бир дунё завқ улашади. Рост-да, ўша кунларда жадвалдан келиб чиқиб, энг пессимист мухлис ҳам мундиалга чиқишимиздан кўра чиқмаслигимиз қийинроқ, деб биларди.

Кечагидек эсимда, Ўзбекистон - Ливан учрашувидан бир кун олдин энг ишонган футболчимиз Сервер Жепаровни суҳбатга тортишди. Ўша куни Сервернинг ичида ҳар доим ҳам учрайвермайдиган бир ҳадик бордек эди, назаримда.

Футболчи янги қурилган «Бунёдкор» стадионини «мақташ» ҳақидаги саволга (таклифга) жавоб қайтарар экан, кутилмаганда унинг гўзаллиги ва ҳашаматидан кўра кўпроқ ўзи учун, қолаверса, термамиз манфаати (кейинроқ маълум бўлишича ҳаммамиз) учун аҳамиятлироқ бўлган мавзуни тилга олди - футбол майдонининг ҳолати!

Дарҳақиқат, стадиондаги энг зарурий жиҳат маромида бўлмаса, бундай аренада футбол ўйнашдан нима наф?

Хуллас, эртаси куни Сервердаги ҳадик бежиз эмаслигини тушуниб етдик. Майдон сифати анчайин ёмонлигидан ўзимиз истаган натижага эришолмадик. Футболчиларимиз гол уришда қийналишди, вакилларимиздаги бор техникани ўша тайёр бўлмаган майдон йўққа чиқарди.

Иккинчи бўлим ярмига яқинлашгандагина зўрға ҳисобни очдик, амаллаб ғалабага эришдик, 3 очко олдик ва «Шунисига ҳам шукр», дедик. Лекин жўжалар (голлар) саналадиган кузга бориб маълум бўлдики, бизга яна 2та тўп етмас экан! Етмай қолган ўша голлар урилиши керак бўлган энг қулай ўйин эса айнан шу - Ливанга қарши Тошкентдаги баҳс эди. Рақиб дарвозаси 2-3 эмас, 4-5 марта ишғол қилиниши кутилганди.

Буни уддаласа бўларди! Ахир сўнгги турда Қатар дарвозасига 5та тўп киритишни эпладик-ку! Ҳаттоки, саралашнинг ўша сўнгги баҳсида ҳам «Бунёдкор» чимининг ҳолати оптимал даражада бўлган, деб айтолмайман. Буни футболчиларимизнинг ўзлари ҳам тасдиқлашлари мумкин.

«Рақиблар ҳам шу майдонда ўйнаган-ку?» қабилида эътироз билдирадиганларга жавобим тайёр. Сабаби, ҳимояланаётган жамоанинг ҳужум қилаётганлардан озгина бўлсада, устун тарафи мавжуд. Масалан, рақиб ҳужумини қайтариш чоғида, айниқса, тўпни ўнг келган томонга тепиб юбориш ҳолати кўп кузатилади.

Бундай вазиятда майдон аҳволининг ёмонлиги айнан ҳимояланаётган томонга кўпроқ қўл келади. Лекин гол уриши керак бўлган жамоага майдоннинг ҳолати жуда муҳим омил саналади. Айниқса, асосан техник футболга таяниб ўйнайдиган Ўзбекистон термасига.

Қисқаси, ўша Ливанга қарши баҳсдан аламли хотиралар қолди. Ўйин пайти майдон чимининг бир неча марта кўчиб кетиши, футболчиларимиз югураётганда яққол сезилиб қолган оғир ҳаракатлар... Майли, бу энди тарихга айланди.

Лекин бизда вазиятни ўнглаш учун вақт бор. Энди эътиборимизнинг бир қисмини чимларни мукаммал кўринишга келтиришга қаратиш керакки, футболчиларимиз биргина ёмон ҳолатдаги майдон сабаб ўйинни боши эгик ҳолда тарк этишмасин.

Мақоламиз бошида тўхталганимиз - термамизнинг меҳмондаги аксарият учрашувларда чиройли футбол намойиш этиши айнан шу майдон сифатига боғлиқ эди. Футболчиларимиз, асосан, Япония ва Жанубий Кореядаги баҳсларда кўпроқ жозибали футбол кўрсатишган.

Тўғри, бу ўйинларнинг аксарияти бизнинг мағлубиятимиз билан якунланган, лекин футболчиларимиз текис майдонда барибир, бошқача ўйнашади. Албатта, Осиёдаги бу мамлакатларда майдоннинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас.

Япония ва Жанубий Корея футболининг доимо бизни сезиларли фарқ билан ортда қолдиришига асос сабаблардан бири ҳам айнан майдон сифати бўлса, ажабмас.

Келинг, шу икки жамоага қарши ўтган ЖЧ саралаши якуний босқич учрашувларини ёдга олсак:

ЖЧ-1998

Ж.Корея (уйда - 1:5, меҳмонда - 1:2)

Япония (уйда - 1:1, меҳмонда - 3:6)

ЖЧ-2006

Ж.Корея (уйда - 1:1, меҳмонда - 1:2)

ЖЧ-2010

Япония (уйда - 1:1, меҳмонда - 1:1)

ЖЧ-2014

Ж.Корея (уйда - 2:2, меҳмонда - 0:1)

ЖЧ-2018

Ж.Корея (уйда - 0:0, меҳмонда - 1:2)

Рақамлардан кўриниб турибдики, биз Тошкентда ҳам, меҳмонда ҳам ғалаба қозона олмаганмиз. Тошкентда 5та дуранг, 1та мағлубият, сафарда эса тескариси - 1 дуранг, 5 мағлубият. Энг қизиғи, меҳмондаги мағлубиятлар графасининг барчасида Жанубий Корея турибди: ушбу термага ҳар гал битта тўп фарқи билан ютқазганмиз.

Кўряпсизми, илк мусобақани (1997 йилги саралашлар) айтмаганда, ҳисоблардаги фарқ катта эмас. Яъни, биз ҳар гал Тошкентда ғалабага, меҳмонда эса дурангга яқин келганмиз. Лекин ўз майдонимиздаги ўша етишмаган голларда барибир, техник томондан сустлигимиз таъсир ўтказган.

Бунга, қайсидир маънода, майдон ҳолати ҳам сабаб бўлган. Икки рақибимиз эса, табиийки, ўз уйидаги устунликдан мукаммал даражада фойдаланган. Мазкур ҳолатда нега фақат Жанубий Корея ва Японияга урғу бердим? Сабаби, Осиёда араб термаларидан фарқли равишда, япон ва корейслар жамоавий усулга асосланган техник футбол кўрсатишади.

Айниқса, «самурайлар» иштирокидаги ўйинларда бу яққол кўзга ташланади: улар аниқ паслар билан ишлашади. Узатмаларда деярли хатолар учрамайди. Токиодаги идеал даражадаги майдон эса доимо мезбонлар фойдасига хизмат қилади. Хуллас, шу икки жамоа моделини андоза қилиб олсак, фойдадан холи бўлмасди...

Энди яна ўзимизнинг чемпионатга қайтиб, жамоаларимиз ўйинга тушаётган майдонлардаги аҳвол ҳақида ҳам икки оғиз сўз юритсак. Суперлига баҳслари охирги пайтларда анчагина томошабоп бўлиб қолди ва бу ҳаммамизни қувонтираётгани бор гап.

Мухлислар чиндан ҳам стадионларга қайтишмоқда. Лекин бу гавжумлик бардавом бўладими? Буни албатта, вақт кўрсатади. Лекин Суперлигада ҳам майдон масаласи борки, мавжуд камчилик томошабинларнинг стадионда ҳақиқий ҳордиқ чиқаришларига тўсқинлик қилмасин.

...Бугун тилга олинган мавзуга аксарият футболчиларнинг ўзлари ҳам хайрихоҳ бўлишларига шубҳа йўқ. Зеро, бундан улар бизданда кўпроқ манфаатдорлар. Шу ўринда Уммон клубларидан бирида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Алишер Азизовга берилган савол ва ўша ердан Суперлигамизни кузатаётган легионернинг жавобини келтириб ўтсам:

- Алишер, «Навбаҳор» Наманганда амалдаги чемпион «Локомотив»ни мағлуб этди. Мазкур баҳсни 25300 нафар мухлис бевосита стадионда томоша қилди. Шу ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Ўша учрашувни кўрдим, қойил! Наманганлик мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши «Навбаҳор»га фойда келтирди. Мезбонлар шу куни бошқача ўйин намойиш этишди, айниқса, ишқибозларига гап йўқ. Лекин майдон ҳолати кўнгилдагидек эмасди. Тўп кўп вазиятда сакраб кетди...

...Гувоҳи бўлаётганингиздек, яна бир футболчи майдон ҳолати ҳақида гапирмоқда. Ҳақиқатан «Навбаҳор» стадионидек мухлисларга лиқ тўла арена Ўзбекистонда деярли топилмаса ҳам, ундаги нотекис ва футболчиларни ноқулай ҳолатга соладиган майдон Суперлигада бошқа йўқ.

Намангандаги стадионда ўша биринчи ўйинларда ҳаттоки, майсалар чиқмай қолган ҳудудлар ҳам кўзга ташландики, бу ҳолат билан жиддий иш олиб бормаса бўлмайди. Ўз олдига юқори мақсадларни қўйган ҳар бир клуб, албатта, майдоннинг ҳолатига катта эътибор қаратиши шарт.

Шоядки, шунда миллий жамоамиз сафига киришга эришолмаётган, порламасдан сўнишга юз тутаётган иқтидорларимизнинг ишлари яна олға юрса...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz