Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболида жиддий синов вақти

Ўзбек футболида жиддий синов вақти

  29.04.2018 06:42
  0
  669
Ўзбек футболида жиддий синов вақти

Хабарингиз бор, апрель ойи ўрталарида Ўзбекистон кубогининг жорий мавсуми 1|16 финали баҳслари ўтказилиб, унда кейинги босқич масаласини ҳал қилган 12та жамоа номи маълум бўлди.

Кейинги раунддан бошлаб улар сафига «Локомотив», «Бунёдкор», «Насаф» ва «Пахтакор» қўшилади. 18 апрель куни мусобақанинг навбатдаги босқичига қуръа ташланиб, жамоалар ўз рақиблари билан танишишди.

Якуний рўйхатда кўпчилик кутмаган жуфтликлар ҳосил бўлганини таъкидлаш ўринли.

Қуръа якунларига тўхталишдан аввал 1|16 финалда кузатилган натижаларни яна бир бор ёдга олсак. Яъни, ушбу босқичда Суперлиганинг 3та жамоаси мусобақани тарк этди.

«Металлург» ва «Бухоро» ўз дивизионидаги клубларга ютқазган бўлса, «Навбаҳор»нинг Про-лига вакили - «Андижон»га имкониятни бой бериши кутилмаган ҳол сифатида баҳоланди.

Шунингдек, турнирнинг мазкур раундида «Сурхон», «Орол», «Ифтихор» ва «Шердор» каби жамоаларнинг қатнашиши кўпчиликни ажаблантиргани тайин.

Демак, навбатдаги қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон кубоги 1|8 финал босқичида қуйидаги жамоалар ўзаро куч синашишлари ойдинлашди:

29 май (сешанба)

«МАШЪАЛ» - «СУРХОН»

«БУНЁДКОР» - «СЎҒДИЁНА»

«ОРОЛ» - «АНДИЖОН»

«ИФТИХОР» - «ПАХТАКОР»

30 май (чоршанба)

«ҚЎҚОН-1912» - «НЕФТЧИ»

«ДИНАМО» - «ҚИЗИЛҚУМ»

АГМК - «НАСАФ»

«ЛОКОМОТИВ» - «ШЕРДОР»

Кўриб турганингиздек, қуръа «Ифтихор» ва «Шердор» клубларини аямади ва уларни жиддий имтиҳонга йўлиқтирди. Яъни, олтиариқликлар ўз майдонларида «Пахтакор» синовидан ўтишса, самарқандликларни «Локомотив» майдонида мураккаб ўйин кутиб турибди.

Тошкентнинг икки жамоаси сўнгги йилларда фаворит сифатида эътироф этилишини инобатга олсак, Про-лига вакилларининг кейинги босқичга чиқишлари сенсацияга тенглаштирилиши турган гап.

Шунингдек, мамлакат кубогининг навбатдаги раундида «Қўқон-1912» - «Нефтчи» қарама-қаршилиги кўпчиликнинг диққат марказида туради.

Ҳар ҳолда, Фарғона дербисига қизиқиш ҳар доим юқори бўлган ва навбатдагиси ҳам бундан мустасно бўлмаслиги аниқ. Суперлига турнир жадвалидан келиб чиқсак, ушбу жуфтликда қўқонликларнинг имкониятлари бироз юқорироқдек. Боз устига, бир учрашувдан иборат баҳс «Қўқон-1912» мезбонлигида ўтади.

Суперлига вакилларидан ташкил топган жуфтликлар орасида АГМК - «Насаф» учрашуви шиддатли курашларга бой ўтиши шубҳасиз. ОЧЛдаги иштирокни гуруҳ босқичидаёқ якунлаб, бор эътиборни ички чемпионат ва кубок баҳсларига қаратадиган «аждарлар» Олмалиқда майдон эгаларига жиддий кураш тақдим этишларини тахмин қилиш қийин эмас.

.Ҳозирча ички биринчиликда пешқадамлик қилаётган «Бунёдкор» эса Тошкентда «Сўғдиёна»ни қабул қилади. Демакки, мазкур учрашувда Миржалол Қосимов бошчилигидаги клубнинг имкониятлари кўпроқ.

Қуръа Про-лиганинг тўрт вакилини иккита жуфтликка ажратди. «Машъал» - «Сурхон» ҳамда «Орол» - «Андижон» ўйинларидан олдин барча жамоаларнинг имконияти бир хил. Фақат мазкур ҳолатда мезбонлик фактори майдон эгаларига қўл келиши мумкин.

Шуниси аниқки, Ўзбекистон кубогининг навбатдаги босқичида қуйи дивизиондан иккита вакил қатнашади. Фақат ўша омадли клублар номига ойдинлик киритиш қолди, холос. Буни биз май ойи охирларида ўтказиладиган баҳслардан сўнг билиб оламиз.

Ниҳоят, «Динамо» - «Қизилқум» қарама-қаршилиги ҳақида. Мусобақанинг аввалги босқичида «Бухоро»ни ўз майдонида қийинчилик билан мағлубиятга учратган навоийликлар Самарқандга боришади.

Жорий мавсум Суперлигага қайтишни мақсад қилган «Динамо» рақибига осонликча таслим бўлмаслиги тайин. Демак, бу ўйинда ҳам шиддатли кураш кечишини олдиндан тахмин қилиш мумкин.

Янгича форматда ўтказилаётган Ўзбекистон кубоги мусобақаси олдинда мухлисларга кўп сюрпризларни тақдим этса, асло ажабланмаймиз. Ахир қуйи дивизион вакилининг ҳал қилувчи босқичларда қатнашиши ҳар доим ҳам кузатилавермайди.

Мусобақа форматига ўзгаришлар киритишдан мақсад ҳам айнан шу эди. Демак, жараённи кузатишда давом этамиз ва мабодо ярим финал ва финал раундларида ҳам Про-лига вакилларини кўрсак, буни оддий ҳол сифатида қабул қиламиз.

Дарвоқе, Ўзбекистон кубоги нимчорак финал баҳсларига қуръа ташлаш жараёнининг «Спорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда трансляция қилинганини эътироф этиш даркор. Бу ҳам бўлса, янгиланиш ва изланишлар самарасидир.

Улуғбек УМАРОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz