Қайднома

Қидирув

Фабио Борини: «Ваъдасини бажармаганни жиним суймайди»

Фабио Борини: «Ваъдасини бажармаганни жиним суймайди»

  30.04.2018 06:18
  0
  727
Фабио Борини: «Ваъдасини бажармаганни жиним суймайди»

«Милан» ҳужумчиси Фабио Борини Италия матбуотига берган интервьюсида Англия ва Италия чемпионатлари ўртасидаги фарқ ва кўп нарсалар ҳақида гапириб ўтди.

- Ўзингизга футболчи ва инсон сифатида қандай таъриф берасиз?

- Ностандарт. Чайир. Ёпиқ.

- Чайирлигингизни тушунса бўлади. Майдонда ҳам турли нуқталарда ўйнайверасиз. Аммо нима учун «ностандарт»?

- Одатда, футболчилар қилмайдиган ишларни бажараман. Масалан, кечки овқат тановвул қилиш учун шаҳарга велосипедда бораман. Биринчи марта шу ҳолатда борганимда, жамоадагилар ҳайрон қолишганди.

- Ҳамиша шундай бўлганмисиз ёки бу Англиянинг таъсирими?

- Униси ҳам, буниси ҳам. Англияда футболчилар «афсона» эмас. Ҳеч қайси газета ёки ТВ-шоу уларни машҳур шахсларга айлантирмайди. Шу боис ҳам футболчи ресторанга борса, оддий одамлардек еган овқатига пул тўлайди. Италияда эса ҳамма жойда текинга тамадди қиласиз. Борини бўлганим учун энг яхши столни ажратишади. Бу мени ажаблантиради. Реаллик билан алоқани йўқотиб қўяман.

- Нима учун «ёпиқ»?

- Эҳтиросларимни ичимда сақлайман ва шахсий ҳаётимни ҳимоя қиламан. Менга ижтимоий тармоқлар унчалик ёқмайди. Агар муаммога дуч келсам, бу ҳақда уч ойдан кейин билишади. Унгача барча муаммоларимни ҳал қилиб улгурган бўламан.

- Нима учун эҳтиросларингизни ташқарига чиқармайсиз?

- Агар уни кўз-кўз қилсам, атрофдагилар маслаҳат беришга ўтишади. Лекин мени фақат ўзим яхши танийдиганларнинг фикри қизиқтиради.

- Бундай одамлар кўпми?

- Уч киши. Турмуш ўртоғим Эрин, дўстларим Лоренцо ва Микеле. Отам ва онам 16 ёшимгача, «Челси»га кетгунимча мени яхши билишарди. Лекин ҳамиша уларнинг фарзандлари бўлиб қоламан.

- Нимадан жаҳлингиз чиқади?

- «Рома»да ўйнаб юрганимда, мени футболчиларни икки гуруҳга ажратиб қўйганликда айблашганди. Аслида эса, бунинг барчаси туҳмат бўлган.

- «Милан»да дўстларингиз борми?

- Родригес, Чалха, Кессье, Силва...

- Яхши югуришингиз онангиздан юққан, дейишади. Унинг марафон масофасини босиб ўтгани ростми?

- Ҳа, югуриш қонимда бор. Онам ҳозир машқдан тўхтамайди, яқинда Ҳиндистонга боради. Аммо мен тўхтатиш вақти келди, дейман. Чунки волидам августда 55 ёшга тўлади. Отам ҳам югуради, фақат қисқа масофаларга: 200 ва 400 метрга. Болоньяда 13дан 15 ёшимгача енгил атлетика билан шуғулланганман. Икки кун югурардим, уч кун футбол ўйнардим.

- Англиядан қайтганингизда Италия футболи қанчалик ўзгарганди? Яхши томонгами ёки ёмон?

- Анча замонавий бўлиб қолган. Тўғри, бошқа мамлакатлар олдинда. Бироқ янги стадионлар ҳақида ўйлаб қолдик-ку.

- Англия ва Италия. Бизга ва уларга нималар етишмайди?

- Уларнинг менталитетига ҳасад қиламан: дам олишни билишади. Агар 20 дақиқа вақтлари бўлса, ундан тўғри фойдаланишади. Биз эса бу вақт оралиғида нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаймиз. Инглизларга итальян таомларини тавсия қилган бўлардим.

- 16 ёшингизда «Челси»га кетгансиз. Бундан афсусланмайсизми?

- Албатта, йўқ. 17 ёшимда кир ювиш, овқат пиширишни ўрганганман. Ҳақиқий эркакка айланганман. Ҳозир уйим Болоньяда бўлсада, у ерга қайтишга қийналаман. Чунки менталитет мутлақо бошқача.

- Ҳаётда нимани ҳазм қилолмайсизу нимани кечиришга тайёрсиз?

- Ваъдасини бажармаганларни жиним суймайди. Хатоларни эса кечираман. Чунки биз инсонмиз.

- «Милан»га ўтишимнинг ўзи соврин, аммо кўп нарсалар учун реванш олишим керак», дегандингиз...

- Италияда ўйнай олишимни, қочиб кетмаганимни, «Милан»га муносиблигимни исботламоқчи бўлганман.

- Буни исботладингизми?

- Бироз.

- «Футболни Гаттузонинг кўзлари билан кўриш истагидаман», дегандингиз. У футболга қандай нигоҳ билан қарайди?

- Женнаро миллионлар ўйинини катта эҳтирос ва бизнессиз кўради.

 

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz