Қайднома

Қидирув

«Отажон йиғламанг!» Буюк Пеле тарихига назар

«Отажон йиғламанг!» Буюк Пеле тарихига назар

  30.04.2018 06:41
  0
  763
«Отажон йиғламанг!» Буюк Пеле тарихига назар

Буюк Пеле 1958 йилги жаҳон чемпионати ва ушбу турнирнинг финал баҳсида урган голини ёдга олади.

«Мен жаҳон чемпионати финалида гол урдим. 34та муҳим воқеа» номли китоб нашрдан чиқди. Унда мундиалларнинг ҳал қилувчи баҳсида тўп киритган футболчиларнинг фотопортретлари ва хотиралари зикр этилган. Майкл Дональд 6 йил мобайнида бутун дунё бўйлаб саёҳатга чиқиб, буюк голлар муаллифлари билан учрашди: 1950 йили ўз голи билан Уругвай термасига ғалаба келтирган Альсидес Гиджидан тортиб, Германияга 2014 йилги ЖЧ финалида бош совринни туҳфа этган Марио Гётцегача. Бугун мазкур китобда келтирилган айрим воқеаларга тўхталамиз. Албатта, ҳикояни футбол қироли Пеледан бошлаймиз. Асарда бу шахсга иккита боб ажратилган. Ахир бразилиялик буюк ҳужумчи иккита мундиал финалида рақиблар дарвозасини ишғол қилган.

Эдсон Арантес до Насименто (Пеле)

1958 йилгача Бразилия термаси бирор марта жаҳон чемпионатида ғолиб чиқмаганди. 1954 йил бу жамоа чорак финалда венгрларга ютқазганди. 1950 йилги мундиал финалида эса азалий рақиб - Уругвайга имконият бой берилганди. 1958 йили Пеле номи ҳеч нимани англатмасди. Эндигина 17 ёшни қаршилаган йигитча икки йил аввал «Сантос» сафига қўшилганди.

Туғилган санаси: 1940 йил 23 октябрь

Терма жамоаси: Бразилия

Ўйин: 1958 йилги жаҳон чемпионати Швеция мезбонлигида ўтган. Финал 29 июнь куни Сольндаги «Росунда» стадионида ўтказилган.

Томошабинлар сони: 49 737

Натижа: Бразилия — Швеция — 5:2

Пеленинг голлари: 55 ва 90-дақиқаларда урган.

«Отам профессионал футболчи бўлган, - дейди футбол қироли. - Аммо тиззасидан олган жароҳати туфайли фаолиятини эрта якунлаган. 1950 йилги жаҳон чемпионати яхши эслайман. Ўшанда 10 ёш эдим, Бразилия «Маракана» стадионида ўйнаганди. Отам ва унинг дўстлари бўлажак ютуқни нишонлаш учун астойдил таом тайёрлашаётганди. Барча Бразилиянинг чемпион бўлишига ишонарди. Аммо термамиз ютқазди. Отам йиғлаганди. Ҳамманинг кўзида ёш, ахир бир соат аввал байрамона муҳит ҳукм сурарди. Мен ҳеч нарсани тушунмай, сўрадим: «Отажон, нега йиғлаяпсиз?». У жавоб берди: «Чунки Бразилия жаҳон чемпионатида мағлубиятга учради». Уни юпатиш мақсадида: «Йиғламанг, ўша совринни сиз учун мен ютиб бераман», дедим. Орадан беш йил ўтиб «Сантос» сафида ўйнай бошладим, бир йилдан кейин эса Бразилия термасига таркибига киритилдим, кейинги йили эса - жаҳон чемпионати финалида тўп сурдим.

Отам билан рўй берган воқеадан сўнг онам футболчи бўлишимга қаршилик қилди: «Йўқ, «Сантос»га бормайсан, сен ўқитувчи бўласан», деди. Ўйлашимча, 1950 ва 1954 йиллардаги муваффақиятсизликдан сўнг бразилияликларда миллий жамоага бўлган ишонч йўқолганди. Бинобарин, Бразилияда 1958 йилдаги каби терма авваллари бўлмаганди. Таркиблар солиштирилса, гапим ўз исботини топиши мумкин. Термада илк бор руҳшунос - доктор Кавальо иш бошлаганди. У менинг ҳали анча ёш эканлигим, 17 ёшли йигитча жаҳон чемпионатидаги босимга дош беролмаслиги, шу боис мени у ерга олиб бориш нотўғри бўлишини таъкидлаганди. Шунингдек, мутахассис Гарринчага масъулият етишмаслигини айтиб, уни ҳам мундиалдан четда қолдириш керак, деб ўйларди».

Аммо Кавальо адашганди. Бразилия ўз гуруҳида ғолиб чиқиб, чорак финалда Уэльсга тўқнаш келди. Пеле бошланғич таркибда майдонга тушиб, ушбу баҳсдаги ягона голга муаллифлик қилди. Ярим финалда бразилияликлар жаҳоннинг энг кучли термаларидан бири - Францияни 5:2 ҳисобида енгишди.

«Ўйлашимча, ёши катта ўйинчилар катта босимга учрашарди. Финал ўтказиладиган куни эрта тонгда улар журналистлар билан суҳбатлашишди. Бу пайтда биз яшаётган меҳмонхона хўжайинларининг ўғиллари билан ўйнаётгандим. Болакайларнинг ёрқин сочлари ҳамон эсимда, ўшанда бу мен учун янгилик эди.

Финалда Швецияга қарши ўйнашимиз лозим эди. Мезбонларга қарши тўп суриш оғир бўлишини тахмин қилгандик. Аммо ўша ўйин осон кечди, биз 5та гол урдик. Мен эса: «Афсуски, жаҳон чемпионатида қандай ўйнаётганимни отам кўрмаяпти», деб ўйладим. Бутсаларимни киярканман, Баурадаги ота-онамни кўз олдимга келтирдим, репортажни радио орқали эшитишяптими, йўқми, билмасдим. У пайтлари ўйинлар телевидение орқали кўрсатилмасди. Швеция қироли биз билан кўришиш учун трибунадан тушганида эса миямда бир ўй чарх урарди: «Ё, Тангрим, отам буни билармикан?».

Шведлар ҳисобда олдинга чиқиб олишганида, карахт аҳволга тушдик. Аммо Диди дарвозадаги тўпни оларкан, бизга нима дегани ҳамон ёдимда: «Мана энди ўйин бошланади, ташвишга ҳожат йўқ». Вава биринчи голимизни урди, кейин эса мен «сомбреро»ни амалга оширдим: кўкрагимда тўпни тўхтатиб, уни ҳимоячининг устидан ошириб, зарба йўлладим. Мен учун ўйиндаги иккинчи, жамоамизнинг сўнгги голини мени қўриқлаётган ҳимоячидан юқорироқ сакраб, бош билан урдим. Ўшанда жуда юқорига сакрагандим. Дарвозабон Загалло билан уюштирган комбинациямизни кузатиб турганди, сўнгра мен бўш ҳудудга очилиб... бош билан зарба бердим. Эсимда, ҳаттоки, швециялик мухлислар ҳам бизга қарсак чалишганди.

Бу воқеадан саккиз йил аввал отам юпатишга уринаётгандим: «Йиғламанг, сиз учун жаҳон кубогини ютиб бераман». Энди эса ўзим йиғлаётгандим. Терма жамоа ва «Сантос»нинг ўша пайтдаги дарвозабони Жилмар мени қучоқлаганча «Йиғлама, йигитча, йиғлама!» дерди. Аммо туйғулар жунбушга келганди. Бундай паллада нималарни ҳис қилаётганингни сўз билан ифодалаш қийин бўлади.

Биз мундиаллар финалларида урилган голлар ҳақида гапиряпмиз. Аммо мен учун Уэльс дарвозасига киритган тўпим энг қадрлиси. Чунки бу турнирдаги дастлабки голим эди. Айнан шу гол эвазига биз жаҳон чемпионатидаги иштирокимизни давом эттирдик. Усиз финал ҳам бўлмасди, бутун Бразилиянинг умиди яна пучга чиқарди».

 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz