Қайднома

Қидирув

Миллий чемпионатимиздаги яширин пойга ҳақида

Миллий чемпионатимиздаги яширин пойга ҳақида

  01.05.2018 06:43
  0
  820
Миллий чемпионатимиздаги яширин пойга ҳақида

Миллий чемпионатимиз формати ўзгаргач, унга боғлиқ кўп жиҳатлар анча мураккаблашди. Оддий айтганда, Суперлига тизими жамоаларни олдинги мавсумлардан фарқли ўлароқ, ақл билан ўйнашга мажбур этмоқда қайсидир маънода. Қуйидаги таҳлилий мақола мазкур фикрни тўлиқ исботласа керак.

Бугун ортда қолган 8та тур натижалари юзасидан (9-тур ҳисобга олинмаган) «оралиқ сарҳисоб» ўтказишни лозим топдик ва бунда жуда-жуда қизиқарли рақамларга дуч келдик. Юқори олтиликка киришга даъвогар жамоалар, уларнинг жорий мавсумдаги имкониятлари айнан 8-тур якунига келиб, анчагина ойдинлашиб қолди.

Мисол учун, мавсум бошида кучли тўртлик - «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг чемпионлик ҳамда ОЧЛ йўлланмалари учун кечадиган ҳал қилувчи баҳсларга бемалол чиқиши тахмин қилинганди. Мана, «темирйўлчилар» Миржалол Қосимов жамоаси устидан ғалаба қозонишганидан сўнг бунга деярли шубҳа қолмади.

Суперлиганинг қолган 8та иштирокчиси ҳам бунга ишониб улгургани ҳозирдан маълумдек. Ҳа, қандайдир «сенсация» бу квартет вакилларидан лоақал бирини 6-ўриндан пастга тушириб юбориши мумкиндир, аммо футболга қизиқувчи ҳамюртларимизнинг 1 фоизи ҳам шундай бўлишига ишонмаслиги турган гап.

Хуллас, якуний кучли олтиликнинг дастлабки 4та жамоаси 1-давра якунланмай туриб аниқланди, ҳисоб. Ҳамма масала қолган 2та ўрин тақдирига бориб тақалмоқда. Айни шу 2та жойга даъвогар жамоалар имкониятлари хусусида хўп ва кўп гапириш мумкин.

Дастлабки даъвогар - тажрибали футболчиларга таянаётган «Бухоро»

8-тур ўйинидан кейин бир суткача пешқадам бўлиб турган «Бухоро» бу борада анча яхши имкониятга эга. Тўғри, Улуғбек Бақоев жамоаси айни пайт очко бўйича қолган даъвогарлардан тузуккина илгарилаб кетган бўлсада, иккинчи давра якунланмагунича унинг олтиликдан жой олишига 100 фоиз кафолат бериш қийин, барибир.

Биз «Бухоро» ихтиёридаги футболчилар маҳоратию, тажрибасига ҳам, уларнинг ғалабага чанқоқ эканликларига ҳам ҳурмат билан қараймиз. Лекин жамоа ишончни нечоғли оқлашини иккинчи давра якунигина кўрсатиб беради, назаримизда.

«Навбаҳор»дан ақл гимнастикаси

Наманган клуби авваллари мамлакатимизнинг энг кучли 3-4та жамоа-си қаторида юрарди. 10 йилча давом этган бундай илғорликдан сўнг «Навбаҳор»нинг умумий кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайиб кетди.

Наманганликлар орада ҳаттоки, ўртаҳол рақибларни енгишга қийналадиган бўлиб қолишди, клубга 1-2 марта қуйи лигага тушиб кетиш хавфи ҳам чанг солди. Хуллас, 8-10 йил шу зайл давом этди. Мавсум-2017га келиб,  жамоа ниҳоят, анчадан буён мухлислар соғиниб қолган футболни намойиш этишга тушди.

Илҳом Мўминжонов гарчи асосан ўртаҳол ижрочиларни йиққан бўлсада, жамоа анчайин мазмунли ўйинлар кўрсатди ва мавсум якунида ҳақли равишда 5-ўринни банд этди.

«Навбаҳорчилар», умуман, наманганликлар жорий мавсумни ҳар доимгидан бошқачароқ кайфиятда бошлашгани март ойларидаёқ яққол билинди. Ҳар ҳолда, клубнинг камида ОЧЛ йўлланмасига даъво қилиши шундоқ сезилганди...

Олмалиқ, Қўқон, Бекобод...

Вилоятлар маркази саналмаган шу 3та шаҳар шарафини ҳимоя қилувчи клублар кучли олтилик сари йўлда «Навбаҳор» ва «Бухоро»га асосий рақиблар сифатида гавдаланиши айнан 8-турга келиб, янада ойдинлашди.

«Қизилқум», «Сўғдиёна» ва «Нефт-чи»дан иборат учликка чин кўнгилдан ҳурматни сақлаган ҳолда айтамизки, бу клубларнинг кучли олтиликка талпиниши учун вақт етмай қолиши ҳақиқатга яқин бўлиб қолди.

Ҳисоб-китоб ишлари

Энди мақоламизнинг асосий қисмига кўчишимиз мумкин. Хўш, айни ҳолатда кучли олтиликка даъвогар жамоаларнинг якуний босқич учун жамғарган очколари миқдори қанча? Аввало, жадвалнинг 8-турдан кейинги ҳолати бўйича юқори 6та поғонани эгаллаган клубларнинг шу кунгача бўлган ўзаро ўйинларини сарҳисоб қилиб кўрамиз (1-жадвалга қаранг).

1-жадвал

1. «Насаф»             3              5-2          7

2. «Навбаҳор»       4              4-2          7

3. «Бунёдкор»       4              6-5          6

4. «Бухоро»           3              3-6          3

5. «Пахтакор»       3              1-2          3

6. «Локомотив»    3              3-5          3

Изоҳ: ўйинлар сони, тўплар нисбати ва очко миқдори берилган.

Демак, жадвалдан кўриниб турибдики, ўзаро ўйинларга кўра, ҳозирча «Насаф» ҳаммадан яхши натижага эга. 2-ўринда эса кутилмаганда, «Нав-баҳор» турибди ва бу билан дастлабки 22та турда фақатгина ютиш эмас, кўпроқ кучли жамоалардан очко тортиб олиш тўғрироқ эканлигини исботламоқда.

Аввалги пайшанба куни «навбаҳорчилар»нинг Тошкентда «Пахтакор»дан ҳам очко олишларига бир баҳя қолди. Фараз қилинг, агар шу куни дуранг натижа қайд этилганида, «Навбаҳор» бизнинг жадвалда 8 очко билан якка пешқадам бўлиб оларди, моддий томондан анча бақувват саналган «Пахтакор» эса 3та ўйинда 1 очко олган ҳолда, кучлилар қаторида охирги поғонага суриларди.

Бу қандай жадвал эканлигини тасаввур қиляпсизми? Чемпионлик кураши манзараси! Кучли олтиликка кириши ҳали катта сўроқ остида турган «Навбаҳор» келажак учун ҳозирдан анчагина ишлар қилиб қўйдики, агар бир амаллаб, кейинги раундни юқори гуруҳда бошлашни таъминласа, у ёғига тузуккина натижа қайд этиши ҳеч гап эмас.

Шу жадвал бўйича фикримизни давом этирсак, биринчи давра якунигача «Бунёдкор» ва «Навбаҳор»да 1тадан ўйин қолди: 10-турда Қосимов шогирдлари Тошкентда «Насаф»ни қабул қилишади, «Навбаҳор»ни эса Бухорода ўта мураккаб баҳс кутиб турибди. Қолган жамоалар ихтиёрида эса 2тадан ўйин бор (9-тур баҳсларини қўшиб ҳисоблаганда, албатта).

Табиийки, биринчи давра якунланиши билан бу мавзуга яна тўхталамиз, лекин ҳозирданоқ вариантлар турли-туман кўриниш олмоқдаки, биргина жадвал билан чекланиб қўя қолмаймиз. Демак, эҳтимоли бор якуний олтиликнинг яна бир вариантига назар соламиз (2-жадвалга қаранг).

2-жадвал

1. «Насаф»             3              5-2          7

2. «Бунёдкор»       3              5-3          6

3. «Бухоро»           4              4-6          6

4. «Локомотив»    3              4-4          4

5. «Қўқон-1912»   3              1-2          2

6. «Пахтакор»       2              0-2          0

Изоҳ: ўйинлар сони, тўплар нисбати ва очко миқдори берилган.

Бунисида Қўқон жамоасининг кучли олтиликка кириши тахмин қилинган ва энг эътиборли томони, ушбу вариантда «Пахтакор» ҳисобида ҳали очко йўқ. Ваҳоланки, Арвеладзе шогирдларини биринчи давра якунигача анча қийин ўйинлар кутиб турибди.

Якшанба куни «Локомотив» меҳмони бўлишган «шерлар» энди навбати билан «Қўқон-1912» (ўз майдонларида) ва «Насаф» (сафарда) билан куч синашишади.

Навбат энг қизиқарли ва мунозараларга йўл очадиган вариантга келди (3-жадвалга қаранг).

3-жадвал

1. «Навбаҳор»       5              7-4          10

2. «Пахтакор»       3              4-3          6

3. «Насаф»             3              2-1          5

4. АГМК                               5              4-5          5

5. «Бунёдкор»       4              4-5          4

6. «Локомотив»    4              3-4          3

Изоҳ: ўйинлар сони, тўплар нисбати ва очко миқдори берилган.

«Бухоро» кучли олтиликка киролмай қолиши мумкинми? Мумкин, албатта. Ахир бу футбол. Мабодо Улуғбек Бақоев шогирдлари ҳозирги шаштларини давом эттиролмай, «Навбаҳор» ва АГМКни олдинга ўтказиб юборсалар, у ҳолда 3-вариант жадвалининг 8-турдан кейинги кўриниши шундай ҳолга келади.

Кўриб турганингиздек, бу ерда 2та ўртамиёна клуб биринчи даврадаги 5та ўйинини ҳам ўтказиб улгурган. Шунга қарамай, диққат қилинг, яна ўша «Навбаҳор» ҳисобида жуда қимматли 10 (!) очко бор.

Салоҳияти жиҳатидан дастлабки тўртликни ташкил қилувчи клублар айнан 4-вариант (4-жадвалга қаранг)дагина ўз ўрни сақлаб қолади.

4-жадвал

1. «Бунёдкор»       4              8-4          9

2. «Насаф»             3              6-3          7

3. «Локомотив»    3              4-4          4

4. «Пахтакор»       3              5-2          3

5. «Бухоро»           3              3-6          3

6. «Металлург»     4              3-10        2

Изоҳ: ўйинлар сони, тўплар нисбати ва очко миқдори берилган.

Жадвалнинг шундай кўриниш олгани боиси, «Металлург» элит гуруҳга айтарли қаршилик кўрсатолмаяпти ва кучли олтиталикка илинган тақдирида ҳам, худди ҳозирги ҳолатдаги каби «интрига»ни сўндириши ҳақиқатга яқинроқ. Бекобод клубининг айниқса, ўз майдонида «Пахтакор»дан қабул қилиб олинган 0:5 ҳисобидаги мағлубияти ҳаммасидан ўтиб тушди...

Оралиқ сарҳисоб якуни

Хулоса ўзингизга ҳавола. Биз баъзи эҳтимолий вариантларни ҳисоб-китоб қилиб чиқдик, холос. Аслида вариантлар жуда кўп. Мусобақа жадвали тур сайин чигаллашиб бориши ҳам аниқ. Айтганимиздек, 1-давра якунида бу мавзуга албатта, қайтамиз ва жамоаларнинг ўзаро баҳсларда тўплаган очколарию, мавжуд имкониятларини яна бир бора таҳлил қилиб чиқамиз.

Ўшанда жадвалдаги кам-кўстлар теппа-текис ҳолатга келиб, ўйинлар графасида битта рақам - 5 сони акс этади. 9-турни ҳисобга олмасак, бунга атиги 2та тур қолди. Баҳслар эса энг қизғин палласига кирди...

PS.: яна бир марта алоҳида эътиборга олинг, вариантлар 8та тур якуни бўйича келтирилди (хусусан, якшанба-душанба кунлари бўлиб ўтган ўйинлар натижаси ҳисобга киритилмаган).

Қолаверса, ҳар бир тур ўйинлари эҳтимолий жадваллар кўринишини маълум даражада ўзгартириб юбориши мумкин. 

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz