Қайднома

Қидирув

Матье Вальбуэна: «Туркияда шинам ҳаёт кечиряпман»

Матье Вальбуэна: «Туркияда шинам ҳаёт кечиряпман»

  01.05.2018 06:18
  0
  774
Матье Вальбуэна: «Туркияда шинам ҳаёт кечиряпман»

Франция терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Матье Вальбуэна айни пайт Истанбулнинг «Фенербахче» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Бироқ сўнгги пайтларда футболчининг Туркиядаги ишлари унчалик юришмаяпти. Бунинг сабабларини билиш мақсадида France Football нашри Вальбуэна билан суҳбат уюштирди.

- Нима учун сўнгги пайтларда «Фенербахче»нинг асосий таркибига кира олмаяпсиз?

- Мавсум аввали мен учун муваффақиятли келди. Бироқ январь ойида бош мураббий (Айкут Кожаман) билан бироз келишмовчиликлар юз берди. Шундан сўнг мени майдонга кам туширадиган бўлишди.

- Бу қандай келишмовчилик?

- Майдонга тушганимда гол уриб, самарали паслар бераётгандим. Жамоадаги статистикам яхши эди. Бирданига ишончни йўқотдим. Йил охирида жароҳат олдим. «Фенербахче»нинг ишлари менсиз ҳам ёмон бўлмаётганди.

Жароҳатимдан қутулганимдан кейин кам ўйнадим. Формам яхши эмаслигида захирада ўтирсам ажабланмайман. Ҳозир ҳолатим маромида, лекин нима учун ўйнатишмаётганини тушунмадим.

- Сабабларини билиб олмадингизми?

- Ҳамиша бирор баҳона топишади. Жамоага ўтишим учун кўп ҳаракат қилишди. Энди эса улар билан дилдан гаплашишнинг иложи йўқ. Жароҳатимдан сўнг менга бўлган муносабат ўзгарди. Ваҳоланки, бирорта эътироз билдира олишмайди.

Аввал қандай профессионал бўлган бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. Тўғри, раҳбарият билан гаплашдим, аммо ҳеч қандай фойда бермади. Нима қилган тақдирда ҳам ишлашда давом этяпман. Бу клубни яхши кўраман ва Истанбулда нимагадир эришмоқчиман. Ҳозирча ҳеч ким керак эмассан, дейишмади.

- Гап-сўзларга қараганда, қишда Хитойга кетмоқчи бўлгансиз.

- Бунақа миш-мишлар кўп бўлади. Қанақасига мавсумнинг қизғин палласида бошқа ерга кетишим керак? Бу менинг қоидаларимга тўғри келмайди. Ҳозирча режаларим ўзгармади ва «Фенербахче»да ўйнашда давом этмоқчиман. Лекин олдиндан бир нима деёлмайман, чунки футболда ҳар нарса бўлиши мумкин.

- Ҳамиша қандайдир муаммоларга дуч келасиз...

- Ҳаёт ўзи шунақа экан.

- Туркияга кўчиб ўтганингиздан сўнг мухлисларнинг ёдидан чиққандек тасаввурга эга бўлмаяпсизми?

- Тўғри, юртимдан узоқда ўйнаяпман. Аммо интернет бор, ишқибозлар фаолиятимни кузатиб боришяпти. Бундан ташқари, beIN Sports телеканали Туркия чемпионати трансляцияси ҳуқуқини сотиб олган.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирда Францияда мен ҳақимда кам гапиришмоқда. Лекин бунга унчалик эътибор қаратмайман. Чунки менга бундай машҳурликнинг кераги йўқ.

- Демак, узоқроққа кетиб тўғри қилгансиз?

- Ҳар ҳолда, кўп нарсани ўргандим, янги урф-одатлар, бошқа халқлар билан танишдим. «Фенербахче» мен учун ажойиб вариант.

- Ўтган ёзда кайфият қандай бўлганди?

- «Лион»да яна бир йил қолишни истамадим. Ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилдик. «Лион»га ўтишим осон бўлмаганди. Қийин вазиятга тушиб қолгандим. Марселлик мухлислар қароримдан қаттиқ ранжишди. Қолаверса, «Лион» учун ҳам бегона эдим.

Шунга қарамай, трансфер амалга ошди. Клуб президенти Жан-Мишель Оляс менга ҳамиша яхши муносабатда бўлган. «Ницца»га қарши кечган сўнгги ўйинимда мени олқишлар билан кузатиб қўйишди. Ўшанда ўзимни ғолиблардек ҳис қилдим. Айни шу паллада кетишим жуда муҳим эди.

- «Лион» мураббийи Бруно Женезио ҳам жамоада ўйнашингизни унчалик истамаган экан.

- Ҳа, аввалига муносабатларимиз яхши эмасди. Ундан араз қилиб юргандим. Лекин кетиш арафасида у билан қучоқлашиб хайрлашдик.

- Францияни соғиняпсизми?

- Албатта. Лекин имкон туғилиши ҳамоно оилам билан кўришаман. Кунига иккита тўғридан-тўғри рейс бор. Умуман, Туркияда шинам ҳаёт кечир-япман.

- Агар имкони бўлса, фаолиятингизни Францияда давом эттирасизми?

- Ҳа, аммо ҳозир эмас.

- Интервьюларингизда «Мар-сел»ни кўп эслайсиз?

- Уни унутиб бўлмайди. Айрим футболчилар бу жамоада атиги бир йил ўйнашган, бироқ «Марсел»ни умрбод ёддан чиқаришмайди. Мен эса у ерда тўққиз йил тўп сурдим. Фаолиятимнинг энг яхши дамлари шу клубда ўтди.

- Лекин Марселга «Лион» формасида ташриф буюрганингиз мухлисларга оғир ботди...

- Бунга сабаб - чексиз муҳаббат. «Марсел»нинг ҳеч қайси собиқ футболчисини бунчалик кутиб олишмаган.

- Сизга нима кучли таъсир ўтказиши мумкин?

- Шундай вазиятлар бўлганки, ўзимни ёлғиз ҳис қилганман. Ҳаттоки, йиғлаганман ҳам. Лекин бу ҳолат ҳеч қачон футболга таъсир ўтказмаган.

- Шундай муаммоли футболчиларни биласизми?

- Оливье Жиру. У ҳамиша гол урсада, яхши гап эшитмаган. Бундай режимда яшашдан чарчайди, киши.

- Бахтлимисиз?

- Жудаям. Рафиқам ва икки қизим бор. Шунинг ўзи энг катта бахт.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz