Қайднома

Қидирув

Астроном – Арсен Венгер кашф этган юлдузлар (фотогалерея)

Астроном – Арсен Венгер кашф этган юлдузлар (фотогалерея)

  04.05.2018 00:23
  0
  3220
Астроном – Арсен Венгер кашф этган юлдузлар (фотогалерея)

Лондоннинг «Арсенал» жамоасида 1996 йилнинг ёзида иш бошлаган франциялик мутахассис ҳам вақт олдида ожизлигини тан олди, албатта.

Яъни АПЛдаги самарали иши давомида футбол профессори мақомига эришган мураббий клуб билан 22 йиллик ҳамкорлигини тўхтатишга қарор қилди.

Венгернинг салкам чорак асрга тенг даврида «Арсенал» таркибида неча нафар футболчи ўйнаганини биласизми? 219 нафар! Қойилмисиз?

Ҳа, улардан кўплари клуб сафига шаклланган футболчи сифатида қўшилишган. Дейлик, охирги икки дебютант - Генрих Мхитарян ва Пьер-Эмерик Обамеянг «канонирлар» либосини кийишдан олдин кенг жамоатчилик назарига тушиб улгуришганди.

Шунинг баробарида франциялик профессорнинг шахсан ўзи кашф этган юлдузлар ҳам етарли. Топ-10 кўринишидаги элит рўйхат бунга яққол далил.

Алоҳида таъкидлаш керакки, айнан Арсен Венгер туфайли катта футбол кенглигига чиққан яна бир қатор муносиб йигитлар (Жек Уилшир, Томас Вермален, Лоран Косьельни, Бакари Санья, Эктор Бельерин ва бошқалар) ушбу ажойиб гуруҳдан четда қолишди.

Келинг, энди Венгер томонидан кашф этилган энг ёрқин юлдузларни эсга оламиз - бу мураббийнинг футболда чиндан ҳам, катта из қолдирганидан бир нишона, холос.

10. Аарон РЭМЗИ

Аввалги клуби: «Кардифф Сити»

Трансфер суммаси: 4,8 млн. фунт

Уэльслик футболчи «Арсенал» сафига қўшилган вақтда 17 ёшли ўспирин эди. Қолаверса, у бунга қадар «Кардифф Сити»да лоақал 20та ўйин ўтказишга ҳам улгурган эмасди.

Рэмзи ҳозир 27 ёшда ва «канорирлар»нинг етакчиларидан биридир. Бироқ жорий мавсум якунлангач, у ҳам худди Венгер каби жамоадан кетса керак. Ҳар ҳолда, қолишидан кўра, хайрлашиши эҳтимоли кўпроқ.

9. Коло ТУРЕ

Аввалги клуби: «АСЕК Мимозас»

Трансфер суммаси: 150 минг фунт

Арсен Венгер бу футболчини узоқ Кот-д~Ивуар чемпионатидан топган. Тўғри, ўша вақт 20 ёшли Коло мамлакат миллий жамоаси сафида 10 мартача майдонга тушиб бўлганди.

Франциялик мутахассининг мунажжимлик қобилияти самарасига келсак, ҳаммасига биргина статистика гувоҳ - Туре «Арсенал» либосида 300тадан ортиқ ўйинда иштирок этди ва муҳими, уларнинг аксариятида барқарор равишда муносиб тўп сурди.

8. Тео УОЛКОТТ

Аввалги клуби: «Саутгемптон»

Трансфер суммаси: 9,1 млн. фунт

Тео катталар футболида жуда эрта дебют қилди ва унга ҳамма Англия терма жамоасининг буюк келажаги сифатида қаради. Зеро, юқори тезлиги билан кўпчиликни ҳайратга сол­ганди. Дейлик, Уолкотт «Арсенал» формасида кўриниш беришига қадар 2006 йилги жаҳон чемпионатига борди.

Умуман олганда, Тео нақ 12 мавсум давомида «канонирлар» шарафини ҳимоя қилди. Унга клуб сафида барча турнирлар ҳисобидан 400та ўйин маррасига етиши учун 3тагина учрашув камлик қилди.

Ҳа, инсоф юзасидан айтиш керак, Уолкотт ҳамма кутган даражадаги юлдуз бўлолмади. Ҳарқалай, тан олинган мутахассислар вақтида 16-17 ёшли Тео мисолида бўлажак футбол қиролини кўришганди.

7. Робин ван ПЕРСИ

Аввалги клуби: «Фейеноорд»

Трансфер суммаси: 2,75 млн. фунт

Венгер «Фейеноорд»нинг 20 ёшли иқтидорига бирданига 4 йиллик шартнома таклиф қилганди. Голландиялик ҳужумчи шу тариқа Лондонга кўчиб ўтиб, мураббий қўл остида нақ 8 мавсум тўп сурди ва жаҳондаги энг кучли голеадорлардан бирига айланди. Хусусан, АПЛнинг энг яхши тўпурарига аталган совринга эга чиқди.

Шунингдек, мухлислар ва ўйинчилар талқини бўйича Англия чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлди. Тўғри, «Арсенал» учун 278та ўйинда 132та гол урган Робин клуб билан можароли тарзда хайрлашди.

Унинг ўзи «Арсенал»нинг асосий рақибларидан бири - «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилганини АПЛда соврин ютиш хоҳиши билан изоҳлаганди.

6. Эшли КОУЛ

Аввалги клуби: - (жамоа тарбияланувчиси)

Трансфер суммаси: - (жамоа тарбияланувчиси)

Франциялик мураббий 1999 йили ўз жамоаси ёшлар таркибида чаққон чап қанот ҳимоячиси кўрдию, унга 18 ёшидаёқ асосий таркибда дебют қилиш имкониятини берди. Эшлининг салоҳияти чакки эмаслиги шундоқ кўриниб турарди, аммо ҳимоянинг чап қаноти ишончли қўлларда эди - Сильвиньо барқарор ўйнаётганди.

Шунинг учун, Венгер аввалига ёш топилмани ижара келишуви асосида хизмат сафарига жўнатди. Кейинги мавсумда эса бразилиялик ҳимоячи жароҳатланди ва ёш инглиз юзага келган имкониятдан унумли фойдаланди. Қисқаси, асосий таркибда мустаҳкам жойга эга бўлган Жо Коул кейинги 5 йил давомида барқарор ўйнаб, АПЛдаги энг кучли чап қанот ҳимоячиларидан бирига айланди.

Аммо у ҳам «Арсенал»дан катта жанжал билан кетди. Эътиборлиси, айнан Жо «Челси» сафига қўшилганидан кейин «канонирлар» совринсизлик балосига йўлиқишди. Аниқроқ айтсак, Венгер жамоаси нақ 9 йил ичида ҳеч вақо ютгани йўқ.

5. Николя АНЕЛЬКА

Аввалги клуби: «ПСЖ»

Трансфер суммаси: 500 минг фунт

Мураббий «Арсенал» бошқурувини қўлга олганидан ярим йил ўтгач, «ПСЖ»дан 17 ёшли марказий ҳужумчини сотиб олди. Париж жамоаси ўша пайт ҳозиргидек бой эмасди ва ўз олдига катта мақсадларни қўйишга ҳали одатланмаганди.

Николя Лондондаги дастлабки 6 ой давомида «Арсенал»нинг ўйинларини асосан четдан туриб томоша қилди, кейинги мавсум эса машҳур Иан Райт жароҳат туфайли сафдан чиққач, франциялик иқтидорга йўл очилди. Мавсум - 1997|1998 - 40та ўйин, 9та гол, мавсум - 1998|1999 - 46та ўйин, 19та гол ва «Реал Мадрид»­га йўлланма.

Ҳа, Анелька шиддатли парвоз орқали «Қироллик клуби» назарига тушган ва Венгердан трансферига рухсат беришини шахсан ўзи сўраганди. У Англияда эркин юришию, бахтиёрликни туйишига маҳаллий матбуотнинг кучли эътибори тўсиқ бўлаётганини рўкач қилганди.

Хуллас, ёш Николя «Арсенал»да атиги 2 мавсум тўлақонли ўйнаганига қарамай, клуб тарихидаги энг кучли ҳужумчилар қаторидан жой олди. Мисол учун, у «канонирлар»нинг барча замонлардаги энг яхши футболчилари рейтингида 29-ўринга лойиқ кўрилган. Агар Анелька эрта кунда кетишга шошилмаганида, эҳтимолки, ушбу элит рўйхатнинг анча юқорисига кўтарилармиди...?

4. Фредди ЮНГБЕРГ

Аввалги клуби: «Хальмстад»

Трансфер суммаси: 3 млн. фунт

Швед футболи вакили 17 ёшидаёқ катталар доирасига қўшилиб, 4 мавсум жонажон клуби - «Хальмстад» сафида тўп сурди. У бу оралиқда чамаси 100та учрашувда майдонга тушди.

Хуллас, Венгер истиқболли ярим ҳимоячига вақтида эътибор қаратди ва 21 ёшли йигит учун 3 миллион фунт тўлади. Майдонда ўзига хос ҳаракатлари билан ажралиб турган иштиёқли скандинав «канонирлар» сафида 9 йил давомида 300тадан ортиқ ўйин ўтказиб, 71та гол урди.

Клубнинг расмий сайти «Арсенал» тарихидаги энг яхши 50 нафар футболчи рўйхатида буюк 2003|2004 йиллар мавсумининг асосий ижодкорларидан бирини 11-ўринга қўйгани кўп нарсадан далолат.

3. Сеск ФАБРЕГАС

Аввалги клуби: «Барселона»

Трансфер суммаси: номаълум

Машҳур Ла Масиянинг иқтидорли тарбияланувчиси тезда юқори даражада ўйнашни истади, Арсен Венгер эса агар «Барселона»дан воз кечиб, «Арсенал» сафига қўшилса, етарли ўйин амалиёти бериши ҳақидаги ваъда билан уни кўндирди.

17 ёшли Фабрегас бунга ишонди, мураббий эса дебют мавсумидаёқ уни АПЛ доирасидаги 33та ўйинда майдонга туширди (барча турнирларни ҳисобга олсак, Сеск нақ 46та учрашувда иштирок этди).

Хуллас, испан футболчиси 20 ёшга тўлишига қадар «Арсенал» либосида чамаси 150та ўйинда ҳаракатланишга улгурди. 21 ёшида эса Венгер уни жамоа сардори боғичи билан сийлади.

Бироқ Фабрегас мавсум-2010|2011дан сўнг жонажон «Барса»сига қайтишни маъқул кўрди. Унинг «Арсенал»даги умумий статистикаси чакки эмас - 303та ўйин, 57та гол. Бу марказий ярим ҳимоячи учун муносиб кўрсаткич.

2. Патрик ВИЕЙРА

Аввалги клуби: «Милан»

Трансфер суммаси: 3,5 млн. фунт

Баланд бўйли ярим ҳимоячи футболга шиддат билан кириб келди - 19 ёшида қадрдон клуби - «Кан»да сардорлик қилди ва «Милан»дан таклиф олди. Бироқ итальянлар франциялик футболчини йил бўйи асосий таркибда атиги 2 марта майдонга туширишди. «Арсенал»да эндигина иш бошлаган Арсен Венгер эса клуб раҳбариятидан дарҳол айнан шу йигитни харид қилишни сўради.

Виейра бунга жавобан «канонирлар» сафига қўшилганидан 5 йил ўтиб, жамоа сардори даражасига чиқди. Умуман олганда, у Лондонда 9 мавсум ўйнади. Жами 400тадан ортиқ ўйин- (барча турнирлар ҳисобидан)да қандай ҳаракатланганини эса «Арсенал» тарихидаги энг кучли 5 нафар футболчи орасига кирганига қараб билиб олиш мумкин.

1. Тьерри АНРИ

Аввалги клуби: «Ювентус»

Трансфер суммаси: 11 млн. фунт

«Арсенал» 1999 йили иқтидори баланд франциялик ҳужумчи Николя Анелькадан айрилгач, «Ювентус»дан яна бир истеъдод - Тьерри Анрини сотиб олди. У ўша вақт чап қанот вингери сифатида тўп сурар, ҳаттоки, 3 нафар ҳимоячи қатори бутун ён томонга жавоб берарди.

Венгер эса Анридан марказий ҳужумчи «ясади» ва у Денис Бергкамп билан жуфтлик ҳосил қилиб, бутун АПЛни зир титратди. Айтиш мумкинки, айнан Тьерри классик ҳужумчи ҳақидаги тушунчаларни буткул ўзгартириб юборди.

Шунга яраша «Арсенал»даги даврида 2 марта «Олтин тўп»га даъвогарларнинг якуний учлигига кирди, 2 марта Англия чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлди ва кетма-кет 6 йил АПЛнинг размий терма жамоасидан жой олди.

Энг асосийси, «Арсенал» либосида 228та гол урган Анрини клуб тарихидаги энг яхши футболчи сифатида эътироф этишди. Оддий айтганда, буюк мураббий қўл остида шаклланган буюк футболчи...

Бонус

ЛОРД (Никлас Бентднер)

Аввалги клуби: «Копенгаген»

Трансфер суммаси: -

Бу ерда қандайдир изоҳ ортиқча...

АРСЕН БУ «АРСЕНАЛ» ДЕМАКДИР!

«Арсенал» фанатлари аллақочон икки лагерга бўлинишган: Wenger Out ва Wenger In. Биринчи гуруҳ тарафдорлари табиийки, клуб новаторлик ва янги ғояларга эҳтиёжманд эканлигини таъкидлашмоқда. Иккинчи гуруҳ вакилларида эса консерваторлик руҳияти, ўтган йиллар ғалабалари шукуҳи ҳумкрон.

Лекин ҳар икки томон яхши тушунади ва инкор этмайди - Арсен Венгер «Арсенал»даги 22 йиллик иши давомида клуб ДНКсида асосий хромосомага айланди. Унинг учун асосийси, шу. Бошқача ифода этганда, Арсен Венгер - бу «Арсенал»! Ҳар қандай йўналиш ёки маънода шундай.

Бу - «Арсенал»-2007|2008 ва мавсум-2001|2002даги «дубль», бу - ЧЛ-2005|2006да қайд этилган экс-клюзив қуруқ серия ва сон бўйича рекорд даражадаги Англия кубоги (7та). Арсен Венгернинг «Арсенал»даги умумий статистикасига қарашнинг ўзи ҳайратни оширади.

Муддат: 22 йил

Ўйин: 1228та (кетишини эълон қилган вақтгача)

Ғалаба: 704та (кетишини эълон қилган вақтгача)

АПЛнинг олтин медали: 3та

Англия кубоги: 7та

Англия суперкубоги: 7та

ЧЛдаги узлуксиз иштирок: 20 мавсум

Кўпчиликнинг ишончи комил: «Арсенал» раҳбарияти Арсен Венгер ҳайкалига буюртма беришга улгурган ва у ёзда «Эмирейтс» стадиони рамзига айланади. Барчаси учун раҳмат, мсье Венгер. Тўғрироғи, Merci Arsene.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.