Қайднома

Қидирув

Питер Шмейхель: «ЖЧ-2018да Дания - Исландия финалини кўрсак, ёмон бўлмайди»

Питер Шмейхель: «ЖЧ-2018да Дания - Исландия финалини кўрсак, ёмон бўлмайди»

  04.05.2018 06:14
  0
  671
Питер Шмейхель: «ЖЧ-2018да Дания - Исландия финалини кўрсак, ёмон бўлмайди»

«МЮ» клуби ва Дания миллий жамоасининг афсонавий дарвозабони Питер Шмейхель шу ой ФИФА вакили сифатида Саранск шаҳрига ташриф буюриб, ЖЧ-2018 футбол хиёбонини очилиш маросимида иштирок этди.

Сhampionat.com сайти ижодкорлари эса қулай имкониятни қўлдан чиқармай, меҳмонни суҳбатга чорлашди.

Шу тариқа Шмейхель ЖЧ-2018нинг идеал финали хусусида тўхталди, Андрей Канчельскис ижросидаги қойилмақом ўйинларни эсга олди.

— Тушунарлики, сиздан фаолиятингиздаги энг эсда қоларли ўйин ҳақида кўп сўрашса керак. Лекин бу учрашув кўпчиликка тайин: «Бавария»га қарши кечган ЧЛ финали, шундайми?

— Аслида футболдаги ҳаётимга боғлиқ ёрқин лаҳзалар жуда кўп, лекин улардан 2таси хотирамда алоҳида муҳрланган. Бу борада «МЮ» сафида қўлга киритилган илк чемпионлик медали муҳим ўрин тутади.

Зеро, жамоамиз нақ 27 йиллик танаффусдан сўнг ғолиб чиққанди. Шунинг учун ўша муваффақият лаҳзалари ҳамон ёдимда. Барселонадаги финалга келсак, у узоқ йўлнинг қойилмақом финиши эди.

— Ғалабани қандай нишонлаганинглар эсингиздами?

— Спортчилар одатда ўйиндан ке-йин тўғри ётоққа йўл олишади. Биз ҳам шундай қилганмиз (кулади).

— Наҳотки, жиддий гапиряпсизми?

— Ҳазил, албатта. Бундай зафар таъсирида уйқу келарми-ди? Лекин ҳеч нарсани эслолмайман. Мутлақо. Йўқ, маст бўлган эмасман. Шунчаки, 10 кун оралиғида кубок ва ЧЛ финалида майдонга тушганмиз - чек-чегараси йўқ босим. Қисқаси, финал ҳуштаги чалиниши билан ўзимни бутунлай бўш қўйиб юборганман. Шунинг учунми, ўша оқшом нималар рўй бергани хотирамда қолмаган...

— Кўплаб ёрқин футболчилар билан бирга ўйнагансиз. Улардан қай бири беназир эди? Кантона...?

— Эрик - жамоадошларим орасида энг кучли таассурот қолдирган футболчилардан бири. У «МЮ» ўйинига ўзига хос янгилик олиб кирганди. Дейлик, мавсум-1995|1996да йигитлар бирин-кетин жароҳатланиб, сафдан чиқишгач, муайян оғир давр кузатилганди.

Шунга қарамай, ғалаба ортидан ғалабани нишонлайверганмиз. Эсимда, бутун вақт давомида ҳимоялардик, кейин Кантона йўқ жойдан гол урардию, 3 очко тақдирини ҳал қиларди. Шахсан мен уни кимсан Марадона билан қиёслайман. Йўқ, ўйин савияси бўйича эмас, Диего бу борада ҳаммадан анча ўзиб кетгани айни ҳақиқат.

Лекин иккисининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Мисол учун, Аргентина термаси голга эҳтиёж сезганида, Марадона қаердандир пайдо бўлиб, ўзини кўрсатарди. «МЮ»да эса Эрик шундай қиларди. Гол керакми? Кантона уради.

Қисқаси, у айни шу хислати билан ўша «МЮ» учун беназир футболчига айланган. Эрик шунинг баробарида кийиниш хонасида ҳам катта ўрин тутарди.

— Андрей Канчельскис қандай таассурот қолдирган?

— Биринчидан, иккимиз жамоа сафига тенг вақтда қўшилганмиз ва 3 ой меҳмонхонада қўшнилар сифатида яшаганмиз. Андрей бошида инглиз тилини билмасди, шунга қарамай, ўзаро гаплашиш иложини топардик, барибир.

Албатта, четдан қараганда, ғалати кўринарди: бир йигит русчада гапирсаю, иккинчиси балони тушунмасада, бош ир-ғаб турса... (кулади). Ҳа, худди шундай бўлган. Майдонда эса у ақлга сиғмас даражада тез ҳаракатланарди. Энг асосийси, ўта юқори суръатда ҳам тўпни яхши назорат қиларди.

Очиғи, Канчельскис жамоамиздан кетганида, роса ранжигандим. Агар сафимизда қолганида, ярим финал ва финалларга янада кўпроқ чиқармидик? Оҳ, қандай зўр ўйинчи эди-я! Дарвоқе, Андрей билан кўришганимизга 10 йилча бўлиб қолибди.

— Шмейхель рейтинги бўйича россиялик 3 нафар энг ёрқин футболчи...?

— Фақат россияликлар ҳақида сўраяпсизми ёки собиқ иттифоқ давридагиларни ҳам? Шубҳасиз, энг яхшиси - бу Яшин. Эсимга тушаётган иккинчи кучли футболчи ҳам аввалги даврда ўйнаган - Олег Блохин. Назаримдаги топ-учликка Канчель-скисни киритмасам бўлмас...

— Замонавий ўйинчилар-чи?

— Менга Россия термаси сардори Акинфеев ёқади. У жароҳатга йўлиқишига қадар еврофутболга юзланиб, катта ютуқларга эришиш имкониятига эга эди. Нега бу йўлдан юрмагани сабабини эса билмайман. Тушуниш керакки, чин истеъдод учун кучли лигага йўл олиш олдинга ташланган қадам ҳисобланади.

Бордию, иккиланиб турсанг, икки қадам ортга кетасан. Ҳа, сени аввалига қандайдир қўрқув қуршаб олиши мумкин, ҳар ҳолда, бирданига кўникишинг осон эмас. Лекин вақт ўтгани сайин ўзинг учун янги қирраларни кашф этасан ва ҳаммаси янада кучайишингга туртки беради.

— УЕФА кубогида «Ротор»га қарши кечган ўйин ҳам эсингиздами?

— О, йўқ, ўша учрашув хотирамдан бутунлай ўчган! Бутунлай! Ха-ха, ҳазил, албатта, эслаб тураман. 1995 йилги воқеалар, орадан қанча вақт ўтибди-я. «Ротор» еврокубокларда «МЮ»ни «Олд Траффорд»да мағлубиятга учратган биринчи жамоа бўлишга яқин келганди. Лекин бунга йўл қўймаганмиз.

— Асосан ўзингиз. Тўғри, «Ротор» футболчиларидан бири Олег Веретенниковнинг айтишича, аслида ўша голни сиз урмагансиз, балки тўп Энди Коулга тегиб дарвозага кирган...

— Ҳа, голни айнан мен урганимга ўзимнинг ишончим ҳам комил эмас. Бироқ таблода исм-фамилиям порлаганини кўрганман. Ҳозирчага бу борада шубҳам бор. Энг муҳими эса - жамоамизнинг мағлубиятга учрамагани. Тўғри, мураббий кўплаб футболчилар ҳаракатларидан жуда норози бўлганди, аммо «МЮ»нинг шонли анъанасини бузмаганимиздан қувонгандик, барибир. Ваҳоланки, ўз майдонимиздаги серияни давом эттирган бўлсакда, турнирдан чиқиб кетгандик.

— Қаердадир ўқигандик, спортдаги фаолиятингизни гандбол орқали бошлаган экансиз...

— Бундай эмас. Ҳа, гандбол билан шуғулланганман, негаки, Данияда йилнинг 4 ойида футбол машғулотлари узилиб қоларди - тузукроқ шароит йўқ эди.

Шунинг учун бошқа спорт турида бўлсада, амалиётни сақлаб қолишга интилардик. Энг муҳими шуки, гандболдаги тажриба менга кейинчалик жуда ас-қотди.

— Айтингчи, ўғлингиз ҳам муносиб дарвозабон бўлишини айнан қайси вақт пайқаган эдингиз?

— Касперга ота сифатида оммага нисбатан олганда, мутлақо бошқача кўз билан қарайман. Чунки спортни теран тушунаман ва нимагадир эришишни истаган кишининг кўп нарсалардан воз кечишига тўғри келишини яхши биламан.

Ўғлим маълум даражага чиқдими, демак, у билан шунчаки, ғурурланишим керак. Дания термаси ЖЧ-2018 доирасидаги илк ўйинини айнан Саранскда ўтказишини ҳисобга олсак, бу ерда ҳаммасини обдон ўрганишим муҳим саналади.

Мана, маҳаллий стадионни узоқдан суратга олдим, энди унинг ичига кириб, яратилган шароитларни кўздан кечираман ва ўғлимга айтиб бераман, албатта.

— Қайсидир вақтда мураббийлик билан шуғулланиш ҳақида ҳам ўйлаганмисиз?

— Ҳа, аммо оддий хаёлотдан нарига ўтмадим. Ўйлайманки, ҳаётининг маълум қисмини футболга бағишлаган кўплаб ўйинчилар бутсаларини михга илишгач, табиий равишда мураббийлик соҳасига киришни исташади. Лекин ҳозир менда бошқа иш бор - ТВ учун махсус кўрсатув тайёрлайман.

Асосийси, бу ўзимга ёқяпти. Мураббийлик эса жуда қийин - кун бўйи битта стулда ўтириб, бош қотиришингга тўғри келади. Ҳа, бу иш ҳам ғоят қизиқарли, албатта, аммо ўзимда алоҳида интилишни сезганимча йўқ. Боз устига, замонавий футбол бошқаруви шундай тузилганки, агар нимадир ўхшамаса, дарҳол бечора мураббийни айблашади.

Клуб - жуда мураккаб механизм. Хуллас, агар фаолият йўналишимни ўзгартиришни истасам ҳам, мураббийни икки ҳафдадан сўнг ёки 2та мағлубият сабаб, ҳайдаб юборадиган клубга бормайман.

— Кўпчилик «МЮ»нинг амалдаги бош мураббийи Моуриньони тинмай танқид қилмоқда.

— Мен эса бундайлар тоифасидан эмасман.

— Аммо клубнинг Фергюсон даврида ҳозиргига нисбатан анча томошабоп футбол кўрсатгани айни ҳақиқат...

— Тушунинг, Моуриньо бошқарувни «МЮ» учун оғир дамларда қўлга олди. Бунгача жамоа нотўғри йўналиш бўйича кетаётганди. ЧЛга қайтишни биринчи сакраш сифатида баҳолаш мумкин. Клуб шунинг баробарида совринсиз ҳам қолмади.

Тан олайлик, ЕЛдаги ғалабада Моуриньонинг хизмати катта. Ўз-ўзидан аёнки, ЧЛ кубоги навбатдаги сакраш бўларди. Бироқ ўхшамади, аммо «МЮ» турнирда кўпроғига муносиб эди, менимча. Муҳими, клубнинг АПЛдаги тараққиёти яққол сезилиб турибди.

— Аммо «МЮ» чемпионликдан эрта кунда умид узди-ку...

— Охирги йиллар натижасини назарда тутсак, 2-ўрин ҳам чакки эмас. Моуриньони яхши биламан ва айтишим мумкинки, у кумуш медалдан сира қониқмайди. Ҳа, мухлислар жамоа зерикарли футбол кўрсатаётганини айтиб, мураббийни танқид қилишмоқда, лекин вазиятга умумий баҳо бериш керак.

Шахсий фикримча, Моуриньо жамоа савиясини яна юксакка кўтармоқда. Бу борада сабрлиман ва чемпионатдаги кейинги ғалабани 5 йил кутишим ҳам мумкин. Яхши натижа ва маълум ўйин услуби бир-бирига мувофиқ келиши зарурлиги ҳақидаги фикрларга эса қўшиламан. Аммо бунга ҳам бирданига эришишнинг имкони йўқ. 

— Ўз ўрнида, ЧЛ ҳақида савол: Мадридда Буффон билан юз берган воқеага муносабатингиз қандай?

— Жижига роса ачиндим - ЧЛдаги охирги ўйинида шундай ҳолатга тушса-я... Аслида VAR тизимини унча маъқулламайман, аммо ўша ўйинда ундан фойдаланилганида, балки Буффон дарвозасига пенальти белгиланмасди...

— Дания термаси худди 1992 йили бўлганидек жаҳон футбол аҳлини яна бир бора ҳайратга сола оладими?

— Ҳар оқшом Худодан шуни сўрайман: «Марҳаматингни дариғ тутма, қаҳрамонлик кўрсатишимизга мадад бер!» Ихтиёримизда 24 нафар жаҳон даражасидаги яхши футболчи йўқ, аммо чинакамига ўйнайдиган 14-15 нафар  йигит топилади. Демоқчиманки, жамоамиз ҳар қандай рақиб билан бемалол рақобатлаша олади.

Ҳа, гоҳида ютқазамиз, лекин данияликларда бирдамлик даражаси юқори. Мисол учун, 2016 йили жаҳон чемпионатига чиқишимизни ким ўйлаганди? Мана, жамоадаги кичик ўзгаришлар катта самара берди. Демак, янада кўпроғига умид қилсак бўлади.

— Сизнингча, қайси жамоага ЖЧ-2018 бош фаворити сифатида қараш керак?

— Германия термасига. Бошқалардан ажралиб турувчи ажойиб терма. Немислардаги тараққиёт ҳам ҳавас уйғотмоқда. Яна омадсиз даврдан кейин қайта тикланган Испания термаси ҳам эътиборга муносиб.

Шунингдек, аргентиналикларда кубок ютиш имконияти чакки эмас. Қолаверса, «сирли тулпор» ролини бажаришга шайланаётган Бельгия термаси каби уюшқоқ жамоаларни унутмаслик керак.

Блиц-анкета

- Месси ёки Роналду?

- Роналду.

- Моуриньо ёки Гвардиола?

- Келинг, шунисига жавоб бермайин...

- ЖЧ-2018нинг сиз учун идеал финали?

- Дания - Швеция! Бордию, шведлар ярим финалда ютқазишса, Исландия термаси ҳам бор. Дания - Исландия - бу ҳам ёмон финал эмас (кулади).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz