Қайднома

Қидирув

Александр Зинченко: «Инглиз футболи зўр, ҳаёт эса…»

Александр Зинченко: «Инглиз футболи зўр, ҳаёт эса…»

  05.05.2018 06:13
  0
  773
Александр Зинченко: «Инглиз футболи зўр, ҳаёт эса…»

«Манчестер Сити» клубининг истиқболли ҳимоячиси Александр Зинченко жорий мавсум чакки таассурот қолдирмаяпти. Ҳар ҳолда, Хосеп Гвардиола украиналик ёш футболчини бир қатор ўйинларда асосий таркибга киритди.

Демакки, у талабчан мураббий ва чемпион жамоа ишончини маълум даражада оқлаган. Англияга «Уфа» клубидан йўл олган Зинченко яқинда россиялик касбдошимиз билан суҳбатлашиб, асосан туманли ўлкадаги фаолияти ва ҳаёти хусусида гапириб берди.

«ГВАРДИОЛАНИНГ ТАКТИК МАҲОРАТИГА ГАП ЙЎҚ»

- Англия чемпиони мақоми. Бу қандай экан?

- Ҳозирча ғалабани кенг нишонлашга улгурмадик. Шахсан ўзим чемпионлик расмийлаштирилганини аэропотда эшитдим. Айни пайт ҳаммаси ўз йўлида - кубокни 6 май куни топширишади. Қисқаси, чемпионлик шукуҳидан тўлиқ баҳра олмадик ҳали. Тўғри, йигитлар билан ҳар қадамда ўзаро ҳазиллашиб турибмиз: «Ишлар қандай энди, чемпион?»

- Шу пайтгача нечта табрик қабул қилдингиз?

- Туғилган кунимдагидан кўпроқ! Ҳазиллашяпман, албатта. Лекин чиндан ҳам, қутловлар саноқсиз...

- Сўнгги ярим йилда машҳурлик даражангиз ошгани сезил-яптими?

- Буни машҳурликка менгзашни истамайман. Лекин дунёнинг турли бурчакларидан SMS-хабарлар олишинг, сени қўллаб-қувватлашаётганини билишинг ёқимли, албатта.

- «Сити»дан таклиф тушганида, аввало, нималарни ҳис қилгандингиз?

- Бу болалик орзусининг рўёби. Ёшлигимдан Европада ўйнашни дилимга тугиб, ҳеч қачон чекинмасликни мақсад қилгандим. Ҳаётда ҳар бир орзу йўлида  курашиш шарт, акс ҳолда, ҳеч нарсага эришолмайсан.

- Шундай, лекин «Уфа»дан «Сити»га кўтарилиш фантастика эмасми?

- Тахминан ярим йилча муқаддам ёрдамчи мураббий ўз ҳузурига чорлаб, МДҲнинг аксарият вакиллари Европада айтарли муваффақият қозонишмагани  ҳақида гапирди.

Бу ўзига хос огоҳлантириш эди. Суҳбат якунида мураббий қўшиб қўйишни унутмади: «Ўйлайманки, сен ундайлар тоифасидан эмассан».

- Бу борада ўзингиз нима дея оласиз?

- Табиийки, иссиқ жойини кимгадир бўшатиб бериш ҳеч кимга ёқмайди. Мураббийлар одатда маҳаллий ўйинчилар ёки германиялик, испаниялик ва бразилиялик легионерларга кўпроқ ишонч билдиришади. Демак, рақобатда улардан устун келиш учун икки баравар кучлироқ, маҳоратлироқ бўлиш лозим.

Хуллас, ишончга кириш осон эмас, ҳар бир хатонинг таъсири катта. Бундан ташқари, ўзгача менталитет, нотаниш тил... Булар қўшимча муаммолар туғдиради. Дейлик, тил билган ўйинчи жамоадошлари билан тезда чиқишиб кетиши мумкин.

- Гвардиоланинг буюк мураббий эканлигига қачон амин бўлдингиз?

- «Сити» сафига қўшилишимдан аввалроқ Пепга биринчи рақамли мутахассис сифатида қараганман. Унинг юриш-туриши, ҳаракатлари, интервьюлари... Мана, энди юксак савиясига ҳам бевосита гувоҳ бўляпман.

Айниқса, тактик маҳорати кишини лол қолдиради. Машғулот давомийлиги 40 дақиқадан ошмасада, Пеп кўп нарсаларни кўрсатиб, тушунтиришга улгуради. Ҳаммаси оддийдек, лекин англаш қийин. Ҳа, футбол жуда содда ўйин, аммо ҳаммасини талаб даражасида намойиш этиш мураккаб!

- Ҳимоя позициясига мослашиш қийин кечмадими?

- Бу аввало, ўзим учун бебаҳо тажриба. Ахир универсаллик муҳим фазилат!

«СТОУНЗ - АЪЛОЧИ ЎҚУВЧИ!»

- Сиз ва Кевин де Брюйне ўртасидаги ўхшашлик хусусида кўп гапиришади...

- Чунки ўзаро кўп ҳазиллашамиз. Англияда бизни эгизакларга чиқариб қўйишган. Жамоадошларимга баъзан мақтанаман ҳам: «Тан олинг, Кевиндан кўра, ёқимтойроқман».

- Де Брюйнечи?

- У ҳаммасидан хабардор ва эътироз билдирмайди.

- Билишимизча, жамоадошларингизда рус мусиқасига нисбатан меҳр уйғотаётган экансиз.

- Тўғри, уларга  L`One нинг «Ҳаммаси ёки ҳеч нарса» қўшиғини кўрсатгандим. Ижрочи чиндан ҳам, маҳоратли рэпер, ажойиб инсон.

- Хўш, кимдир қўшиқни ўзлаштира олдими?

- Жон Стоунз. Уни шундай тайёрладимки, ЖЧ вақти умуман таниёлмайсиз! Дейлик, рус тилида сиз ва мендан ҳам яхшироқ гапиради. Шунингдек, Уокернинг қизиқиши чакки эмас. Лекин яхши ўзлаштиролмаяпти. Стоунз эса аълочи ўқувчи!

- «Сити» либосларидан қанчасини совға қилишга улгурдингиз?

- Ҳар гал терма жамоа йиғинига 10та футболка билан йўл оламан. Демак, ҳаммаси бўлиб чамаси 70та форма тарқатдим. Танишларим баъзан бошқа футболчилар либосини ҳам сўрашади ёки яна ниманидир.

Масалан, ЧЛ финал ўйини чиптасини. Аммо бундай илтимосларни тўлиқ қондириш иложи йўқ. Ахир футболка ишлаб чиқарадиган фабрикада ишламайман-ку.

- Ўзингиз ЧЛ финалига борасизми?

- Йўқ, бу йил таътил бўлмади. Чарчоқ ёзмоқчиман.

- Демак, ЖЧ ўйинларини ҳам воқеа жойида кузатмайсиз...

- Шундай. Маълум муддат футбол ва кучли эҳтирослардан  холи дам олмоқчиман.

«ДЎСТЛАРИМ - МДҲ ТЕРМА ЖАМОАСИ»

- Манчестерда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Англияда энг зўр футбол ҳукмрон. Шунинг ўзи ҳаммасини босиб кетади. Лекин ҳаёт тарзи... Юмшоқ айтганда, кўнглимдагидек эмас.

- Нима учун?

- Аввало, иқлим ноқулай - сербулут кунлар, давомли ёмғир. Бундан ташқари, Россия ва Украинада кўнгилочар муассасалар жуда кўп. Қисқаси, Англиядаги ҳаёт менга унча маъқул тушмади.

- Инглизлар билан мулоқот қилиб турибсизми?

- Йўқ. Лекин Украина, Беларусь ёки Грузиядан келган йигитлар тўпланишса, мароқли суҳбат бўлади. Дарвоқе, ҳаттоки, МДҲ терма жамоасини шакллантириш ҳам мумкин.

- Қизиқ, уларни қандай топдингиз?

- Интернет - бебаҳо бойлик, чексиз имконият! Танишларим орасида Англиянинг турли шаҳарларида таҳсил олаётган талабалар кўп.

«ЯХШИЛАРДАН ИБРАТ ОЛИШ КЕРАК»

- Ёш йигитча Манчестерда яна нималар билан шуғулланиши мумкин?

- Ҳозир бир ғоя устида иш олиб боряпман. Унинг қанчалик муваффақиятли чиқишини вақт кўрсатади. Келажакда машҳур бўлишига умидворман.

- Ғоя қайси соҳага боғлиқ? Қаҳвахона эмасми?

- Ҳе-е, йўқ. Тополмадингиз.

- Унда ўзингиз айтинг...

- Майли, яширишдан нима маъно? Ҳозирча керакли маълумотларни қоғозга туширяпман. Мақсадим - асар ёзиш. Англияда бошқаларга айтиб беришга арзийдиган воқеаларга дуч келдим. Ёзганларим ёшларга асқотадиган қўлланма бўлса, бас.

Чунончи, улар мен йўл қўйган хатоларни такрорламасликларини истайман. Мақсадим - «Донолар ўзгалар хатоларидан сабоқ оладилар, тентаклар эса ўз хатоларидан!» ҳикмати маъносини англатиш.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz