Қайднома

Қидирув

Миллий терма жамоамиз ташвиши (учинчи мақола)

Миллий терма жамоамиз ташвиши (учинчи мақола)

  05.05.2018 06:47
  0
  787
Миллий терма жамоамиз ташвиши (учинчи мақола)

19 май куни миллий жамоамиз Теҳронда Эронга қарши баҳс юритади. Мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмагач, ҳамюртларимиз бугунгача жами уч бора майдонга тушишди ва биргина дуранг қайд эта олишди, холос.

Нав­батдаги рақиблар - Эрон ва Уругвай бўлишини, иккала ўйин ҳам меҳмонда ўтишини ҳисобга олсак, олдингига ўхшаш кўрсаткичлар яна давом этишини тахмин қилса бўлади.

Лекин биз бундан заррача хафа бўлмаймизки, футболчиларимиз бу йил ҳали тарихда учрамаган воқелик ичида юришибди - фақат мундиал йўлланмасини қўлга киритган термаларга қарши майдонга тушишмоқда. Тушганда ҳам ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВЛАРИДА!

Биз бугун миллий жамоа ташвишлари ўлароқ, легионерлар масаласига тўхталмоқчимиз. Зеро, улар доимо термамиз ўйинларида ҳал қилувчи фигуралар саналишади. Легионерларимизнинг қайси хориж жамоасида, қай савиядаги чемпионатда тўп суришлари биз учун ҳар доим қизиқ ва муҳим бўлиб келган.

Уругвайга қарши кечадиган баҳснинг ўтишига баъзилар ҳалиям шубҳа билан қараётган бўлишлари бор гап, зеро футболимиз тарихида шунга ўхшаш кўпгина ўйинлар аввал ҳам режалаштирилган-у, кейин маълум ёки номаълум сабаблар билан ўтказилмай қолган.

Аниқроғи, бунақа воқеалар бизда оддий ҳолатга айланиб улгурганди. Ҳаттоки, ўша 19 майга кўчирилган Эронга қарши кечажак ўйин ҳам озгина изланиш бўлмаганида, ўтказилмай қолиши ҳеч гап эмасди. Лекин мазкур беллашув футболимиз раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан, Суперлига учрашувларини бошқа санага кўчириб бўлсада, «қутқариб қолинди».

Уругвайга қарши баҳс ҳам меҳмонда ўтади ва бу ўйин ҳам жуда-жуда қийин синов бўлиши табиий. Жанубий америкаликлар учун нега айнан Ўзбекистон варианти маъқул келганини ўйлаганимда, бу менга яқин ўтмишда рўй берган бир воқеани эслатиб юбормоқда.

1994 йилги жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолганда, Бразилия терма жамоаси кетма-кет учта ўртоқлик ўйинида майдонга тушганди. Бунда, айниқса, рақиблар бири-биридан ажойиб эди - Канада, Гондурас ва Сальвадор. Даст­лаб Канада билан 1:1 қайд этилгач, кейин Гондурас 8:2га, Сальвадор эса 4:0га мағлуб этилган.

Бундай «модель» танланишининг сабаби шунда эдики, мундиалга жамоа бу ўйинлардан кейин яхши кайфият билан борарди. Ростдан ҳам, шу йили Карлос Альберто Перрейра бошчилигидаги Бразилия финалда Италияни мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлган.

Турнирдан олдин юқоридаги учта жамоа­га роса голлар урган Бебето-Ромарио тандеми бу анъанасини бевосита мундиалнинг ўзида ҳам давом эттирганди.

Мавзудан бироз четга чиқдик, лекин Уругвай ҳам айнан шу сабаб туфайли, яъни зўр кайфиятда Россия­га учишни мақсад қилган ҳолда Ўзбекистонни танлаган (таклифга рад жавобини бермаган) бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳар ҳолда, улар бизнинг тахминий кучимизни ЖЧ-2014 саралашлари орқали ҳам билишлари мумкин. Ўшанда бизни ютиб, Уругвайга рўбарў келган Иордания ўз уйида 0:5га «тарсаки еганди». Битта ўйиндаёқ йўлланмани нақд қилиб қўйишганди Кавани ва Суареслар.

Тўғри, бу ерда «Россия терма жамоаси услубига яқин бўлгани сабабли» ва «Саудия Арабистони билан тенг кучли бўлгани учун» маъносида Ўзбекистон танланган, деган фараз ҳам ҳақиқатга яқин келади (Уругвайнинг ЖЧ-2018 гуруҳдаги рақиблари).

Лекин менинг фикримча, барибир, Уругвай жаҳон чемпионатига йўл олишдан олдин худди ўша - 1994 йилги Бразилия қилган ишни такрорламоқчи. Лекин биз Гондурас ёки Сальвадор бажарган ишни асло такрорлашимиз керак эмас. Ҳеч бўлмаганда, Канададек «иш тутишимиз» зарур.

Монтевидеодаги ҳайбатли «Сентенарио» стадионида 75000 томошабин қаршисида ўтадиган мазкур ўйин футболимиз тарихига қора ҳарфлар билан битилиб қолмаслигини истардик ва бунинг учун астойдил ҳаракат қилишимиз зарур. Ёш мураббийларимиз буни яхшилаб ҳис қилишларини истардик. Тан олайлик, биз Уругвайдан анчагина бўшмиз.

Легионерлар масаласи. Март ойи­да бўлиб ўтган Сенегал ва Марокашга қарши учрашувларда икки хил таркиб билан тўп сурдик. Биринчи ўйинда деярли асосий таркиб ўйнаган бўлса, иккинчисида етакчи футболчиларимиз захирада қолдирилиб, ёш ва янги ўйин­чиларга ўзларини кўрсатишлари учун имконият берилди.

Бугун мазкур қарорнинг тўғри ёки нотўғри бўлгани ҳақида фикр билдиришдан йироқмиз. Лекин ўша ўйинларда асосий таркибимиз билан захирадагилар (ёшлар) орасида анчагина фарқ борлиги сезилиб қолди. Миллий жамоамиз кўпдан бери бунақа яққол иккинчи таркиб билан майдонга тушмаганди ва бу «эксперимент»нинг ҳосилалари илк синовдаёқ сезилиб қолди.

Шундан келиб чиқиб ҳам хулоса қилиш мумкинки, легионерлар даражасига етиш учун маҳаллий футболчиларимиз жуда кўп ва хўп меҳнат қилишлари талаб этилади.

Бундан яна бир хулоса чиқадики, Суперлигадаги жамоаларимиз (ҳеч бўлмаса, улар сафидаги етакчи футболчилар) ҳам савия борасида анча ўсишлари лозим.

Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишга тайёр легионерларнинг ўзини ҳам икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчиси - терма жамоа ўйинини бемалол кучайтира оладиган, энг керак пайтда унинг корига ярайдиганлар бўлса, кейингиси - нари борса ўзимизнинг Суперлигадаги ўртаҳол ўйинчилар тоифасидаги ёки унданда кучсизроқ легионерлар.

Биласиз, уларнинг аксарияти Марказий Осиё давлатларида бўлса, қолган озчилиги асосан араб мамлакатларида тўп суришмоқда.

Энди ҳақли савол туғилади: нега легионерларимиз шундай икки тоифага ажралиб қолган? Нега четда тўп сураётган вакилларимизнинг ҳаммаси бирдек кучли, терма жамоа учун фойда бера оладиган футболчилар эмас?

Айни кунда терма жамоа манфаати учун ўзаро келишиб иш кўраётган клубларимиз мураббийлари мана шу муаммо ечими йўлида чуқур ўйлаб иш кўришса, жуда аъло иш бўларди.

Чунки хорижга кетаётган футболчиларимизнинг (айниқса, ёш истеъдодларнинг) қайси жамоага, қайси мамлакатга боришлари келажакда терма жамоа тақдирига таъсир кўрсатиши аниқ.

Масалан, энг истеъдодли ярим ҳимоячиларимиздан Отабек Шукуровнинг «Шаржа»га йўл олгани менга Сардор Рашидовнинг тақдирини эслатиб юборяпти. БААнинг ўртаҳол жамоасида у барибир, етарлича ривожлана олмайди. Аниқроғи, ўсишдан тўхтаб қолади (қоляпти ҳам).

Шу ерга келганда ажнабий бўлса ҳам, спортдаги «планка» атамасини ишлатишга мажбурман. У «энг баланд нуқта» деганики, амирликларнинг энг етук футболчилари ҳам олдин ўрнатиб кетилган «планка»дан ўта олишмаган. Масалан, Умар Абдулраҳмондек зўр плеймейкер Европада тўп сура олмай, футболчилик умрини ўтказиб юборди.

Ваҳоланки, у «кўҳна қитъа»нинг анчагина нормал клубларида порлаш учун етарли истеъдодга эга эди. Бошқача айтганда, биз футболчимизни БАА жамоасига сотиш орқали Отабек Шукуровни бой беряпмиз.

Шу нуқтаи назардан бизга энг маъқул йўл ҳозирча Россия варианти бўлиб турибди. Украинага бориш ҳам ёмон эмас, лекин бизникилар учун барибир, РПЛ ундан кўпроқ манфаат бера олади, менимча. Бу - синалган ва йиллар давомида ўзини оқлаган усул.

Меваларини бирма-бир санаб ўтишим шарт эмас - Қосимов, Шацких, Аҳмедов ва бошқалар. Уларнинг энг ўртаҳоллари ҳам ўз даврида термамиз учун жуда-жуда фойдали футболчилар бўлишган.

Эснгиздами, тахминан 2001 йиллардан бошлаб Россияда легионерларимиз ниҳоятда кўпайиб кетганди. Сафонов, Фёдоров, Лушан, Акопянц, Ширшов, Карпенко, Шишелов, Гейнрих... Эҳ-ҳе, бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Уларнинг ҳар бири терма жамоанинг асосий ўйинчилари эди. Ҳозир-чи?

Айни пайт Россияда бундай савиядаги футболчиларимиз қолмаяпти, ҳисоби. Янаям Элдорга раҳмат! Катта раҳмат!!! Сабр билан ишлагани учун! Миллатимизга хос бўлган шу сўзни ўзига шиор қилгани учун!

«Тосно» билан ўйинда Элдор миллатимиз шаънини яна бир бора баланд кўтарди, миллий жамоамизда Шацких услубидаги футболчи яна 5-10 йил меҳнат қилиб бериши мумкинлигини исботлади.

Сўнгги пайтларда шу йигитга ич-ичимдан қайғураётгандим. Баъзи ўйин­ларда захира ўриндиғида қолиб кетаётгани учун ачинаётгандим, бир кун келиб ўз ўрнини йўқотиб қўйишидан чўчигандим.

У барча омадсизликларни мардонавор енгиб ўтди ва жамоасига ишончли ғалабани тақдим этган иккита голи билан ҳамма нарсани жой-жойига келтирди. Аслида, Шомуродов голлари ҳисобини ўтган йили куздаёқ очиши мумкин эди. Фақат, ҳар гал нималардир тўсқинлик қилаверди, қилаверди...

Энди эса ўзи тилга олганидек, олдингидан анча осон бўлади. Эркинроқ ҳаракат қилиши ҳисобига голлари сонини яна ошириши мумкин. Аслида, Элдор «Ростов» сафида ҳужумчи деб кўрсатилаётгани билан ярим ҳимояда ҳам бирдек меҳнат қилмоқда. Баъзи пайтларда ҳатто ҳимоячиларга ёрдам бераётганига гувоҳ бўляпмиз.

Узун оёқлари, боши билан яхши ўйнай олиши ва ниҳоят, юқорида ўхшатганимдек, Шацких услубида ҳаракат қилиши унинг келажакда худди ўша тўп­урар футболчимиз даражасига етишига, терма жамоамиз учун эса, ҳаттоки, Макс беролмаган зафарларни тақдим этишига ишонгимиз келади.

Мақолада бироз олдинроқ юқори савиядаги легионерларимиз қолмаяпти, ҳисоби, деб ёздим. Шунга қўшимча қилиб, кези келганда, ўша бор легионерлардан фойдалана билишни ҳам асосий масалалар қаторига киритсак ёмон бўлмасди.

Россияда порлаётган Вагиз Галиулин, доимо барқарор ўйинлари билан ёдда қоладиган Вадим Афонин бизнинг кадрлар эмасми? (Маълумот учун: Афонин «Оренбург» сафида деярли яна Россия премьер-лигасига қайтди, ҳисоб).

Хўп, ҳамма ишни расво қилиб кетган Бабаян маълум-номаълум сабаблар билан улардан фойдаланмади, дейлик. Нега яна уларга эътибор деярли қаратилмаяпти? Ёши ўтиб қолгани учунми?

Мамлакатимиз ичидаги футболчилар маҳорат бобида айнан шу Галиулинлар, Афонинлардан ўзиб кета олишсинки, шундан кейингина миллий жамоа сафида муқим тўп суришга тайёр бўлишади, ҳақли бўлишади! Бунгача эса легионерлардан фойдаланиш зарур. 11 нафар ёш футболчи ҳеч қачон миллий термага максимал фойда келтирмаган.

Бу исботланган далил. Бош жамоа сафида камида 4-5 нафар тажрибали футболчи бўлиши шарт. У ҳаттоки, ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам.

Ҳозир миллий термамизга манфаат келтириши мумкин бўлган катта ёшли беш-олти нафар футболчимиз бор. Аҳмедов, Афонин, Галиулин, Денисовлар 31 ёшда бўлса, Анзур Исмоилов 33 ёшни қарши олмоқда. Нари борса, яна икки йилда уларнинг ўйинида пасайиш кузатиладики, шу муддатгача футболчиларимиздан фойдаланиб қолишимиз зарур.

Кейинги авлод, юқорида айтганимдек, ҳали катта баҳсларга тайёр эмас. Миллий жамоамизнинг бўлғуси эгалари айнан Шомуродов, Ҳамдамов, Шукуровлар бўлиши керак, айнан шулар футболимизнинг кўтарувчилари, эртаси эмасми?

Лекин Отабекнинг БААга кетиши бизга қимматга тушиши мумкинлигини яна бир бора таъкидлашдан чарчамайман. Буни тўғрилаш учун ҳалиям кечмас. Лекин афсуски, бу энди «Бунёдкор»га боғлиқ эмас.

Хуллас, гапираверсак гап кўп. Легионерларнинг янги авлоди эса шу тариқа майдонга чиқиб келишмоқда. Уларнинг оёғига болта урмасдан, тўғри йўлга йўналтириш асосан мураббийларимизнинг, қолаверса, клубларимиздаги мутасаддиларнинг асосий вазифалари бўлиши керак. Зеро, мамлакат, миллат шаъни учун курашишга ҳар биримиз масъулмиз!

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz