Қайднома

Қидирув

Хосеп Бартомеу: «Рақибларнинг натижаси ютуқларимиз қийматини пасайтирмайди»

Хосеп Бартомеу: «Рақибларнинг натижаси ютуқларимиз қийматини пасайтирмайди»

  06.05.2018 06:11
  0
  732
Хосеп Бартомеу: «Рақибларнинг натижаси ютуқларимиз қийматини пасайтирмайди»

Ла-лигада олтин медални расмийлаштирган «Барселона» кейинги турда азалий рақиби - «Реал»ни қабул қилади. Тамойилга кўра, Испанияда ғолибни навбатдаги ўйинда рақиб жамоа чемпионлик йўлаги ҳосил қилганча шарафлаши керак.

Бироқ мадридликлар «Камп Ноу»да чемпионни алоҳида олқишламоқчи эмаслар. Кўринишидан, «Барселона» президенти Хосеп Бартомеу чемпионлик йўлакчаси бўлмаслигидан ранжимоқда, шекилли. Ҳар ҳолда, у хорижлик касбдошимиз билан суҳбатда шу ҳақда ҳам гапирди.

Андрес Иньеста ҳақида

- Иньеста - жамоамизнинг муҳим бўлаги. Райкаарддан тортиб, ҳозирги бош мураббийгача - барча-барчалари ўйин услубини шу футболчи атрофида шакллантиришган. Андрес ҳақида бошқа гапга ҳожат йўқ.

Антуан Гризманн ҳақида

- «Атлетико» ихтиёрида юқори савияли футболчилар кўп, Гризманн улардан биридир. Жамоа шунинг учун доимо юқори поғоналарда боради. Лекин ҳозирги ҳолатда Антуан трансфери масаласида ҳеч нарса деёлмайман.

Мавсум якуни ҳақида

-  Ҳаммаси қадрлаймиз - ўйинимизни, мавсумдаги илк соврин ҳисобланган Испания кубогини, чемпионликни. Жамоанинг ёз ойларидаги умумий ҳолати ва бизда нималар рўй берганини инобатга олсак, «Олтин дубль» - юксак натижа! Бунга Вальверде катта ҳисса қўшди.

Мана, Неймар ўрнига 2 нафар футболчи сотиб олиб, миллий турнирларда ғалаба қозондик. Ҳа, «Рома»дан қабул қилинган мағлубият жуда оғриқли. Жамоа ҳозиргача мухлислар олдида ўзини айбдор ҳис қилмоқда. Лекин бу биз учун бутун мавсум давомидаги деярли ягона мағлубият бўлганини унутмаслик керак.

Вальверде ҳақида

- Мураббийнинг истеъфога чиқаришимиз хусусидаги хабарлар мутлақо асоссиз. Қайтараман, ҳозирги натижаларда унинг ҳиссаси катта. Хуллас, Вальверде ишидан мамнунмиз.

Биз 2 йиллик шартнома остига имзо чекканмиз, бу - унинг лойиҳаси. Бошқача айтганда, ёзги ислоҳотлардан кейин тезда натижа кўрсатдими, демак, унга ишониш мумкин.

Ҳа, Римда рўй берган нохушлик барчамизни қайғуга солди, лекин раҳбарият Вальверденинг салоҳиятига асло шубҳа қилмайди.

«Олтин дубль» ҳақида

- Бу жуда муҳим. Мавсумнинг «Мадрид» учун қандай якунланиши эса мутлақо аҳамиятсиз. Демоқчиманки, рақибнинг натижалари ютуқларимиз қийматини пасайтирмайди асло.

Ҳа, бу масалада турли-туман гаплар урчимоқда, лекин ҳақиқат шуки, 2004 йилдан кейинги даврни олсак, «Барселона» Европанинг энг совриндор клуби бўлиб турибди.

Ўйин услуби ҳақида

- Тактик чизмалар борасидаги мунозара ва муҳокамалар зарур ва фойдалидир. Ҳа, жорий мавсум ўйин услубимиз бироз ўзгарди. Бунинг сабаби бор, албатта. Хусусан, Неймарнинг кетгани таъсири яққол сезилди.

Вальверде - жуда ақлли мутахассис. У тактикага қайси пайт қандай ўзгартириш киритишни яхши билади. Шундай бўлсада, ҳар доим имкон қадар одатий ўйин услубимизга яқин чизмага таянамиз.

Чемпионлик йўлаги ҳақида

- Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Чемпионлик йўлаги ҳосил қилишни истамаётган «Реал»ни қоралашим ножоиз. Йўлак бўлмайдими? Ҳечқиси йўқ, бу катта муаммо эмас.

Тўғри, вақтида биз «Реал»ни чемпионлик йўлагида олқишлагандик. Ҳайронман, шундай қилиш учун «Мадрид»га нима халал беради?

Роберто Фернардес келажаги ҳақида

- Фернандесга жамоа техник котиби ва спорт директори сифатида бажарган ишлари ҳамда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирамиз. Мавсум якунида ўзаро маслаҳатлашамиз, мавжуд вариантларни муҳокама қилиб, бир тўхтамга келамиз, албатта.

Неймарнинг «Реал»га ўтиши эҳтимоли ҳақида

- Бунга муносабатим оддий - дунёнинг энг сара футболчилари Ла-лигада тўп суришларини истайман.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz