Қайднома

Қидирув

Игорь Шквирин 55 ёшда! Афсонавий ҳужумчимиз фаолиятига назар

Игорь Шквирин 55 ёшда! Афсонавий ҳужумчимиз фаолиятига назар

  06.05.2018 00:26
  0
  723
Игорь Шквирин 55 ёшда! Афсонавий ҳужумчимиз фаолиятига назар

У 6 ёшлигида ўзи учун қизиқарли машғулот - сувга сакрашни топганди. 1-2 йил шу спорт тури билан шуғулланди. Кўп ўтмай, мураббийидан ранжиб, машғулотларга бормай қўйди.

Шундан сўнг самбо тўгарагига қатнай бошлади. Бироқ атиги 4та машғулотдан кейин бу спорт туридан ҳам узоқлашди. Якунда у ҳеч қачон жонига тегмайдиган футбол майдонидан қўним топди.

Ҳа, бу гаплар футболимиз тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири Игорь Шквирин ҳақида.

Уни вақтида спорт интернатига бериш ҳақида кўп гапиришган. Бироқ биринчи мураббийи - Вагиф Ҳасанович Рустамов доимо гол урадиган ҳужумчи шогирдидан айрилишни сира истамасди.

Шунингдек, Игорнинг ўзи ҳам уйидан узоқлашишга мойил эмасди. Умуман олганда, Шквирин аслида профессионал футбол ҳақида асло ўйламаган. Лекин тақдир экан, гол уришга алоҳида қобилияти бор Игорь кейинчалик «Метрострой» жамоасида ўйнади ва тажрибали Анатолий Петрович Портов ва Геннадий Шуховцевдан таълим олди.

10-синфда ўқиётган вақти эса вилоят биринчилиги доирасидаги иштирок учун 40 сўм миқдорида ҳақ олди. Шунинг таъсирида футбол орқали яхши пул топиш мумкинлигини тушуниб етди.

Игорь Анатольевич 1963 йили Тошкентда туғилган. «Локомотив» футбол мактаби тарбияланувчиси. Профессионал фаолиятини 1980 йили собиқ иттифоқ иккинчи лигасида иштирок этувчи «Янгиер» клубида бошлаган. Айнан шу жамоада севимли машғулотини профессионал касбга айлантирган.

Собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасидаги дебютини эса 1983 йилнинг 14 июль куни «Пахтакор»да нишонлади. Ўшанда Днепропетровскнинг «Днепр» клуби Тошкентда меҳмон бўлганди. Шу ўринда эслатма: Шквирин 1988 йили айнан «Днепр» таркибида собиқ иттифоқ чемпионига айланди.

Дастлабки голини эса ўша йилнинг 5 августида Москва «Динамо»си дарвозасига урганди. Умуман олганда, Шквирин «Пахтакор» сафида собиқ иттифоқ олий лигасида 172та ўйин ўтказиб, 91та гол урди. Биринчи лига баҳсларида эса рақиблар дарвозасини 45 марта ишғол қилди.

Шунингдек, кубок турнири ва халқаро ўйинларда ўз ҳисобига 13та гол ёздириб қўйди. Ўзбекистон миллий жамоасидаги статистикаси - 31та ўйин, 20та гол. 1992 йилнинг 17 июнь куни бош жамоамиз Душанбеда Тожикистон термасига қарши ўйин билан катта саҳнага қадам ташлаганди.

Шквирин 2:2 ҳисобида якунланган ўша учрашувнинг 52-дақиқасида Ўзбекистон миллий жамоасининг тарихдаги илк голига муаллифлик қилганди.

1992 йили Игорь «пахтакорчи» дўстлари - Геннадий Денисов ва Миржалол Қосимов билан бирга Владикавказнинг «Спартак» жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Осетия клуби ҳамюртларимиз ёрдами билан Россия чемпионатида 2-ўринни эгаллаганди. 1994 йилга келиб, Шквиринни Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишди.

Чунончи, юбиляримиз ўша йили Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё ўйинлари ғолиби бўлишига катта ҳисса қўшганди. Яъни Хиросимадаги турнирнинг 7та ўйинида 8та гол урганди. Умуман, Игорь футболчилик фаолияти давомида собиқ иттифоқ, Ўзбекистон, Малайзия ва Ҳиндистон чемпиони мақомига эришди.

Шквирин бутсаларини михга илгач, ўзини мураббийлик соҳасига урди. Хусусан, 2002 йили «В» лицензиясини олганидан сўнг «Крилья Советов» (Самара)да таниқли мутахассис Александр Тархановга ёрдамчилик қилди. 2005 йили эса юртимизга қайтиб, Зарафшоннинг «Қизилқум» жамоаси бошқарувини қўлга олди.

2007 йили клубдаги иши баробарида Ўзбекистон олимпия терма жамоасида Вадим Абрамовга ассистент бўлди. 2008-2010 йилларда эса Ўзбекистон миллий жамоасида Рауф Инилеев ва кейинчалик Миржалол Қосимовга ёрдам берди.

2008-2016 йилларда «Олмалиқ» (ҳозирги АГМК)ни бошқарган Шквирин мавсум-2009 якунларига кўра, Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийига аталган соврин соҳибига айланди.

Қисқача айтганда, 29 апрель куни 55 ёшга тўлган Игорь Шквирин ўзбек футболида ўзига хос из қолдирган намояндалардан биридир.

Мавлон ШУКУРЗОДА


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz