Қайднома

Қидирув

Доменико Кришито: «Спартак» билан ўйинларда урган голларим алоҳида аҳамият касб этади»

Доменико Кришито: «Спартак» билан ўйинларда урган голларим алоҳида аҳамият касб этади»

  07.05.2018 06:14
  0
  196
Доменико Кришито: «Спартак» билан ўйинларда урган голларим алоҳида аҳамият касб этади»

«Зенит» сардори Доменико Кришито RT нашрига интервью бериб, суҳбат чоғида Россия футболи сўнгги етти йилда қанчалик ўзгаргани ҳақида гапирди.

— Россия чемпионати баҳслари якунланишига учта тур қолди. Афтидан, жамоангизнинг руҳий ҳолати кўнгилдагидек эмас. «Зенит»нинг ЕЧЛга чиқишдаги рақобатчилари яхши ўйин намойиш қилмоқда.

— Ҳақиқатан ҳам, олдимизда учта муҳим учрашув қолди. Шундан иккитасини асосий рақобатчиларимиз - ЦСКА (интервью мазкур учрашувдан олдин уюштирилган. «Зенит» - ЦСКА учрашувида 0:0 ҳисоби қайд этилди) ва «Локомотив»га қарши ўтказамиз. Ушбу жамоалар билан кучли учликка кириш учун жиддий кураш олиб боряпмиз. Иккинчи ўриндан икки очко ажратиб турибди.

— «Зенит»да икки ҳамюртингиз Лучано Спаллетти ва Роберто Манчинилар бош мураббий бўлиб ишлашди. Шубҳасиз, бошқа футболчиларга қараганда сиз билан кўпроқ мулоқот қилишади. Бу сизга қандай таъсир ўтказган?

— Бундай мутахассислар билан бирга ишлаганимдан фахрланаман. Шунингдек, Андре Виллаш-Боаш ва Мирча Луческулар ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Улар ҳам итальян тилида гаплаша олишади. Мураббийнинг кўрсатмаларини ёрдамчи Игорь Симутенков беради. У ҳам итальянча гаплаша олади.

— Сизнингча, айни пайт Россия термасининг энг кучли уч нафар футболчиси кимлар?

— Фёдор Смолов, Александр Головин ва Олег Шатов. Улар орасида Смоловни энг яхши деб атаган бўлардим.

— Россиядаги стадионларнинг ўзгаришини кузатган камдан-кам хорижлик футболчилардан бирисиз. Ўтган етти йил ичида улар янги даражага чиқдими?

— Россияга келганимда ёш йигит эдим. Италияликлар бошқа мамлакатга, айниқса, руслар ўлкасига мослашишга қийналишади. Лекин Санкт-Петербургнинг гўзаллигини биринчи кўришимдаёқ билганман. Россиядаги даврим Спаллетти даврида бошланган. У Италиянинг энг кучли мутахассисларидан биридир.

Фаолиятим шундай давом этаётганидан мамнунман. Ўтган етти йил давомида Россия футболида ҳам ўсиш кўзга ташланди. Кучли футболчилар келишди, чемпионат савияси анча ошди. Янги стадионлар, шунга яраша инфратузилма - буларнинг барчаси Россия футболи ривожи учун ишлайди.

— Қайси стадионда футбол атмосфераси юқори: фанатлар, майдон, кийиниш хонаси ва барчасини инобатга олганда?

— Агар «Зенит» стадионидан бош­қасини айтадиган бўлсам, «Краснодар» аренасини танлайман. Лекин у ерда жаҳон чемпионати ўйинлари ўтказилмайди.

— Бундан ажабландингизми?

— Албатта. Чунки бундай даражадаги стадионлар бутун жаҳонда ҳам кам.

— Россиядаги барча голларингизни эслай оласизми?

— Ҳа, албатта.

— Сиз учун энг муҳими қайси?

— Ҳаммасидан кўра «Спартак» билан бўлган ўйинларда урган голларим алоҳида аҳамият касб этади.

— Сизнингча, Италия термасини ким бошқариши керак?

— Буни Италия футбол федерациясининг ўзи ҳал қилсин. Бизнинг юртда иқтидорли мураббийлар кўп. Шахсан мен Лучано Спаллетти ва Роберто Манчиниларнинг номзодларини кўрсатган бўлардим. Лекин уларнинг бири «Интер», бошқаси эса «Зенит» билан шартномага эга.

— Россияда сизни яна нима ажаблантириши мумкин ёки барчасини кўриб улгурдингизми?

— Ҳамма ерда инсонлар ҳар хил бўлишади. Етти йилда рус халқи ва уларнинг урф-одатларини ўргандим, деёлмайман. Лекин одамларни ажрата оладиган бўлдим.

— Санкт-Петербургда ҳайратланган инсонларга шаҳарда бир марта қиш мавсумини ўтказишни маслаҳат беришади. Мослашиш учун қанчалик қийналгансиз?

— Турмуш ўртоғимдан кўра менга осонроқ бўлган. Чунки ўша пайт илк фарзандим Альфредога ҳомиладор эди. Вақт ўтиши билан ўрганиб кетдик. Мигел Данни ва унинг рафиқаси билан танишганимиздан кейин янада осон бўлди. Умуман олганда, «Зенит»га мослашишимда Даннининг меҳнатлари кўп.

— Санкт-Петербургда Италияни эслатадиган нимадир борми?

— Ҳа, ресторанлар.

— Оилангиз билан қаерда кўпроқ вақт ўтказасиз?

— Икки фарзандимиз борлиги учун асосан паркларга борамиз.

— Рафиқангиз вазиятни ўзгартириш вақти келди, демайдими?

— Ўзгаришга на ҳожат? Турмуш ўртоғимга бу ер ёқади.

— Хориждаги ҳаёт кўпроқ фарзанд­ларга ижобий таъсир ўтказади. Чунки улар янги тилларни ўзлаштиришади. Фарзандларингиз Россиядан кетгандан кейин ҳам рус тилини ўрганишда давом этишадими?

— Болаларимга турли мамлакатлардаги ҳаёт жуда яхши таъсир ўтказди. Улар итальян, инглиз, рус ва бироз филиппин тилида гаплаша олишади. Умид қиламанки, Италияга қайтганимиздан кейин ҳам фарзандларим рус ва инглиз тилини ўрганишда давом этишади.

— Маълумки, итальянлар фарзандларининг истаган ишини қилишига рухсат беришади. Сиз ҳам шундаймисиз ёки бироз қаттиққўлроқ отамисиз?

— Болаларни жазолашда қийналаман. Лекин баъзан уларга «йўқ» деб ҳам туриш керак. Шунингдек, ҳиссиётларни жиловлаб, бироз қаттиққўллик қилиш фойда беради.

А.Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz